Даҳолик буржи

Унинг туғилиши таҳликали дамларга тўғри келганди. Соҳибқирон Амир Темур жануби-ғарбий Осиё мамлакатларида эмин-омонлик ва халоскорлик юришларини давом эттириб, Мордин қалъасининг фатҳида тўхтади. Буюк ипак йўлидаги шаҳар ва қалъаси савдо карвонлари йўналишида муҳим нуқталардан ҳисобланиб, унда ўрнашиб олган тўдалар йўловчиларга катта ташвиш орттирардилар. Қалъа муҳофазаси ҳам пухта ташкил қилинган бўлиб, қарийб уч ойдан бери дарвозаларини зафарнишон Самарқанд қўшинига очмай, мустаҳкам қаршилик қиларди.

Ниҳоят, жами кучлар сафарбар қилиниб, ҳал қилувчи юришга киришилди. Еру осмонни ларзага келтирган зарбага дош бера олмай алалоқибат қалъа таслим бўлди. Соҳибқирон ортиқ ғазабланган, бу жанг шафқатсиз бўлиши кутилаётганди. Аммо фалакнинг шафқат буржи заминга юз бурган эканми, вазият бутунлай ўзгариб кетди.

Султония шаҳридан хушхабар келтирганди (Соҳибқироннинг муваққат ўрдуси сафар асносида шу шаҳарда танда қўйганди). Толеи баланд амирзода Шоҳрух Мирзога Яратган тўнғич фарзанд ато этган — ўғил билан сийлаган эди. Бу хабар ҳазратнинг қаҳр билан тўлган қалбига шундай меҳр улашдики, борлиқни зеру забар қилиб ташлайдиган куч дунёни яшнатадиган қувватга айланди.

Соҳибқирон янги зурриётнинг дунёга келгани хабаридан бағоят шодланди, шу кайфиятининг суюнчиси сифатида қалъа мудофаачиларини кечирди, жами асирларни озод қилди. Соҳибқироннинг қалби қандайдир илоҳий нурдан мунаввар тортган, мурғак жон тимсолида ер юзига янги бир илтифот мушарраф бўлганини сезганди гўё. Қувончини дилбандга исм танлашда ҳам намоён этди, шуури билан ўтган сару сомон кунларини ёдига олди, яқинларини эслади. Қовоқлари тўлишиб, мижжаларига ёш қалқди ва тўпланган ашроф­­га тантана билан:

— Набирамизнинг исми Муҳаммад Тарағай бўлади, — деб эълон қилди. Таомил бўйича, зурриётларга Соҳибқироннинг ўзи исм қўйишига одатланган аҳли ҳашам ва аҳли ҳарам бу қарордан тўлғаниб кетди. Ҳазрат улуғ марҳамат кўрсатган, болажонга отасининг исмини нисор этган эди.

Ҳа, мўътабар бобонинг илтифоти бежиз бўлмаганини келар йиллар тасдиқлади. Ўша лаҳзалар инсон қавмининг толеи кулган, демак, қуёш кулган кун эди — ҳижрий 796 йил жумадул-аввал ойининг 19-куни (милодий 1394 йил 22 март)да бўлажак қомусий олим, фан тарихидаги ўн йирик алломанинг бири, қирқ йил салтанатни бошқарган ҳукмдор, Темурийлар сулоласининг ифтихори Муҳаммад Тарағай — Мирзо Улуғбек туғилган эди.

Кейинчалик ҳам Соҳибқирон бу набирасига алоҳида муносабатда бўлди. Аввало, унинг тарбиясига жиддий эътибор қаратди, гўдакни саройда мавқеи энг баланд малика — Сароймулкхоним ихтиёрига берди, баҳодир Шоҳмаликни эса отабеги (бек-атка) этиб тайинлади. Сафарлари асносида қадами етган жойлардан ноёб китобларни махсус саралаб, Улуғбек учун пойтахтга жўнатиб турди. Шаҳзода эсини танигач, юртдаги муқаддас қадамжоларни, муборак обидаларни бир-бир кўрсатди, Мароғада жойлашган Розий, Носириддин Тусий сингари, Элхонийлар давридаги энг йирик расадхоналарга ташриф ёш Улуғбекда ўзгача таассурот уйғотган бўлса керак, вояга етгач, асосий фаолиятини осмон илмига бағишлади.

Мирзо Улуғбекнинг шарафли умри шу тахлит йўналиш олди. У, бир сўз билан айтганда, бобосининг умиди, келажакка йўлчироғи эди…

Албатта, бу фахрли аждодимиз ҳақида турли жанрларда кўп битиклар ёзилган, фильмлар ишланган, саҳна асарлари қўйилган, ранг-тасвир намуналари яратилган, мусиқа асарлари басталанган ва бошқа санъат турларида унинг мадҳи васф этилган. Неча асрдирки, Улуғбекнинг шуҳрати маърифат аҳлини лол қолдириб келмоқда, иншооллоҳ, бу ҳол инсоният тамаддуни бўйи шараф билан давом этгусидир. Биз бу ўринда ана шу машҳур инсон ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ, нисбатан кам эътибор қаратилган нуқталарга диққатни тортишни мақсад қилдик.

Шуниси борки, яна бир бора таъкидлаш ноўрин бўлмас, Мирзо Улуғбек — Муҳаммад Тарағай бугунги кунда кўпроқ жамоатчиликнинг эътиборида бўлган Иккинчи Ренессанс деб юритилаётган тамаддунга пойдевор қўйган Соҳибқирон Амир Темурнинг тиззасида ўтирғизиб, эркалатиб улғайтирган набираси эди. Турмуш тарзимиздаги бу оддий ҳолатни (негаки, бобо дегани борки, набирасини тиззасига ўтирғизиб эркалайди-да, яна “Ҳуййо-оббо” — эркаклар алласини айтади!) атайлаб бўрттиришимизнинг боиси, ҳамма бобо ҳам Соҳибқирон эмас, Соҳибқирон бўлганда ҳам бирон Соҳибқироннинг набираси шон-шавкатда Улуғбекдек юксакликка кўтарила олмаган. Шу жиҳати билан мазкур бобо-набира мўъжизаси такрорланмасдир.

Бу давр инсоният учун нимаси билан қадрли, улар инсоният тамаддунига нима берди, деган саволлар қўйилса, ана шу икки зотни эслаш кифоя. Яна бир нодир жиҳат шундан иборатки, даҳоларнинг бири (Мирзо Улуғбек) бевосита буюк давлат арбоби Амир Темурнинг тўғридан-тўғри зурриёти — набираси. Ҳамма бойлар, ҳукмдорлар авлодининг машҳур бўлишини истайди, бироқ ҳаммага ҳам бу бахт насиб этмайди. Олмос қиррали истеъдод ва фаолият соҳиби Соҳибқирон Амир Темурга бундай толе ҳам насиб этганди!

Тарихдан маълумки, аллома ва ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти зиддиятлар ичида ўтган. Бу ҳол, аввало, унинг ҳаёт тарзи, у танлаган йўлнинг маҳсули эди. Яъни олим сифатида у эркинлик тарафдори эди, чунки тафаккур қанча эркин бўлса, илмда ва тахайюлда шунча кенг қамровни забт этади. Одми тасаввур оламидан ташқарига чиқмай, юксакка кўтарилмай, нарсаларнинг моҳиятини тўла ва теран англаш мумкин эмас. Фаннинг табиати ижодкорликни талаб қилади, ижоднинг бош шарти эса — эркинликдир. Шунингдек, ўзи эркин бўлмаган одамнинг тафаккури ҳам эркин бўла олмайди.

Ҳукмдорлик эса қарор топган ақидаларга амал қилишни, босиқ-вазмин яшаш тарзини тақозо қиларди. Гўё бир томон олов, иккинчи тараф эса сув эдики, бу қарама-қарши ўзанда оқиш осон эмас эди. Бундай ҳол эса мутаассиб зотларга, ақидапараст сарой амалдорларига ёқмаганлиги бор гап. Бу ҳол ҳатто катта-катта фитналарга олиб борган.

Улуғбекнинг фарзандлари ҳам “отасининг пешонасини терлатиб” қўйгани, яъни тинчитиб қўйгани йўқ. Катта ўғил Абдуллатиф гарчи истеъдодли бўлса-да, иззатталаб бўлиб вояга етди, ҳатто баъзи соҳаларда ўзини отасидан устун қўярди. Вояга етгач, бувиси Гавҳаршодбегимнинг муносабатлари туфайли аламзадалик кайфиятини орттирди. Кичик ўғил Абдулазиз эса эрка, тантиқ, маишатга ўч бўлиб ўсди.

Хуллас, бундай зиддиятлар йиллар ўтган сайин кучайиб ва чуқурлашиб борди. Жонли ҳаёт эса бу гулханга мой қуйиб турарди: турли кайфиятдаги ташқи кучлар таъсирида муносабатлар кескинлашиб бораверди. Гарчи Мирзо Улуғбек 40 йил муттасил подшолик қилган бўлса-да, умри давомида бетимсол илмий салоҳиятини ҳукмронликда, яъни давлатни бошқаришда тўла-тўкис намойиш эта олмади, офтобдек чароғон ақл шами сарой зулмати қуршовида хира тортиб, тафаккур ва истеъдод ҳокимият хуружлари қаршисида чорасиз қолди, яъни бир қинга икки қилич — олим ва подшолик сиғмади, бир қўлда икки кемани тутиб туриш имкони бўлмади.

Айниқса, Мирзо Улуғбек умрининг охирларида ихтилофлар жуда кескинлашиб кетди. Подшоҳни пойтахт Самарқандга киритишмайди (шаҳар ҳукмдор ўғли Абдуллатиф ва унинг тарафдорлари қўлида эди). Ҳатто Тошкент яқинидаги Шоҳрухия шаҳрида турган амакилар ҳам Улуғбек султонга илтифот кўрсатишмайди. Яна Самарқандга қайтиб боришади. Ниҳоят, Абдуллатифга инсоф кириб, отаси ва унинг ҳамроҳи, укаси Абдулазизни қабул қилади. Боғимайдонда “ота ва ўғил қучоқлашиб кўришадилар” (Бўрибой Аҳмедов), кечқурун зиёфат уюштирилади.

Абдуллатиф тўрда, отасидан юқорида ўтирди, аммо зиёфат совуққина ўтади. Улуғбек тахтни Абдуллатифга топширмоқчи, ўзи илм-маърифат билан шуғулланмоқчи эканини айтади. Қолаверса, мусулмончилик фарзларидан ҳаж зиёратига бориш мақсади борлигини маълум қилади. “Ота-бола суҳбати шу билан тугади. Балки кўп нарсалар тўғрисида гурунглашишга майллари бўлгандир, лекин гаплари қовушмади” (Б. Аҳмедов).

Кейинчалик маълум бўладики, айни лаҳзаларда тақдир ҳукми ўқилган, зимдан Улуғбекни бартараф этиш режаси ўйланаётган эди. Гарчи бу мудҳиш тадбир подшо Абдуллатифга маълум бўлса-да, у буҳронни тўхтатиб қолишга ожиз, деярли қаршилик кўрсатишга ҳам мойил эмас эди. Уни вақтинча тахтдан бўшатадилар, қадимги сарой одатларига кўра мўғуллардан Муғлуқ исмли кимса қўғирчоқ хон сифатида тайинланади.

Шаҳар аъёнлари иштирокида машварат чақирилади, унда Улуғбек тахтдан маҳрум қилингани, кимнинг унга даъвоси бўлса, хонга арз қилиши мумкинлиги айтилади. Сулдуз уруғидан Аббос деган девсифат йигит унинг отаси бегуноҳ қатл этилгани ва у хун талаб қилишини маълум қилади. Уламолар жамоаси даъвони муҳокама қилишга киришадилар. “Хон шаръан нима бўлса, шуни қилинглар, деб буюрди” (Абдураззоқ Самарқандий). Деярли ҳамма бир овоздан “қонга қон” одати Чингизхон ясоғида борлигини таъкидлаб, Аббоснинг талабини қондиришга овоз беради.

Фақат қозикалон Шамсиддин Муҳаммад Мискин қарши чиқиб, ислом шариатида бу ҳолат рад этилиши, нари борса, дийа (хун ҳақи)га тортилишини маълум қилади: “Ахир подшо кимнидир ўлимга маҳкум этган бўлса, эл-юрт эмнияти ва рифоҳияти деб қилғон. Модомики шундай эркан, у шариат олдида жавобгар эмасдур”. Аммо мажлис аҳлининг кўпчилиги фикрида қаттиқ туриб олади. Шуниси эътиборлики, манбаларда қайд этилишича, Мирзо Улуғбек машваратларида ҳам улар нуқул ҳукмдор тарафида бўлишар, фақат қозикалон Шамсиддин Муҳаммад Мискин кўп масалаларда талашиб-тортишар, подшога қарши чиқарди. Бу сафар ҳам ҳамма тахт эгасига қуллуқ қилаётганди. Шундай қилиб, фатвога жами қозилар муҳрларини босдилар, фақат қозикалон бу ишни қилмади. Барибир кўпчиликнинг фикри устун келди ва… қатлга фатво берилди.

Ҳижрий 853 йил рамазон ойининг еттинчиси (милодий 1449 йил 25 октябрь) куни Улуғбек ҳамроҳлари билан Самарқанддан чиқди. Боғишамолни ортда қолдириб, илгари юрганларида бир кичик қўрғонда уларни тўхтатадилар ва машъум ҳодиса рўй беради. Бу ҳақда тарихчи Мирхонд “Равзат ус-сафо” китобида аниқ гувоҳ — Абдуллатиф отасининг сафарига ҳамроҳ қилиб қўшган Муҳаммад Хисравнинг сўзлари билан батафсил маълумот қолдирган.

Ўша йилнинг 27 октябри машъум воқеа содир этилган сана сифатида солномаларда қора ҳарфлар билан ёзилди. Буюк олим Мирзо Улуғбекнинг қатл этилиши инсоният тарихининг энг машъум лаҳзаларидан бири эди. Шу дамда гўё қуёш куйганди. Аслида, қуёшнинг мавжудлиги водород ва гелий газларининг тинимсиз ёнишидан иборат кимёвий реакция. Куйиш (ёниш) қуёш учун (қуёшлик учун) одатдаги жараён, аммо “Обисужъ ариғининг бўйгинасида жойлашган кичик қалъада” (Б.Аҳмедов) рўй берган ҳодиса пайти, эҳтимол, қуёш юзи ҳам бир зум қорайгандир.

 

Аристолис ва Афлотун ва Битлимус ва Жолинус,

Риёзи ҳашт ва ҳикмат расад иксир ва Иқлидис.

Али Сино ва Файлақус, Арасту ва Абу Маъшар,

Бадиъи ва саноиъун сенингдек билмоди онлар.

Фалак йиллар керак сайр этса ва келтурса илкига

Менингдек шоири турки, сенингдек шоҳи донони,

 

деб ёзганди Улуғбекнинг замондоши шоир Саккокий. Замонлар оша вақт ҳукмини рад этиб, бундай таърифу тавсифлар мангу яшайверади.

Яна Мирзо Улуғбекнинг номини мангуликка муҳрлаган омил илмий кашфиётлари, айниқса, “Зижи жадиди Кўрагоний” асари бўлди. “Зиж”ни яратиш учун подшоҳ ва аллома бутун имкониятини йўналтирди, дейиш мумкин. Умуман, осмон ёриткичларининг жадвалини тузиш анъанаси мавжуд бўлиб, “Ердаги ҳар қандай ўзгариш олдин фалакда маълум бўлади” тарзидаги космогоник қарашнинг натижаси эди. XV асргача ер юзидаги расадхоналарда Клавдий Птолемей (100-170 йиллар, Миср) ва Кастилия қироли Альфонс Х (1221-1284 йиллар) тузган жадваллар обсерваториялар учун асосий қўлланма ҳисобланарди. Шарқда ҳам “Зиж”лар тузилган, фақат улар Птолемей “Альмажиста”сидан афзал бўлмаган.

Самарқандда, Обираҳмат ариғининг бўйида бунёд этилган расадхонада қарийб 30 йил давомида олиб борилган кузатишлар натижасида тузилган Улуғбек “Зиж”и ҳар жиҳатдан мукаммал эди ва шу жиҳати билан тез шуҳрат қозонди. У форс тилида ёзилган, кўп ўтмай, араб ва турк тилларига таржима қилинган. Кўп олимларнинг саъй-ҳаракати билан ундан парчалар (амалий эҳтиёж ва зарурат нуқтаи назаридан) Европа тилларига ўгирилган, бундай юмуш 1638 йилдан 1917 йилгача давом эттирилган. Асар 1994 йилда профессор Ашраф Аҳмедов томонидан рус тилига таржима қилинган.

“Зиж” икки катта бўлимдан иборат бўлиб, “Муқаддима” ва “Асосий қисм” (4 боб)дан ташкил топган. Дастлаб анъанавий ҳамду наът (Аллоҳ ва пайғамбарлар мадҳи) ва Қуръони каримдан хос оятлар келтирилади. Сўнгра асарнинг ёзилиш йўсини, унда иштирок этган олимлар — устоз Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, “фарзанди аржуманд” (Улуғбек шогирдини шундай деб атайди) Али Қушчи ва бошқаларннг хизмати тилга олиб ўтилади. Асосий қисм (1-бўлим 7 боб, 2-бўлим 22 боб, 3-бўлим 13 боб, шу бобда 1018 юлдуз ҳолати акс этган жадвал келтирилган, 4-бўлим 2 боб) — жами 44 қисмдан тузилган бўлиб, уларда эралар, мучал ҳисоби, ҳандаса, математика фанлари, илми нужум ҳақидаги олимнинг қарашлари ифодаланган.

Асарнинг кўплаб қўлёзмалари ва нашрлари ер юзи бўйлаб тарқалган бўлса-да, тўла ҳолда бирор замонавий тилга таржима қилинмаган ва мукаммал тадқиқ этилмаган. Жумладан, унинг ўзбекча таржимаси ҳам тўлиқ ҳолда мукаммал амалга оширилмаган.

Мирзо Улуғбек ўз кашфиётлари билан Ернинг Қуёш атрофида айланиш даври — йил ҳисобини ўта аниқликда — 365 кун 6 соат 10 дақиқа 8 сония эканини ҳисоблаб чиққанди. Бу ҳозирги ҳисобдан бор-йўғи 58 сония, (бир дақиқа ҳам эмас!) фарқ қилади. Замонавий илм-фан Мирзо Улуғбекнинг хизматларидан космик парвозларни тайёрлашда ҳам фойдаланишган.

Илмда шундай юксак даражага эришган алломанинг номи мангуга қадар барҳаётдир!

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =