Китоб — маънавий таянч

Маълумки, кейинги йилларда янги авлод юзага келди, бу табиий жараён: умр ўтаверади, авлодлар алмашаверади. Тажрибалар кўрсатадики, ҳар бир авлоднинг ўз қиёфаси, тақдири, вазифалари ва дунёқараши бўлади, йиллар силсиласида бу белгилар ўзгаришга учраб, умумийлик касб этади ва юзага келган манзара “авлодлар қиёфаси” деб юритилади. Мана, мустақиллик давронида бир асрнинг учдан бири ўтди. Табиийки, йиллар ўз мазмуни ва моҳиятини авлодлар қиёфасида намойиш этди. 33 йил бир авлоднинг ҳаёт саҳнасида бўй кўрсатиб, иккинчи авлоднинг юзага келиши учун етарли (олимлар 25-30 йилни бир авлод умри деб ҳисоблайдилар). Бинобарин,  ўтган йилларни ана шу мезонлардан келиб чиқиб кузатсак, қизиқ манзарага гувоҳ бўламиз.

Агар 45 ёшни “умр ўртаси” (машҳур шоир Абдулла Орипов ибораси) деб ҳисоблайдиган бўлсак, бу 1978 йил туғилганлар чекига тушади. Ҳозир 40-50 ёшлар  (1973-83 йил туғилганлар)  жамиятни бошқараяпти, деб  тасаввур қилсак, уларнинг катта авлоди умр ўртасини аллақачон забт этгани кўриниб турибди. Бу авлоднинг ўзига хос “босиб ўтган йўли” ва шунга мос қиёфаси бор, албатта. Аввало, ўтган йиллар, мактаб даврини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бу авлод учун  тоталитар тузум ва мустақилликнинг чорраҳаси ҳисобланади. Шу йилларда рўй берган воқеалар (“социализмнинг ривож­ланган босқичи”, “қайта қуриш” шовқинлари,  Шароф Рашидовнинг вафотидан кейинги алғов-далғовлар, мустақиллик учун кураш, унинг илк йиллари) бу авлоднинг бола зеҳнида у ёки бу даражада акс этгани табиий.

Улар мактабга қадам қўйган 1980-87 йилларни яхши эслайдилар. Мазкур давр таълимда шўро тартиблари қатъий жорий қилинган, барқарор йиллар эди. Кейинчалик тизимда шаклланган умрини ўтаб бўлган қарашларни мус­тақиллик мафкураси билан тафтиш қилиш, изланишлар (айниқса, дарсликлар борасида) даври бўлди. Унинг энг катта, эсда қоладиган воқеаси – олий ўқув юртларига тест синовларининг жорий этилиши билан якунланди. Бу авлоднинг олдинги қатори  мустақил ҳаётга қадам қўйган йиллар жиддий ўзгаришлар (айниқса, эркин иқтисодиётга ўтиш, хусусий мулк­нинг пайдо бўлиши,  хусусан, миллий валюта борасида) бўлгани рост. Воқеалар ривожи жамият жиддий ўзгаришларга муҳтож эканини ва бундай ўзгаришлар кутилаётганини кўрсатарди.

Шундай ҳам бўлди: миллий валюта жорий этилди (1994 йилда), олдинроқ эса лотин ёзувига ўтиш бошланган, таълимда коллежлар тизими йўлга қўйилган эди.  Биз бир қур санаб ўтаётган бу янгиликлар ҳаётга қандай силкинишлар (ижобий маънода) олиб киргани, рельсдаги вагонларнинг ҳаракати тезлашиб кетганини катта авлод яхши билади. Албатта, ижтимоий ҳаётдаги бундай туб ўзгаришларни мустақиллик талаби, ўз йўли ва аъмолини излаш тарзида баҳолаш лозим. Негаки, дунё ҳамжамиятига суверен давлат сифатида қадам қўйган юртимизнинг ўз тараққиёт йўли, бош­қаларга ўхшамаган қиёфаси бўлиши керак эди.

Ана шу янгиликлар, ўзгаришларнинг “нашъу намолари”дан баҳраманд бўлиш, уларнинг таъмини татиб кўриш эса 1-авлоднинг фарзанд­лари чекига тушди. Таъбир жоиз бўлса, ҳозирги 20-30 ёшлилар шу иқлимда шакл­ландилар, улғайдилар (уларнинг олди вакиллари болалари 2005 йилда мактабга борган бўлишса, бу йил битиришга улгурди ҳам). Хуллас, бугун катта эволюцион-революцион йўлни босиб ўтган  инсонларнинг навбатдаги авлоди ҳаёт саҳнасига чиқди. Хўш, улар тарихи билан етарлича (баъзан меъёридан ортиқ) мақтанадиган, йиллар давомида бошидан не бир сир-синоатларни ўтказган халқимизнинг юкини янги манзилларга олиб ўта оладими? Саволни шу тарзда қўйишга маънавий ҳаққимиз бор, деб ўйлайман.

Муҳокамани “ерга тушиб” давом эттирайлик. Жиддий ўзгаришлар (тест синовларининг жорий этилиши, лотин алифбосига ўтиш, коллежлар тизими) қандай натижа бергани (бераётгани) ҳозирги ҳар бир маълумотли одамга маълум.  Мақсадимиз – бу ҳолатни таҳлил қилиш эмас, балки яқин кунларимизни эсга олиш билан бугун шаклланиш босқичида турган (мус­тақиллик йилларида туғилган ва улғайган) авлоднинг маънавий қиёфаси, феъл-атвори ва муаммолари ҳақида умумий тарзда мулоҳаза юритишдир. Зеро, дастлабки хулосалар бу борада жиддий муаммолар тўпланиб қолганини ва кечиктирилмас чоралар кўриш зарурлигини тасдиқламоқда.

Агар бу авлод қиёфасини тўлароқ тасаввур  қилиш керак бўлса, ички жараёнлар билан бирга ташқи омилларни ҳам ҳисобга олиш керак бўлади. Булар: дунё ривожланиши билан боғлиқ компьютер техникалари ва  қўл телефонларининг кириб келиши, аксарият оталарнинг четга ишлашга кетиши оқибатида бола тарбияси ва таълими уйда оналарга, мактабда эса аёл ўқитувчиларга қолиб кетгани,   таълим сифатининг пасайиши, оила муҳитининг ночорлашуви, олий таълимда порахўрликнинг авж олиши ва буларнинг оқибатида малакасиз ходимларнинг етишиб чиқиши –  кейинги йилларда юзага чиққан ижтимоий воқелик манзараларининг бир қисми, холос.  Ва вазият ҳамма иллатларнинг жам бўлиб, болалар ўртасида ҳам, катталар ўртасида ҳам, умуман, жамиятда китобхонликнинг барбод бўлишига олиб келиши билан якунланди, деб хулоса чиқариш мумкин.

Энди ана шундай муҳитда улғайган ҳозирги авлоднинг маънавий қиёфасини кўз олдимизга келтирайлик.  Кузатишлар ва таҳлиллар, жамоатчиликнинг фикри кўрсатаяптики, ҳозирги болалар феъл-атворида контраст (зиддиятли) ҳолатлар кўзга ташланади (бу ҳол, балки жамият қиёфасининг тўла шаклланмаганидандир). Бир томонда оилада мукаммал тарбия, тиллардан хабардорлик, дунёга чиқиш кўзга ташланса, бир қисмда (балки озчиликдир) раҳмсизлик, қўполлик, тошбағирлик намоён бўлмоқда. Ана шулар  жиддий  муаммоларни муҳокама қилиб, ўзича хулоса чиқаришга қобил эмас, бунинг ўрнига ҳовлиқма.  Ҳаётга ва ўз турмушига енгилтаклик билан қарайди (оилавий ажралишлар…), эътиқодсиз. Телефон орқали  тушунчалари айниган, фаҳшдан уялмайди… Бунинг устига ғурурсиз, ориятсиз. Боз устига қалби мудроқ, юморни тушунмайди, ҳақиқий санъат асарларидан завқланишни, гўзалликни қадрлашни билмайди… Албатта, бу фикрлар манфаатдорлик асносида келажакдан хавотир олиб, бироз эҳтирос билан билдирилган ташвишлар бўлиши мумкин, аммо ҳар бирида асос борки, комил инсон учун бундай қусурларнинг биттаси ҳам ортиқча.

Хуллас, “уларнинг ижобий фазилатларини санашга бармоқ ҳам кўплик қилади, аммо иллатлари сон-саноқсиз”, дейишади кўплаб замондошларимиз. Афсуски, бу ҳақиқат, ундан кўз юмиш мумкин эмас. Агар гапни чуқурлаштираверсак, кўнгилни айнитадиган кўплаб нохуш ҳодисалар келиб чиқадики, яхшиси, ҳозирча улар ҳақида эмас,  нуқсонларни тузатиш борасида қайғуриш муҳимроқ.

Албатта, “Ҳар қандай дарднинг давоси бор”, деганларидек,  келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни бугунги  давр талаблари даражасида камолга етказишнинг йўллари ҳам аниқ. Шу ўринда “Айиқнинг бешта қўшиғи бор, бешаласи ҳам олхўри ҳақида” деганларидек, мен ҳам яна бир бор китобхонликни ёдга солиб қўймоқчиман. Мабодо вазиятни ўнглашнинг энг одми, осон йўли чинакамига китобхонликни йўлга қўйиш  эмасмикан?! Ҳолбуки, бу тизим бутунлай издан чиқиб кетган, яхши китоблар кам, китоб савдоси тўхтаган ва ҳоказо.

Мактабларда китобхонлик юзаки йўлга қў­йилган, болаларга 1-синфданоқ китоб ўқиш малакаси сингдирилмайди ёки китобхонлик кўникма, одат ҳолида шакллантирилган эмас. Ахир китобхонлик мактабда сингдирилади ва оилада ривожлантирилади-ку. Тажрибалар  шуни тасдиқлайдики, боланинг зеҳни энди очилаётган мурғак пайтида китобга меҳр  уйғотилмас экан, кейин бу юмушни эплаш мушкул бўлади.  Худди қуриган ёғочни қайириш қийин кечганидек, одамнинг ёши улғайгач, китобга бўйин эгиши  оғирлашиб бораверади. Демак, мактабнинг энг муҳим вазифаларидан бири – болани китобхон қилиб тарбиялашдир!

Катта авлод хотираларида яшаяптики, бир вақтлар мактабда китобхонлик қандай йўлга қўйилган эди?! Билим масканида кутубхона мунтазам ишлаган, дарсларда мутолаага жиддий эътибор берилган, ҳар ҳафта ўқилган китоблар сўралган, муттасил китобхонлар йиғинлари, рағбатлантиришлар… Ҳар куни  кичик синфлар 1 соат, ўрта синфларнинг 2 соат, катта синфларнинг 3 соат китоб ўқиши  одат тусига кирган… Ҳозир аҳвол қандай экан? Телефонга ружу қўйиш ҳам, ҳар хил салбий қилиқлар ҳам китобдан узоқлашиш туфайли юзага келмадимикан? Агар мактаб таълимида китобхонлик аъло даражада йўлга қўйилса, кўп нарса ўз-ўзи­дан ҳал бўлиб кетади, турли ислоҳотларга, янгича ёндашувларга кўп ҳам ўрин қолмайди. Бу ҳаёт ҳақиқати, йиллар давомида тасдиқланган ҳақиқат.

Китобхонликнинг энг муҳим фазилатларидан бири — кишини эркин фикрлашга ўргатади. Табиатан ўзига эркинлик (китоб ўқиш  мисолида эркин фикрлаш)ни  юқтирган одам ўз олдига аниқ мақсад қўйишни билади (маълумки, кўпчиликнинг ҳаётдан мақсади бўлмайди, шунчаки “туғилиб қолгани учун” бошқаларга тақлидан яшайверади), шу мақсадини амалга ошириш учун воситалар излайди. Изланишлар жараёнида эса мукаммаллашиб, улғайиб, камолга етиб боради.  Бу жараён унинг шахсини юксалтириб, майда туйғуларга, юзаки эътиқодларга, жумладан, буюм ва ашёларга тобе бўлиб қолишдан асрайди (аниқроғи — чалғитади) ва шу тарзда юксакликка чорлайверади. Кўп ишкаллар, масалан, бойликка ёки маишатга ўчлик чекланганликдан келиб чиқади. Бундай “ўчлик” эса айнан қуллик психологиясидир.

Фан тасдиқлайдики, қулдорлик бутун борлиғи билан ривожланган ва энг юқори чўққига чиққан қадимги Рим давлатида қулнинг муддаоси “қорин ва бошпана” ташвиши бўлган, холос. Бугун ҳам кўпларнинг ҳаловатидан воз кечиб, уйқусини ҳаром қилиб, ёлғон гапириб, ўзгаларни алдаб, эришадиган “чўққи”си — тўй-ҳашамлар, данғиллама уй-жойлар эмасми? Демак, минг йиллар ўтса ҳам қулликнинг моҳияти ўзгармаган, аммо мазмуни ўзгарган. Энди кўпчилик шунчаки “яримта нон ва бир пиёла сув” учун эмас, ҳафталаб давом этадиган маъракалар; шунчаки бошга пана бўладиган кулбалар учун эмас, бир неча қаватли ҳашаматли саройлар, ундаги базмлар;  қул чориқ билан кун кўрган бўлса, бугун қатор-қатор машиналар учун “яшамаяпти”ми? Югуриб-елиш­ларнинг таг-замини шу-ку. (Бу ёқда эса тобутдан икки қўли бўш кетаётган Александр!) Якун: ана шу икки зиддиятли ҳолатни ақл билан тушуниш воситаси – бебаҳо хазина  ҳисобланмиш китоб. Бу ҳол ҳам минг йиллар синовидан ўтган ҳақиқат!

Ҳа, боқий ҳақиқатлар ҳеч қачон эскирмайди. Худди ҳар тонг қуёшга пешвоз чиқиш билан ерда ҳаёт бошланганидек, энг жиддий муаммолар ечимининг асосида ҳам оддий ҳақиқатлар асқатади. Дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини дадил кашф этиб бораётган юртимизнинг келажаги эса ҳар томонлама баркамол авлодларга боғлиқ. Бу – бугуннинг ҳақиқати. Ана шундай оламшумул вазифани эса кечаги қолип­ларга тушмайдиган, дунёга очиқ кўз билан қарайдиган, эркин тарбияланган ва аниқ мақсадлар билан яшаётган, ўз йўлини мустақил инкишоф этадиган авлодгина бажара олади.

Бугун фарзандларимизнинг дунёнинг исталган мамлакатида ўқиши, ишлаши эртак бўлмай қолди. Катта издиҳомларда эса ҳаётий фаолияти ташқи ва ички маиший (“қорин ва буюм” ташвиши) шарт-шароитларга бўйсунмаган, уларнинг тазйиқларига  қарам бўлмаган, майда эътиқодларга-ю, кўз қарашларга тутқун бўлиб қолмаган,  эркин тарбияланган мустақил шахсларгина ўз ўрнига эга бўлади, ҳар қандай шароитда ҳам Ватан, миллат манфаатларига содиқ қолади.  Муҳтарам Президентимиз ҳам ана шундай фидойи фарзандларни тарбиялаб вояга етказишни вазифа қилиб қўймоқда.  Демак, юксак ишончни оқлаш учун юксак масъулият билан яшаш замони!..

Ҳаким САТТОРИЙ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =