Тунлар қалам билан олишиб толар

Ёр Муҳаммад
Муаллиф ҳақида:
Ёр Муҳаммад (Ёрмамат Рустамов) Жомбой туманида туғилган. Самарқанд давлат университети рус филологияси факультети ҳамда Москва давлат университетининг журналистика факультети қошидаги курсни битирган.
Жомбойда мактаб директори, Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида мухбир, муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Кейинчалик “Правда Востока”, “Маҳалла” газеталарининг Самарқанд вилоятидаги махсус мухбири сифатида фаолият кўрсатган. Ҳозирда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририятининг махсус мухбири бўлиб ишламоқда.
“Муҳаббат бекати”, “Юртим нафаси”, “Кўнгилга ташриф”, “Қуёшни сиғдирган юрт”, “Мангуликнинг 30 лаҳзаси”, “Меҳр дарахти” каби 10 га яқин китоблари нашр этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Холамбибининг йўқлови
Усмон Носирнинг онаси Холамбиби момо умрининг сўнгги кунларида қизларидан фақат бир нарсани илтимос қиларкан: “Жон болаларим! Агар ўлиб қолсам, дустаман (юзтубан) ётқизиб қўйинглар. Чунки йиғлайвериб ичимга қон ва зардоб тўлиб кетган, чиқиб кетади”. Ҳақиқатан ҳам момо оғзидан қон отилиб ўлган экан.
Йўлингга кўз тикиб тешилди кўзим,
Бўғзимда бўғилиб эшилди сўзим.
Доғингни эллик йил кўтардим ўзим,
Усмоним, қайдасан, қайдасан, қайда?
Ҳасад ҳаётингни гирдобга отди,
Умрингнинг қуёши, оҳ, эрта ботди.
Дўстларинг жон сақлаб, дўстини сотди,
Менинг Усмонгинам, қайдасан, қайда?
Хоинлик ҳақиқий ўзбек учун ёт,
Унинг кетмонидан бошланар ҳаёт.
Сен — онанг, Наманган кўксидаги дод,
Усмоним, қайдасан, қайдасан, қайда?
Бўзлайман, фарёдим ютади ҳаво,
Она соғинчига топилмас даво.
Аза тутаётир олис Суслово,
Усмоним, қайдасан, қайдасан, қайда?
Ҳамон яшаб келар беҳис тўнкалар,
Биров ўлиб ётса лоқайд, кўлкалар.
Қоғоздан ясалган бошлар, елкалар,
Усмоним, қайдасан, қайдасан, қайда?
Кўксимни куйдириб келади оҳлар,
Усмоннинг юрагин чўқиган зоғлар.
Ҳамон минбарларда ўша маддоҳлар,
Шоир ўғилгинам, қайдасан, қайда?
Ўлсам, ётқизинглар мени дустаман,
Ичим тўлиб кетган, зардоб қусаман.
Юртга қайтган кунинг қабрим бузаман,
Усмоним, қайдасан, қайдасан, қайда?
Инсон! Ҳам асал, ҳам оғули майсан,
Дўст тугул, ўзингни сотмоққа шайсан.
Токай бир-бирингни ғажиб яшайсан?
Шоир ўғилгинам, қайдасан, қайда?
Бу заминда
Бу заминда буюк тоғлар бор,
Оқ сочларин чўққилар тараб.
Юлдузлардан нарида бедор,
Шоҳ Улуғбек турибди қараб.
Оҳиста бос қадамларингни,
Амир Темур олмоқда ором.
Ҳадисларни тутганча қўлда
Қараб турар Бухорий бобом.
Қалаштириб уч-тўртта сўзни,
Мақтанмагин ёздим дея шеър.
Қадамингдан узолмай кўзни,
Кузатмоқда Ҳазрат Алишер.
Оқил бир ён, жоҳил бир тараф,
Чайқалмоқда бу кўҳна дунё.
Иймон, Ҳақнинг калитин ушлаб,
Қараб турар Мотрудий бобо.
Бу заминда юрмоқ осонмас,
Ҳис этганча шунча нигоҳни.
Бу заминда турмоқ осонмас,
Кўтарганча шунчалар тоғни…
Бу заминда буюк тоғлар бор…
Шоир
Ҳеч кимдан ҳеч қачон кўнгли тўлмаган,
Лаблари кулса-да, кўзи кулмаган.
Жисми музлаб қолиб руҳи ўлмаган,
Дунёда шоирдан инжиқ зот йўқдир.
Атрофда саратон. Қор деб ёзар у,
Бош эгиб яшамоқ ор деб ёзар у.
Бир бошга бир ўлим бор деб ёзар у,
Дунёда шоирдан инжиқ зот йўқдир.
Баъзан игна билан қудуқлар қазар,
Банда-да, Ҳақ йўлдан гоҳида озар.
Энг катта гуноҳи — тўғрисин ёзар.
Дунёда шоирдан инжиқ зот йўқдир.
Тунлар қалам билан олишиб толар,
Илҳом парисини излаб йўқолар.
Аламин қадаҳ ё хотиндан олар,
Дунёда шоирдан инжиқ зот йўқдир.
Элнинг дарди билан олади нафас,
Ҳаммага кенг дунё унга бир қафас.
Жонидан ўтса-да, чиқармайди сас,
Дунёда шоирдан инжиқ зот йўқдир.
Булоқ кўз очмаса, сой бўлган эмас,
Юлдуз ёнган билан Ой бўлган эмас.
Шоирлар ҳеч қачон бой бўлган эмас,
Дунёда шоирдан инжиқ зот йўқдир.
Шоирнинг бойлиги юртин жамоли,
Ўзбек гўзалининг лабдаги холи.
Шеърининг парвози, фарзанд камоли,
Дунёда шоирдан инжиқ зот йўқдир.
Доимо қайгадир шошиб яшайди,
Ҳайқириб яшайди, тошиб яшайди.
Қуёшни кўксига босиб яшайди,
Дунёда шоирдан инжиқ зот йўқдир.