Қонун “ҳуштаги”ни ким чалади?
Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган
кишига милиция ҳуштак чалади-ю,
бутун бир тилни бузаётган одамларга
ҳеч ким ҳуштак чалмайди?
Абдулла ҚАҲҲОР
“Тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз”.
Буюк Навоий бобомиз қаламига мансуб бу ёниқ ҳикматнинг қадр-қиммати, нуфузи-ю, қудрати неча асрлардирким, халқимиз маънавияти-ю, маърифати, илм-фани, адабиёт ва санъати равнақида алоҳида ўрин тутиб, тилимизнинг ҳар бир сўзига ҳурмат ва эҳтиром билан қарашга, мазмун-моҳиятига гард юқтирмасликка ундаб келмоқда. Янги авлодни элпарвар-у, юртпарвар, меҳр-оқибатли, буюк Навоий тилига чексиз муҳаббат руҳида комил инсонлар қилиб камол топдиришда улуғ бир мактаб вазифасини ўтамоқда. Яратилаётган бадиий асарларда она тилимиз ўзининг бутун гўзаллигию жозибаси билан намоён бўлиб, дунё халқларини ўзига мафтуну маҳлиё этмоқда. Уларнинг тилларида ўзгача бир оҳангда янграб, ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқишларини орттирмоқда.
Афсуски, шўролар даврида Навоий тилига бўлган буюк ҳурматни, уни ўрганишга бўлган қизиқишни сусайтиришга астойдил бел боғланди. Ўзбек тилига эътибор юзаки бўлиб, амалда қизил салтанат сиёсатидан чиқилмади. Тилимиз очиқдан-очиқ камситилиб, барча соҳаларда рус тили илгари сурилди, кенг тарғиб-ташвиқ қилинди. Ҳужжатлар рус тилида расмийлаштирилди, нутқлар шу тилда сўзланди. Ҳатто, аризадан тортиб, конверт устидаги манзилгача рус тилида ёзиш қоидага айлантирилди. Мажлисларда ўтирган битта-иккита русийзабон ҳурмати учун рус тилида гапиришга ундалди. Улар эса ўзбек тилини ўрганишни хаёлига ҳам келтирмади. Юқори лавозимларда ўтирган ўзбеклар эса ўз миллатдошлари билан ҳам русча гаплашишни одат қилдилар. Кейин-кейин бу юқоридан қуйига тушиб, ёшлар ўртасида ҳам қулоч ёзди. Суҳбатдошинг ўзбекча гапиряптими, русча гапиряптими, билмайсан. Учта сўзи ўзбекча бўлса, иккитаси русча. Бу ҳолат бугун ҳам давом этаётганлигини оқлаб бўлмайди. Тўғри, рус, инглиз, араб ва бошқа тилларни билиш жуда яхши. Айниқса, бугунги кунда бир неча тилни мукаммал билишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Лекин бу иш инсоннинг ўз тилини унутиши ёки унинг софлигига путур етказиши ҳисобига бўлмаслиги керак. Кимки ўз она тилини чин юракдан севса, қадрласа, унинг талаффуз қоидаларига амал қилса, билингким, у бошқа тилларни ҳам худди шундай ҳурмат қилади ва қадрлайди.
1989 йилнинг 21 октябрь кунини ҳамиша ўзгача бир ғурур, ўзгача бир фахр билан тилга оламиз. Жуда катта саъй-ҳаракат ва жасорат билан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган бу кун тарих саҳифасига олтин ҳарфлар билан ёзилиб, халқимизнинг онгу шуури-ю, қалбида мангу муҳрланиб қолди. Бу қонун Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг мустақиллик сари қўйган биринчи қадами эди. Бу қадамни қўйиш эса осон бўлгани йўқ. Айниқса, шўролар ҳукмронлик қилиб турган бир пайтда ўзбек тилига Давлат тили мақоми бериш учун нафақат отнинг калласидай юрак, балки метин ирода, мардлигу матонат, журъату жасорат ҳам керак эди. Не-не синовлардан мардона ўтган халқимиз ўзининг нималарга қодирлигини ўшанда яна бир бор амалда кўрсатиб, бутун дунёни ҳайратга солди, қувонтирди, олқишлар олди. Кўп ўтмай Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги эълон қилиниб, она тилимизга қайрилмас қанот бахш этди, унинг ўзини тўла намоён этиши, нималарга қодирлигини кўрсатиши учун кенг йўл очиб берди. Ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўзбек тилида яратилиб, она тилимизнинг нуфузи, қадр-қиммати осмон қадар юксалиши учун ҳуқуқий асослари белгилаб берилди. Айни чоғда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ҳам ўзбек тилида янграй бошлади. Буларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан бўлмаганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Шундай экан, “Тилга эътибор – элга эътибор” эканлигини доимо ёдда тутмоқ, унинг софлигию равнақи учун қайғурмоқ ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи шарт. Шу нуқтаи назардан қараганда ўтган йиллар мобайнида она тилимизнинг юксалиши йўлида жуда катта ишлар қилинди. Энг аввало, унинг мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлганлигининг ўзидан жуда кўп нарсани англаш мумкин. Шунингдек, кейинги йилларда ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда ёш истеъдодларнинг ижод мактаблари ўзбек адабий тилини ҳар томонлама тараққий эттиришга қаратилганлигидан далолатдир.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги 2019 йил 4 октябрда қабул қилган қарори ҳамда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун 21 октябрни “Ўзбек тили байрами куни”, деб эълон қилиш ҳақидаги Фармони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида “Давлат тилини ривожлантириш департаментини” ташкил этиш таклифи — буларнинг ҳаммаси она тилимизга бўлган чексиз ҳурмат ва муҳаббатнинг, уни мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда ҳар томонлама юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий кўриниши бўлди. Бу эса халқимизни бениҳоя қувонтирибгина қолмай, зиммасига тилимизнинг софлиги учун курашишдек улкан вазифани ҳам юклади.
“…Ҳар биримиз, — деди Президентимиз, — давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.
Ҳақ гап. Агар, ҳар биримиз мана шу фикрни ўзимизга сув ва ҳаводек зарур билиб, уни онгу шууримизга жо этиб, энг аввало, унга ўзимиз амал қилсак ва бошқаларни ҳам даъват этсак, дунёда бизнинг тилимизга етадиган тил бўлмайди. Минг афсуски, она тилимизнинг тарғибот ва ташвиқот ўчоғи ҳисобланган телевидение ва радиода кўрсатув ва эшиттиришларни давлат тилида олиб боришга, иштирокчиларни ҳам шунга ўргатишда ҳамон сусткашликдан қутула олмаяпмиз. Очиғини айтганда аксарият кўрсатувлар шевада. Ваҳоланки, ҳали она тилимизга давлат тили мақоми берилмаган замонда республика телерадиокомпанияси кўрсатув ва эшиттиришларида шева сўзлари қўшилмас, сухандонлар ҳам, эфирга чиқадиган журналистлар ҳам адабий тил қоидаларига тўла амал қилар, бу нафақат ўзбек тилининг нуфузини, унинг бошқа тиллар олдидаги қадр-қимматини оширишга ҳам хизмат қилар эди. Хўш, бугун бу масалада телевидение мутасаддиларининг қўлини биров ушлаб турибдими?! Инсоф билан айтганда, бу ҳақда кўп ва хўб гапирилди ва гапирилмоқда. Афсуски, ўзгариш умуман кўринаётгани йўқ.
Айниқса, “Zo’rTV”, “Mening yurtim” сингари қатор телеканалларда ҳар куни, ҳатто ҳар соатда она тилимизга ҳурматсизликнинг олий намунасини кўриш одатий ҳолга айланиб улгурди. Энг ажабланарлиси, бу ҳолга ҳеч ким лом-мим демайди. Ўзларича турли “шоу”лар деб атаган ва соатлаб давом этаётган бу “саҳна”ларда масхарабозлик билан бирга она тилимизнинг устидан кулиш, уни топташ авжига чиқиб бормоқда.
Жонажон она тилимизга, адабий тил нормаларига нисбатан бўлаётган бу “ҳақорат”ларга қачонгача чидаш мумкин?!
Ахир бундай шармандачиликлар шундоғам қўлига узоқ йиллар давомида газета-журнал ушлаб кўрмаган нафақат ёш авлоднинг, балки катта-кичикнинг ҳам онгини захарлаб, ўз салбий таъсирини кўрсатаётгани сир эмас-ку!
Агар, давлат ва нодавлат телеканаллари ижодкорларида миллий ғурур бўлганида, “давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат”, деб билган ва аллақачон ўзбек тили қоидаларига амал қилиб, шевабозликка чек қўйган бўлур эдилар. Аммо уларнинг шевабозлик байроғини янада баланд кўтараётганликларидан яққол кўриниб турибдики, Президентимиз томонидан она тилимиз ҳақида айтилган бу бебаҳо фикрлар гўёки нодавлат телеканалларига даҳли йўқдек. Уларнинг журналистика, тил ва адабиёт факультетларини битирган ҳамда санъат институтида саҳна нутқи маданияти бўйича таҳсил олган айрим бошловчи, муҳаррир ва мухбирлари ҳатто ўзбек адабий тили кўчасидан ўтмаганга ўхшайдилар. Айтинг-чи, хорижча номланган кўрсатувларни шевада пойинтар-сойинтар олиб бориш билан халқимизни ўзбек адабий тилида сўзлашишга ўргата оламизми? Бу жуда қийин. Шу ўринда биз атоқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг тилимиз софлигини асраш бўйича айтган гапларини бежизга эпиграф сифатида келтирмадик. Бизнингча тилимизни бузаётганларни қонун ҳуштаги билан тўхтатадиган фурсат аллақачон келган. Зеро, “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилар” деганларидек, бу ишни пайсалга солиш, ўз оёғимизга ўзимиз болта уришимиз билан баробардир. Биласиз, она тилимизнинг қарамликдан қутулганига ўттиз тўрт йил бўлди. Ўттиз тўрт йилдирки, олимларимиз, ёзувчи, шоир ва журналистларимиз тилимизнинг соф, гўзал ва улуғвор бўлиши учун тер тўкмоқдалар. Агар, биз бугун ана шу даврда қилинган машаққатли меҳнатни қадрламасак, бошланган хайрли ишларни изчил давом эттирмасак, адабий тилимизнинг парвозига қанот бўлмасак, Навоий, Бобур, Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Авлоний, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Қаҳҳор ва Ойбек сингари она тилимиз байроқдорлари руҳларини чирқиратиш билан бирга унинг ўзимиздан, айниқса, ёш авлоддан аста-секин узоқлашиб боришига сабабчи бўлишимиз мумкин. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.
“Она тилимиз, — дейди Президентимиз, — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиздир”.
Чиндан ҳам ўз она тили билан фахрланган, қадр-қимматини кўкларга кўтарган киши унга ҳеч қачон бефарқ бўлмайди, аксинча, уни асрашни, бойитишни бурч деб билади, шу боис китоб ўқийди, маънавият ва маърифат, таълим-тарбия ишига меҳр ва масъулият билан қарайди. Буни теран англаган давлатимиз раҳбарининг ёшларимизни китобхонликка ўргатиш масаласида қайта-қайта жон куйдириб гапираётгани, қарор ва фармонлар қабул қилаётгани, китобхонлик танловларининг ташаббускори бўлаётгани бежиз эмас. Чунки, она тилимизнинг бойлиги, улуғворлиги-ю, сеҳру синоатини, жозибаси-ю, гўзаллигини, таровати-ю, кўрки-камолини, жарангдорлиги-ю, қудратини бўй-басти ила қалбига сингдирмоққа интилган одам борки, ўзининг маънавий ҳаётини бадиий адабиётсиз тасаввур қилолмайди. У ўқийди. Ўқимасдан туролмайди. Бундай кишилар бамани, мустақил фикрли, ўз она тилини эъзозлайдиган, уни ўқиган китоблари орқали тарғиб қиладиган бўлади.
Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, адабий тилимиз бадиий асарларда қолиб кетмаслиги керак! У бутун борлиғи билан халқимизнинг дилида, тилида ҳамиша ва ҳамма жойда баралла янграшига эришмоғимиз шарт! Бунинг учун она тилимиз оиламизда ҳам, болалар боғчасида ҳам, мактаб ва олий ўқув юртларида ҳам, маҳалла ва кўча-кўйда ҳам, хуллас, ҳамма-ҳамма жойда ўз оҳорини, ўз оҳангию латофатини, бетакрору беқиёслигини юксак тутиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлмоғи керак! Бу ҳақда ҳар йили фақатгина тил байрами кунларидагина эмас, ҳар куни бонг урмоғимиз, бу ҳаётимизнинг мазмун-моҳиятига айланмоғи лозим! Бу борада оммавий ахборот воситалари ташаббускор ва фидойи бўлсалар, сўзимиз билан ишимиз бир бўлса, эрта бир кун уялиб қолмаймиз.
Нуридин ОЧИЛОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
журналистика факультети
ўқитувчиси