Ёшлик — қувват, ёшлик — қудрат

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Мингбулоқ” газетаси муҳаррири, “Шуҳрат” медали соҳиби Қосимжон Акбаров Наманган шаҳрига келиб, галдаги “Ёшлар куни” муносабати билан туманда ташкил этилаётган тадбирга таклиф этди.

Жомашўй шаҳарчасидаги Ахборот-ресурс маркази туманнинг турли ҳудудларидан саралаб чақирилган истеъдодли ёшлар билан гавжум бўлди. Кўзларида ўзига ва келажагига ишонч чарақлаб турган йигит-қизлар қўлида “Мингбулоқ” газетасининг янги нашрдан чиққан сони.

Кузатсам, ёшлар газетадаги мақолалар юзасидан баҳслашиб, мунозарага киришмоқда. Кўнглим тўлди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Дилфуза Жўрабоева, “Зукко китобхон” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Наргиза Мавлонова ёшлар билан тез тил топишдиларки, уларга халал бермаслик учун давра столига яқинламай турдик.

Ниҳоят, белгиланган вақт тақозоси билан давра суҳбатини бошлаш расман эълон қилинди. “Юксак маънавият — жамият тараққиётида муҳим аҳамиятга дахлдор” мавзусига монанд техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), “Мегатон” МЧЖ корхонаси лаборатория мудири, Наманган давлат техника университети кимё муҳандислиги кафедраси катта ўқитувчиси Талъатжон Абдуҳакимов, Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти туризм ва таржима кафедраси мудири, педагогика фанлари доктори (DSc), профессор Аббос Эрмирзаевлар билан мулоқот мингбулоқлик ёшларнинг қизиқишлари, орзу-интилишларига янада куч берди.

Бугунги медиамайдон, ахборотларнинг шиддатли оқими ва умуман, Янги Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг тарихий аҳамияти ҳақида Қосимжон Акбаров томонидан уюштирилган самимий суҳбат ёшларга ўзига хос иштиёқ бағишлади.

Саноат соҳасидаги ўсишларда ҳам ёшлар иштирокининг фаоллиги, ўқувчи-ёшларнинг кичик бизнес ва тадбиркорлик қобилияти соҳада илмий изланишлар олиб бораётган забардаст олимлар эътирофига сазовор бўлди.

Миллий журналистикамиз адабий ҳаракатчиликка нечоғлиқ куч ва латофат бағишлаётгани Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, таниқли шоир ва журналист Носиржон Деҳқонов томонидан қизиқарли тарзда шарҳлаб берилдики, фаол китобхонлар шу йил сентябрь ойида таваллудининг 110 йиллиги нишонланадиган серқирра истеъдод соҳиби, ғазалнавис шоир Абдулвоҳид Аҳадов Шўхий ижодий меросига муҳаббат уйғотди.

Давра суҳбатида фаол қатнашган бир қатор ёшларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Гулчеҳра ЛАТИФ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =