Ёшлар — давлат ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи

 Мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшлар она диёримиз равнақи учун асосий бўғин эканлигини ҳис қилган ҳолда уларнинг катта мақсадлар сари қўяётган қадамларига камарбаста бўлиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Чунки юртимизда бир-биридан иқтидорли, истеъдодли бўлган ёшлар талайгина. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этиши ҳам ёшларга янада кўпроқ эътибор бериш кераклигидан нишонадир. Ёшларга ишонч билан имконият берилса, улар ўзларининг олий мақсадлари бўлган Ватан равнақи учун хизмат қилишга шайлигини кўрсатишади.

Бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси билимли ва салоҳиятли ёшларимизнинг ривожланган давлатларга бориб таҳсил олишлари, юртимизга қайтиб ўз юрти тараққиёти учун хизмат қилишида ибратли ишларни амалга оширмоқда. Мазкур жамғарманинг илк қалдирғочлари ўрганган билим ва тажрибаларини ёшларга намуна сифатида ўргатишмоқда. Ҳа, элу юртнинг том маънодаги умиди бўлган ёшларни қанча қўлласак, уларга кўмаклашсак, юртимиз ривожи учун шунча ёрдамлашган бўламиз. Шу маънода Президентимиз томонидан 2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши ҳам бежизга эмас. Дарҳақиқат, ёшлар мамлакатимиз ривожи учун катта куч бўлса, иқтисодиётнинг асоси бўлган бизнесга эътибор эса ёшларнинг хоҳ таълим бўйича бўлсин, хоҳ иқтисодиёт тармоқлари бўйича берадиган ғоя ва интилишларига улкан туртки берадиган йил сифатида тарихда муҳрланади.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида: “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат”, деб катта мақсадларни илгари сурди. Жумладан, Президентимиз республикамизда энг кўп ёшлар қатлами яшаётганини инобатга олиб, мазкур минбарда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифини ўртага қўйгани халқаро ҳамжамият диққатини тортгани табиий.

Таъкидлаш керакки, дунёнинг жуда оз мамлакатларида айнан ёшлар учун хизмат қиладиган идора ва ташкилотлар мавжуд. Юртимизда бу каби ишларнинг аллақачон йўлга қўйилгани эса ёшлар учун яратилган ва яратилаётган имкониятлар бисёрлигидан далолат беради. Ёшларнинг янада юксалиши, ўз соҳаси бўйича изланишдан тўхтамасликлари учун мазкур йил катта имкониятлар беради. Жумладан, ёшларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, улардаги тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, замонавий касб-ҳунар сирларини ўрганишларига кўмаклашиш устувор вазифа деб қаралади. Шунингдек, ёш йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳаётда муносиб ўрин топишларида кўмаклашадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга янада кенг имтиёзлар берилади. Давлатимиз ёшларнинг ҳар томонлама маънавий-ахлоқий, жисмоний ва интеллектуал ривожланишлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Мазкур ишларнинг амалга оширилишини 2023 йилда янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ёшлар масаласига алоҳида боб ажратилганлигидан ҳам билиш мумкин. Замонавий ёшларнинг билим олишлари учун таълим даргоҳларида етарлича шарт-шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Кейинги йилларда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, олий таълимда ўқиш истагида бўлган келажагимиз эгаларининг талаб ва истаклари натижаси сифатида ўқиш квоталари кўпайтирилди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир ёшнинг самарали таълим ва билим олишини истайди, бунинг учун барча машаққатларни енгиб ўтишга тайёрлигини бир неча марта билдирганлари бежиз эмас. Юксак маънавиятли, интеллектуал ёшлар қанча кўп бўлса, юрт шунча ривожланади.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг ёшларнинг сифатли билим олишларига қаратаётган эътиборини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли. Бухоро давлат педагогика институти мисолида 2023 йил сарҳисоби сифатида фикр билдирадиган бўлсак, институтда жами 10646 нафар талаба таҳсил олмоқда, 2640 нафар ёш йигит-қиз грант ва шартнома асосида талабаликка қабул қилинди. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти 30,1 фоизни ташкил этади. Институт талабалари орасида 5 нафари номдор стипендиялар совриндори, жумладан, Бухоро вилоят ОТМлари ичида ягона Президент стипендияси соҳиби ҳам Бухоро давлат педагогика институтининг илмга чанқоқ талабасидир. Спортчи ёшларимизнинг эришган натижалари ҳам кишини қувонтиради. 5 нафар жаҳон, 6 нафар Осиё ва 42 нафар республика чемпионлари ҳам айнан бизнинг талабалардир.

Талабаларимиз ва профессор-ўқитувчиларимизнинг халқаро алоқалар бўйича олиб бораётган ишлари ҳам аҳамиятга моликдир. 2023 йилда 84 нафар талабамиз академик мобиллик доирасида бошқа ОТМларда таҳсил олган бўлса, институт профессор-ўқитувчиларининг 20 нафари дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи ОТМларида маъруза ва амалий машғулотларни ўтказишди. 8 та нуфузли хорижий олий таълим муассасаси билан меморандум имзоланди. Институт талабаларига янада сифатли ва замонавий таълим бериш мақсадида хорижлик профессор-ўқитувчиларни мунтазам жалб этиш йўлга қўйилган. Институт ёшларнинг маънавий камолотига йўналтирилган турли тадбирларнинг фаол иштирокчиси ҳамдир. “Маърифат майдони”, “Талабалар театр студиялари”, “Заковат” кабилар шулар жумласидандир.

Ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш мақсадида юртимизнинг кўҳна ва тарихий шаҳарларига ички туризм асосида мунтазам саёҳатлар амалга ошириб келинмоқда. Институт талабалар турар-жойларида яшовчи ва ижарада турувчи талаба ёшларнинг ҳолидан хабар олиш доимий йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг яшаш, ўқиш шароитларини янада яхшилаш масаласи институт раҳбариятининг кундалик бош мақсади сифатида белгилаб қўйилган.

Умуман олганда, институтда таҳсил олаётган бахтиёр ёшларнинг эртанги кунига ишончи баланд, замонавий кадр бўлиб етишиши учун барча шарт-шароитларни яратишга институт жамоаси астойдил ҳаракат қилмоқда. Ахир юртимизга мустақил фикрловчи, тийран мулоҳаза юритадиган, она диёримизни  дунёга танитувчи ёшлар керак. Малакали ва рақобатбардош кадр­лар эса ҳар жабҳада фидокор халқимизга хизмат қилади. Мана шу каби эзгу ниятлар билан ёшларимизга доимо кўмакдош бўлиш эса — вазифамиз.

Баҳодир МАЪМУРОВ,

Бухоро давлат педагогика институти ректори,

педагогика фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =