Сўзнинг боши нима-ю, ишнинг боши нима?

Доно халқимизнинг теран ақл-заковати маҳсули бўлган халқ мақоллари пурмаъно ҳикматлар  хазинасидир. Улар инсонни комилликка, одобу ахлоққа, билимдонликка, ҳаёт фалсафасини чуқур англашга, умр йўлларидаги чалкашликларга тўғри ечим топиб, қоқилмасликка ўргатади.

Қолаверса, мақоллар айни ҳаёт ҳақиқатларидир: минг йиллар синовидан ўтган ва минг йиллар ҳаётий тажрибалар хулосаси тарзида айтилган доно каломлар, бу — мақоллар. Ҳаётда бирон-бир ишга киришишда ёки бирон-бир хулосага келишда хатоликка йўл қўймаслик учун “Етти ўлчаб, бир кес”, — дея ўгит беради ҳикматли мақол. Кимдир ёки нимадир ҳақида нотўғри фикр билдириб қўймасликка чақирувчи мақол эса: “Аввал ўйла, кейин сўйла”, дея огоҳ этади. Биргина “Ота рози — Худо рози” деган мақолда қанча маъно, тарбият, оқибат, иймон-эътиқод, илму заковат мужассам.

Яъниким, Аллоҳнинг қаҳрига учрамаслик учун, аввало, ота-онани рози қилиш, уларни  ранжитадиган, норози этадиган ишдан сақланишга даъват  этишнинг ўзиёқ бир олам одоб-ахлоқ, тарбия, маънавият, маданият масалаларини қамраб олади. Хуллас, ҳаётдаги деярли барча масалаларда халқ донишмандлиги намунаси бўлган  мақоллар бизга ҳамиша — устоз, мураббий, ҳаётий дастуриламал. Уларни билмаслик, англамаслик, писанд этмаслик, амал қилмаслик арзир-арзимас барча хатоларимизга сабаб бўлади.

Яна бир мақол бор: интизом  ҳамда жуда муҳим бир масала ҳақида. Айнан мана шу “жуда муҳим масала” ҳақида  фикр-мулоҳаза билдириш зарурати бордек, назаримда.

Агар эътибор берган бўлсангиз, кейинги пайтларда сўз боши ва инсон маданияти кўзгуси бўлган саломлашиш одобига жиддий путур етгандек.

“Авваламбор, ассалому алайкум”, дея саломлашади аксар ҳозирги ёшларимиз, озгина эътиборталаблик, бироз нописандлик ва бироз олифтанамолик билан. Бошқача айт­ганда, бу ибора  инсоний муносабатларнинг ибтидоси ва аълоси бўлган саломлашиш одобидан фарқли ўлароқ, бачкана кўриниш ва мазмун ола бошлади. Кўча-кўйда, ибратхона бўлган ишхоналарда, катта-кичик тадбирларда, ҳатто телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда ҳам шу аҳвол. Ваҳоланки, ўша халқ  мақолида: “Сўз боши — ассалом, иш боши — интизом” дея  аниқ-тиниқ, лўнда ифода этилади. Демак, “Ассалому алайкум!” каломидан олдин ҳеч қандай сўз  ёки ибора қўшиш керак эмас, агар шундай қилинса, “ассалом”нинг “сўз боши”лик мақомига  путур етади. Интизомсизлик ишга қанчалик зарар етказса, нотўғри саломлашиш ҳам муносабатлар самимиятига путур етказади. Саломлашиш — инсоний муносабатларининг ибтидоси ва энг аълоси экан, бу масалага асло беписанд қараш мумкин эмас.

Эсингиздами? “…гар саломинг бўлмаганида, етти ямлаб бир ютардим”, — дейди дев эртак қаҳрамонига. Халқ донишмандлиги эртакларни ёвузлик ва эзгулик ўртасидаги беқиёс жанглардаги яхшилар, тўғрилар ва ҳалоллар ғалабаси рамзи сифатида ифодалаб, уларни  ёш авлод тар­биясининг ўта муҳим воситаси сифатида ижод этар экан, бу воқеликни бежиз келтирмаган. Салом бермаслик, самимий саломлашмаслик, кишининг ҳатто ҳалокатига сабаб бўлишига ишорат қилмоқда бу эртак воқеаси.

Афсуски, кейинги пайтларда ҳаётимизда “саломалейкум”, “авваламбор, ассалом”, “салом” каби беписанд, олифтанамо, одамнинг ғашини келтирадиган саломлашишлар урчиб, энг ёмони, оммалашиб  бормоқда. Таажжубланарли жойи шундаки, бу тарздаги чучмал саломлашишлар айрим катта-кичик раҳбар амалдорлар орасида ҳам учраб туради. “Ҳаммага салом” ёки “саломалейкум”, дейди баъзи амалдорлар кибр билан. Ана шундай раҳбар, амалдорлар иштирок этган аксар ҳолларда эса улар бошлаб берадиган йиғин ёхуд тадбирлар аввал бошиданоқ  киши таъбини тирриқ қилади: “Ассалому алайкум” деган эзгу ва қутлуғ каломники беписандлик билан бузиб айтадиган кишининг одоб-ахлоқи-ю у бошқарадиган иш фаолиятининг беқусурлигига ишониш қийин. Чунки саломлашиш имон-эътиқоднинг мустаҳкамлиги, одоб-ахлоқнинг юксаклигини ифода этади.

Бу борада  ҳазрат Мир Алишер бобомиз бежиз: “Тил мунча шараф била нутқнинг олатидур ва ҳам  нутқдурки, агар нописанд зоҳир бўлса, тилнинг офатидур”, демаганлар.

Энди бир зум йўлда қаршингиздан чиққан болакайнинг қўлини кўксига қўйиб, “ассалому алайкум” деб ўтиши, бош­­қа бирининг эса “саломалейкум” деб беписанд ўтиб кетишини кўз олдингизга келтиринг. Уларнинг бирига ўзингиз ҳам беихтиёр “ва алайкум ассалом, баракалла, отангга раҳмат!” деб юборганингизни сезмай қоласиз. Наригинисидан эса завқланиш ўрнига ранжийсиз, энсангиз қотиб, асабийлашасиз.

“Ассалому алайкум”! – сизга тинчлик ва омонлик тилайман!

Қандай ҳаётбахш, ёқимли ва сеҳрли калом! Эзгуликка, хайрихоҳлик ва самимиятга тўла олижаноб лутф бу! Уни бузиб айтиш, унга беписанд бўлиш қандай баҳоланиши керак?! Бу каломни бузиб, беписанд талаффуз этаётганлар ўзгаларга нимани тиламоқдалар? Уларга ким эътироз билдириб, ким танбеҳ беради?! Кунига юзлаб, минглаб керак-нокерак сўзларни қалаштириб, валақлашдан чарчамаётган ёинки чет тилларни ҳафсала билан бийрон чулдирашга  одатланаётган қарич-қарич тиллар наҳот ота-боболар, аждодлар  меҳр ва ихлос ила лутф этган шу бир оғизгина қутлуғ каломни масъулият билан айта олмайди?

Ўзбек шеъриятининг султони Навоий бобомиз: “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз” деганларида айнан мана шундай тилга  эътиборсизликни қораламаганларми? Одоб билан, тавозе ила чин дилдан саломлашиш — бизга ота мерос, миллий қадрият. Унга беписандлик эса мутафаккир бобомиз айтганларидек, элга эътиборсизликдан бошқа нарса эмас.

Маъмуржон БОЗОРАЛИЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =