Созим
Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири
Мен шоирман,
Истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим,
Бировлардан олмадим туйғу,
Ўзгага ҳам бермам овозим.
Мен куйладим — гоҳ дилда кадар,
Гоҳ севиниб шеър тўқийман мен.
Тингламаса ўзгалар агар,
Ўз-ўзимга шеър ўқийман мен.
Мен куйладим ушбу оламда
Инсон бўлиб туғилганимни.
Мен куйладим баъзан аламда
Йиғлаб-йиғлаб бўғилганимни.
Мен куйладим бу олам аро
Собит турган халқимни фақат,
Мен куйладим ўтмишнинг қаро
Зулматида йўқлигин шафқат.
Керак бўлса, амр этса юрак,
Келтирурман умримга имон.
Менинг учун на таъзим керак,
На ҳалвойтар каби шуҳрат-шон.
Шайдо бўлиб юрганда бирдан
Хаёлимга ташламанг каманд.
Мижғов ва паст, ғийбат гаплардан
Жажжи шеърим қўюрман баланд.
Хаёл каби кенг эрур олам,
Майда гапни кўтармагай шеър.
Керак бўлса менинг учун ҳам
Жавоб берар бобом Алишер.