Инновацияларнинг асосий драйвери

Янги Ўзбекистонимизда таълим-тарбия борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз кетганда, аввало, шуни алоҳида эътироф этиш керакки, педагогларимиз, устозларимизга алоҳида эътибор қаратилаётганининг ифодаси сифатида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонуни барча юртдошларимизни чексиз қувонтирди. Чунки ҳар биримиз педагогдан таълим-тарбия олганмиз, уларнинг машаққатли меҳнати, ҳаёти билан яқиндан танишмиз. Шу пайтгача педагогларимиз — ўқитувчиларимизнинг меҳнат фаолияти учун меъёрий ҳужжатлар — дастурлар, режалар мавжуд бўлган, лекин махсус Қонун ишлаб чиқилмаган эди. Мазкур Қонунда педагогнинг касбий фаолияти амалга оширилишини таъминлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, аттестациядан ўтиши ва малака тоифаси олиши, унинг меҳнатига ҳақ тўланиши, рағбатлантирилиши, ижтимоий ҳимояси, ҳуқуқлари тўла-тўкис белгилаб берилган. Адолат мезонлари асосида қабул қилинган Қонунда педагог этика қоидаларига амал қилиши ва унинг зиммасидаги мажбуриятлар ҳам батафсил кўрсатиб қўйилган. Сабаби бугун — глобаллашув даврида, дунёда меҳр-оқибат танқис бўлиб бораётган, ўзаро низолар кўлами кенгаяётган пайтда педагогнинг зиммасида жуда масъулиятли вазифа — келажагимиз ворисларини маънавий етук, ватанпарвар, комил инсонлар қилиб тарбиялаш вазифаси турибди. Бу вазифа эса педагогика институтлари учун бир неча баробар масъулиятлироқдир.

Чунки педагогика институтида нафақат ёшлар, балки эртага мактабларга борадиган, ёш қалбларга меҳр улашиш вазифасини зиммасига оладиган бўлғуси педагоглар тарбияланади. Шунинг учун ҳам Андижон давлат педагогика институтида ёшларнинг маънавий камолотига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2023 йил давомида талабаларни 5 муҳим ташаббус доирасидаги спорт мусобақалари, интеллектуал танлов ва ўйин­лар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувларга жалб этиш бўйича олий таълим масканимиз миқёсида 900 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Талабалар ўртасида маданий ишлар, концерт, китобхонлик, кино, театр, музей ва шу каби тадбирларни ташкил этиш бўйича ўқув йили давомида 250 дан ортиқ танловлар ташкил қилиниб, ушбу танловларда ғолиб бўлган 567 нафар талабага институт томонидан фаҳрий ёрлиқ, ташаккурнома, эсдалик совғалари ва пул мукофотлари берилди.

Талабалар ўртасида суҳбат, учрашув, ғоявий тарғибот, викторина, тренинглар доимий равишда ташкил этилади. Бу учрашувларда 5000 дан ортиқ талабаларимиз иштирок этишади. Талабалар ўртасида ўтказилган учрашувларда институтнинг “Одоб-ахлоқ кодекси” ва “Ички тартиб-қоидалари”, коррупцион ҳолатлардан огоҳ бўлиш, экстремизм, ақидапарастлик, “оммавий маданият”, гиёҳвандлик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мавзулари кенг ёритилиб борилмоқда.

Ёшларимиз қайноқ қалбга эга, ижодга ошно. Уларнинг театр, санъат ва мусиқага қизиқишларини ошириш, ижодкор ёшларни қўллаб-қуввалаш мақсадида “Мақом ансамбли”, “Вокал ва эстрада ансамбли”, “Талабалар театр студияси”, “Қўғирчоқ театри”, “Мақом караоке студияси” ташкил этилди. Бундан ташқари, “Дуторчи қизлар” мақом ансамбли, “Ўзбегим ансамбли”, “Адабиётшунослик клуби”, “Тафаккур” қувноқлар ва зукколар жамоаси фаолият олиб бормоқдаки, уларда талабаларимиз ўзлари қизиққан адабиёт, санъат турлари сеҳридан баҳраманд бўлишмоқда.

Шуни фахр билан айтишимиз мумкинки, институтимизнинг спортсевар ёшлари халқаро ва республика миқёсида ўтказилаётган спорт мусобақаларида жуда муваффақиятли иштирок этмоқда. Интитутимизнинг 5 нафар талабаси турли спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди.

Хусусан, Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри мезбонлигида 2003-2005 йилларда туғилганлар ўртасида ўтказилган белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатида институт талабаси Илёсбек Ёқубжонов фахрли 1-ўринни эгаллади.

Қозоғистон Республикаси Туркистон шаҳрида ўтказилган “2-Туркий Универ­сиада”сида спортнинг эркин кураш тури бў­йича талабамиз Ҳусанбой Усмонов фахрли 2-ўринни эгаллади. Бангладешда қизлар ўртасида волейбол спорт тури бўйича ўтказилган Марказий Осиё чемпионати мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида институтимизнинг Жисмоний маданият факультети талабаси Хуморой Ҳасанова, Гул­ёра Абдураҳмонова, Зайнабхон Олимовалар иштирок этишди ва фахрли 3-ўринни қўлга киритдилар.

Институтимиз талабалари республикамизда ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси”да фаол иштирок этишди ва спортнинг “Street vork out” ва шахмат турлари бўйича 2 та олтин медални қўлга киритдилар.

Талабаларимизнинг бу ютуқларида, албатта, профессор-ўқитувчиларимизнинг ало­­ҳи­­­­да ўрни, хизмати бор. Бугунги кунда инс­титутда фаолият кўрсатаётган 15 та кафедранинг асосий штатида 255 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатади. Улардан 11 нафари фан доктори (DSc) ва 53 нафари фалсафа доктори (PhD) ва доцент илмий унвонига эга. 2023 йилда институт профессор-ўқитувчилари томонидан 20 та доцентлик ва 2 та профессорлик илмий унвонлари ҳамда 13 та (PhD) ва 1 та фан доктори (DSc) илмий ишлар ҳимояси бўлиб ўтди.

Институтда факультет ва кафедралар қошидаги илмий тадқиқот марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида “Педагогик-илмий тадқиқотлар”, “Психологик хизмат”, “Лингвистик таҳрир хизмат маркази”, “Форсайт маркази”, “Ижтимоий соҳа илмий-тадқиқот маркази” каби илмий тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда.

Глобаллашган дунёда ҳар қандай олий таълим муассасасининг ўқув ва илмий салоҳиятини, рақобатбардошлигини оширишда самарали халқаро ҳамкорлик алоқалари янада долзарб ҳисобланади. Бундан ташқари, олий таълимда халқаро ҳамкорлик инновацияларнинг асосий драйвери деб этироф этиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида институт профессор-ўқитувчилари Россия, Финляндия, Хитой, Қирғизистон давлатларидаги 10 дан ортиқ хорижий ОТМлар билан меморандум ва ҳамкорлик шартномалари имзолаган ва самарали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Халқаро ҳамкорлик, асосан, институт профессор-ўқитувчиларини хорижий ОТМларга қисқа муддатли стажировкаларга юбориш, хорижий профессор-ўқитувчиларни ўқув машғулотларига жалб қилиш, ҳамкорликда илмий конференциялар ўтказиш ва илмий мақолалар чоп этиш йўналишларида йўлга қўйилган. Айни шартномалар доирасида институтда бир қатор халқаро илмий конференциялар ўтказилди. Ушбу конференцияларда Ўзбекистон олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот инс­титутлари билан бир қаторда Россия, Финляндия, Қирғизистон давлатлари ОТМларининг етакчи олимлари, профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Президент қарорига мувофиқ 2023 йилнинг декабрь ойида институтнинг профессор-ўқитувчиларидан иборат ўн кишилик делегация Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Б.А.Сирожиддинов бошчилигида Россия Федерациясининг Қозон федерал университетида малака ошириб қайтдилар. Институт делегацияси дастлаб Андижонда уч ҳафталик онлайн таълим ва Қозон шаҳрида — Қозон федерал университетининг психология ва таълим институтида бир ҳафталик кундузги дарс форматида “Замонавий муаммолар шароитида тадқиқот ва касбий компетенцияларни ривожлантириш” мавзусидаги машғулотларда иштирок этишди.

Алоҳида эътироф этиш керакки, Қозон университети 1804 йилда ташкил этилган, 2010-йилдан Қозон федерал университети (КФУ) деб номланади. Университет Россия­даги энг қадимги олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Университетда турли даврларда 9 нафар Нобель мукофоти совриндорлари ишлаган. Университет Россия­нинг энг йирик шаҳарларидан бири — Қозонда жойлашган бўлиб, Европа ва Осиё, христианлик ва ислом ўртасидаги кўприк ҳисобланади.

Педагог меҳнатининг самараси ўқувчиларининг ютуқларида кўринади. Институтимиз талабаларининг ютуқлари фахрланишга арзийди. Жумладан, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси талабаси Муаззамой Абдураимова 2022 йилда Ислом Каримов номли давлат стипендиясига сазовор бўлган бўлса, 2023 йилда у Ўзбекистон Бадиий академиясининг Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлди. 7 нафар талабамиз Президент стипендияси ва бошқа номдор стипендияларни олишга лойиқ топилди. Жумладан, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти давлат стипендиясига тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналиши 3-босқич талабаси Олтиной Адҳамова, Ислом Каримов номли давлат стипендиясига биология йўналиши 3-босқич талабаси Мадинахон Абдухалилова, Навоий номли давлат стипендиясига мусиқа таълим йўналиши 3-босқич талабаси Дилҳавас Рустамжонова ва ўзбек тили ва адабиёти йўналиши 3-босқич талабаси Мубинабону Ўринбоева, шунингдек, рес­публикамизда янги жорий этилган Бобур номли давлат стипендиясига география ва иқтисодий билим асослари таълим йўналиши 3-босқич талабаси Шаҳризода Холиқбердиева, Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендиясига жисмоний маданият таълим йўналиши 3-босқич талабаси Зийнатуллоҳ Маматқодиров сазовор бўлди.

Бугун ёшлар янада кучли иштиёқ, улкан ютуқлар орзусида таълим олишмоқда. Чунки педагогик кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаси вакили сифатида яна шуни айтиб ўтишим мумкинки, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши нафақат мактаблардаги ўқитувчиларни, балки бўлғуси ўқитувчиларни — педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари талабаларини ҳам жуда қувонтирди. Қонуннинг 6-моддасида белгиланган педагог ўз касбий фаолиятида замонавий педагогик технологияларни, ўқитиш ва тарбия воситаларини ҳамда усулларини эркин танлаш ва улардан фойдаланиш, муаллифлик дастур ва ўқитиш услубиятларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ижодий фаоллик кўрсатиш, ўқув, илмий ва услубий йўналишлардаги давлат ахборот-ресурс ҳамда ахборот-кутубхона марказларининг хизматларидан бепул фойдаланиш, инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ижодий таътил олиш, таълим олувчиларнинг билимини мустақил баҳолаш каби педагогнинг ҳуқуқлари ўқитувчилик касбига меҳр қўйган ёшларни янада иштиёқ билан, ташаббускорлик, интилувчанлик, таълим-тарбия жараёнига янгиликларни жорий этиш билан иш бошлашларига, мактаб­ларга дадил қадамлар билан кириб келиш­ларига асос бўлади. Энди уларни ҳар қандай мажбурий меҳнатдан ҳимоя қилувчи Қонун бор!

Биз ишонамизки, шахсан Президентимизнинг таълим соҳасига қаратаётган алоҳида эътибори, қўллаб-қувватлашлари билан, илм­­га чанқоқ, изланувчан, истеъдодли талабаларимиз билан Андижон давлат педагогика институтининг маънавий-маърифий, ўқув, илмий йўналишларидаги ютуқлари бундан-да самарали, ютуқларга бой бўлади.

Бахтиёр РАСУЛОВ,

Андижон давлат педагогика институти ректори,

тарих фанлари доктори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + nineteen =