Интилиш ва излани-шларнинг илк натижалари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги қарорига асосан Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг ташкил этилиши нафақат олий таълим тизимида, балки қорақалпоқ халқи замини учун қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳасида муҳим қадамлардан бири бўлди десак, муболаға бўлмайди. Ҳукуматимизнинг олий таълим тизимида аграр соҳасига бўлган бундай эътиборини оқлаш, яратилаётган янги имкониятлар ва берилаётган имтиёзларга жавоб тариқасида институтимизда таълим сифатини ошириш учун астойдил меҳнат қилинмоқда.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, қишлоқ хўжалиги соҳасида, шу жумладан, институтимизда илм-фан ва инновацион ривожланиш борасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга ошяпти. Хусусан, институтда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим жараёнининг янги стандартлари ва малака талаблари асосида кредит-модуль тизимига ўтилди. 2022-2023 ўқув йилида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўқув жараёнига хорижий олий таълим муассасаларидан 12 нафар профессор-ўқитувчи таклиф қилинган бўлса, жорий йил 15 нафар профессор-ўқитувчи жалб этиш режалаштирилмоқда.

2022 йили институтимизнинг 18 нафар талабаси Германиянинг етакчи фермер хўжаликларида 3 ойлик қисқа муддатли амалиёт дастурида иштирок этиб, ўзларининг билим ва малакаларини ошириб келган эди. 2023 йил ноябрь ойида эса 6 нафар талаба 6 ойлик амалиёт дастурида иштирок этиш учун Германияга юборилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг миллий рейтингида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти 2023 йилда 68-ўринни эгаллади, жорий ўқув йилида ушбу кўрсаткичнинг юқори поғоналарга кўтарилишига эришиш мақсадида институтимизда бир қанча амалий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий ўқув йилида жаҳоннинг кучли 1000 талигига кирган олий таълим муассасаларида малака ошириш ва илмий стажировкаларга бориш учун 5 нафар профессор-ўқитувчи рўйхати шакллантирилиб, тасдиқланган. Институтимизда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан келишув асосида 2024 йилнинг январь ойидан волонтёрлар ёрдамида япон тилини ўргатиш курслари ташкил этилди. Институт битирувчиларининг бандлигини таъминлаш мақсадида Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO) билан эришилган келишувга мувофиқ япон тилини ўргатиш ва курс якуни бўйича суҳбатдан ўтган битирувчиларни Япония давлатига мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш шартномаси тузиш режалаштирилмоқда.

“Қовун пашшаси (Myiopardalis pardalina Big.)га қарши феромонли тутқичлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳа, “Қорақалпоғистон маҳаллий қовун навлари генофондини ташкил этиш ва экспортбоп навларнинг элита уруғларини тезкор-кўчат усулида етиштириш”, шунингдек, “Ғўзанинг Оролбўйи туп­роқ иқлим шароитига мос, тола сифати жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи ҳамда юқори тола чиқимига эга маҳаллий навларини яратиш ва давлат нав синовига бериш” мавзусидаги мақсадли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Қорақалпоғистоннинг экстремал шарои­тида замонавий суғориш ускуналари ёрдамида жўхори етиштиришнинг суғориш режимини илмий асослаш” ва “Оролбўйи ҳудудида аҳоли хонадонларидаги чорва молларини озуқа билан таъминлашда кооперация тизимини йўлга қўйиш” мавзусидаги амалий лойиҳалар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Халқаро лойиҳалардан Япониянинг Токио қишлоқ хўжалиги ва технология университети билан ҳамкорликда “Амударёнинг қуйи ҳавзасида доривор ўсимликларни ўстириш орқали тупроқ шўрланишининг олдини олиш ва қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган янги усулни жорий этиш”, Япония­нинг Шова фармацевтика университети билан ҳамкорликда “Саратон касаллигини даволашда фойдаланиш учун истиқболли доривор ўсимликларни ўрганиш”, “Japan Conservation Engineers” компанияси билан ҳамкорликда 2021-2025 йилларга мўлжалланган “Шўрланган тупроқларда фульва кислотаси ёрдамида унинг гумус ҳолатини яхшилаш”, “MEXT” дастури доирасида “Сувни тежовчи технологиялар, рақамли қишлоқ хўжалиги ва кўчатхона ташкил этиш” мавзусидаги 4 та халқаро лойиҳалар бажарилмоқда.

Институтнинг 3 нафар талабаси Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва БМТнинг “UNICEF” ташкилоти ҳамкорлигида ёшларнинг ижтимоий ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга ёрдам берувчи дастур асосида ўтказилган танловда ўз лойиҳаси билан қатнашиб, 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланганлиги ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.

Институтимизда профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, талабаларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида ҳар йили илмий-амалий конференциялар ўтказиш анъанага айланган. “Қорақалпоғис­тон Республикасини турғун ривожлантиришда ёш олима хотин-қизларнинг илмдаги фаолия­­ти”, “Илмий тажрибалар натижаларининг қўлланишида ёш тадқиқотчиларнинг ўрни”, “Қишлоқ хўжалигида инсонга эътибор ва сифатли таълимдаги имкониятлар ва янгиликлар” мавзусидаги республика илмий-­амалий конференциялари шулар жумласидандир. Бу конференциялар материаллари асосида 170 та тезисдан иборат жами 340 варақлик тўплам ҳамда 118 та мақола жамланиб, китоб ҳолида нашр қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси учун чиқарган алоҳида Фармон ва қарорларида иқтисодиёт тармоқларида инновацион жараёнларнинг жадаллашувига эришиш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва ҳудудни жадал суръатларда ривожлантириш, шунингдек, ҳудуднинг инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ёшлар бандлигини таъминлаш, таълим соҳасида қўшимча имкониятлар ва инсон капитали ривожини янги босқичга кўтаришга шарт-шароит яратиш асносида ижтимоий ҳимоя дас­турлари қамровини кенгайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, ўтган йил Олий таълим муассасаларига квота миқдорининг оширилганлиги, Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган ёшлар учун 2023-2024 ўқув йилида давлат гранти асосида қўшимча 3 000 та ўрин ажратилганлигини олий таълим тизимида ёшлар учун берилган энг катта имкониятлардан бири бўлди дейиш мумкин.

Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитиш, уларни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ватанпарвар, комил шахслар сифатида тарбиялаш мақсадида институтимизда турли хил тарғибот-ташвиқот вазифалари ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда. Жумладан, иқтидорли талабалардан иборат “Талабалар театр студияси”, “Қувноқлар ва зукколар” жамоалари, “Умид учқунлари” номли бадиий гуруҳ тузилган бўлиб, ушбу жамоаларга иқтидорли талаба-ёшлар жалб қилинган.

Шунингдек, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида 26 та фан, 7 та спорт тўгараги ва 10 та ижодий клуб фаолияти йўлга қўйилди. Бу тўгаракларда талабаларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида жами 14 нафар устоз, маънавий-маърифий ишлар бўйича 4 та декан ўринбосари масъул этиб белгиланган.

Бу йил институтимиз тарихида биринчи марта талаба-ёшлардан тузилган “Қувноқлар ва зукколар” жамоаси Ўзбекистон Республикаси миқёсида ўтказилган мусобақада фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

“Талабалар театр студияси” аъзолари томонидан шу кунгача энг сара 3 та спектакль саҳналаштирилган. Ўтган йили бу жамоа Қорақалпоғистон Республикасидаги ўнта олий таълим муассасаси орасида Ёшлар ойлиги доирасида ўтказилган тадбирлар давомида “Кресло” спектакли билан 4-ўринни эгаллади. Айни пайтда талабаларимиз февраль ойида ўтказилиши режалаштирилган респуб­лика миқёсидаги “Талабалар театр студияси” фестивалида қатнашиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

“Сиз янги қонунни биласизми?” танловида талабаларимиз фахрли 2-ўринни олгани, институтимизнинг 2-курс талабаси, “Кибергуруҳ” аъзоси Тўмарис Қадиримбетова Ички ишлар вазирлиги томонидан “Cyber-Week” тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида ўтказилган “Инновацион ёндашув” танловида 3-ўринни эгаллагани ҳам эътиборга моликдир.

Талабаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларда ҳаётий ҳамда бизнес кўникмаларини шакллантириш мақсадида ҳар хил ижодий тўгараклар ҳам ташкил этилган. Масалан, олий ўқув юртида фаолият юритаётган “Чевар қўллар” тикув цехида 8 та талаба-қиз иш билан таъминланган. Қизлар учун “Моҳир дизайнер” тўгараги ҳам мавжуд бўлиб, устозлар бошчилигида 30 дан ортиқ қизларга миллий безаклар, тақинчоқлар билан ишлаш сирлари ўргатилмоқда.

Институтда алоҳида эътиборга муҳтож талабалар билан психолог ҳамкорлигида суҳбатлар ҳам олиб борилиб, уларнинг таълим олиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишига доир тадбирлар, учрашувлар, тренинг­лар ўтказилади. Компьютерга қизиқувчилар билан Ёшлар ишлари агентлигидан таклиф қилинган мутахассислар иштирокида бир неча бор “Бизнесга биринчи қадам”, “Мобилография” йўналишлари бўйича бепул курслар ташкил этилди.

Шунингдек, алоҳида эътиборга муҳтож (етим, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оила фарзандлари) талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг рўйхатлари шакллантирилган, кам таъминланган 70 нафар талабадан 30 нафари институт ҳисобидан Тошкент шаҳрига саёҳатга олиб борилди. Кам таъминланган 50 нафар талабанинг Мўйноқ шаҳрига саё­ҳати ташкиллаштирилди ва ҳар хил кўнгил­очар тадбирлар орқали уларнинг мароқли дам олишларига имконият яратиб келинмоқда.

Ўтган йил давомида ногирон талабалардан 12 нафари Хива шаҳрига, 40 нафари Чилпиқ, Султон Увайс, Маздакхон тарихий зиёратгоҳларига саёҳатга олиб борилди. Маънавият ва маърифат, ёшлар билан ишлаш бўлими, институт Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳамда гуманитар фанлар кафедраси профессор-ўқитувчилари иштирокида маънавий, ҳуқуқий саводхонлик тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Байрамлар муносабати билан ўтказилган турли танловларда ногиронлиги бор талабаларимиздан бир нечтаси 1- ва 2-ўринларни эгаллаб, уларнинг ўқиш ва ишлашга қизиқишлари ортмоқда. Айтайлик, респуб­лика миқёсида паралимпия мусобақаларида ногиронлиги бор 3-босқич технология гуруҳи талабаси Диёрбек Жўрабеков пара пауэрлифтинг бўйича Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллади.

Институтда беш ташаббус ўйинларида талабаларимизнинг умумий қамровини юз фоизга етказиш мақсадида кенг кўламли тарғибот ишлари ҳам олиб борилади. Шу сабабли 2023 йил Қорақалпоғистон Респуб­ликаси миқёсида Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган спорт ўйинларининг волейбол тури бўйича қиз болалар жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаб, Жўқорғи Кенгес томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Стол тенниси бўйича республика миқёсида ўтказилган мусобақада эса Ўрмончилик гуруҳи 4-курс талабаси Нуржамал Калбаева 2-ўринни қўлга киритди. Бир нафар талаба Қозоғистонда ўтказилган “Ёш олимлар” халқаро конференциясининг кўкрак нишонини олишга муваффақ бўлди. Институтимизнинг 3 нафар талабаси бўлса, “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу каби ютуқлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Бундан ташқари, таълим сифатини янада ошириш мақсадида институтда лаборатория базаси доимий янгиланиб ва тўлдириб борилмоқда. Соҳага доир янги техника ва технологияларнинг таълим муассасаларига мунтазам етказиб берилишини таъминлаш мақсадида Ислом тараққиёт банки иштирокида “Олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида 2023 йилнинг ўзида институтимизга жами қиймати 129944,33 АҚШ долларига тенг бўлган лаборатория жиҳозлари олиб келинди ва 1,65 млн. сўм миқдорида лаборатория учун бутловчи қисмлар харид қилинди. Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳомийлигида “Ўзбекистоннинг танланган ҳудудларида барқарор иктисодий ривожланиш” лойиҳаси бўйича “Балиқчилик ва ипакчилик” кафедрасига 74,1 млн. сўмлик лаборатория жиҳозлари ҳамда инвентарлар олиб келиниб, 2 та янги балиқчилик лабораторияси ташкил қилинган. Америка Қўшма Штатларининг “USAID” халқаро ташкилоти ҳомийлигида “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” “AVC” лойиҳаси доирасида институтнинг “Мева-сабзавотчилик ва полизчилик” кафедрасига 214,5 млн. сўмлик лаборатория жиҳозлари ҳамда инвентарлар олиб келиниб, янги “Мева-сабзавотчилик” лабораторияси ташкил қилинди.

Институтда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳомийлигида “ECO-ARAL” лойиҳаси доирасида Геоахборот тизимлари маркази ва лабораторияси очилиб, қиймати 65 минг еврога тенг лаборатория ва марказга зарур асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилиб, айни кунда изчил фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ижросидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими доирасида аграр соҳа учун халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш, бу борада етакчи хорижий университетлар билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш мақсадида Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети (Royal Agriculture University) билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилди. Бу бежиз эмас. Негаки, аграр соҳани ривож­лантириш, жаҳон тенденцияларини ва таж­рибасини акс эттиришга мослашган “илмга асосланган, амалиётга йўналтирилган таълим” тамойили асосида ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, профессионал кадрларни тайёрлаш асосий мақсадимиздир.

Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун, айниқса, таълим соҳасида яратилаётган янги имкониятлар ва берилаётган имтиёзлардан руҳланган ҳолда жамоамиз билан астойдил изланиб, янги ютуқлар сари интилаверамиз.

Бердиёр ЖЎЛЛИБЕКОВ,

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 1 =