Фидойи муҳаррир, жонкуяр устоз
Ўтган асрнинг 80-йиллари…
Туман, вилоят газеталари адади даврийлиги бўйича энг юқори нуқтага чиққан давр. Журналистикага ҳавас қилган ўсмирлар, касбга жуда қизиқиб, аммо тақдир тақозоси билан бошқа касбни эгаллаб, бироқ “ёзиб” турадиган “штатсиз” мухбирлар учун газеталар таҳририяти – мўъжизалар макони, таҳририят ходимлари эса чин маънодаги мўъжизакорлар эди.
Қанчалик катта ҳажмда ёзсак-да, лекин газета саҳифаларида кичкинагина жойда чоп этиладиган мақолаларимиз билан фахрланиб юрган кезларимиз.
Урганч шаҳрида маҳаллий гужумлар салобати билан яшириб турган бино – “Хоразм ҳақиқати” — “Хорезмская правда” газеталари таҳририяти (ҳозир бу бинода Урганч шаҳар солиқ инспекцияси жойлашган)га илк кириб борганимда, журналист опа 13-14 ёшлардаги боланинг ёзганларини бирин-кетин ўқиб, синчковлик билан кўриб, кейин эса ёзиладиган материалнинг вокеликка қараб, хабар, лавҳа ёки репортаж каби жанрлардан бирига мос бўлишини оддий тилда тушунтирганлари кечагидай ёдимда. Шунда билганман мен оддийгина хабар ҳам катта ҳажмларда ёзилишини.
Асосланмаган маълумотдан ҳеч қачон фойдаланмаслик, ёзишда сўзга хасис бўлиш, шахсий муҳаббат ва нафратни фаолиятга аралаштирмаслик қоидаларидан сабоқ берганди ўшанда устоз опамиз.
…Орадан йиллар ўтди. Ўша журналист аёл бугун 70 ёшда!
Ҳа, Солияжон Раҳимберганованинг журналистика соҳасидаги фаолиятига ярим аср бўлиб қолди. Тўғри, журналист дастлаб “Хоразм ҳақиқати” вилоят газетасида 10 йил ишлаб, кейинчалик Тошкент шаҳридаги раҳбар мутахассислар тайёрлаш олий мактабида таҳсил олди. 4 йил вилоят партия қўмитасида масъул ходим, 6 йил Урганч шаҳар ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаган бўлсалар-да, бир кун ҳам журналистикани, ёзишни тўхтатиб қўймади.
Албатта, газетачилик машаққатини шу соҳада ишлаганлар жуда яхши билишади. Фақат фидойилар, бутун меҳрини, борлиғини матбуотга бахшида қилганларгина ана шу иш ўринларида қолишади. Касбга шунчаки ҳавас қўйганлар эса фаолият турини ўзгартириб қўя қоладилар.
“Хоразм ҳақиқати”нинг бир неча ўн йиллик тахламларининг ҳар бир сонида Солияжон Раҳимберганова мақолаларини ўқиш мумкин. Вилоятнинг биронта маҳалласи йўқки, журналист бормаган, ана шу ҳудуд одамлари билан гаплашмаган бўлсин.
— Бизнинг ҳудуд вилоят марказидан 180 км узоқда жойлашган бўлиб, бундан 40 йиллар олдин ерларни ўзлаштириш, чорвачиликни ривожлантириш ва бунёдкорлик ишлари бошланган. Ана шу жараёнларда Солияжон опани тез-тез учратардик. Ёзганлари бизни ўшанда жуда руҳлантириб тургани ҳам бор гап, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, тупроққалъалик қишлоқ хўжалиги ходими — Баҳодир Бобожонов.
Бугун Хоразм вилояти матбуот ва ОАВларида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг кўпчилиги “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятида, Солияжон Раҳимберганова мактабида шаклланган. Жумладан, Президент администрацияси ҳузуридаги АОКАнинг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти катта инспектори, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Дилрабо Қурёзова, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Хоразм вилояти шарҳловчиси Аҳмаджон Шокиров, Хоразм вилояти телерадиокомпанияси бош муҳаррири Ҳусан Собировларнинг олий таълимдан кейинги дастлабки ишхонаси, айнан шу газета таҳририяти бўлган.
2010 йилда “Хоразм ҳақиқати” газетасининг 90 йиллиги, 2020 йилда эса 100 йиллиги вилоят миқёсида кенг нишонланган эди. Муҳим саналар муносабати билан газета бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова раҳбарлигида “Воҳа солномаси” номли иккита китоб нашр қилинди. Гап шундаки, ҳар икки китоб Хоразм вилоятининг сиёсий-ижтимоий-иқтисодий воқеликларини акс эттиргани, қамрови билан муҳим манба бўлиб, келгусида илмий тадқиқотлар учун ҳам нодир қўлланма бўлиб қолди.
— “Хоразм ҳақиқати” деганда кўз олдимда устоз Солияжон Сафаевна гавдаланади. Ўйлаб кўринг, бир ойда камида 10 марта газета чоп этилади. Опанинг одати, навбатчи муҳаррир билан ёнма-ён туриб, ишларини якунлаб, кейин уйига кетадилар. Бу дегани, баъзида ярим тунгача ишда қолиб кетиш. Устоз ҳар қандай турмуш ташвишлари, турли юмушлардан масъулиятни устун билади, — дейди “Хива тонги” газетаси бош муҳаррири, “Шуҳрат” медали соҳиби Шержон Машарипов.
Баъзида соҳага эндигина кириб келаётган ёш журналистлар чарчоқдан нолиб қолишади. Ҳам газета таҳририятини бошқариш, ҳам вилоятнинг ижтимоий-маданий ҳаётида фаол бўлиб турли тадбирларда қатнашиш, таҳририят номидан “Ёш журналистлар” маҳорат мактаби машғулотларини мунтазам ўтказиб туриш учун қанчалар шижоат талаб этилади!
Ҳа, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, иккинчи даражали “Меҳнат фахрийси” ва кўплаб эсдалик, кўкрак нишонлари соҳибаси Солияжон Раҳимберганова ана шундай фидойи, тиниб-тинчимас аёл.
Халқимиз яхши билади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Урганч шаҳри марказида буюк ватанпарвар Жалолиддин Мангубердининг от устидаги маҳобатли ҳайкали ва хиёбони барпо этилди. Мажмуа ҳар куни ярим тунгача одамлар билан гавжум. Унинг шундоққина рўпарасида эса “Хоразм ҳақиқати” — “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти жойлашган. Соат 22:00. Бинонинг 5-қаватидаги бош муҳаррир ишхонасида чироқ ўчирилгани деразадан кўринди. Сал ўтмай бино йўлагида икки киши пайдо бўлди. Бу устоз журналист Солияжон опа ва унинг ўғли, ёш журналист Отахон.
Демак, бугун газета чоп қилинди. Эрталаб муштарийларга етиб боради…
Матбуотимизнинг ана шундай фидойилари ҳамиша омон бўлсин!
Ўткир МАТҚУРБАНОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Хоразм вилояти бўлими раиси.