Тушларинг тарқалар қорли изларда

Манзара

Туманли оқшомни қўмсайди йўллар,

Жийдалар шохида қор учқунлари.

Орқада қолади қўл етмас йиллар,

Юракка чўкади умр тугунлари.

 

Қиш аёзи эса тоза, ёқимли,

Кунлар қисқаради, йўл эса узоқ.

Дарчаларда қотиб қолган муз синган,

Тим-тим томаётган томчида титроқ.

 

Илиққина мўъжаз уйнинг тўрида,

Хонтахтада  турган чой совиб қолган,

Ташқарида оппоқ катта сўрида,

Шамол гувлаб қалин қорни савалар.

 

Буғдойи ўрилган далалар яйдоқ,

Ғарамланган пичан сочилиб ётар.

Оппоқ бузоқчалар қорга қўшилиб,

Янги из қолдириб подага чопар…

Янги умр Мўйноқда

Орол кетма, умид келди, Мўйноққа,

Янгиланган умр келди, Мўйноққа.

Янги йўллар, янги жаннат овуллар,

Янги орзу, меҳр келди, Мўйноққа.

 

Саксовуллар салом берар тонгларга,

Янги қўшиқ туғилади тонгларда.

Қора маржон, оқ маржонлар отилиб,

Устюрт бахти очилади тонгларда.

 

Сув бўйида бошин эгар оқ қамиш,

Ўн бармоққа ўн ҳунардир кўк қамиш.

Бахтин тиклаб янгиланган Мўйноқнинг,

Тузлар кетиб, ярқирайди оқ қамиш.

 

Осмонида учар ўрдак ғозлари,

Кенгликларга ёзилади ёзлари.

Қўбиз, дутор, достонлари янграса,

Қайта туғилади Ажиниёзлари.

 

Истиқлолнинг имконига эл рози,

Сув, ҳавоси, ёвшан, чечак гул рози.

Бундай улуғ бахтни берган Мўйноққа,

Президентдан Орол, Устюрт — Эл рози.

Бурч

Йўқотишлар кўпдир ҳаётимизда, 

Қадрлаб билдикми ҳар онимизни.

Нени йўқотсак ҳам топилар бир кун,

Топилмас, йўқотсак виждонимизни.

Нимани унутмоқ бўлсак унутдик,

Гоҳ масъулият, гоҳо бор кучимизни.

Аммо унутмоқлик оғир гуноҳдир,

Ватан олдидаги ўз бурчимизни.

Сўзлар титроғи

Ҳаётни севасан,

У сенга ёнишни ўргатди.

Шу гулхан чўғидан куч олди умид.

Ёлғиз қолган лаҳзада безовталик,

Фикр уйғотди…

Фикрлар уйғонди   ичда ўт ёқиб,

Қадамлар кучланди дарёдай оқиб.

Баъзан ичда  тўфон қўзғолди,

Чақилган гугуртни ўнта бармоғинг

Бирикиб шамолдан тўсгани каби.

Яхши ўйлар билан тўса олдинг

Бу тўфонларни…

Бу фақат бир лаҳза,

Шу лаҳзада сени ҳеч ким

Кўришини истамас, кўнглинг —

Бу фақат сенга тан,

Сенга буюрилган…

Сен ўтларда ёнаётган маҳал,

Сени изламасин дўстинг, ўртоғинг, 

Бу сенинг илҳоминг азоби,

Бу сенинг  сўзларинг титроғи.

Қиш

Яна қиш келди,

Қор майин ўради йўлларни яна.

Сўқмоқларда қолди оёқ излари,

Яна совуқ, аёз қилар тантана.

Совуқ лаҳзаларга  ўрнашар хаёл,

Уйқусиз тунларда умидлар  уйғоқ.

Қор билан айланиб  чирпирак бўлар,

Хазондан сирғалиб учган ҳар япроқ.

Унга бегонадир қиш манзараси,

У гўё  йўловчи ҳорғин, дарбадар.

Қорга чизиб борар кўнгил номасин,

Нурларга урилар юлдузлар қадар.

Деразадан чироқ нури порлаган,

Кирсами уйларнинг остонасига.

Боғларми узоқда уни чорлаган,

Қорлардан ясалган кошонасига.

Япроқ яна юзин қорларга босар,

 Қорбўрон рақсидан чарчайди хаёл.

Ва яна боғларга   юборар хабар:

“Мана кетаяпман, мени кутиб ол!”

Тилак

 Сени чорлаганда тун чироқлари,

Сокин кўчаларга изларинг тушсин.

Кўзингда дийдираб дил сўроқлари,

Суратин сўқмоққа чизади тушнинг.

 

Тушларинг тарқалар қорли изларда,

Бутоқларга кўчар шода маржонлар.

Қорхатлар ёзишган ҳурдай қизларнинг

Қонида жўш урар ҳис-ҳаяжонлар.

 

Ҳеч қачон бу  қадар   бўлмаган сўлим,

Қадрдон Нукуснинг хиёбонлари.

Қирмиз деворларнинг нақшинкор гули,

Гўё бошимизнинг соябонлари.

Олтинланар ойнинг оппоқ ранггида,      

Устида муз қотган кумуш арчалар.

Соат милларининг майин бонги-ла,

Янги кун бахт тилаб келар барчага.

 Менинг орзуларим улғайган шаҳар,

Сенга тонг, менга янги ҳаёт муборак.

Ҳаётинг ўчмасин мангулик қадар,

Ҳар лаҳзанг яратсин минг яхши тилак…

Гулистон Матёқубова,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Муаллиф ҳақида: Гулистон Матёқубова — таниқли шоира, сиёсатшунос. Олий Мажлис Сенати аъзоси. “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси Бош муҳаррири.

“Бахт келтирган баҳор” (1979 й.), “Ҳаяжоннинг етти ранги” (1982 й.), “Ойдин остона” (1983 й.), “Севиб қолсин” (1985 й.), “Земля отцов” (1986 й.), “Юрак билан юзма-юз” (1987 й.), “Нурли кунлар” (1988 й.), “Прекрасное чувство” (1989 й.), “Айтгин менга Тўрткўл ҳақида” (1993 й.), “Мен сен учун яшаяпман” (1993 й.),  “Интизорлик” (1995 й.), “Йўлларингга чиқдим” (1997 й.), “Дарёга ботаётган қуёш” (1998 й.), “Излаганларим” (2000 й), “Ойбалдоқ” (2001 й.), “Муҳаббат юрти” (2002 й.), “Қалб зураати” (2004 й.), “Қайтмоқ учун кетмоқдаман” (2007 й.) “Ватан руҳи” (2011 й.), “Ота уйим” (2014 й.), “Избранное” 2-томлик (2015 й.), “Уйғониш нашидаси”, (2016 й.) “Гулойим” каби китоблари ҳамда “Келин”, “Ота”, “Қўбиздаги юрак”, “Қуёш учун ёки само садолари”, “Айтгин менга Тўрткўл ҳақида”, “Мен нечун севаман боғларни кузда” каби ўндан зиёд достонлари нашр этилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 14 =