Муаммо, ечим ва истиқболдаги вазифалар
Жамиятнинг янги тараққиёт босқичида олий таълимга эътибор кучайди. Чунки олий таълим — мамлакат ижтимоий-иқтисодий тизимлари фаолиятининг рақобатбардошлигини таъминловчи кадрлар, мутахассисларни тайёрлаш ва бошқарув корпусининг самарали фаолияти билан боғлиқдир. Мамлакатимиз тараққиётининг рақамлашуви, глобал муаммолар ечими билан рақобатга киришуви — ривожланган давлатларнинг етакчи университетларида тайёрланаётган, жаҳон андозаларига молик бакалавр ва магистрлар билан беллаша оладиган кадрларни тайёрлаш вазифасини илгари сурмоқда. Шунинг учун ҳам, олий таълимдаги ислоҳотлар — мамлакат ижтимоий-иқтисодий тизими такомиллашуви, яқин келажакдаги тараққиёт стратегияси эҳтиёжларига мос равишда олиб борилиши лозим.
Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, шу пайтгача олий таълим ҳаддан ташқари назариялашган ва кафедралар фаолиятида амалий ёндашув етишмасди, натижада университетда назарий тайёргарликдан ўтган, аммо назарий билимларни амалиётда қўллашда қийинчиликларга учраётган кадрлар тайёрланди. Шунинг учун ҳам университетни битирган бакалавр ёки магистр бирор жойга ишга киргандан сўнг, янги ходим сифатида эгаллаган вазифасига мос келмаслик ҳолатлари юз берди ва бундай вазият ёш мутахассисларни иш билан таъминлашда муайян қийинчиликларга олиб келди. Бундай ҳолат университетларни тамомлаган ёшларнинг мутахассисликка оид билимларини амалиёт билан тизимли боғлаш заруриятини вужудга келтирди. Ҳеч кимга сир эмаски, ижтимоий-иқтисодий тармоқларда тор мутахассислар етишмаслиги юзага келди. Ҳозир ҳам битирувчининг касбий кўникмалари ва реал иқтисодий секторда мутахассиснинг касбий тайёргарлигига ҳамда иш берувчилар томонидан ёш кадрлар кўникмаларига қўйилаётган талаблари ўртасида тафовут мавжуд.
Алалхусус, университет таълимида талабанинг фанларни ўзлаштириши, пировард натижада унинг билим савиясига қўйилаётган талабни кучайтириш — мутахассисликка оид билимларни амалиёт билан тизимли боғлаш орқали олиб борилишига эътибор қаратиш лозим. Рақобатбардош кадрларни тайёрлашга мўлжалланган бундай талабнинг кучайтирилишига олий ўқув юртида таълим сифатини ошириш орқали эришиш мумкин. Бундай сифатли таълим жараёни университетга таълим олиш учун эмас, балки фақат диплом олиш учун келган ёшларни ҳам четлаб ўтмайди. Чунки Тошкент амалий фанлар университетида талабалар билан ишлашнинг электрон тизими мавжуд. Университетда ҳар бир талабанинг муайян фандан ўзлаштириши, билим савияси, яъни жорий, оралиқ ва якуний ўзлаштиришини мониторинг қилиб бориш тизими рақамлаштирилган. Талабанинг илм олиш фаолиятини университет жамоатчилиги, кафедралар профессор-ўқитувчилари, деканат ходимлари, тьюторлар ва ниҳоят, ота-оналар ҳам кузатиб бориш имкониятига эгадир. Университетда талабанинг мутахассис сифатида шаклланиш жараёнини таъминловчи механизм яратилган. Тошкент амалий фанлар университетида, авваламбор, маъруза машғулотларига нисбатан амалий машғулотлар миқдори кўплигига (40/60) эътибор қаратилган, қолаверса, ҳар бир талаба реал ижтимоий-иқтисодий сектор, муассаса, ташкилотга бириктирилган. Ўқишнинг иккинчи босқичидан бошлаб ҳафтанинг бир (икки) куни талаба ўзи бириктирилган ташкилотида фаолият юритиб, келажакда эгаллайдиган ихтисослиги билан бевосита танишади, меҳнат жамоаси олдида турган кундалик вазифаларни ечишда иштирок этади. Университетни тамомлаган бакалавр ёки магистр бажариши лозим бўлган, унинг вазифасига кирадиган талабларни ўргана бошлайди. Университет кафедраларининг амалиёт билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида, профессор-ўқитувчиларимиз билан бир қаторда реал ижтимоий-иқтисодий секторда фаолият юритаётган, кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар ҳам ўқув машғулотларни олиб боради. Ўқув жараёни ва амалиёт ўртасидаги бундай ҳамкорлик бўлажак мутахассисларни рақамли иқтисодиёт талабларига мос кадр сифатида тайёрлашда ёрдам беради.
Қолаверса, меҳнат бозори ва олий таълим муассасалари томонидан тайёрланаётган малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж ва талаб — “ишлаб чиқариш ва истеъмол” ўртасида номутаносиблик бор. Битирувчилар ўқишни тугатгандан сўнг иш топиш муаммосига дуч келишади. Муассаса ва ташкилотлардаги такомиллашув жараёни, баъзи ҳолларда рақобатнинг кучайиши, ташкилотлардаги муайян секторларнинг қисқариши жараёни мутахассислик бўйича иш топишни қийинлаштиради. Бундай ҳолатда кўплаб олий маълумотли ёшлар ўз мутахассислигига мос бўлмаган ишга жойлашишга ёки қайта тайёрлашдан ўтишга мажбур бўлишади.
Олий таълим соҳасини сезиларли даражада молиялаштирмаслик, таълим соҳасидаги харажатларни доимий равишда оптималлаштириш таълимнинг асосий моҳиятининг янада пасайишига олиб келади. Бунинг сабаби зарур молиявий ресурсларнинг етишмаслиги — олий таълим тизимида ишлаётган юқори малакали мутахассислар етишмаслигига олиб келади. Юқори малакали профессор-ўқитувчиларнинг ижодий салоҳиятини қадрлаш нафақат олий таълим дастурларининг мазмунини ошириш, кадрлар тайёрлашда рақобат муҳитини шакллантириш, балки бутун жамият ривожланиши учун ҳам аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам университет кафедраларида ҳар бир профессор-ўқитувчига иқтидорига қараб ўқув юклама бериш мақсадга мувофиқ. Таҳлиллар шуни тасдиқлайдики, кимдир илмий ишни эплайди, яна бири методист, бошқа ўқитувчи маънавий тадбирлар устаси. Шунингдек, университетларнинг моддий-техник жиҳозланишига, аудиторияларнинг компьютер техникасининг сўнгги авлоди билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратиш лозим, чунки ҳар бир фандан ўтказилаётган дарс мазмуни талабалар шуурига етиб бориши, тез ривожланаётган замон талабларига жавоб бериши керак.
Молиялаштириш фақат давлат томонидан ёки фақат талабалар шартномалари ҳисобидан бўлмаслиги лозим. Университетда талабалар ва профессор-ўқитувчиларни стартап-лойиҳалар, олиб борилаётган илмий ишлар якуни бўйича хўжалик шартномаларини бажаришга йўналтириш ва улар сифати устида ишлаш керак.
Стартаплар битирув малакавий иши, малака ошириш диссертациялари кўринишларида ҳам бўлиши мумкин. Бу ишлар корхоналар буюртмаси билан амалга оширилиши керак, олий таълимдаги илмий ишларга корхоналарни қизиқтира билишимиз алоҳида аҳамият касб этади. Бунинг учун мақсадли тренингларни ташкил этиш ечим калитларидан биридир. Талабанинг илмий лойиҳаси ёки битирув малакавий иши университет битирувчиларини кейинчалик ишга жойлаштиришга ҳам хизмат қилиши мумкин. Университетда ўқув жараёнини такомиллаштириш, ундаги эскирган ускуналарни алмаштириш ва янгиларини жорий этиш зарур. Жумладан, таълимга янги педагогик технологияларни мунтазам жорий қилиш лозим. Бу масала, албатта, малакали профессор-ўқитувчилар фаолиятига боғлиқдир ва улар меҳнати орқали таълим сифатини ошириш энг асосий вазифалардан ҳисобланади. Бинобарин, олий таълимдаги ўқув жараёнида бўлажак мутахассисларга мўлжалланган кўникма ва малакалар устувор бўлиши керак. Талабанинг ўз фикрларини мустақил ифодалаши, маълумотларни таҳлил ва синтез қилиш, сабаб ва оқибатларни кузатиш ва мустақил равишда қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантириш зарур. Шунингдек, таълим сифатини ошириш бевосита таълим жараёнини сифатли ташкил этишга ҳам боғлиқдир. Таълим сифатини ошириш бўйича қуйидаги омилларга эътибор берилиши, рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг муайян ечимига олиб келиши мумкин.
Шунинг учун ҳам Тошкент амалий фанлар университетида олий таълим тизимидаги муҳим янгилик, Европа Кредит Трансфер кредит-модуль тизимида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув юкламаси ҳажмига алоҳида эътибор берилди. Бунинг асосий сабаби ўтказилаётган ўқув дарслари, маърузалар ва семинарларнинг сифат кўрсаткичларини оширишга қаратилганлигидир. Ўқув жараёни шундай ташкил этилиши лозимки, унда профессор-ўқитувчи дарс сифатини ошириб боришдан манфаатдордир, яъни талабаларнинг дарс натижаларидан қониқиш ҳосил қилиниши таъминланиши жоиз. Ушбу жараён пировард натижада талабаларнинг фанлардан ўзлаштиришини яхшилашга олиб келади, яъни бундай ижобий натижа талабалар мустақил ишининг юқори даражада бажарилиши натижасида эришилади.
Европа Кредит Трансфер тизимининг яна бир хусусияти шундаки, талаба ҳар бир ўқув йили учун тўплаб бориши керак бўлган кредитлар миқдори олдиндан аниқ белгилаб қўйилган. Ушбу жараён натижасида талаба ҳар бир кредитни қўлга киритиш учун белгиланган ўқиш юкламаси ва мустақил ишни бажаради. Университет талабаларининг ҳар семестрдаги ўқув юкламаси эса ўртача 750-900 соатни ташкил этади. Юқоридагиларга асосланиб хулоса қилиш лозимки, талабанинг ўқув йилидаги ва жорий семестрдаги ўқув юкламаси шу ҳажмда бўлади. Шундай экан, талабаларнинг бир ўқув йили ёки бир семестр давомидаги ўқув юкламаси Европа Кредит Трансфер тизимига мувофиқ фаолият юритадиган барча университетларда деярли бир хил бўлади. Бундай умумийлик ўқув дастурлари учун жуда зарур бўлган барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Ҳозирда аксарият маҳаллий университетларда талабалар бир семестр давомида одатда 8-10 тагача фанни ўқишига тўғри келмоқда. Таъкидлаш лозимки, ўқув семестри давомида талаба томонидан 8-10 фанни 4 ой ичида ҳар томонлама ўрганиш мураккабликларни келтириб чиқаради. Ўзбекистондаги олий таълим стандартлари тўғрисидаги қоидаларда ҳам университетларда ҳафтасига 36 соатгача аудитория машғулотлари белгиланган. Бундай шаклда ташкил қилинган ўқув жараёни 5 кунлик ҳажмидаги ўқув ҳафтасида ҳар куни 7 академик соатдан ўқув юкламасини бажариш зарурлигини англатади. Бундай шароитда баъзи талабалар ўқув режасида белгиланган, дарс жадвалида белгилаб қўйилган фанларни чуқур ўрганиш ўрнига, дарсларга ажратилган вақтини дарсдан дарсга, аудиториядан бошқа аудиторияга боришга, кечикиб қолмасликка самарасиз сарфлайди. Дарс давомида, ушбу фаннинг зарурлиги, унинг мутахассис сифатида шаклланишидаги ўрнини чуқур англай олмайди. Шу муносабат билан қайд этиш лозимки, ҳафта давомидаги асосий вақтни ўқув аудиториясида ўтказган талаба дарсдан ташқаридаги вақтини мустақил таълимга, бажарилиши лозим бўлган мустақил ишга ажратиши қийин бўлади.
Тошкент амалий фанлар университети кенгашининг 2022 йил 13 октябрдаги 1-сонли қарори билан университет ўқув жараёнига кредит-модуль тизими жорий қилинган. Ўқув ишига сарфланаётган ҳар 30 соатга бир кредит берилиши белгиланган. Шунингдек, қарорда академик баҳолаш тартиби ва мезонлари тасдиқланган. Кундузги таълим учун ҳар семестрда уч хил назорат тури киритилган, жумладан, жорий назорат учун 40 балл, оралиқ ва якуний назоратнинг ҳар бири учун 30 балл берилади. Университет кенгаши қарорида қайд этилганки, фанлардан қарздор талабаларга икки мартагача бепул қайта топширишга имконият берилади. Кейинги қарздорлик тўлов асосида қайта топширилади. Таъкидлаш лозимки, жорий, оралиқ ва якуний назорат олиш учун саволлар, топшириқлар ва тест саволлари ўқиш бошланган вақтида талабаларга эълон қилиниши мақсадга мувофиқ. Масалан, талаба фаннинг биринчи дарсида январь ойида ўтказиладиган якуний назоратнинг топшириқлари, саволларини олиши шарт. Шунингдек, ушбу фандан барча ўқув материаллари, маъруза матни, семинар саволлари, тестлар платформага жойлаштирилади. Жорий, оралиқ, якуний назоратни қабул қилиш жараёнидаги топшириқлар маъруза, семинар, лаборатория ва мустақил таълим учун берилган топшириқлардан тузилади. Ўқув режада соатлар 40/60 нисбатда берилган. Ўқитувчи фан бўйича 40 фоиз материални маърузада, семинарда ва лабораторияда беради. Қолган 60 фоиз ўқув материали учун талабаларга индивидуал бажаришга мўлжалланган топшириқлар фан ўқитувчилари томонидан берилиши лозим.
Талаба университетнинг биринчи курсидаёқ соҳа бўйича умумий билимга эга бўлгандан кейин, айрим йўналиш ва фанлар бўйича чуқурроқ билим шаклланади ва келажакда шу йўналишда ишлашга иштиёқ пайдо бўлади. Ушбу жараёнда академик гуруҳ тьюторининг ўз вазифасига жиддий ёндашуви, талабалар орасида ўтказиладиган тарбиявий ишни мунтазам суратда бўлажак мутахассислик билан боғлаб ўтказиши катта роль ўйнайди. Биринчи курсга кирганда университет остонасидан бошлаб талабанинг фаолияти учун тьюторнинг суҳбати, мустақил ишлашга ундовчи фикрлари муайян жиҳатдан янгилик бўлади. Тьютор талабага у танлаган ихтисосликнинг мазмуни, моҳияти, иқтисодий тизимлардаги ўрни ҳақида маълумот беради. Бу маълумотлар биринчи курс талабаси учун касбий фанларни ўзлаштиришнинг аҳамияти бўлажак мутахассис шаклланишидаги асосий омил эканлигини англашга ёрдам беради. Талабанинг университетдаги дастлабки кунларданоқ бўлажак ихтисосликнинг хусусиятларини тушуниб олишига ихтисослик ва мутахассислик кафедраси ҳақида кафедра вакили томонидан маълумот берилиши муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам мутахассислик кафедра мудирлари ўқитувчилар орасида ўқув юкламасини тақсимлаш жараёнида биринчи курс талабалари билан ишлаш вазифасини тажрибали профессор-ўқитувчиларга топшириши мақсадга мувофиқ. Албатта, биринчи курс талабаларини университет билан таништириш жараёнида университет ахборот-ресурс марказининг бўлажак мутахассис шаклланишидаги ўрнига эътибор берилади. Шунингдек, талабага фанларни ўрганиш жараёнида зарур бўлган мустақил иш режасини бажариш ва ушбу жараёнда ахборот-ресурс имкониятларининг ўрни тушунтирилади.
Тьютор ва мутахассислик кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан талабаларга китоблардан, дарслик ва ўқув қўлланмаларидан самарали фойдаланиш методикаси ҳақида ахборот берилади. Тьютор томонидан ахборот олишда муҳим роль ўйнайдиган дарсликлар, ўқув қўлланмалар, махсус адабиётлар ва монографиялар ҳақида кенгайтирилган ахборот бериш мақсадга мувофиқ. Шу муносабат билан қайд этиш лозимки, тараққиётнинг янги босқичида ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантиришга муҳим ўрин берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизда ёшлар орасида китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинди.
Тараққиётнинг янги босқичи даврида баркамол, мустақил фикрлайдиган, ўзининг ҳаётий позицияси ва қатъий эътиқодига эга, жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаш, жамиятни ислоҳ қилиш, янгилаш жараёнларида ҳал қилувчи куч ва таянч бўлишга қодир ёшларни шакллантириш, уларнинг ахлоқий, маънавий, экологик, сиёсий маданияти, ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий онгини юксалтириш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Талаба-ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда тарихий хотира, миллий ғурур ва ўзликни англаш, рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантириш университет таълимининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шуни таъкидлаш керакки, сезиларли ютуқ бўлишига қарамай, замонавий олий таълим тизими ҳали ҳам яхшиланиши учун инновацион фикрлар, ғоялар сингдирилган, такомиллашган ислоҳотларга муҳтож. Олий таълим сифати ва малакали мутахассислар тайёрлаш ҳозирча талаб даражасидан анча паст. Буни юқори даражага олиб чиқиш учун университетда қулай таълим муҳити яратиш ишларини такомиллаштириб бориш зарур. Энг муҳими, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш учун ўз соҳасини яхши биладиган профессор-ўқитувчилар, менежерларни кадрлар тайёрлаш жараёнига жалб қилиш зарур. Таълим маҳоратли профессор-ўқитувчилар воситасида, илм эса иқтидорли олимлар орқали ривожлантирилади.
Абдусалом УМАРОВ,
Тошкент амалий фанлар
университети ректори,
техника фанлари доктори,
профессор.