Ютуқларимизнинг асосий мезони

Бугунги кунда мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва жамиятни демократик ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, халқимиз ҳаётининг гуллаб-яшнашига хизмат қилади. Буни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони мисолида айтиш мумкин.

Мазкур Фармон билан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди. Ҳужжатда барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби асосий ғоялар акс этган.

Халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди.

Давлат дастури лойиҳаси қуйидаги 7 та блокдан иборат бўлиб, улар 100 та мақсадни ўз ичига олади: ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар; Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича ислоҳотлар, стратегиянинг ижтимоий сиёсат йўналишидаги ислоҳотлар, стратегиянинг иқтисодиёт йўналишидаги ислоҳотлар, стратегиянинг сув ресурсларини тежаш ва экология йўналишидаги ислоҳотлар, стратегиянинг давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ йўналишидаги ислоҳотлар, Стратегиянинг хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишидаги ислоҳотлар.

Ушбу дастурнинг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” йўналишидаги “Таълим тизими ислоҳотлари” бандига кўра, профессионал таълим тизимини ривожлантириш орқали ўқувчиларни замонавий билим ва кўникмаларга ўргатиш, олий таълим қамровини кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш, фундаментал тадқиқотларни замон талабларидан келиб чиқиб, янги йўналиш­лар билан бойитиш, иқтисодиётнинг энг тез ўсиб бораётган йўналишларида амалий тадқиқотларни кучайтириш, “корхона — олийгоҳ — илмий ташкилот” кластер тизимини жорий этиш, ёш тадқиқотчиларнинг улушини ошириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, барча йўналишларда инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотларни ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлашга доир мақсадлар олға сурилган.

Яъни, 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш, 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш; олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш, 5 та олий таълим муассасасини миллий тадқиқот олийгоҳларига айлантириш, қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар-жойларини қуриш сингари олий таълим соҳасида жуда кўплаб устувор вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Айни пайтда ана шу асосий ғоя ва мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, стратегиянинг “халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш” ғоясига мос равишда Урганч давлат университетида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2023-2024 ўқув йилида Урганч давлат университетида 97 та кундузги, 33 та сиртқи, 1 та масофавий таълим йўналиш­лари ва 37 та магистратура мутахассисликларида жами 30 минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Хоразм вилоятидаги кадрларга бўлган эҳтиёж ҳисобга олиниб, 27 та янги таълим йўналиши ва 4 та янги магистратура мутахассисликлари очилди.

Урганч давлат университетида молиявий мустақил ОТМ сифатида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш йўлга қўйилди. Ўқув ҳамда илмий адабиётларни қабул қилиш, қайд этиш, таълим соҳалари ва йўналиш­ларига мувофиқ экспертларга тақдим қилиш учун ҳужжатларни электрон кўринишда қабул қилувчи электрон портал яратилиб, ишга туширилди.

2023 йилда 36 та дарслик, 45 та ўқув қўлланма, 107 та ўқув-услубий қўлланма ишлаб чиқилиб, нашр қилинди.

Ҳозирда университетда 34 нафар фан доктори ва 288 нафар фан номзоди фаолият кўрсатиб, илмий салоҳият 32,3 фоизни ташкил қилади. Олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида 938 та илмий мақола (159 та “Scopus”, 54 та “WоС” базаларига кирган ва 311 та халқаро илмий-техник журналларда), 57 та монография, 6 та ихтиро, 2 та фойдали модель, 1 та товарь белгиси ва 2 та саноат намунаси учун патентлар ва 20 та ЭҲМ дастурлари учун муаллифлик гувоҳномалари олинди.

Урганч давлат университети хорижий олий таълим муассасалари билан таълим ва илмий соҳаларда ҳамкорлик алоқалари географиясини кенгайтириш мақсадида 35 та мамлакатнинг нуфузли 152 та олий таълим муассасалари билан шартнома имзолаган. Ушбу имзоланган шартномалар доирасида хорижий олий таълим муассасалари билан академик алмашинув ва илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, илмий тадқиқот ва таълим соҳасида ҳамкорлик алоқалари кундан-кунга ривожланмоқда.

Жорий ўқув йили аввалида университетда сифатли таълимни жадал йўлга қўйиш, талабаларга янада қулайлик яратиш мақсадида 2000 ўринли, 46,2 миллиард сўмлик янги ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. 7 қаватли 600 ўринли талабалар турар-жойи биноси ҳамда 7 қаватли 1000 ўринли замонавий кутубхонанинг қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Урганч давлат университетида ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий ишлар кенг қамровда ташкил қилинган.

Ўтган йил давомида 741 та турли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, танловлар, лойиҳа ва акциялар ўтказилган бўлиб, уларга 16 мингдан ортиқ талаба жалб қилинди.

Университетимизнинг спортчи талабаларидан халқаро спорт мусобақаларида 9 нафари, Республика спорт мусобақаларида 37 нафари ғолиб ва совриндор бўлди.

Университет ёшлари юртимиз олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган спортнинг 15 тури бўйича “Универсиада” спорт мусобақаларининг республика финал босқичида умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни қўлга киритдилар. Айнан ушбу “Универсиада” спорт мусобақаларида талабаларимиз футбол, волейбол, регби ҳамда дзюдо бўйича чемпионликни қўлга киритганини эътироф этишимиз жоиз.

Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг респуб­лика финал босқичида университетимиз жамоаси фахрли 3-ўринни эгаллади.

Урганч давлат университетида Мунаввара Салаева ҳамда Мухтор Саидов номидаги, шунингдек, “Ректор стипендияси” ва университет Касаба уюшмаси стипендиялари жорий этилиб, талабалар танлов асосида ишчи гуруҳ томонидан аниқланди. Шунингдек, жорий ўқув йилида университетдан 22 нафар талаба Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳамда номдор давлат стипендияларини қўлга киритди.

Китобхонлик маданиятини ошириш, талабаларда китоб мутолаа қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Навоийхон талаба”, “Шеърият шоҳсупаси”, “Китобхон талаба”, “Ёш нотиқлар” кўрик-танловлари ҳар ойда ўтказиб келинади.

Айни дамда олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлардан асосий мақсад — мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда халқнинг, айниқса, ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли мустақил ва эркин фикрлайдиган соғлом ва билимли авлодни вояга етказишга қаратилган эзгу вазифани изчил амалга оширишдан иборат.

Дилшад ИБАДУЛЛАЕВ,

Урганч давлат университетининг ёшлар

масаласи ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, иқтисодиёт

фанлари бўйича фалсафа доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 2 =