Жисмоний маданият оламимизга назар

Луғатимиздаги мавжуд атамаларнинг мазмун-моҳиятини тушунишимиз учун универсал энциклопедияларда берилган таърифларини ўқишимиз кифоя. “Маданият – жамият, инсон ижодий куч ва қобилиятлари тарихий тараққиётининг муайян даражаси…” (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” – ЎзМЭ, 5-жилд, 372-бет). Маълумки, маданиятнинг ҳуқуқий маданият, тиббий маданият, жисмоний маданият каби соҳалари бор.

“Жисмоний маданият – умуминсоний маданиятнинг бир қисми, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний қобилиятини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий фаолият соҳаси…” (ЎзМЭ, 3-жилд, 614-бет). Ўз навбатида жисмоний маданият жисмоний тарбия ва спортга бўлинади.

“Жисмоний тарбия – соғлиқни мустаҳкамлашга, одам организмини уйғун равишда ривожлантиришга қаратилган умумий тарбиянинг узвий қисми…” (ЎзМЭ, 3-жилд, 614-бет). “Спорт – жисмоний маданиятнинг таркибий қисми, жисмоний тарбия воситаси ва усули, жисмоний машқларнинг турли мажмуалари бўйича мусобақалар ташкил этиш, тайёрлаш ва ўтказиш тизими…” (ЎзМЭ, 8-жилд, 46-бет). Албатта, жисмоний тарбия ҳам, спорт ҳам вазифасидан келиб чиққан ҳолда бир қанча турларга бўлиниб кетади.

Эсимда, бир ёши катта ёзувчимиз ўттиз йиллар илгари “Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси” эмас, “Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитаси” деб ёзилиши кераклигини роса тушунтирди. Бундай номланиш моҳиятан нотўғри эканини айтганимда, у фикримни охиригача тингламай жўшиб кетди. Ўз иддаосини қайта-қайта такрорлайвергач: “Бу номни сиз айтгандай ўзгартирамиз ва бориб Ўзбекистон солиқ Давлат қўмитаси деб ҳам ёздирамиз”, деганимдан кейингина тўхтади.

Аслида, бу сўзлар унинг онгига мактаб давридан сингган. Эсланг, мактабларда жисмоний маданият фани эмас, жисмоний тарбия дарслари ўтиларди. Яъни русча мактабларимизда физкультура – жисмоний маданият, ўзбекча мактабларимизда физвоспитание – жисмоний тарбия. Бу фаннинг дарслиги бўлмагани учун ўқитувчилар ўзлари билганча дарсларни ўтказишарди. Ниҳоят, мутасаддилар истиқлол йилларида жисмоний маданият фан бўлиши учун унинг дарслиги бўлиши кераклигини эсга олишди. Шоша-пиша жисмоний тарбия (яна хато такрорланди, аслида жисмоний маданият аталиши керак эди) дарсликлари тайёрланди.

Бошланғич синфлар ўқувчиларига мўлжалланган дарсликларда халқ ўйинлари ва болалар ҳаракатли ўйинларига кенг ўрин ажратилишини, 5-синфдан бошлаб оммавий спорт турлари ва уларнинг машқ-машғулотлари моҳиятига эътибор қаратилишини, дарсларда жисмоний маданиятимизга оид бой илмий-адабий меросимиздан лавҳалар келтирилишини, Тўмарис, Барчиной момоларимиз, Алпомиш, Гўрўғли султон каби қаҳрамонлик достонлари, жисмоний камолотга эришган Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларимиз тўғрисида ҳикоятлар киритишини кутгандим. Афсуски, дарсликларга саноқли халқ ўйинлари номигагина киритилди, уларда кўпроқ спорт турларига ўрин ажратилди. Назарий билимлар бериш, яъни ўқувчиларнинг жисмоний маданиятини юксалтиришга етарлича эътибор қаратилмади.

Болаларнинг хотирасини мустаҳкамловчи, кўзлари зийраклигига таъсир этувчи, топқирлигини, зеҳнини, чаққонлигини ва бошқа фазилатларини оширувчи қанчадан-қанча халқ ўйинларимиз бор. Шу соҳа фидойи олимлари уларни бизга ёзмаларида мерос қолдиришган. Улардан мактабгача таълим муассасалари услубий қўлланмалари ва бошланғич синфлар дарсликларида унумли фойдаланишимиз керак эди. Хуллас, жисмоний маданият фанини ўз номи билан атайлик ва шу фан талабига жавоб берадиган янги дарсликлар авлодини яратайлик.

Аввал тарғибот, кейин тараққиёт! Жисмоний маданият тараққиётида ҳам оммавий ахборот воситалари, айниқса, газета муҳим ўринни эгаллайди. Юртимизда соҳага оид “Физкультурник Востока” газетаси 1932 йил 2 июнь куни олам юзини кўрди. Ўша йили бу газетанинг атиги учта сони тайёрланди. 1933 йили газетанинг 12 та сони чиқарилди. Ниҳоят, 1934 йилдан “Ўзбекистон физкультурачиси” газетаси чиқа бошлади. Бу газета 1939 йилгача ўша тузум талабларига мос равишда чиқиб турди. 1935 йили “Физкультурник Востока” газетасининг номи “Физкультурник Узбекистана” дея ўзгартирилди. 1939 йили иккала газетанинг 10 тадан сони чиқди ва ёпилди. 1953 йили газеталар тикланди. Фақат “Ўзбекистон физкультурачиси” газетаси “Физкультурник Узбекистана” газетасининг таржимасига айлантирилди. Албатта, бу ўзбек спорт журналистлари янги авлодини тарбияламади, фақат спорт соҳаси таржимонлари сонини оширди.

1991 йил 3 январь куни “Ўзбекистон физкультурачиси” газетаси заминида пайдо бўлган мустақил “Спорт” газетасининг она тилимиздаги 1-сони уни неча йиллар кутган юз минглаб мухлисларга тақдим этилди (рус тилидаги “Спорт” газетаси ҳам алоҳида чиқа бошлади). Камина шу газетада ўша йилдан миллий қадриятлар бўлими мудири сифатида фаолиятимни бошладим. Сиз “миллий қадриятлар бўлими” сўзларини оддийгина ўқиб ўтдингиз. Ҳолбуки, бу ном она тилимизда чиқаётган “Спорт” газетасининг асосий вазифасидан олинганди. Демак, бу сўзларни ҳис-ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозир қайси таҳририятда миллий қадриятлар бўлими бор? (Ҳатто, таҳририятларда спорт бўлими ҳам йўқ). Кейин бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари, бош муҳаррир вазифасини бажарувчи вазифаларида 1999 йилгача хизмат қилдим.

“Спорт”нинг дастлабки сонидан Алпомиш-Барчиной авлодларининг қувончлари, ташвишлари ва орзу-армонлари газетанинг саҳифаларига кўчди. Унутилаёзган халқ ўйинлари ва миллий спорт турларини тиклаш, турмуш тарзимизга қайтаришдек эзгу ишларга ҳиссамизни қўшдик. Бундай хайрли ишларни амалга оширишда Абу Али ибн Сино, Ал-Ҳаким ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби шавкатли аждодларимиз ҳаёт йўли ва ҳикматларидан ибрат олдик. Қуръони карим, Ҳадиси шарифнинг умрбоқий нақлларини чоп этиб бордик. Жисмоний камолотни тарғиб этиб келаётган достонларимиз ва адибларимизнинг асарларига газетамиз саҳифаларидан кенг ўрин бердик. Беллашувларда кураги ерга тегмаган Паҳлавон Маҳмуд, Аҳмад полвон каби курашчиларимиз тўғрисида ёздик. Мустақил юртимиз ифтихорларига айланиб бораётган чемпионларимиз хонадонларига кириб бордик. Хуллас, юртимизнинг буюк келажаги халқимизнинг жисмоний маданияти юксалишида, баркамол авлодни тарбиялашда, соғлом турмуш тарзида эканлигини ҳис этиб ишладик, ижод қилдик, ширин хаёллар сурдик.

Ой сайин, йил сайин газетанинг ижодий жамоаси шаклланди, улғайди, вояга етди. 1993 йилдан газетанинг “Ўзбекистон футболи” иловасини чиқаришга киришдик. Биздан ибрат олган ҳолда бошқа шаҳарларимизда ҳам футбол газеталари чиқа бошлади. Кейин “Кураш” журнали, “Теннис” газетасини чиқариш йўлга қўйилди. Ниҳоят, “Спорт” телеканали очилди. Кўриб турганингиздек, гўё юртимизда спорт тарғиботи жойига тушди. Лекин вақт ўтиши билан газеталар бир-бир ёпилди. Ҳатто ҳозирги кунда “Спорт” газетаси ҳам чиқмаяпти. Дарҳол иқтисодий қийинчилик ёки интернетни баҳона қилмайлик. Ҳозирги кунда “Эрудит спорт” ва “Интер футбол” газеталари катта ададларда чоп этиляпти. Газеталар ёпилишининг асосий сабаби, юртимизда спорт журналистлари тайёрлаш тизими яратилмаганида.

Спорт журналисти деганда, кўз олдимизга Сафар Остонов келади. У она тилимизда “Спорт” газетаси очдими? Очди! Газетанинг саҳифаларига халқнинг дилидаги, тили учида турган гаплар олиб чиқилдими? Ҳа! Газета элга манзур бўлиб, адади ошиб бордими? Ҳа! Газетхонлар истаклари инобатга олиниб, “Ўзбекистон футболи” иловаси чиқарилдими? Ҳа!.. Демак, газетанинг ҳолати спорт журналистининг билимига, маҳоратига, тажрибасига, фидойилигига боғлиқ. Сафар Остонов ҳам Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатди. Бу факультетда спорт журналисти эмас, журналист тайёрланади. Шу боис у халқимизнинг саломатликка оид битмас-туганмас меросини ўрганишдан ташқари жисмоний маданиятга бағишланган рус тилида чиққан китобларни, газета-журналларни йиғди. Уларни ўқиди, ўрганди, олган билими асосида ёшлар газетасида ишлаган даврида бир-биридан қизиқарли, долзарб мавзуларда спортга оид мақолаларини чиқарди. Кейин спортга бағишланган китобларини нашр эттирди. Хуллас, Сафар Остонов ҳаёт университетида ўқиб, ўрганиб, спорт журналисти даражасига кўтарилди.

Жисмоний маданият тарғиботининг бир қаноти оммавий ахборот воситалари бўлса, иккинчи қаноти нашриётдир. Неча йиллардан буён соҳа фидойилари “Жисмоний тарбия ва спорт” нашриёти ташкил этилишини орзу қилишади. Чунки соҳага керакли бўлган “Жисмоний маданият энциклопедияси”, “Жисмоний маданият сўзлари изоҳли луғати” каби кенг қамровли китобларни шундай нашриётгина тўлақонли чоп эттира олади. Афсуски, шундай нашриёт ҳанузгача ташкил қилинмади. Шу боис ўтган йилларда айнан 1999 йили чоп этилган “Ўзбекистон ифтихорлари” ва “Юнусобод теннис клуби” китоблари билан бўйлашадиган спорт китоблари нашр этилмади. Нега “Жисмоний тарбия ва спорт” нашриёти очилмади?.. Сабаби, юртимизда замон талаблари даражасида спорт ноширлари тайёрлаш тизими яратилмаган (ношир ва спорт ношири бошқа-бошқа эканлигини унутмайлик).

Спорт ношири деганда, кўз олдимга Соат Мусаев келади. У ҳам спортга ихлоси баланд бўлгани учун умр бўйи жисмоний маданиятга тааллуқли воқеаларни теран кузатиб, таҳлил қилиб, ҳаёт университетида таҳсил олди. Орттирган билими, тажрибаси “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётида ишлаган даврида қўл келди. У жисмоний маданиятга оид қандай мақолалар тайёрланиши кераклигини аниқ биларди, шундай мақолаларни ўзи ёзарди ёки мутахассисига буюртма берарди, уларни таҳрир қиларди, ҳатто рақамларни, далилларни, номларни тузатарди. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг ўн икки жилдида жисмоний маданиятга оид мақолалар пишиқ-пухта чиқишида унинг хизматлари беқиёс. Жисмоний маданиятимизнинг турли соҳаларини қамраб олган бундай мақолалар энциклопедияда 400 дан зиёд.

Албатта, спорт журналисти ва ношири бўлиш учун фидойилик керак. Бироқ юртимизда спорт журналисти ва ношири тайёрлаш тизими замон талаблари даражасида такомиллаштирилса, янада яхши бўларди. Шундай олий даргоҳларда таҳсил олган спорт журналисти ва ноширларининг янги авлоди “Спорт” газетасини қайта очарди, “Жисмоний тарбия ва спорт” нашриётини ташкил этарди. Улар ­тайёрлаган материаллар, чоп эттирган газета ва китоблар юртимизда жисмоний маданият тарғиботини янада юксалтирарди. Бу халқимиз саломатлиги мустаҳкамланишига, спортчиларимизнинг оламшумул ғалабалари кўпайишига замин яратарди.

Шу ўринда атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг ибратли ҳикматини эсга олайлик: “Йўлнинг интиҳосини кўрай деганлар уни босиб ўтишлари лозимдир”. Ҳа, ҳар биримиз жисмоний маданият оламимизга назар ташлаш билан кифояланмасдан, уларни таҳлил қилишимиз, тегишли хулосалар чиқаришимиз ва соҳани янада юксалтириш чораларини излашимиз даркор. Шундагина жисмоний маданият соҳасидаги ҳамма ишларимиз жойида бўлади.

Асрор МЎМИН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan