Қалбимда ниш урди умид чечаги

Юсуф ЗИЁД

Муаллиф ҳақида:

Юсуф ЗИЁД — 1965 йили Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғида туғилган. 1990 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) нинг ўзбек филологияси факультетини тугатган.

“Меҳрингга ташнаман”, “Руҳият манзаралари”, “Кун ва тун”, “Қаноатнинг қаноти” каби китоблари нашр этилган.

ҲОЛАТ

Гоҳида яшадим шодон ва хуррам,

Гоҳида қалбимни босиб келар ғам.

 

Гоҳида топдим мен эъзоз ва ҳурмат,

Гоҳида уни ҳам кўп кўрди қисмат.

 

Гоҳида маст бўлдим ишқнинг майидан,

Гоҳи куй тингладим ҳижрон найидан.

 

Гоҳида сурурнинг бағрида учдим,

Гоҳида қалбимни тингламас ҳеч ким.

 

Гоҳ ҳорғин дилларга изладим малҳам,

Гоҳида қийналдим дарддан ўзим ҳам.

 

Гоҳи ўртанаман, дунё бунча тор,

Гоҳ юпанч бўласан, яхшиям сен бор.

 

Гоҳ сени қўмсайман қилолмай тоқат,

Сен билан бахтлиман, сен билан фақат.

 

ТАСКИН

Кун келар, армонлар айланар тушга,

Умримиз тунлари нурга тўлади.

Булутлар дўнади энг гўзал қушга,

Ишон, турмушимиз ширин бўлади.

 

Ой ҳам бахтимиздан сўйлар у палла,

Самода энтикиб юлдуз кулади.

Эпкинлар шивирлаб айтади алла,

Ишон, турмушимиз ширин бўлади.

 

Аҳдимга ишон сен, меҳримга ишон,

Меҳрсиз чаманда гул ҳам сўлади.

Сенга дегим келар ҳар лаҳза, ҳар он:

Ишон, турмушимиз ширин бўлади.

ЛАЙЛОГА

Кунларни санайман, етмас бардошим,

Умрим ўтар гўё алаҳсиган туш.

На бир овунчим бор, на бир сирдошим,

Бугун сенсиз яна юрагим бўм-бўш.

 

Тунлар тентирайман сарсон, саргардон,

Умидларим вайрон, орзуларим хор.

Қалбимни ўртайди биргина ҳижрон,

Меҳрингга ташнаман, дийдорингга зор.

 

Излаб топганим шу – ўкинч ва алам,

Мени ўз бағрига чорлаган сароб.

На дўст топа олдим, на бирор ҳамдам,

Сенсиз турмушим ғам, аҳволим хароб.

 

Сен менинг суюклим, номус-оримсан,

Келгил, кел, ёнимдан кетма бир нафас,

Давлатим, шуҳратим, йўғу боримсан,

Сен ёнимда бўлсанг шунинг ўзи бас.

 

ЧЎЛПОН

Шафақ юзи бўялди қонга,

Саҳар чоғи отилди бир ўқ.

Кун билан тун ғарқ бўлди тонгда,

Оҳ, самонинг қуёши ҳам йўқ.

 

Зимистонга бурканди жаҳон,

Унут бўлди кеча ва кундуз.

Йиғлади ой, йиғлади осмон,

Қулаб тушди улкан бир юлдуз.

 

УМИД

Бир илиқ табассум, бир ишвали ноз,

Андуҳлар ортимда қолди кечаги.

Шунчалар сулувсан, билсанг, сарвиноз,

Қалбимда ниш урди умид чечаги.

 

Сенсиз ўз кўркини йўқотган боғим,

Яна гулга кирди, ишонгин, дилдор.

Сенинг дийдорингни қўмсаган чоғим,

Қайта туғилмоқда қалбимда баҳор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =