Интилишларимиз эзгу мақсадларга муштарак

Инсоният пайдо бўлганидан буён дунё сир-синоатларини очиш, ҳаётнинг паст-баландини ўрганиш, ўзликни англашга интилиб келган. Мазкур изланишлар ҳар бир замонда ҳам ўзига хос ва ўзига мос натижа берган. Бу борада, айниқса, илм даргоҳлари ва уларда тадқиқотлар олиб бораётган олимларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Бугунги кунда университет деб аталувчи олий даргоҳларда келажак авлодга илмнинг турли соҳалари бўйича сабоқ бериш билан бирга, одамнинг оғирини енгиллатиш, маънавиятни ривожлантириш, табиат ҳодисаларини тадқиқ этиш каби масалаларда изланишлар олиб борилмоқда. Кўплаб университетларимиз илмда эришаётган оламшумул натижалари, етиштирган етук кадрлари билан дунё аҳли эътирофига сазовор бўлган.

Алоҳида таъкидлашни истардикки, юртимизда фаолият юритаётган олий ўқув юртлари орасида Андижон давлат университетининг ҳам алоҳида ўрни бор. Мазкур университетда фаолият юритаётган академик С.Зайнабиддинов, профессорлар Р.Шамсутдинов, И.Асқаров, Р.Алиев, Д.Қуронов, С.Мирзаева каби устозлар яратган илмий мактаблар, эришилаётган натижалар нафақат Ўзбекистон, балки дунё илм-фани ривожига ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Жумладан, академик С.Зайнабиддинов раҳбарлигида “Ярим ўтказгичлар физикаси”, профессор Р.Шамсутдинов бошчилигида “Ўзбекистон тарихи”, “Қатағон қурбонлари”, профессор И. Асқаров раҳбарлигида “Товарлар кимёси ва халқ табобати”, профессор Р.Алиев етакчилигидаги “Қайта тикланувчи энергия манбалари”, профессор Д.Қуронов раҳбарлигида “Адабиётшуносликнинг долзарб масалалари” каби соҳаларда республикада етакчи илмий мактаблар яратилган бўлиб, мазкур илмий мактабларда ўнлаб илмга чанқоқ ёшлар ўқиб-изланиб, етук олимлар сафига қўшилмоқда.

Айни пайтда университетимизда жами 34 та ихтисослик бўйича 217 нафар стаж­ёр-тадқиқотчи, таянч докторант ва докторантлар таҳсил олмоқда ва илмнинг турли соҳаларида изланишлар олиб бормоқда. Бундан ташқари, айни пайтда 9 та ихтисослик шифрлари бўйича илмий даража берувчи 7 та Илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда. Ушбу Илмий кенгашларда ҳар йили респуб­ликамизнинг турли ҳудудларидан келган юздан ортиқ тадқиқотчилар диссертация ишларини ҳимоя қилиб, илмий даражали етук кадр сифатида эътироф этилмоқда.

Лаборатория тажрибалари билан боғлиқ тадқиқот ишларида самарали натижаларга эришиш учун эса университетда мавжуд кимё, зоология ва биокимё кафедраси ва қайта тикланувчи энергия манбалари илмий лабораториясида ҳам зарур шароитлар яратилган бўлиб, тегишли ихтисосликлар бўйича тадқиқот ишларини олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва мустақил изланувчилар ўзларининг илмий-тадқиқот иши билан боғлиқ тажрибаларини ўтказиб, эришилган натижалар асосида қатор илмий мақола ва тезислар, монографияларини чоп этмоқда. Жорий йилда лабораторияларда тадқиқот олиб бораётган ходимларнинг 19 нафари фалсафа доктори (PhD), 3 нафари фан доктори (DSc) диссертация ишларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар.

Академик С.Зайнабиддинов ва профессор Д.Қуроновларнинг бош муҳаррирлиги ва умумий таҳрири остида чоп этиб келинаётган илмий журналлар республикамиздаги илм аҳлига доимий равишда юқори савиядаги илмий мақолалар ва уларнинг натижалари билан танишиб бориш имкониятини яратиб бермоқда.

Тадқиқотчиларнинг илмий фаолиятга рағбатини янада ошириш мақсадида университетнинг бюджетдан ташқари маблағларидан “Scopus” ҳамда “Web of Science” маълумотлар базалари журналларида эълон қилинган ҳар бир мақола учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан 5 бараваригача, Top-1000талик ОТМларда илмий даража олган профессор-ўқитувчиларга йил давомида 30-60 фоиз устамалар, Хирш индекси 3 ва ундан юқори бўлганда, шунингдек, ҳар сафар индекси кўтарилганда базавий ҳисоблашнинг 10 баробари миқдорида, халқаро патентлар учун базавий ҳисоблашнинг 15 баробари миқдорида ҳамда халқаро тил сертификатлари учун 15-20 фоиз миқдорида йиллик устамалар жорий қилинган. Ўтаётган 2023 йилда университетимиз профессор-ўқитувчилари томонидан “Scopus” ҳамда “Web of Science” маълумотлар базаларининг 50га яқин журналларида мақолалар чоп этилди, мазкур халқаро маълумотлар базаларида Хирш индекси 3 ва ундан юқори бўлган профессор-ўқитувчилар сони ўн нафардан ошди.

Олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий жамоалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқот олиб бориш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, янги илмий мактаблар ташкил қилиш ва шу орқали университет илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида келаётган 2024 йил учун жамоавий илмий-инновацион грантлар дастури ишлаб чиқилди.

Университетда 2023 йилда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан профессор-ўқитувчиларнинг 2 млрд. 880 млн. сўмлик 3 та стартап, 1 та амалий ва 1 та фундаментал лойиҳалари молиялаштирилди. Шу лойиҳалар доирасида университетда лед-лампалар ҳамда юқори энергия сиғимли портатив қувватлаш станциясини ишлаб чиқиш йўлга қўйилмоқда. Бундан ташқари, таълим ўчоғимизда ишлаб чиқариш маркази ташкил этилган бўлиб, унда 10 дан ортиқ талабаларнинг иш билан таъминланиши режалаштирилмоқда. Ўзимизга қарашли Бизнес инкубация ва акселерация марказида талабалар жамоасидан иборат 2 та 100 млн. сўмлик стартап лойиҳалари молиялаштирилди ҳамда марказ ходимлари томонидан ушбу талабаларнинг менежерлик ва бизнес юритиш саводхонлигини ошириш бўйича семинарлар ташкил этилди. Бундан ташқари, талабалар ўртасида туризм бўйича 60 млн. сўмлик лойиҳалар молиялаштирилди.

Иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими томонидан талабалар учун илмий мақолалар ёзиш, мақолаларни маҳаллий ҳамда хорижий журналлар талаби бўйича шакллантириш ҳамда чоп этиш масалалари бўйича мунтазам равишда семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Талабаларни илмий фаолиятга ҳамда бизнесга қизиқтириш мақсадида улар ўртасида “Энг яхши лойиҳа”, “Энг яхши мақола”, “Энг яхши ишланма” танловлари ўтказилиб, ғолиблар пул мукофотлари билан рағбатлантирилмоқда. Жорий йилда 16 нафар талаба номдор ҳамда Президент стипендиялари совриндори бўлди.

Университетда ҳар йили халқаро ва рес­публика миқёсидаги илмий-амалий анжуманлар ўтказилмоқда ва уларда республикамиздаги ва хориждаги етук олимларнинг иштироки таъминлаб келинмоқда. Жумладан, 2023 йилда дунёнинг нуфузли таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда 6 та халқаро ва 3 та республика миқёсидаги илмий-амалий анжуманлар ўтказилди. Анжуманлар доирасида таниқли хорижий профессорлар ўзларининг билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди, улар иштирокида талабалар учун дарс машғулотлари, университетнинг ёш профессор-ўқитувчилари учун мастер-класс­лар ташкил этилди. Бу каби тадбирлар университет профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчиларининг хорижий ҳамкасблари билан доимий илмий-ижодий ҳамкорликларини ривожлантириш билан бирга, улар томонидан эришилган ютуқларнинг дунё миқёсида эътироф этилишига сабаб бўлади десак, албатта, хато бўлмайди.

Таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг кўлами катта. Шунингдек, талабаларни ётоқхона билан тўлиқ таъминлаш йўлида олиб борилган ишлар тўғрисида ҳам узоқ гапириш мумкин. Булар тўғрисида республика ва маҳаллий матбуотда бир неча мақолалар чоп этилди. Лекин кўпинча бажарилгани тилга олинмай қолаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак хато бўлмайди.

Маълумки, университет талабалари, асосан, энди мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлардир. Шу сабабдан уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёшларга оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, оилаларни мус­таҳкамлаш, эрта никоҳ ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича зарур тушунчаларни бериш жуда муҳим.

Ўқув йили давомида университетда таҳсил олаётган оилали талабалар, меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимларнинг оиласидаги нотинчлик ҳолатлари, оиласида уларга бўлган зўравонлик ёки камситилиш, ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилиши, эр-хотин ёки қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашуви, тушкунликка тушиш ҳолатлари бўйича университет Хотин-қизлар кенгашига қилинган мурожаатлар (жами 31 маротаба) юзасидан университет ҳуқуқшуноси М.Содиқова ҳамда психолог О.Мухтаров билан ҳамкорликда 17 та нотинч оила, 6 та ажрашиш хавфи юқори бўлган оилалардаги ижтимоий муҳитни барқарорлаштиришга эришилди.

Талаба-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаолликларини ошириш, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, улар ўртасида миллий ва анъанавий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, мустақил оилавий ҳаётга ҳар тарафлама тайёрлаш ишларини тўғри йўлга қўйиш мақсадида хотин-қизлар кенгаши ташаббуси билан факультетлар­аро “Қизлар давраси”, “Миллий ва замонавий либослар намойиши” кўрик-танловлари, “Хон атлас — 2023” миллий либослар фeс­тивали доирасида миллий либослар челленжи, “Сиз янги қонунни биласизми?”, 25 ноябрь — Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан “Қизлар онлайн викторинаси” ҳамда “Заковат”, “Заковатли қиз” интеллектуал ўйинлари, қизлар ўртасида “Пазанда қиз”, “Ижодкор қиз”, “Китобхон қиз” кўрик-танловлари, “Аёл қадри”, “Ҳаёт гўзал”, “Баҳор завқи”, “Миннатдорчилик ва шукроналик ҳисси”, “Эзгу ният”, “Позитив кайфиятни сақлаб қолиш” мавзуларида психологик тренинглар ташкил қилинмоқда.

Жамоада соғлом маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамоа аъзолари ва талабаларнинг университет одоб-ахлоқ кодекси, ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш­ларини тартибга солиш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш мақсадида одоб-ахлоқ комиссияси ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан биргаликда талаба-қизларнинг кийиниши, маданияти, ташқи кўринишида талабага хос бўлмаган, ноодатий ҳолатлар кузатилаётган, ҳар хил диний оқимларга мансубликни акс эттирувчи элементлардан фойдаланиб кийинаётган талаба-қизлар билан якка тартибда, зарур ҳолатларда ота-оналар иштирокидаги суҳбатлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя — асосий эътиборимиздаги юмуш. Шу боис,  ногирон, сурункали касаллиги мавжуд ва даволанишга муҳтож, кам таъминланган хотин-қизлар, ёш оналарнинг 41 нафарига университет томонидан моддий ёрдам, 14 нафарига “Sog‘lom avlod uchun” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди Андижон вилоят бўлими томонидан зарурий дори-дармон воситалари, 2 нафарига Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан зарур реабилитация воситаси билан таъминланишига эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 585-сонли қарор ижросини таъминлаш юзасидан университетда таҳсил олаётган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар ҳисобланган жами 72 нафар талаба-қизларнинг тегишли ҳужжатлари жамланиб, маълумотлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этилди.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳақида фаол тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ва иқтидорли, ижодкор талаба-қизларни тўғри йўналтириб, мақсадли ишлар йўлга қўйилиши натижасида 2023 йил учун ўтказилган танловларнинг шаҳар, туман ва вилоят босқичларида 100 нафардан ортиқ талаба-қизларимиз иштирок этди ва улардан 23 нафари танловнинг вилоят, 5 нафари республика босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди.

Шунингдек, хотин-қизлар кенгаши раиси Умидахон Аҳмедова жорий ўқув йилида бўлиб ўтган “Ислоҳотлар билимдони” респуб­лика кўрик-танловида “Энг фаол хотин-қизлар кенгаши раиси” номинацияси бўйича фахрли 1-ўринни эгаллади.

Умуман олганда, Андижон давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан илм-фан, маънавият ва маърифатни ривож­лантириш мақсадида олиб борилаётган илмий изланишлар эртага ўз натижасини бериши шубҳасиз.

Акрамжон ЮЛДАШЕВ,

Андижон давлат университети ректори,

биология фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 13 =