Ёзадиган пайтлар келди
Дунёда нима кўп — касб-ҳунар кўп. Бу хусусда сўз очилса, ҳамма ўзи танлаган, ризқ-насиба топаётган касбнинг машаққати, бирор натижага эришиш учун узоқ йиллар тинимсиз елиб-югуришга тўғри келиши, кўп ҳаловатлардан кечишга мажбурлиги ҳақида гапиради. Неча минг йиллик касб эгалари ҳам, кейинги қирқ йил ичида дунёда пайдо бўлган уч юздан ортиқ янги замонавий касбларни эгаллаб, янгича шароитларда жавлон ураётганларнинг фикрича ҳам шундай. Ҳамма касбнинг нони қаттиқ. Ҳамма касб тинимсиз меҳнат, излаш-изланиш, ҳамкасблардан бироз олдинда бўлиш, сезгирлик, кузатувчанликни талаб этади. Айниқса, журналистика…
Олимлар журналистикани касб эмас, ижодий фаолият тури, ижтимоий вазифа деб ҳисоблашади. Буни рад этиш қийин. Аммо бизда устоз, малакали муаллим мақомига етган, ўзига хос маҳорат мактабларини яратган шундай ҳамкасбларимиз борки, улар мухбирлик, муҳаррирликни шарафли касб, тақдир, ноёб иноят даражасига кўтаришган. Ижод умрининг кўп қисмини муҳаррирликда ўтказган ва бундан ҳаловат топган Асқад Мухтор, Иброҳим Раҳим, Зулфия, Мақсуд Қориев, Аҳмад Исмоилов, Исмоил Сулаймонов, Аҳмаджон Мухторов, Эркин Аъзамов, Абдусаид Кўчимов, Жаббор Раззоқов, Муҳаммаджон Обидов, Абдулла Пўлатов, Ҳабибулла Олимжонов каби устозлар мисолида бемалол шундай дейиш мумкин. Бошқача дейиш ўринсиз. Уларнинг ҳар бири бошқаларникига ўхшамайдиган ўз “из”ларига, санъат тили билан айтганда, созу овозларига эга.
Бу мутлақо тўла бўлмаган рўйхатда самарқандлик муҳаррир Фармон Тошев ҳам бор, албатта. Унинг ижод умри, ўй-хаёллари, илҳом булоқлари, қувончу ташвишлари вилоят газеталари орасида анча йиллардан бери карвонбошиликни қўлдан бермай келаётган “Зарафшон” газетаси, шу жамоада, унинг атрофида ижодкор сифатида шаклланган, шаклланаётган ёш қаламкашларнинг айтса айтгулик, ёзса ёзгулик ютуқлари, борингки, тақдири билан бевосита боғлиқ, десак муболаға бўлмайди.
Рус адабиёти танқидчиларидан бирининг: “Бизнинг адабиётда дунё даражасида эътирофга арзийдиган, бошқа тилларга ўгирса бўладиган пишиқ-пухта асарлар кўп яратилган, аммо улар бепарволигимиз боис изсиз қолиб кетди”, деган фикри бор. Бу гап ижодкорликнинг жамики йўналишларига ҳам тааллуқли. Бугун ҳатто оддий мухбирлик билан ҳам эл-юртга танилган касбдошларимизнинг ютуғи шундаки, уларнинг илк ижод қораламаларига кимдир эътибор берган, ютуқ-камчилигини кўрсатган, касбимизга хос сир-синоатлардан бохабар қилган. Бу гап бошқалар қатори менга ҳам тааллуқли. Журналистиканинг не-не синовларини ортда қолдирган устозлардан касб дарсликларида йўқ кўп сабоқлар олганман. Бир суҳбатда “Муҳаррир таҳририятга минг хижолат билан, ийманиб-тортиниб кириб келадиган ёш ҳаваскорнинг биринчи уринишини қайтармаслиги керак”, деган эдим. Кейин амин бўлдимки, Фармон Тошевнинг муҳаррирлик услубида ҳам бу фазилат бор экан. Бунинг натижасида — “Зарафшон” газетаси вилоят ижодкорларининг чинакам ижод мактабига, маҳорат дарсхонасига айланди. “Зарафшон”чилар орасидан кўплаб муҳаррирлар, истеъдодли публицистлар, шоир ва ёзувчилар етишиб чиқди.
Ушбу сатрларни қоғозга туширар эканман, “Зарафшон” саҳифаларига яна бир марта кўз югуртираман. Эълон қилинаётган мақолаларда мавзу ва жанрлар хилма-хиллиги, таҳлил ва талқиндаги ўзига хослик ва, айниқса, бугун кўп нашрларда етишмаётган журъат яққол кўзга ташланади. Газета ўз сўзининг таъсирчанлиги ва самарадорлигига бефарқ эмас. Айни шу нарса муҳаррирнинг иш услуби сифатида “Зарафшон”ни бошқа газеталардан ажратиб туради.
Нима демоқчиман? Бугун журналистика назарияси билан шуғулланувчи мутахассислар орасида ғаройиб бўлиниш пайдо бўлди: ғарблик мутахассислар матбуот танқидий мақолани эълон қилса бўлди, унинг натижаси билан қизиқиши шарт эмас, бу иш билан бошқалар шуғулланиши керак, дейишади. Бу қараш танқиддан юраги пўкиллайдиганларга мойдай ёқади. Биз бўлсак, йўқ, матбуот ўз сўзи, журналистнинг машаққатли меҳнати қандай натижа берганини эълон қилиши, танқид эътиборсиз қолаётган бўлса, мавзуга яна ва яна қайтиши зарур деб ҳисоблаймиз. Шундай ҳисоблагичларнинг бошида муҳаррир Фармон Тошев туради. Унинг қаламига мансуб тишли-жағли мақолаларда қуруқ мақтов, ҳамду сано деярли учрамайди, аксинча, чуқур, профессионал таҳлил, камчиликларни рўй-рост кўрсатиш, ишёқмасларни номма-ном айтиш, газетхонни фикр-мулоҳазага ундаш устуворлик қилади. Бунга эришиш осон дейсизми? Газета муҳаррирлиги юмшоқ креслода қўр ташлаб ўтириш эмас. Елиш, югуриш, вилоятнинг қон томирлари қандай ураётгани, нафас олаётганидан хабардор бўлиш, масъулияти турлича бўлган тепса тебранмас тўра-ю ҳаваскор тўрачалар билан юзма-юз келиш, уларга гап уқтириш, баҳслашиш, энди-энди урчий бошлаган, илдиз отаётган иллатларни сезиш ва олдини олиш ҳаракатларини бошлаши керак.
Бугун газета ёки журнал жамоасига бошчилик қилиш учун ижодий иқтидордан ташқари, раҳбарлик, ташкилотчилик, уюштирувчилик қобилияти, мулоқот маҳорати ҳам бўлиши керак. Муҳаррир ҳар бир ходимнинг қизиқиш йўналишини яхши билса, уни меҳнат натижаларига қараб рағбатлантирса, самара, шубҳасиз, бўлади. Фармон Тошев жамоа аъзоларини тарбиялаш билан бирга, “Зарафшон”дан учирма бўлган кўплаб ижодкорларнинг бошқа жамоалардаги фаолияти, ҳаёти, ютуқлари, ижоди, ижодий танловлардаги иштироки билан ҳам қизиқади. “Зарафшон” ҳомийлигида чоп этилган ўнлаб шеърий, насрий, публицистик тўпламларни варақланг, бунга сиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз.
Фармон Тошевнинг ўз ўқувчиларига тортиқ қилаётган ушбу тўпламларидан жой олган мақолаларнинг ҳар бирида бугунги куннинг хуш-нохуш манзараларига дуч келасиз. Кўпни кўрган отахонлар бор гапни борлигича айтишади: “Мустақиллик ҳар ким ўз ҳолича, бир-биридан узоқлашиб яшаши керак дегани эмас. Ҳайронман, газетачилар нега жим? Бонг урмайсизларми?! Бирлашиб яшаш керак, ҳамма ўз-ўзини уддаласин дегани. Қайси ёш оилага қараманг, алоҳида яшайман, дейди. Боланинг эрки унинг алоҳида яшаши билан белгиланмайди. Шаҳарда ошхона, машина тузатиш устахонаси кўпайгандан-кўпайди. Чиқиндини қайта ишлашни ўйламайди. Қишлоқларда арава ясайдиган устахона борми? Йўқ! Чунки унинг меҳнати оғир. Кўплар ишламай, пешонани терлатмай даромад топса-да!”
“Орият” деб номланган мақоладан иқтибос: “Бу не қиёмат қойимким, ота деган зот ўзини ўйлаб, фарзандларини бир-бирига тезлаб турса?! Ота деган зот ўғлининг тарбиясизлигидан маҳаллага, давлат идорасига пешма-пеш арз қилса?! Бу не бедодликким, ота ўз фарзанди билан аёл талашса?!”
Тўпламдан жой олган мақолларнинг мазмунига тўхталиб ўтирмайман. Зийрак ўқувчи уларни ўқир экан, муаллифнинг муаммоларни кўра олиш қобилияти-ю, ёзувда акс эттириш маҳоратини аниқ сезади. Саидризо Ализода, Аҳмаджон Мухторов, Анвар Жўрабоев, Акбар Нарзиқулов каби фидойи инсонлар хотирасига бағишланган эсселарни соғинч ҳисси билан ўқийди. Улуғ ёшга етса ҳам ижод майдонида фаоллик қилаётган Фармонбойнинг Сўз қудратига доир қалб кечинмаларига дуч келади:
“Қулоқнинг эшитганини тил элга ошкор қилади. Жабрини юрак тортади”.
“Сўз иболи келинчакка ўхшайди. Уни асрашнинг бирдан-бир йўли кўз-кўз қилмай, кўнгилда сақлашдир”.
“Сўз — кўнгил сирларидан воқиф дўст. Агар у оғизга кўчса, душманга айланиши ҳам мумкин”.
“Муомала шиша идишга ўхшайди. Унда инсоннинг ички дунёси кўриниб туради”.
“Сукут камтаринлик, аммо у лоқайдлик белгиси бўлиши ҳам мумкин”.
“Ширин сўз бўл, аммо ширинсўзлардан эҳтиёт бўлганинг маъқул”.
“Тушунмайдиган одам йўқ, тушунтиролмайдиганлар бор”.
“Башараси қийшиқ одамга ёқмоқчи бўлсанг, унга қийшиқ ойна тут”.
Бу қуйма фикрлар ҳар кимга ҳам келавермайди. Уларнинг ҳар бири таг-замирида беҳаловат умрнинг ибратли, ҳавас қилса арзигулик излари, ҳосила-хулосалари бор. Фармон Тошев ҳамиша эл ичида, юрт шаъни ва ғурури қайғусида яшайди. Кимгадир тўғри йўлни кўрсатишдан, кимнингдир оғирини енгил қилишдан ҳаловат топади. Топган-тутганларини китобларига жо қилиб, ёшларга узатади. “Зарафшон зарварақлари” бутун мамлакатга ёйилади. Мураккаб вазиятларда ўзини ижодкор, масъул лавозим эгаси сифатида эркин ва дадил тутади. Катта давраларда, кичикроқ йиғинларда, баҳсли вазиятларда айтадиган сўзи ва фикри бор. Кузатувда, таҳлилда пешқадам. У бундай даражага роса эллик йиллик заҳматли меҳнати, изланиши боис эришди. Эришган ютуқларига бевосита гувоҳ бўлганимдан хурсандман. Ёзадиган пайтлар келди, дил тубига инган туйғулар, катта ҳаётий тажриба юзага чиқиши керак. Ижод шиддатини бўшаштирманг, муҳтарам касбдош.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ.