Файзли умр соҳиби

Илм инсон умрини безаб турувчи нурдир. Бу нурнинг салмоғи, қамрови шунчаликки, у авлодлар, юзлаб, минглаб шогирдлар ҳаётига кириб боради. Ярим асрлик илмий-педагогик фаолият ҳамда салмоқли умрни ифодаловчи муборак 80 ёш эса олим киши учун эгаллаган жамики илм қаймоғини шогирдларига қизғин улашадиган даврдир.

Илм нури ила замондошлари билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлиб юрган шижоатли инсон Тошкент вилоятининг фарзанди, геология-минералогия фанининг етук мутахассиси, олим, юзлаб шогирдлар устози, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали доценти, геология-минералогия фанлари номзоди Исоматов Юсуф Пўлатовични биз бугун чиндан файзли умр соҳиби, дея эътироф эта оламиз.

Оддий деҳқон оиласида туғилиб, олимлик даражасига эришиш, ўз соҳасида етук­ликка етишиш осон иш эмас, аслида. Бунинг учун кучли ирода, оғир меҳнат, илм­нинг масъулиятини ҳис қила билишдек юксак дид керак. Қаҳрамонимиз Исоматов Юсуф Пўлатович эса дала шароитида геологик жараёнларни, ҳодисаларни кузатиш давомида табиий қонуниятлар мавжудлиги тўғрисида фикр юритиб, бу қонуниятларни ўрганиб, уларни ҳисобга олган ҳолда инсон она заминдан ўз фаолияти жараёнида фойдаланиши мумкин дея ҳисоблаб, ўзини айнан шу соҳага бахшида қилади.

Бўлажак олим дастлаб акаси, геология­минералогия фанлари доктори, профессор Пўлатов Каримбой ҳожи Пўлатбой ўғли, ке­йинги даврда эса академик Ғ.Мавлонов, О.Ак­рамходжаев, Х.Боймуҳаммедовлардан геология илми ва геолог зиммасидаги катта масъулият хусусида чуқур билимларга эга бўлди. Шундан сўнг, эгаллаган назарий билимларини амалиётда қўллай бошлаган фидойи мутахассис келгуси йилларда Қашқадарё вилоятида жойлашган нефть ва газ конлари экспедиция­сида фаол меҳнат қилди. Олимнинг мазкур вилоятда ўтказилган геологик-қидирув ишлари, хусусан, Қарши даштининг марказий қисми геологик шароити чуқур ўрганилишида ҳиссаси катта ва бу тадқиқотлар алоҳида эътирофга лойиқ.

Шу ўринда айтиш жоизки, Юсуф Пўлатович меҳнат фаолиятининг 50 йилдан ортиқ даври мобайнида ёшларга таълим-тарбия бериб, уларни етук мутахассис сифатида тайёрлашга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган устоз ҳисобланади. Бу инсон фаолияти давомида нафақат ёш авлодга зиё тарқатиш, балки талабчан раҳбар ва моҳир ташкилотчи сифатида ҳам ўзини кўрсата билган.

Устоз Юсуф Пўлатовичнинг илм-фанга бўлган чексиз қизиқиш ва эътиборини Тошкент вилоятидаги ягона Геология музейини ташкил этганидан ҳам англаш қийин эмас. Республикамизнинг турли ҳудудларида мавжуд бўлган  тоғ жинслари — руда ва минералларни  тўплаб, уларнинг хоссаларини жамлаб, жуда катта маълумотлар базасини йиғиш катта меҳнат бўлиши билан бирга  фидойиликни, ирода ва салоҳиятни ҳам талаб этар эди.

ТДТУ Олмалиқ филиалида ўтказилган Халқаро илмий-амалий конференцияга ташриф буюрган хорижий давлатлар олимлари мазкур музейга, унда тўпланган тоғ жинслари классификациясига юқори баҳо бердилар. Айниқса, Германия Республикаси Фрайберг кончилик академияси профессори Карстен Дребенштед музей экспонатларига жуда катта қизиқиш билдирган.

Устознинг геология-минералогия соҳасини ривожлантиришдаги меҳнатлари юксак тақдирланиб, I, II ва  III даражали “Кончилик шуҳрати” медаллари ва “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишонига муносиб кўрилган.

Фидойи устоз кибрни синдириб, илм йўлида толиқишнинг аччиқ сувларидан ҳўп­лаб, умри давомида иззат-икром топган олимлардан. Ўзи яхши кўриб танлаган соҳанинг чинакам эгаси. Шу кунга қадар изланаётган, кашфиётга интилаётган, ўқиётган ва ўқитаётган, ўрганаётган ва ўргатаётган инсонлардан бири. Ҳозирда домланинг машаққатлари роҳатга, илм йўлидаги қийинчиликлари лаззатга айланганлигини умр дафтарини варақлаб англаш мумкин.

Иқтидорли инсон ҳар соҳада иқтидорли, деган гап айнан шу киши учун айтилгандек. Негаки, олий таълим тизимида педагог бўлиб ишласа-да,  турмушнинг турли хил соҳалари бўйича ҳам маслаҳат олиш, ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлари бисёр.

Буюк шахс, устозлик мақомининг энг гўзал босқичларини босиб ўтаётган Юсуф Пўлатовичнинг юбилейи муносабати билан ТДТУ Олмалиқ филиалида “Минерал хомашёлар ва техноген чиқиндиларни самарали қайта ишлашнинг муаммолари, истиқболлари ва инновацион ёндашувлари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу илмий-­амалий анжуманга республикамизнинг кўп­лаб олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларидан вакиллар, устознинг ҳамкасблари ва шогирдлари ташриф буюришди.

Филиал миқёсида ташкил этилган анжуман ўз олдига иқтидорли ёшларни танлаш, уларга шарт-шароит яратиш, илмий изланишларга кенг жалб этишни мақсад қилган. Шу билан бирга филиалда муҳандис-технолог кадрлар тайёрлашни ҳисобга олган ҳолда энг яхши инновацион лойиҳаларни молиялаштириш, иқтидорли ихтирочи, инженер-конструктор, дастурчи ва рационализаторларни танлаш ҳамда ке­йинги босқичларга йўналтириш анжуманнинг асосий мақсади бўлди.

Илмий-амалий анжуман аввалида геология-минералогия соҳасининг етук намояндаси Юсуф Исоматовнинг қутлуғ ёши муносабати билан табрик ва қутловлар янг­ради. Бугунги кунда йирик ишлаб чиқариш корхоналарида, жамиятимизнинг бош­­қа соҳаларида хизмат қилаётган шогирдларнинг устоз ҳақидаги дил сўзлари чин маънода миннатдорлик белгиси бўлди.

Муқаддас ЭРГАШЕВА,

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали матбуот котиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 8 =