СУРХОН ҲАҚИДА КАТТА ДОСТОН

 Хушбоқ Раҳим cўзи ўткир, диди баланд ижодкорлардан. Мамлакатимиз мустақиллиги шоирга ўзига хос илҳом манбаи бўлди. У ўзининг “Сурхондарё” достонини ёзди.

Ҳа, деновлик истеъдодли ижодкор Хушбоқ Раҳимнинг “Сурхондарё” достонини ўқиган киши шоирнинг ижтимоий ҳаётни, илм-фан, техника ютуқлари-ю тарих ва фалсафани чуқур ўрганганига амин бўлади. Махсус кўникмага эга бўлмаганлар унинг сатрлари қаъридаги теран моҳиятни, ишораларни дафъатан тўлақонли илғамаслиги мумкин.

 Мустақил ўлкасан, эркин тафаккур

Тарихни туянинг жунидай титди.

Қуёш ҳам тожига тирноқдош Хушбоқ

Шону шуҳратингга қасида битди, –

дейди у киндик қони томган гўша ҳақида. Чуқурроқ разм солинса, она Ватаннинг ҳар бир қарич ери юракдай ягона курраи заминдан қоядай мустаҳкам ўрин олган Ўзбекистоннинг ажралмас қисмидир. Хушбоқ Раҳим Тешиктош ғори, Бойсун, Боботоғ манзараларини тас­вирлаш баробарида, воҳанинг ҳар бир заррасини синчиклаб тафаккур қилади. Ватан тимсоли бўлган ҳар бир заррани китобдай ўқийди, у билан дардлашади. Чунки шоир юрт, коинот, инсон қадри, бел ва белбоғни бир бутунликда кўради. Ҳа, Хушбоқ Раҳимнинг ижодкор сифатидаги асосий ғояси бирлик ва жипсликдир, Ватан, одамлар ва уларнинг олам билан бир бутунлигидир. Шоир учун коинот бир бутун – курраи замин, Ватан ва унинг манфаатлари бир бутун. Оила, маҳалла, туман, вилоят, Ўзбекистон бир бутун. Бутунлик бор жойда эса энг катта бойлигимиз – тинчлик-осойишталик, ва албатта, ободлик, тўкинлик ҳам бўлади.

 

 Заррани китобдай ўқидим, бугун

Қаддимда Дунё ҳам, ўша мадор, ўқ.

Белбоғ ҳам белимда мулки коинот,

Тинчлигу соғликдан катта бойлик йўқ,

Сурхондарё.

 

Маълумки, Сурхондарё худди инсоният тамаддунининг дастлабки бешикларидан биридир. Археологларнинг аниқлашича, қадимги Бақтрия, Кушонлар давлати ва унинг пойтахти шу заминда жойлашган. Энг қадимги шаҳарлар ўрни, маҳалла, арки аъло, мудофаа деворлари, жаҳондаги энг эски қабристон, сопол идишлар, сопол сиёҳдон, омоч, турли тақинчоқлар, давлат муҳрлари, жун, пахта, ипак, тўқима қолдиқлари, буғдой дони, ғўза чигити, дастлабки металл устахоналарнинг ўрни, шиша, пишиқ ғишт, заргарлик ашёлари, нақшинкор ёғоч синиқлари ва бошқа топилган осори атиқалар шулардан далолат беради. Шоир “Сурхондарё” достонида мазкур топилдиқларни синчиклаб ўқишга, ҳар бир ашё замиридаги бутун инсониятга тегишли маданият белгиларини илғашга ундайди.

 

Ҳунар кексармайди, кўнгил қаримас,

Меҳнатнинг ортидан ютуқлар бари.

Оромий ёзуви, рақам ҳам чизиқ

Бору бир, баҳру бар китоб, дафтари.

 

Шоир “Сурхондарё” сўзини метафора даражасига кўтариб, уни дарё, вақт маъносида ҳам, табиат, жамият ва инсон тафаккури тараққиётининг умумий қонуниятлари, одамзод ва жамики муносабатларнинг ҳаммабоп алоқа боғланишларини билишу билдириш, таҳлилу тадқиқ этувчи диалектик метод маъносида ҳам қўллайди. Дарё сувига икки марта тушиб бўлмайди, ўтган вақт изига қайтмайди, дейдилар. Бугунги ютуқларнинг қусури эртага кўринади, ижтимоий ҳодисаларнинг қандай юз бериши мавжуд шарт-шароитга, ўринга ва вақтга боғлиқ. Уларни бир хил мезон, тошу тарози билан ўлчаш, бир хил бўёқ билан бўяш, бир қолипга жойлаш диалектика табиатига зид. Шу маънода шоир Хушбоқ Раҳим муносабатларнинг шарт-шароит ва замон талабига мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратади.

 

Темир йўл, авто йўл, осмонда ҳам йўл,

Кундалик ҳақиқат, тарихий юмуш.

Дўстларга сарфланган эзгу

                                                    фурсатнинг

Ўрнини босолмас на олтин, кумуш.

 

Дўстлик туйғуси – қадимий, маънавий қад­риятлардандир. Жаҳонда зиддиятли, ўзаро боғланмайдиган, манфаатли муносабатда бўлмайдиган давлат, оила, одам йўқ. Инсоннинг наинки қиёфаси, ички олами ҳам бир-биридан индивидуаллиги билан тубдан фарқ қилади. Ўзини англаган одам бошқаларни ҳам тушунади. Ўзининг кимлиги ва нималарга қодирлигини англаган маънавиятли одамгина бошқалар учун ҳам яшай олади.

Хушбоқ Раҳим замонавий технология ва илм-фан ютуқларини пухта эгаллаган ёш авлод шоҳи сўзанада ямоқдай яққол кўзга ташланиб турган иллатларнинг бирдан-бир давоси деб билади. Шоир назарида ўтмиш ёки ўтиш даври теша зарбидан кўкарган тирноққа ўхшайди. Хаста тирноқни янги, соғлом тирноқ суриб чиқаради. Соғлом тирноқ – шоирини ғурурлантирувчи мустақил Ватаннинг билимдон, келажаги порлоқ ўғил-қизларидир.

Хушбоқ Раҳимнинг ўз ибораси билан айтганда, “Тўқ мағиз чигитдай ихчам хулоса” шуки, ҳақиқий шеър шеърхонни сувдан олиб ўтга, ўтдан олиб сувга ташлайди. Ундаги дарднинг залвори йиғлаганни юпатади, ғамдан йироқ касларни йиғлатади. Омманинг руҳини кўтаради. Чунки, чинакам шеър маънавий кашфиётдир. Оқсоч дунё бир кашфиёт учун минглаб тажриба, синовларни ўтказган олимларни кўрган. Яхши шеър ҳам шоирдан, ҳеч бўлмаганда, ўша кашфиётчининг изланишларини талаб қилади.

Табиий пишиқ шеър кўнгилларни яйратади, қалбларни қувонтиради. Китобхонни сувдан олиб ўтга, ўтдан олиб сувга ташлайди. Шеър­лардаги дарднинг залвори йиғлаганларни юпатади, ғамдан йироқ басирларни йиғлатади. Омманинг баланд руҳини осмонларга кўтаради, белини янада бақувват қилади. Урвоқ ҳам уммон, гард ҳам гул, зар ҳам заргар вужудидаги ёпиқ, лекин яширин юлдузларни ошкор айлайди. Шеър – маънавий кашфиёт деганлари бежиз эмас-да.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 1 =