Бебаҳо қадриятлар тараннуми
Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган III халқаро бахшичилик санъати фестивалидан репортаж
Энг қадимий санъат турларидан бири бўлган бахшичилик миллий маданиятимиз, маънавиятимиз, анъана ва қадриятларимизни ўзида мужассам этади. Элимизнинг эзгу ният ҳамда истакларини ифодалайди.
…Гулистон шаҳри жорий йилнинг 6-8 май кунлари байрам оғушига чўмди. “Тўйга тўёна билан” деганларидек бир гуруҳ ОАВ вакиллари ва журналистлар Сирдарёда ўтказилаётган III халқаро бахшичилик санъати фестивали жараёнларини ёритиш мақсадида отландик. Йўл-йўлакай эса ҳамкасблар билан қизғин суҳбат, фикрлар алмашинуви, куй-кўшиқлар билан зерикмадик.
Бу ерга уч кун давомида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан дўстона беллашиш учун мусиқачилар, бахшилар, оқин ва ижрочилар келишди. Хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Туркия, Венгрия, Корея, Япония каби 30 дан ортиқ мамлакатлардан ҳам иштирокчилар ташриф буюришди. Сибир халқларининг мистикаси, Кавказнинг шижоатию Жануби-Шарқий Осиёнинг мафтункорлигини бир саҳнада, турли ижрочилар томонидан тинглаш имкони бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековнинг сўзларига кўра, халқаро миқёсдаги бундай фестиваль ва анжуманларни ўтказишдан асосий мақсад йўқолиб бораётган бу нодир санъатни асраб-авайлаш, миллий маданиятнинг “ташриф қоғози”га айланиб бораётган фольклор санъатини янада кенг тарғиб қилишдан иборат.
Бу галги тадбир юртимизда ўтказилаётган учинчи фестиваль бўлиб, олдингилари 2019 йилда Термиз ва 2021 йилда Нукус шаҳарларида ўтказилган эди.
Фестивалда иштирок этаётган бахшиларнинг ҳар бири ўз ҳудудининг миллий либосларини кийган: беқасам чопон, қашқар дўпписи, сурхон дўпписи, белқарс (белбоғ), қора қалпоқ, астарли чопон… Яна бир жиҳат: Қашқадарё ва Сурхондарё бахшилари қўлида дўмбира бўлса, Хоразм, қорақалпоғистонлик ижрочилар тор, дутор, қобуз чолғу асбобидан фойдаланишар экан.
– Бу ерда, энг муҳими, ижодий тажриба ўрганамиз. Ватанимизда ва халқаро майдонда ижод қилаётган етук бахшиларнинг сара намуналари билан танишамиз. Бу йилги фестивалда устозлар билан бирга ёш бахшиларни ҳам кўриб турибмиз. Ўйлайманки, бу анъана узоқ вақт давом этади, – дейди қорақалпоқлик ёш бахши Атабек Тангрибергенов.
Дарҳақиқат, фестивалнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Буни унинг ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётгани, мазкур санъат байрамида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (АЙСЕСКО), шунингдек, 40дан ортиқ мамлакатлардан 300га яқин вакиллар қатнашишидан ҳам англаш мумкин.
Фестиваль доирасида “Замонавий бахшичилик санъати: олтин мероснинг янги оҳанглари” номли халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда замонавий бахшичилик санъати муаммолари, олтин меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш, халқаро бахшилар фаолияти ва ёш кадрлар етиштириш масалалари кўриб чиқилди. Бахшиларни камол топтириш бўйича маълумотлар берилди.
– 20 йилдан буён бахшичилик билан шуғулланаман. Бу менга ота мерос касб бўлиб, отам Мамай бахши Самарқандда катта шуҳрат қозонган Ислом шоир мактабининг давомчиси бўлган. Мен Алпомиш, Гўрўғли, Ойчинор, Гўрўғлининг туғилиши, Ойсулув каби достонларни ижро этаман. Бахшидан кўпроқ билим ва импровизация талаб этилади. Чунки у доим жонли куйлайди ва бор маҳоратини ижрода кўрсатади, – деди яна бир иштирокчи, самарқандлик Саим бахши Эргашев.
Россиялик иштирокчи Анастасия Алексеева эса:
– Мен бу соҳани ўрганаётганимга 5 йилдан ошди. Ҳозирда 1 та муаллифлик асарим бўлиб, у “Девушка удаганка” деб аталади. Дунур, шаманский бубен, хомус чаламан. Ўзбекистонда биринчи маротаба бўлишим, мазкур фестивалда кўплаб устозларни кўриб, уларнинг ижодини кузатяпман. Турли миллатларнинг анъаналари менга янада илҳом бағишламоқда,– деб ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Шаҳар марказида гастрономик кўча ҳам ташкил этилган бўлиб, бу ерда республиканинг турли вилоятларидан келган ошпазлар ўзларининг миллий таомлари билан қатнашди. Вилоятлар учун ажратилган алоҳида павилонларда эса миллий либослар намойиши меҳмонлар, иштирокчиларга ўзгача кайфият улашди.
Очиқ осмон остида оқшом чоғи Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон номидаги амфитеатрида III Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Майдонга фестивалда иштирок этаётган 30 та хорижий мамлакатларнинг байроқлари олиб чиқилди. Шундан сўнг Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фестиваль иштирокчиларига йўллаган байрам табригини Президент давлат маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари байрам табригида таъкидлаганидек, ҳаётнинг жонбахш садоси каби янграйдиган бу куй-қўшиқлар бугунги долғали замонда бизга одамзот наслининг ўзаги бир экани, бани башар ягона томирдан тарқаганини англатиб, ер юзидаги барча миллат ва элатларни бир-бирини тушуниб, ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлиб яшашга даъват этиши билан, айниқса қадрлидир.
“Қадим-қадимдан дўмбира ва чанқовуз садолари янграб келган, фольклор бўйича бой мерос ва анъаналарга эга бўлган бу саховатли диёр бағридан Мурод бахши, Ҳамроқул бахши, Гулмурод бахши, Акрам булбул, Саидаҳмад ва Саидмурод бахши каби ижодкорлар, Сирдарёнинг фахру ғурурига айланган Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева сингари атоқли шоирлар етишиб чиққанини эл-юртимиз яхши билади. Уларнинг халқона донишмандлик билан йўғрилган бахшиёна оҳанглари ҳозир ҳам муносиб издошлар сози ва сўзида жаранглаб турибди” дейилади табрикда.
Шундан сўнг “Эрким, бахтим, мовий осмоним!” рукнида театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди. 1500 нафар санъат аҳли иштирок этган байрам тадбирида “Лазги”, “Шодлик” ашула ва рақс ансамбллари, Қорақалпоғистон давлат академик мусиқали театрининг балет артистлари, “Бухоро мавжлари” рақс ансамбли, “Бойсун” фольклор-этнографик халқ ансамбли, Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамблларининг чиқишлари ҳам ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбир сўнггидаги мушакбозликни бутун Гулистон аҳли ҳаяжон билан томоша қилган бўлса, не ажаб.
…Уч кун давом этган фестиваль якунида Гран-при ўзбекистонлик иштирокчи Илҳом Норовга насиб қилди.
Шунингдек, тўртта биринчи (Туркманистон — Сарыев Гарягды, Қорақалпоғистон — Саламат Аяпов, Россия-Сандан Арес, Қирғизистон-Рисбай Исаков) тўртта иккинчи (Ўзбекистон — Расулбек Абдураҳмонов, Грузия — Нугзар Кавтарадзе, Ҳиндистон — Сарвар Сабри Камал, Болгария — Ярослав Дмитров Христов) тўртта учинчи (Ўзбекистон — Дилмурод Гулмуродов, Қозоғистон — Серик Жақсиқулов, Монголия — Эрдане Ват Есун, Корея — Шин Жа Сун) ғолиблари муносиб эътироф этилди.
Гран-При соҳиби 7 минг АҚШ доллари, биринчи ўрин соҳибларининг ҳар бирига 2,5 минг АҚШ долларидан, иккинчи ўринни қўлга киритганлар 1750 АҚШ долларидан, учинчи ўринни эгаллаган иштирочиларга эса 1250 минг АҚШ доллар миқдорида мукофот пуллари топширилди.
Миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган бахшичилик санъатига берилаётган бундай юксак эътибор, албатта, ўз самарасини беради.
Ўз мухбиримиз.