Фаолият

Ҳар кимнинг илк бор кўргани ёдида қолади. Ўша хотира, орадан қанча йил ўтса ҳам, киши ҳақидаги фикру хулосаларига асос бўлиб тураверади.

1971 йилнинг августи. Менинг ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультети деворларига учинчи бор бош уриб келишим. Иншо натижаларини кутяпмиз. Бир маҳал қоғоз кўтарган йигит келиб: “Олимов, Олимов!” деб чақириб қолди. Бир қорагина йигитча бўй берган эди: “Беш олибсиз”, деб яна кимнингдир баҳосини эълон қилиб, ичкари кириб кетди. Мен эса ҳар йилгидай, яна бир амаллаб “эл қатори” учга илинган эканман…

Аммо бу йигит бекорга беш баҳо олмабди: биз каби орзумандлар тўрт-бешта “хабар”ни туман газетасида бир амаллаб чиқартириб келган бўлсак, у — кечаги мактаб ўқувчиси нақ 187 та мақола, хабар ва лавҳа эълон қилиб бўлган, ҳатто саккизинчи синфни битирибоқ, Вобкент туман газетаси таҳририятида штатга ишга кириб меҳнат қилган, хуллас, тегирмонга тушса бутун чиқадиган ижодкор, тап-тайёр журналист экан.

Ҳайтовур, имтихондан кейинги баҳолар яхши бўлиб, талабаликка ўтдим. Эртага биринчи сентябрь — ўқиш бошланади, деган куни бояги Олимов икков эски шаҳардан бир ижарахона топиб, ўқишга бирга қатнай бошладик.

Ўша қорачагина йигит бугун ўсиб-улғайган, илм-фан соҳасида ўз ўрнини топган, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти совриндори, профессор Султонмурод Олим бўлиб етишди. Бирга дарсга қатнадик, ўн йиллаб ёнма-ён ҳовлиларда ижарада яшадик, ЎзФА Тил ва адабиёт институтига ходимликка қабул қилиндик, илмий даражалар ёқладик. Биз танишган вақтда нафақат ота-оналар, ҳатто боболаримиз ҳам тирик эди, ўшаларнинг дуоларини бирга олганмиз, яъни Султонмурод менинг учун ота қадрдон десам ҳам камлик қилади. Бугунги кундаги ҳаётимиз — оздир-кўпдир, ўша йиллардаги меҳнатлар натижаси, Худо инъом этган тақдиримизга шукронадан иборат…

Иборат, деб ёзиб… ўйланиб қолдим. Иборат “якун” дегандай бир сўз. Хўш, бунинг ибрати-чи, биров ўрганса, улгу олса арзийдиган жиҳатлари-чи? Шунчаки илмий иш ёқлаш, фан йўлида хизмат қилиш — кўпларнинг насибаси. Аммо Султонмуроднинг ўзига хослиги нимада? Мен унинг қай хислатларини таърифламоқчи бўламан? Шунга баъзи нарсаларни эсласам.

…Ўттиз йил бўлдимикин ё кўпми, сиз яхши танийдиган Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова телевидениеда режиссёр бўлиб ишларди. Султонмурод эса ўша пайтда урфга кираётган Наврўз байрами марафон кўрсатувларидан бирига бошловчилик қилди. Бизни ҳам таклиф этишди. У маҳал эфир тўғридан-тўғри очиқ, ҳозиргидай ёзиб олиб узатиш қаёқда? Бир маҳал Дилором опа аллақайси қирдаги қизғалдоқлар, олисдаги тоғ қорлари манзарасини қўйдириб, “Султонмурод, шарҳланг, эфир уланди!” деб буйруқ берди. Бошқа одам бўлса, лол бўлиб ўтириб қолиши тайин. Бунинг устига, у қанча давом этишини ҳам ҳеч ким билмайди. Султонмурод… бир чечан тил билан сайраб кетди, десангиз! Бояги манзараларга қараб талқин айтяпти, байт-ғазаллар келтиряпти. Равон ва бурро! Ҳар кимга маъқул, фасоҳатли ва маърифий бир нутқ бўлди. Гўё аввалдан тайёр-у, ўқиб бераётгандай…

Ана ўшанда дўстимнинг соҳиби ҳунар, соҳиби тадбир эканига тан бердим. Неча миллионлик аудитория қаршисида довдирамай, сира тутилмай, ҳаммага сингишарли ва ёқимли қилиб ким ҳам сўзлаб кета беради? Ким бундай ҳолатда эшкакни қўлига дадил олиб, кемани тўғри йўлга солиб юбора олади?

Дарвоқе, Султонмурод Олимнинг номзодлик иши Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони, унинг ўзга тилларга таржималари ҳақида эди. Мундай ўйлаб боқсам, Султонмуроднинг ўзида ҳам Фарҳодга менгзаса бўладиган хислатлар бордай. Ёдингиздадир, асарнинг бир ўрнида Фарҳод: “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб туфроққаму кеткумдир охир?” — дея хитоб қилади. Чунки Фарҳод расм чизиш, тош йўниш, илм билан шуғулланиш, сеҳрларни бартараф этиш каби қирқдан ортиқ ҳунар эгаси. Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз, деган мақол айнан Фарҳод ҳақида айтилгандай.

Илмий иши улгу бўлдими ё табиатан шундайми, Султонмуроднинг ҳам камида қирқ фазилати бор: аввало, дилкаш ҳамсуҳбат: гап­лашиб тўймайсиз. Омма олдида бўладими ё ёлғиз ўтириб дунёнинг ишларидан гаплашасизми — ўз фикри, уни чиройли баён эта оладиган ўз зикри бор. Ўн йиллаб Республика маънавияти пешволаридан бўлиб юрганида, юртимизнинг атоқли нотиқларидан бирига айланди.

Яна яхши бир созанда у — рубоб чертиб, давраларни гуллатади, даврада ўтирганлар беихтиёр сел бўлиб қўшилиб кетишади. Яна созгар уста ҳам: доира, рубоб ва бошқа чолғу асбобларини тузатиб, парда қоплаб, уларга так­рор ҳаёт бахш этади. Чалгани эса шунчаки шўхчан куйлар эмас, Бухоронинг қадим мавриги куйларини эшилтира олади. Тингласангиз, ўтмиш қаърига сингиб бораётгандай сезасиз ўзингизни.

Бухоро… Уни ҳали ҳам тўла очилмаган бир уммон деса бўлади: талабалик чоғимизда тўйларга бориб қолсак, худди Афросиёб деворидаги сарбозлар каби қизғиш соқолли отахонларни кўрганман, улар бугун жуда кам одам кўрган ғалати бир усулда рақс қилар эдилар, буни қарангки, Султонмурод ўша рақсларни ҳам қиёмига келтириб ижро эта олади.

Бухоро фарзанди бўлгани боис, ширу шакар қилиб икки тилда: бир мисраси ўзбекча, яна бири тожики қилиб шеърлар битади, иккала тилда илмий мақолалар ёзади, маърузалар ўқийди. Бунинг устига, миришкор деҳқон: ўтган йили шапалоқдай томорқасидан олган картошка ҳосилининг довруғи сурхоний курсдош­ларга қадар етиб борди. Шунчаки эгат олиб уруғлик қадаш эмас, уни экиш муддатигача билади — бошқа вақт эксангиз, шу ҳосилнинг ярми ҳам битмас эмиш. Яъни, ҳар соҳага илмий ёндашади.

Етти хазинанинг бири бўлган асаларичиликни ҳам шоиру ёзувчилар, олимлар орасида бошқа биров эмас, Султонмурод расм қилди. Элликлаб уяларда ари боқиб, ботмон-ботмон бол олди. Ҳозир ҳам қачон ариларимизга дард ёпишса, “доктор Войжоним” — Султонмуродга бориб эланиб туриб оламиз. Бўлмаса, қуруқ асалари қути билан қолишимиз тайин.

Мустақилликнинг дастлабки ўн йилида Султонмурод ўзбек дипломатияси тараққиётига ҳам ҳисса қўшди — Ташқи ишлар вазирлигининг иккинчи котиби бўлиб ишлаган чоғида ўзбекча халқаро шартномалар тили ва услубининг энг нозик жиҳатларини ифодалаш унинг чекига тушдики, ҳозир ҳам ёш мутахассислар ана шу “катта арава” йўлидан из босиб келишаётир.

Дарвоқе, тил… У, бир қарасанг, грамматика қоидаларига солинган, икки карра икки — тўрт дегандай аниқ бир фан. Аммо турмушда — нутқ қўллаш жараёнида шундай ҳоллар бўладики, энг тўғри йўлни топиш ақлий йўл билан эмас, шуур ичра ҳал қилинади — кўнгил айтади. Аммо бунинг учун тилнинг “кўнгли”ни биладиган, энг нозик, айтиб ифодалаб бўлмас ҳолларни ҳис этиш қобилиятига эга бўлиши керак киши. Шундай бўлдики, Тил ва адабиёт институтида ишлаб юрган чоғимиз, ҳали лаборант эдик, Мирзакалон Исмоилий билан учрашув ўтказилди (раҳматли директоримиз Матёқуб Қўшжоновнинг шунақа яхши ташаббуси кўп бўларди). Мирзакалон домла гап орасида тилшуносларга бир савол берди: “У болани юзидан ўпди” бўладими ёки “У боланинг юзидан ўпди” дейиш тўғрими?” Барча тилчилар якдил: “Боланинг” дейиш керак, чунки “юзи” деганда “и” эгалик қўшимчаси бор, у “нинг”ни талаб қилади”, дейишди. Ёзувчи эса: “Бундай эмас, чунки у болани ўпди, юзидан ўпдими ё қўлиданми, елкасиданми — фарқи йўқ, шунинг учун “у болани юзидан ўпди” десак, тўғри бўлади”, деб айтди. Ўшанда адибнинг фикрини тўғри тушунган ва қабул қилган уч-тўртта тадқиқотчи ичида Султонмурод ҳам бор эди. Гап шундаки, тил — лингвистика ҳодисасигина бўлиб қолмай, экстралингвистикага ҳам мансуб воқелик, боя айтилганидек, унинг ҳис этилувчи жиҳатларига ҳам етиб бора олиш керак. Султонмурод Олим ана шунга қобил. Шунинг учун ҳам бугунги ўзбек публицистикаси ва филология илмида Султонмуроднинг ўз услуби борки, бу жуда оз тадқиқотчиларга насиб бўладиган бир фазилат.

Йигирма йилча бўлиб қолди, Авлиёқули Хожақули отли туркман режиссёрига ҳамкорлик қилиб, “Қуш тили” спектакли (Аттор ва Навоий асарлари)нинг матнини тайёрлашда иштирок этган эди. Биз, ҳа, бу ҳам бир ҳавас-да, деб юрсак, Султонмурод Фитрат ва Иззат Султон каби адабиётшунослар йўлидан боришга ҳам жаҳд қилиб, “Кўнгил ови” мусиқали драмаси (2021) билан Республика пьесалари танловида биринчи ўринни олиб турганига нима дейсиз? Бундан ташқари, “Хамса” либреттоси (2017), “Баҳоуддин Нақшбанд” ҳужжатли фильми (2018), “Бузрук” мақомининг бузрук мақоми (Ал-Форобий ҳаётидан лавҳалар)” (2023) мақом спектакли сценарийси сингари туркум асарларга муаллифлик қилиб, драматургия йўналишида олтита асар яратди.

Суст одамлар бор: бировнинг жони оғриса, табассум қилади, ўзганинг тўйида хомуш ўтиради. Султонмурод эса бошқача — шодмон бўлса, шунақанги қаҳ-қаҳ урадики, беихтиёр қўшилиб кула бошлайсиз, бирон ғамгин театр томошаси бўлса-чи, кўзлари жиқ ёшга тўлганини ўзи ҳам пайқамай қолади; кўнгли уйғоқ бундай одамларни Навоий “аҳли дил” деб эъзозлаган.

Истиқлолнинг илк йилларида ҳали кўп нарсалар шўро замонидаги каби давом этар, уларнинг тўғри эмаслиги ҳам ёдимизга келмасди. Мудроқлик сабаб, аксар идораларда 5 май — Матбуот куни, 10 ноябрь — Ички ишлар ходимлари куни… ва ҳоказолар нишонланарди, 23 февраль Совет армияси кунигина эмас, балки “эркаклар байрами”, 14 февраль эса қарийб расмий равишда “ошиқ-маъшуқлар куни” бўлиб кетган эди. Буларнинг ҳар бири моҳиятини очиш учун Султонмурод ўнлаб мақолалар ёзди, китоблар ёзиб нашр эттирди, шу тариқа истиқлол мафкурасининг у ёки бу жиҳатларини далиллади, исбот қилди, боягидақа саналар ўзгартирилиб, кутган натижаларига эришди. Аммо у буларни сиёсий фанлар “номзоди” ё “доктори” эмас, бир олим, фидойи бир публицист сифатида холисанлиллоҳ бажарди, бояги “мутахассис”лар эса кейин бу ғояларни чайнаб, “биринчидан, иккинчидан, бешинчидан…” қилиб гуруҳларга ажратиб, “илм” қилишди.

Султонмурод эса, мафкураю маънавият борасида айтадиганини айтиб бўлгач, Навоийга қайтди, аммо бу шунчаки “қайтиш” бўлмади, балки барча навоийшунослар томонидан етук бир олим сифатида аллақачон мавқе қозониб бўлгач, “расмият” тариқасида докторлик диссертациясини ёқлади. Менимча, бу тўғри йўл: нафақат Султонмурод, балки ҳар бир ўзбек олими, зиёлиси миллатимизнинг йўлчи юлдузи, порлоқ қуёши бўлган Навоийга қараб йўл босиши, Навоийдан айрилмаслиги лозим. Ўшанда манзилдан адашмаймиз, иншооллоҳ.

Навоий — улкан, ҳайбати чексиз бир тоғ. Унга биров кунботардан қараса, бошқа киши кунчиқардан нигоҳ ташлаб, баҳо беради. Кимдир уни мутасаввуф деб билса, бировлар унинг ашъоридан конкрет ҳаётий вазиятлар таъсирини қидириб топиш ҳаракатида. Бу фикр­-қарашларнинг ҳар бирида муайян мантиқ бор, албатта. Шу жиҳатдан олганда, Султонмурод Олим Навоий ашъоридаги бош фалсафий ғоя сўфийлик орқали намоён бўлади, деб биладиганлар тўпига мансуб. Номзодлик ва докторлик диссертациялари мағзида ана шу фикр сарбаст турадики, уни батафсил далиллаб талқин этиш илмий бир мақолага мавзу бўлажак. Унга навбатдаги юбилей саналари олдидан уринамиз, иншооллоҳ.

Мен сарлавҳани расмий алфозда “Фаолият” деб қўйдим. Чунки ўйлаб қарасам, Султонмурод Олимнинг асосий ҳаёт тарзи — фаолиятдан иборат экан: шунчаки ёзмайди, балки ҳар бир мақоласи, китоби ёки ҳатто жўн бир тақризи ҳам қайсидир амалий ишга, натижага қаратилади, пировардида эришиладиган нақд бир ечим кўзда тутилади.

Бир оила бошлиғи сифатида эса олим дўс­тимизга ҳавас қиламиз: икки ўғли ўзидан аввал фан доктори бўлди, умр йўлдоши фан номзоди, икки келинпошша эса шу кунларда илмий иш ёқлаш арафасида. Неваралар ҳам бўй кўрсатиб қолар эди, бироқ ҳали мактабда ўқиб юришибди-да.

Албатта, бу йигитнинг қирқтами, етмиштами фазилатини бирма-бир санай берсам, ўқиб чарчаблар кетасиз. Шунинг учун, барини эмас, пировардида ҳаммамизга ҳеч шак-шубҳасиз маъқул, мақбул ва манзур бўладиган яна битта ҳунарини ҳам қўшиб қўйиб, шу билан бас қилсам, дейман. Гап шундаки, етмиш ёшини етмишдан ортиқ китоб ёзиб тўлдираётган Султонмурод Олим асл Бухоро фарзанди эмасми, ўша ёқнинг таърифи кетган оғзи тор, ичи кенг мис қозонда пишириладиган софи ошни ҳам дўндириб дамлай олади, бунинг учун атайин ясалган ўшандайчикин мис қазонларигача кетириб қўйган дейдило, ана шу кунларда султоний олим қўлида дам еган етмиш килолик софи палавнинг бир кафгирига илҳақу мунтазир бўлиб, аддуои биродарон, камина:

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − ten =