Жаҳон киноюлдузлари Тошкентда жам бўлишди
Ўтган ҳафта Тошкент яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилди. Жорий йилнинг 29 сентябрь – 2 октябрь кунлари “Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивали бутун дунё киноижодкорларини бир майдонда бирлаштирди.
Учинчи бор ўтказилган мазкур халқаро фестивалнинг очилиш маросими пойтахтимизнинг Киночилар уйида бўлиб ўтди. Дастлаб, дунё ва ўзбек кино санъати юлдузлари “қизил йўлак”дан ўтишди.
Маҳаллий ва хорижлик кино санъати усталари, таниқли актёрлар ва актрисалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур нуфузли тадбирнинг очилишида Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари Одил Абдураҳмонов давлатимиз раҳбарининг кинофестиваль иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Қайд этиш керакки, ушбу кинофестиваль Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги қарорига асосан қайта тикланган.
Албатта, соҳадаги бундай ўзгариш ва эътибор кейинги йиллардаги ислоҳотлар билан боғлиқ. Президентимиз томонидан кино санъатининг равнақига алоҳида эътибор қаратилаётгани сабабли, миллий кинематографиядаги ўзгаришлар бугун ўз самарасини бермоқда. Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси билан Киночилар уйи таъмирланди ва “Ўзбекфильм” концерни реконструкциядан сўнг янгича қиёфа касб этди. Қисқа вақт ичида “Ренессанс кино уйи” қад ростлагани ва кино фонди қайта тикланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Гувоҳи бўлганимиздек, Россия, Қозоғистон, Исроил, Хорватия, Япония, Польша, Франция, Латвия, Чили, Корея, Эстония, Германия, Португалия, Сингапур, Украина ва бошқа 30 дан ортиқ давлатдан келган киноижодкорлар юртимизда жам бўлишди.
Шунингдек, унинг доирасида 8-Европа кинофестивали, Туркий давлатлар ва МДҲ давлатлари кинофоруми, “Ўзбек дубляжи 85 ёшда”, “Кино 5 кунда” танлови, ўзбек киносининг 115 йиллигига бағишланган миллий тадбирлар, Италия фильмларида кийилган костюмлар кўргазмаси, кинотеатрларда хориж кино кунлари, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, таниқли киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар, ретроспектив кинонамойишлар ўтказилди.
Биз фестиваль давомида бир қатор дунё кино юлдузлари ва ўзбек санъати вакилларининг фикрлари, анжуман таассуротлари билан қизиқдик:
Кевин СПЕЙСИ, Голливуд юлдузи, икки карра “Оскар” мукофоти ҳамда АҚШ актёрлари гилдияси, “BAFTA”, “Олтин глобус” ва Тони мукофотлари совриндори:
– Мамлакатингиз бой кинематография тарихига эга, шунинг учун сиз уни кўпроқ ўрганишингиз ва амалиётга татбиқ қилишингиз керак. Ҳаммаси режиссёрнинг томошабинга нимани кўрсатмоқчи эканлигини, томошабинга қандай маълумотни етказмоқчи эканлигингизни тушунишидан бошланади. Юқори сифатли фильм суратга олиш ва муваффақиятга эришиш учун барча жамоа аъзоларини йиғиш ва муаллифнинг фильм ҳақидаги ғоясини муҳокама қилиш кифоя. Режиссёрнинг вазифаси – бутун саҳнани худди картина каби кўриш, актёрлар эса режиссёр суратидаги ранглардир. Палитрани яратиш ва уни турлича жило билан бойитиш – бу юксак санъат.
Наталья ВАРЛЕЙ, Россияда хизмат кўрсатган артист:
– Биз ўзбек киноижодкорлари билан узоқ йиллик ҳамкормиз. Мен ўзим ҳам Шуҳрат Аббосовнинг “Оловли йўллар” ва Учқун Назаровнинг фильмларида роль ижро этганман. Шу сабабли, Тошкент шаҳри мен учун ҳам қадрли. Мазкур кинофестиваль барча иштирокчилар учун ўзаро фикр алмашиш ва соҳадаги янгиликлар билан яқиндан танишиш имконини берди.
Фредерик ДИФЕНТАЛ, франциялик машҳур кинорежиссёр ва актёр:
– Аввало, мени юртингизда илиқ кутиб олишганларидан жуда мамнун бўлдим. Француз фильмлари Ўзбекистонда севиб томоша қилинишини эшитгандим, аммо мени бунчалик ҳурмат қилишларини умуман кутмагандим. Бунинг учун сизларга ташаккур дейман. Биласизми, мен ҳозир ёш ўзбек киноижодкорларининг кўзларида “чақнаш”ни кўряпман. Сизлар ҳали юқори марраларни забт эта олишингизга ишонаман.
Шарлотта АДРИАН, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси:
– Биз мамнуният билан Ўзбекистондаги 8-Европа кинофестивалини очмоқдамиз. Бу йилги кинофестиваль муҳим воқеа билан тарихга киради – Европа кинофестивали Тошкент халқаро кинофестивалининг узвий қисмига айланди. Биз Кинематография агентлигига ушбу аҳамиятли маданий тадбирни ташкил этишдаги ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирамиз. Узоқ йиллар давомида Европа Иттифоқи маданиятлар алмашинувини қўллаб-қувватламоқда ва Ўзбекистон аҳолиси учун Европа маданиятига, жумладан, кинематографиясига кенг йўл очмоқда. Бу йил Европа кинофестивали биринчи марта Тошкент халқаро кинофестивалининг бир қисми сифатида ўтмоқда. Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегациясига, Канн кинофестивали совриндори бўлган “Қулаш анатомияси” фильмини тақдим этгани учун Франция элчихонасига ҳам миннатдорлик билдирмоқчиман.
Елизавета БОЯРСКАЯ, таниқли рус театр ва кино актрисаси, Россияда хизмат кўрсатган артист:
– Афсуски, Ўзбекистонда фақатгина уч кун бўламиз, лекин бугуннинг ўзида “Ўзбекфильм”га ташриф буюришга улгурдик, биринчи навбатда, тикланган киностудия ҳақида маълумот беришди, у ҳозир ажойиб, замонавий кино майдонига ўхшайди. Ўзбекистонда премьера қилинадиган фильмлар тақдимотини томоша қилиш имконига эга бўлдик. Қизиқарли, ранг-баранг фильмлар, муаллифлик фильмлари, оммабоп ва тарихий блокбастерларни кўрдик.
Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ, Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори:
– Икки йил аввал Президентимиз томонидан Тошкент кинофестивалининг тикланиши ўзбек маданий ҳаётининг том маънодаги тимсоли бўлмоқда. Жорий йилда 52 давлатдан ташриф буюрган 300га яқин меҳмонлар орасида режиссёр, актёр ва продюсерлар билан биргаликда, ишончли ҳамкорлар бор. 30га яқин давлатлар билан ҳамкорликда кинолойиҳалар амалга оширяпмиз. Бу йил фестиваль доирасида Худойберган Девонов томонидан суратга олинган дастлабки фильмнинг 115 йиллиги, ўзбек миллий дубляж санъатининг 85 йиллиги ва Тошкент кинофестивалининг 65 йиллиги каби муҳим воқеаларни бирлаштиришга ҳаракат қилдик.
Шоҳида УЗОҚОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
– Ушбу кинофестиваль дунё кино дарғаларини, таниқли актёру актрисаларни бир мақсадда бирлаштирди. Шу сабабли, биз ижодкорлар ушбу нуфузли тадбирни катта байрам сифатида нишонлаймиз. Қолаверса, бу ўзбек кино санъати ривожида муҳим ўрин эгаллайди.
Тўрт кунлик кинофестиваль доирасида ранг-баранг ва жуда қизиқарли дастурлардан иборат жами 200 га яқин тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Марказий Осиёнинг буюк киноижодкорлари Малик Қаюмов, Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Бакен Қидикеевага бағишланган фотокўргазмалар, мамлакатимиз ёшлари учун жаҳон кино усталари иштирокида 60 дан ортиқ маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар бўлиб ўтди.
Албатта, ҳар бир нарсанинг бошланиши бўлганидек, якуни ҳам бўлади. Нуфузли фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими 2 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги “Боқий шаҳар” мажмуасида бўлиб ўтди.
Албатта, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд узоқ йиллик тарихий шаҳар бўлиб, кўплаб эътиборга молик қадамжоларга эга. Кинофестиваль меҳмонлари ҳам Самарқандга сафарини шаҳар бўйлаб саёҳат қилишдан бошлашди. Анжуман ёпилиш маросимидан аввал, жаҳон ва Ўзбекистонга машҳур киноюлдузлар махсус ташкил этилган қизил йўлакдан ўтди. Тадбирда 400 га яқин киноижодкорлар, актёр ва актрисалар, режиссёр ва кинооператорлар, продюсер ва кинотанқидчилар, киношунос олимлар иштирок этди.
Тантанали маросимда франциялик машҳур актёр, ўзбек томошабинларига, айниқса, “Такси” фильмидаги роли билан жуда яхши таниш бўлган Сами Насери, “Етти”, “Америкача гўзаллик” фильмлари билан машҳур америкалик Кевин Спейси ҳам қатнашди. Тадбир Спейсининг сўзи билан бошланди.
Маросимда Марказий Осиё фильмлари танлови ғолиблари эълон қилинди. Унга кўра Тожикистоннинг “Фортуна” фильми Фестиваль дирекциясининг махсус совринига, қозоғистонлик режиссёр Максим Акбаровнинг “Саҳро” кинокартинаси энг яхши дебют номинацияларига лойиқ кўрилди. Дастан Айбек (“Шувоқ ҳиди”) энг яхши актёр, Талаайкан Абазова (“Есимда”) энг яхши актриса, Дархон Тулегенов (“Ака-укалар”) эса энг яхши режиссёр деб топилди. Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти Адилхан Эржановнинг “Адемоканинг сабоғи” фильмига насиб этди. Энг яхши фильм номинациясида ўзбекистонлик режиссёр Шокир Холиқовнинг “Якшанба” фильми ғолиб бўлди.
Шундан сўнг, қатнашчилар учун Самарқанд шаҳри ҳақида тайёрланган видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, “Матонат” ҳужжатли фильми режиссёри Шуҳрат Маҳмудов ва “Самарқандда қовун таровати” кинокартинаси режиссёри Али Ҳамроевлар тақдирланди. Кейин эса Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, барчани омадли ўтказилган яна бир фестиваль билан табриклади. Тадбир давомида Жаҳон киноси ривожига қўшган ҳиссаси учун режиссёрлар: россиялик Александр Сокуров, грузиялик Ираклий Квирикадзе ва италиялик Пиетро Марчеллолар тақдирланди.
Ғолибларга “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг махсус статуэткаси ва эсдалик совғалари топширилди. Меҳмонларга таниқли хорижий ва ўзбек эстрада юлдузлари томонидан шоу-концерт тақдим этилди.
Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли,
“Hurriyat” мухбири.