Ижод ва изланиш бахти

Фарғона журналистикаси ва адабиётида Толибжон Носировнинг ўзига хос ўрни бор. Камтар, камсуқум ижодкор   ҳаёт йўлининг қарийб 40 йили   журналистика, адабиёт билан ҳамоҳанг кечмоқда.

У кўҳна Риштон туманидаги Зоҳидон қишлоғида, зиёли оиласида   камолга етди. Илм олишга бўлган интилишлари уни Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига етаклади. Ушбу олийгоҳни 1985 йили муваффақиятли тамомлади.

Туркиядаги Эгей университети докторан­тураси ва Фарғона давлат университети аспирантурасини битириб,   Фарғона вилоятидаги турли газета-журналларда самарали меҳнат қилди.

Айни кунда “Риштон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари,   37-умумтаълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Толиб Носир 1994 йилда Туркиянинг Анқара шаҳрида “Altin Kalem” (Олтин қалам) танлови ғолиби бўлди. Унинг 2001 йилда “Буюк аждодларнинг ворисларимиз” (“Фарғона” нашриёти), 2018 йили “Бобурнома”даги форсий шеърлар таржимаси” (Таржумаи ашъори форсии “Бобурнома”) китоб­лари ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинди.

Китобда “Бобурнома”даги 75 та, Бобур девонидаги 48 та форсча, 1 та форсча-ҳинд­­ча, 1 та ўзбекча-ҳиндча ширу шакар шеърлар таржимаси ҳамда “Бобур рубоби” (Рубоби Бобур) шеърлар туркуми ўрин олган. Ушбу   бадиий рисолага афғонистонлик профессор Бурҳонуддин Номиқ, туркиялик профессор Билол Южел, профессор Саидбек Ҳасанов, адабиётшунос олим Жалолиддин   Жўраев, филология фанлари доктори Ҳабибулло Жўраев ва бошқалар тақриз, сўзбоши ёзиб, китобнинг Бобур ҳаёти, бой маънавий меросини ўрганиш, талқин қилишдаги ўзига хос ўрни ва аҳамияти катта эканлигини эътироф этишган.

Толиб Носир турк, форс ва ўзбек адабий алоқаларини тадқиқ этиб келмоқда. У бир қатор турк, форс-тожик адиб ва шоирлари асарларини ўзбекчага ўгирган. Умар Хайём рубоийларининг асл оҳангини сақлаган ҳолда аруз вазнида таржима қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 10-11 июнь кунлари қардош Тожикис­тон диёрида бўлганларида ўзбек ва тожик халқларининг азалий дўстлиги, Жомий – Навоий муносабатларига бағишлаб асарлар, кинофильмлар яратиш ҳақида икки халқ зиёлиларига таклиф берган эди. Бундан илҳомланган ижодкор   “Навоий жоми – Жомий навоси” (“Жоми Навоий – Навои Жомий”) номли бадиий таржима рисоласи, “Таржима замзамаси” баёзи ҳамда “Бобурнинг форсий тароналари” (“Таронаҳои форсии Бобур”) сингари тўпламларини нашрга тайёрлади.

Толиб Носир саёҳатлари давомида Умар Хайём, Жалолиддин Балхий-Румий, Сулаймон Чалабий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини йиғиб, ундан ўрин олган сара асарларни тадқиқ этиш,   келажак авлодга етказиш йўлида самарали изланишлар олиб бормоқда.

Қадим Риштон ва унинг буюк фарзанди — “Соҳиби Ҳидоя” номи билан дунёга танилган Абулҳасан Али Бурҳониддин ар-Риштоний ал-Марғиноний ҳақида “Бобурнома” саҳифаларида ажойиб қайдлар бор. Толиб Носир Риштон туманида “Бобур ҳужраси” (кутубхонаси билан) бунёд этиш ғоясини кўтариб чиққан зиёлилардан.

Унинг адабий тадқиқот, бадиий таржималари юксак дид ва заковат билан бажарилгани билан кўпнинг эътибори, эътирофига сазовор бўлмоқда. Халқлар дўстлиги, диний бағрикенглик, туркий ва форсий адабиётлар муштараклиги ғоялари ўзига хос тарзда талқин қилингани билан эътиборни тортади. Бу китобхоннинг илмий салоҳияти, мутолаа маданиятини ошириш ва дунёқарашини бойитишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.

Умрини, ҳаётини ижодга, журналистикага бағишлаган инсон сифатида у ҳамиша изланишда, меҳнат қилиш завқи билан яшайди.

Бугун шоир ва таржимон Толиб Носирни қутлуғ 60 ёши билан муборак этиш билан бирга, келгусидаги ижодий фаолияти янада мазмунли ва янги асарларга бой бўлишини тилаб қоламиз.

Дилором ДАДАБОЕВА,

Маънавият ва маърифат маркази

Риштон туман бўлими раҳбари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 5 =