Кутубхоналарда корпоратив тизимлар

Кутубхоналар қадим замонларданоқ жамият ҳаётининг ажралмас қисми ҳисобланган. Фақат кутубхоналар туфайлигина қадимги қўлёзмалар, босма китоблар, тарихий шахслар ҳақидаги манбалар бизгача етиб келган. Бундан ташқари, миллат равнақи, мамлакат тараққиёти, илм-фан ривожланиши, кадрлар салоҳиятини оширишда кутубхоналарнинг ўрни беқиёсдир.

Ҳозирда илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) жадал тараққий этиб бораётган шароитда дунёнинг ривожланган мамлакатларида давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, саноат, ижтимоий ҳимоя, таълим, тиббиёт, бандлик, қишлоқ хўжалиги, мудофаа, хавфсизлик, туризм, кутубхона ва бошқа соҳаларда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш урфга кирмоқда.

Таълим муассасаларида замонавий билимлар бериш бевосита кутубхоналар фаолиятига ҳам боғлиқ. Кутубхоналарнинг замонавий жамиятдаги ўрни, асосан, уларнинг таълим ривожига қўшган ҳиссаси билан белгиланади. Кутубхона деганда кўп жабҳаларда: таълим, маданият ва давлат қурилишида етакчи роль ўйнайдиган махсус ижтимоий муассаса тушунилади. У ижтимоий институт сифатида жамиятнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини энг юқори даражада қондиради. Агар яқин вақтгача кутубхона анъанавий маданият ва маънавий мероснинг рамзи бўлган бўлса, энди у энг янги технологиялар қўлланиладиган асосий жойлардан бирига айланмоқда.

Китоблар электрон шаклга ўтказилиб, бирор дастур иловаси ёки алоҳида сайтларга жойлаштирилиши фойдаланувчиларга уларни тезроқ топиш, бир вақтнинг ўзида бир жойда туриб, бир нечта кутубхона базалари билан танишиш, улардан фойдаланиш имкониятини беради, шунингдек, босма китобга кетадиган харажатларни камайтирган ҳолда унинг кўпроқ фойдаланувчига етиб боришига хизмат қилади. Яхши маълумки, нодир китобларнинг босма нашрлари жуда кам, аммо уларга талаб бир неча баробар юқори. Шу боис босма нашрлар ва нодир китобларни электрон шаклга ўтказиб, уларни келажак авлод учун асраб, сақлаб қолиш, кенгроқ тарғиб қилиш учун кутубхоналарда “Электрон кутубхона” деб номланган дастурларга бириктириб қўйилмоқда.

Бутун дунёда электрон кутубхона ахборот технологияларини жорий этишнинг ажралмас қисмига айланиб боряпти. Америка университетларининг кутубхоналари узоқ вақтдан бери электрон кутубхонага айлантирилган. Электрон кутубхона бу шунчаки рақамлаштирилган китоблар, даврий нашрлар, аудио ва видеоматериаллар тўплами эмас. Булар мавжуд маълумотларнинг барча турлари (телефон, радио, телевидение, кино ва босма материаллар — китоблар, журналлар, газеталар, илмий ишлар)ни бирлаштирган корпоратив тақсимланган ахборот тармоқларидир. Бундай кутубхона сўровга жавобан турли билим соҳаларидан маълумотларни олиш имконини беради.

Корпоратив тармоқ, бу — бир ташкилотнинг (корпорациянинг) турли тугунлари ва бўлинмалари ўртасида маълумотлар, ресурслар ва алоқа алмашиш учун мўлжалланган яхлит ахборот тармоғидир.

Корпоратив тармоқ ускуналари маълумотларни узатиш учун барча шахсий компьютерларни битта жисмоний воситага улаш учун ишлатилади.

Корпоратив тармоқлар глобал ёки маҳаллий бўлиши мумкин. Ҳозирда дунё миқёсида кутубхоналар ўзларининг кенг фойдаланувчилари учун Интернет глобал тармоғидан корпоратив тармоқ сифатида фойдаланиб, унда ўз корпоратив сайтларини жойлаштирмоқда. Бу фаолият ўтган асрнинг 90-йилларидан бош­ланган.

Корпоратив веб-сайт компаниянинг маҳсулот ва хизматларини мижозларга, инвесторларга, ҳамкорларга, потенциал ходимларга электрон таклиф қиладиган ва улардан ҳамкорлик қилиш учун онлайн аризаларни тўп­лашга ёрдам берадиган асосий платформадир.

Корпоратив кутубхона жамоанинг яхлитлиги ва компаниянинг барча ходимларининг ягона ахборот базасига содиқлиги кўрсаткичи сифатида ходимлар ўртасида ўзаро тушунишни таъминлаш учун ягона ахборот муҳити сифатида тавсифланади.

Бу жараёнлар ўз навбатида Ўзбекистон олий таълим муассасалари кутубхоналар фао­лиятида ҳам ўзгаришларга олиб келди ва натижада “Ягона таълим ахборот муҳитини ривожлантириш” мақсадида ягона “unilibrary.uz” корпоратив сайти ташкил қилинди, у тўлдирилмоқда ва такомиллаштирилмоқда. Порталга қўйиладиган муайян талаблар қуйидагилардан иборат: 24 соат давомида ишлаш; ахборот ресурслари таълимнинг барча даражаларига мос келиши; сертификатланган ресурсларни киритиш. Унга олий таълим муассасалари кутубхоналари ўз босма нашрларини электрон шакл­­га ўтказиб қўшишмоқда. Чунки кутубхоналар фондидаги асосий китоблар илгари нашр этилган, уларни электрон шаклга ўтказиш керак бўлиб, бу рақамлаштирилган ресурсларни қайта ишлаш хизмати томонидан амалга оширилади. Бу жараёнда сифатсиз сканер қилинган китоблар устида ишланади, электрон кўринишда тозаланади, ранг берилади. Китоб, газета, авторефератлар, нодир нашрлар электрон шаклга ўгирилиб, сайтга жойланиб, китобхонга тақдим этилмоқда.

Натижада таълим муассасалари кутубхоналарининг ахборот ресурслари ягона маданий ахборот-маърифий маконининг муҳим таркибий қисмига айланиб бормоқда, кутубхоналарнинг ўзи эса маҳаллий ва глобал ахборот-ресурсларидан фойдаланиш имконини берувчи ахборот-таълим марказларига айланмоқда.

Янги ахборот технологиялари таълим муассасаларининг маҳаллий ва глобал тармоқ даражасида ўзаро таъсир ўтказиш имкониятини очди. Улар таълим сифатини сезиларли даражада оширади. Корпоратив омил шахслараро ва касбий муносабатларга тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда, улар ўзаро муносабатларнинг янги шакллари: ассоциациялар, консорциумлар, турли кутубхоналар бирлашмалари орқали амалга оширилади.

Бухоро муҳандислик-технология институти ахборот-ресурс маркази ходимлари томонидан институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшларнинг кундалик ҳаёт маълумотлари ҳамда турли савол ва сўровларини электрон таъминлаш мақсадида “БухМТИ электрон кутубхонаси” расмий чат гуруҳи канали фаолият юритиб келмоқда. БухМТИ электрон кутубхона сайтида эса 9344 номда дарсликлар, ўқув қўлланмалар, маъруза матнлари, ўқув-услубий кўрсатмалар, бадиий адабиётлар жойлаштирилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2022 йил 13 июлдаги 225-сонли буйруғига асосан АРМ фондидаги ўқув ва илмий адабиётларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш ҳамда вазирлик ҳузурида ягона “Электрон кутубхона” платформасига киритиш ишлари 2022 йил 5 августдан бошланди. Ҳозирги кунга қадар 11421 номдаги адабиётлар нусха олувчи қурилмалар орқали электрон шаклга ўтказилди. “PDF” форматда “unilibrary.uz” платформасига ихчамлаштириб киритилди. Платформага киритиш ишлари бўйича АРМ ходимларидан 6 нафари масъул этиб тайинланди. Институт профессор-ўқитувчилари ва талабалар платформадан қандай фойдаланиш ва унга аъзо бўлишлари бўйича видео тақдимот тайёрланди ҳамда телеграм каналларига жойлаштирилди. Профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг вақтини тежаш ҳамда электрон ресурслардан фойдаланишлари учун “Электрон кутубхона” платформасига 9774 номда ўқув қўлланма ва дарсликлар, 1017 номда илмий диссертациялар, 630 номда монографиялар киритилди. Фойдаланувчилар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қошидаги 136 та ОТМ АРМларининг платформага киритилган адабиётларидан эркин фойдаланиш имкониятларига эга.

Шуни таъкидлаш керакки, олий таълим муассасаси кутубхоналарининг аҳамияти ортиб бормоқда ва у нафақат кутубхона фонди кўрсаткичлари ва обуна бўлган даврий нашрлар сони, балки ахборотдан кенг фойдаланиш билан ҳам белгиланади. Замонавий олий таълим муассаса кутубхонаси мураккаблик тамойиллари, анъанавий ва электрон ресурслар турларининг оқилона комбинацияси, фойдаланувчиларнинг ахборот эҳтиёжларини қондириш, ўз фаолиятидаги динамиклик ва амалийлик билан ажралиб туради, бу эса корпоратив институтларнинг самарали ривожланиши ва ҳамкорлиги учун барча талабларга жавоб беради.

Мавжуда ҲУСЕНОВА,

Бухоро муҳандислик-технология институти

Ахборот-ресурс маркази директори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + sixteen =