Мақсад — малакали мутахассислар тайёрлаш

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ўтган йилги таълим натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасалари миллий рейтингида кучли бешликдан ўрин эгаллади. Айни кунда мазкур рейтингдан изчил юқорилаш мақсад қилинган. Бунинг учун тиббиёт соҳасидаги таълимнинг барча жабҳасида самарали фаолият юритиш тақозо қилинмоқда.

Биргина институтимизнинг ўтган йил давомида халқаро ҳамкорлик борасида амалга оширган ишларига назар солсак, қатор янгиланиш ва хорижий ҳамкасблар билан узвий алоқалар йўлга қўйилганини кўриш мумкин. Зеро, бугун институт таълим сифатини янада яхшилаш, мамлакатда рўёбга чиқарилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирок этаётган замонавий кампусга эга етакчи тиббий олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, институтнинг халқаро ҳамкорлиги таълим ва илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро алоқаларни ривожлантириш, талабаларни хорижий университетларга ўқишга юбориш ва хорижлик профессор-ўқитувчилар билан биргаликда тадқиқотлар олиб боришга асосланган. Шу нуқтаи назардан, 2023 йилда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро илмий-амалий фаолиятга доир таж­риба алмашиш бўйича АҚШ, Россия, Хитой, Беларусь, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Туркия, Малайзия ва бошқа қатор давлатлар ўртасидаги алоқаларни эътироф этиш мумкин. Айни кунда дунёнинг 40 дан ортиқ олий таълим даргоҳлари, университет, клиника ва ташкилотлари билан ўзаро меморандум ва шартномалар имзоланган. Ўтган йил давомида тиббиёт институтига 170 та хорижий олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, тиббиёт клиникалари, илмий марказлар юқори малакали мутахассислари дарс жараёнларига жалб этилган бўлиб, пировардида бу таълим сифатини оширишга, малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.

Бугунга келиб институтнинг 191 нафар профессор-ўқитувчиси ва 90 нафар талабаси — айни пайтда магистратура ва клиник ординатура резидентлари, докторантлар хорижий олий таълим даргоҳларида, тиббиёт клиникалари ва илмий марказларида академик мобиллик дастури доирасида маъруза дарсларини ўтиш, турли лойиҳалар, илмий-амалий анжуманлар, олимпиадаларда иштирок этиш мақсадида хизмат сафарида бўлиб, хорижий ҳамкасблардан тиббий даво муолажаларига доир тажриба ўрганиб қайтди.

Жумладан, Италиянинг “Luigi Vanvitelli” университети, Ҳиндистоннинг “GD Goenka” университети, Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети, Польшанинг “Wyższa Szkoła Biznesu — National Louis” университети, шунингдек, Россия Федерациясининг Н.И. Пирогов номидаги миллий тадқиқот тиббиёт университети, Доғистон давлат тиббиёт университети, Петрозаводск давлат университети, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети, Курск давлат тиббиёт университети, Қозон федерал университети, Оренбург давлат тиббиёт университети, Кубан давлат тиббиёт университети, Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси, Болтиқ федерал университети каби нуфузли таълим масканлари билан қўшма таълим дастурлари асосида ҳамкорлик фаолиятини олиб бормоқда. Бу тизимда жами қўшма таълим дастурлари асосида таълим олаётган талабалар сони айни кунда 897 нафарга етган бўлиб, шундан 181 нафари хорижий ҳамкор олий таълим ўчоқларида ўқишни давом эттирмоқда.

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида бугунга келиб битирувчилар билан бирга 16 та хорижий давлатдан жами 1 минг 500 нафардан ортиқ талаба даволаш иши, стоматология ва бошқа таълим йўналишларида таҳсил олиш имкониятига эга.

Халқаро ҳамкорлик алоқалари айни кунда ҳам равнақ топмоқда. Жумладан, жорий йил бошидан Жанубий Кореянинг “Daegu Haany” университети билан ҳамкорликда “King Sejong”, яъни “Қирол Сежонг” институтининг Корейс тили марказини Бухоро давлат тиббиёт институтида очиш ҳамда халқ табобатига асосланган фармацевтик кластерни ташкил этиш бўйича амалий саъй-ҳаракат бошланган. Шунингдек, институтимизнинг “Жўйзар тиббиёт маркази”да ҳудудий реабилитация марказини ташкил этишга қарор қилинди. Институтнинг янги ташкил этилган ҳудудида эса тиббий ядро марказини ташкил этиш бўйича амалий иш аллақачон старт олган.

Халқаро ҳамкорлик лойиҳалари натижаси ўлароқ, тиббиёт институтининг академик мобиллик доирасида қабул қилинадиган ва юбориладиган профессор-ўқитувчилари ва талабалари сони 2023 йилга нисбатан 25 фоизга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар самарасида олий таълим даргоҳида таҳсил олаётган хорижий талабалар географияси ва қамровини ўтган 2023 йилга нисбатан 50 фоизга, сонини эса 20 фоизга ошириш мақсад қилинган.

Энг муҳими, олиб борилган тизимли ишлар натижасида қуйидаги ютуқларга эришилди.

“Янги Ўзбекистон — янги дунёқараш” шиори остида “Маърифат майдони” республика танловида ҳамда “Мунозара” интеллектуал турнири вилоят босқичида талабаларимиз 1-ўринни эгаллади.

Айни пайтда институтимизда 500 нафар ижтимоий ҳимоя ва таъминотга эҳтиёжманд талабалар бор. Шундан Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари 9 нафарни ташкил қилади, барча ёшлар билан ишлаш, уларга моддий ва маънавий кўмаклашиш бўйича институт томонидан тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Институт касаба уюшмаси, қолаверса, бу йўналишдаги ёшларга масъул вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги 5 та сектор, ёшлар ишлари агентлиги вилоят бош­қармаси ҳамда маҳалла ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳар бир ёш билан индивидуал ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўтган ўқув йилида институт касаба уюшмаси томонидан эҳтиёжманд талабаларимизга умумий ҳисобда жами 243 миллион сўмлик моддий ёрдам берилди. Бундан ташқари, талабаларни ҳар томонлама моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга ижара шартномаси асосида давлат бюджети томонидан йил давомида 1 миллиард 336 миллион сўмлик ижара тўловлари тўлаб берилди.

Президентимиз ташаббуси билан жойлардаги муаммоли ёшлар: ишсиз, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлардан 38 нафари шахсан каминага – ректорга бириктирилган бўлиб, тузилган ишчи гуруҳ томонидан уларнинг масала ва муаммолари мунтазам ўрганиб борилади. Тегишли мас­ъул ташкилотлар билан ҳамкорликда бу муаммоларнинг ўз вақтида ечимини топишга кўмаклашилади.

Нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаси асосида ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бўш вақтини тўғри ташкил қилиш бўйича алоҳида чора-тадбир ишлаб чиқилди ва бу борада рақамлаштирилган янги тартиб, яъни баҳолашнинг КПИ тизими йўлга қўйилди.

Мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, шунингдек, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида юртимиздаги тарихий обидалар, буюк аждодларимиз номлари билан боғлиқ муқаддас зиёратгоҳларга саёҳат уюштириш мақсадида гуруҳ мураббийлари томонидан экскурсия – саёҳат тадбирлари ҳам ташкил этилиб борилади.

Жумладан, талаба-ёшлар маънавиятини юксалтириш йўналишида музей, театр ва киноларга бориш ва “Ўзбекистон бўйлаб саё­ҳат қил” шиори остида жорий йил давомида Чашмаи Айюб мақбараси, Улуғбек мадра­саси, Арк, Чор-Минор, Лаби Ҳовуз мажмуалари, Ситораи Моҳи Хоса саройи ва Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи, Нодир девонбеги мадрасаси, Минораи Калон, шунингдек, Кўҳна ва боқий Бухоро ёдгорлиги, “Арк” вилоят ўлкашунослик музейи, Файзулла Хўжаев уй-музейига 3000 га яқин талабанинг саёҳати уюштирилди.

Бундан ташқари, институтимизда Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббусни кенг жорий этиш мақсадида 18 та тўгарак ташкил этилган. Биринчи ташаббус — ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ва талабалар турар-жойи мусиқа анжомлари билан жиҳозланиб, “Талаба-ёшлар мусиқа ва санъат тўгараги” ташкил этилди. Шунингдек, 8 та “Талабалар театр студияси”, 5 та “Қувноқлар ва зукколар” клуби ҳамда 3 та “Ҳаваскорлик ансамбли” гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди.

“Талабалар театр студияси” клублари томонидан олий таълим муассасаларида 30 та, маҳаллаларда 15 та, мактабларда 30 та ва бошқа муассасаларда 10 та — жами 85 та спектакль намойиш этилди. “Қувноқлар ва зукколар” клублари томонидан 48 маротаба мусобақа ва чиқишлар ташкил этилиб, шундан, 80 таси гуруҳлар, 20 таси факультетлар, 10 таси олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган. Шунингдек, 14 та мактабда ва 7 та маҳаллада ҳамда 6 та турли тадбирлар доирасида чиқишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, олий таълим муассасасида ўтказилган турли мавзудаги тадбирларда “Ҳаваскорлик ансамбли” гуруҳи томонидан чиқиш­лар уюштирилди.

Институтда “Тафаккур синовлари”, “Авиценна” театр студияси, “Китобхонлар”, “Ораста қизлар”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Ёш ҳаваскорлар” ижодий тўгараклари ташкил этилган, уларга жалб этилган талабалар ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини инс­титут ҳамда вилоят тадбирларида намойиш этиб келмоқда.

Таълим масканимизнинг маънавият ва маърифат хонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббуснинг биринчи йўналиши ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқиш­ларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида “Тиббиёт юлдузлари” номли ансамбль ташкил этилган.

Бугунги кунда ансамбль ўз фаолиятини олиб бориши учун барча мусиқа асбоблари билан таъминланган. Ансамблда ҳар бир факультетдан 10 нафардан истеъдодли, қизиқувчи талабалар ўзларининг қизиқиши доирасида жалб этилган бўлиб, институтда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда доимо иштирок этади.

Бир сўз билан айтганда, олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлардан асосий мақсад — мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда халқнинг, айниқса, ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли мустақил ва эркин фикр­лайдиган соғлом, билимли авлодни вояга етказишга қаратилган эзгу вазифани изчил амалга оширишдан иборат. Энг муҳими эса институтни тамомлаб, қўлига диплом олган ёшлар – салоҳиятли кадрлар бўлиб етишсин. Чунки тиббиёт соҳаси одамларнинг дарди, касаллиги билан курашадиган, керак бўлса, Аллоҳ берган дардни халос этишда, умрига умр ато этишда бир воситачи бўлишлари керак бўлади.

Тўғри, инсон умри – Аллоҳдан. Лекин хасталикка учраган беморга шифо бахш этиш учун курашмоқ, соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш йўлида ишда, шахсий ҳаётда ҳам намуна бўлиш талаб этилади. Бунинг учун эса институтимиз профессор-ўқитувчилари, бутун жамоаси билан бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиш, ёшларга муносиб билим, тажриба бериш масъулияти зиммамиздадир.

Шуҳрат ТЕШАЕВ,

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро

давлат тиббиёт институти ректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 4 =