Таълимда адолат бош мезон бўлмоқда

Бугун янги Ўзбекистонда олий таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар ривож­ланиб, янгиланиб борадиган жараёнга айланди. Соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштириш, белгиланган марраларга етиш Давлатимиз раҳбарининг доимий диққат-эътиборида эканига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Қайд этиш лозимки, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш, қабул жараёнини такомиллаштириш ва бошқа шу каби масалаларнинг ечими борасида улкан қадамлар ташланди. 2017 йилгача Ўзбекистонда ёшларни олий таълим босқичига қамраб олиш кўрсаткичи 9-10 фоиздан ошмаган бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кўрилган чора-тадбирлар туфайли 2017-2021 йилларда бу рақам олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етди. Олий таълим муассасалари сони 2017 йилда республикамиз бўйича 78 та бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 210 тани ташкил этмоқда. Талабалар сони 2017 йилда Ўзбекистонда 300 минг нафар эди, 2024 йилга келиб бу рақам 1 миллион 350 минг нафардан ортиқни ташкил қиляпти. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида эса олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш белгиланган.

Бунинг учун Янги Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига қабул жараёнини такомиллаштириш, қабул квоталарини ошириш, кириш имтиҳонларида айрим тоифа абитуриентларга имтиёзлар бериш, олий таълим сифатини янги босқичга кўтариш борасида муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида Президент қарори билан тузилган “Таълим соҳасида лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси томонидан ўтган қисқа вақт ичида вазирликлар билан бирга ўқув жараёнларини янги тамойиллар асосида ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим хизматлари сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш бўйича чора-тадбирлар ва истиқболли ташаббуслар ишлаб чиқилди.

Жумладан, шу йилнинг 6 май куни Президент ҳузурида олий таълим йўналишларини оптималлаштириш, қабул ва малака тизимларини такомиллаштиришга қаратилган тақдимотда соҳага оид муҳим таклифлар илгари сурилди.

Ҳозирги глобаллашув ва бозор иқтисодиёти шароитида юксак салоҳиятли, билимли, масъулиятли, рақобатбардош кадрларни етиштириш ҳар қачонгидан долзарб масалага айланган. Ҳар қандай давлатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишида юксак малакали кадрлар муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас. Шундан келиб чиқиб, таълимнинг халқаро таснифи, илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларда янги йўналишлар очиш бў­йича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларида таълим жараёнларини рақамлаштирган ҳолда деканатлар ва бошқа маъмурий тузилмаларни оптималлаштириш орқали янги тизимни жорий этиш бўйича берилган кўрсатмалар келгусида олий ўқув юртларига замон билан ҳамнафас ва янги рақамли имкониятлардан фойдаланиш имкониятини беради. Бошқарув учун янги имкониятлар яратиб, ўқув дастурларини, профессор-ўқитувчиларни, ходимларни ва ресурсларни бошқаришни осонлаштиради.

Президент ҳузуридаги тақдимотда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттирган ҳолда, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ёшларнинг таълим олишга бўлган иштиёқини рағбатлантириш, қабул тизимини янада адолатли қилиш ва давлат грантларини иқтидорга йўналтириш борасида илгари сурилган таклиф ёшларни янада руҳлантирди, десак, янглишмаймиз. Ҳар қандай соҳада бўлгани каби, таълимда ҳам рақобат бўлмаса, ривож­ланиш бўлмаслигини бугун барчамиз англаб турибмиз. Янги тизим талабанинг билимига, фанларни сифатли ўзлаштиришига ва энг асосийси, адолатга бўлган ишончининг янада ошишига хизмат қилади.

Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди. Давлат гранти эса 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади. Қабул қилинаётган янги тартиб талаба-ёшлар ўртасида адолатли рақобатни юзага келтириб, талабанинг изланиши, келгусида жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун кенг имкониятлар яратади.

Бугунги кунда мамлакатимизда тизимли ва изчил равишда олиб борилаётган таълим соҳасидаги ислоҳотлар ўз натижасини кўрсатиши шубҳасиз. Ўзбекистон олий ўқув юртлари замон талабларига мослашадиган ҳамда бугунги кун ва келажак учун замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш имкониятига эгадир. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шу тарзда давом эттирилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кўрсатиб ўтилган олий таълим тизимидаги устувор вазифалар ижроси сифатли таъминланиши — мамлакатимизда таълимнинг юқори чўққиларга чиқишига ва энг асосийси, ёшларимиз халқаро миқёсда рақобатбардош бўла оладиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган малакали кадр бўлиб етишишига хизмат қилади.

Дилноза ХОДЖАЕВА,

Қўқон давлат педагогика

институти ректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + seven =