Текин пишлоқ

ёки онлайн фирибгарликлардан эҳтиёт бўлинг!
Глобал ахборот майдонида кибермакон билан боғлиқ янгидан-янги таҳдидлар юзага келмоқда. Виртуал оламдаги ҳужумлардан ҳимояланиш масаласи дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётир.
Дунё бўйлаб ҳар йили 500 миллиондан ортиқ киберҳужумлар уюштирилади. Ҳар сонияда 12 нафар инсондан бири кибермаконда содир этилган ҳужумлар қурбонига айланади. Франция, Англия, Америка Қўшма Штатлари, Германия, Бельгия, Люксембург каби ривожланган давлатларда жиноятларнинг 60-65 фоизи киберҳужумлар орқали содир этилмоқда. Ўзбекистонда ҳам сўнгги уч йилда киберҳужумлар туфайли жиноятлар 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етган. Хусусан, ноқонуний банк-молия операциялари орқали ўзгаларнинг пластик картасидаги маблағларни ўзлаштириш, зарарли вируслар тарқатиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, диний ақидапарастликка қаратилган ахборот хуружлари, онлайн савдо майдонидаги фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бормоқда.
Республикамизда виртуал оламдаги қонун бузилишларининг аксарияти 16-23 ёш оралиғидаги ўсмир-ёшлар томонидан содир этилаётган экан, киберхавфсизликни таъминлаш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб.
Интернет ва молиявий технологиялар ривожланиши билан фирибгарлик схемалари ҳам урчиб бормоқда. Ҳар бир сармоядор хавфсиз инвестиция қилишни хоҳлайди, лекин нотўғри қарорлар ва фирибгарлик схемалари катта молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Келинг, инвестицияда фирибгарликдан ҳимояланиш усуллари, энг кўп учрайдиган қаллоблик схемалари ва хавфсиз сармоя қилиш стратегияларини батафсил кўриб чиқамиз.
Инвестиция фирибгарлиги нима ва у қандай ишлайди?
Инвестиция фирибгарлиги — бу одамларни ёлғон ваъда билан сармоя киритишга мажбурлаб, уларнинг маблағларини ўғирлаш усулидир.
Энг кўп учрайдиган инвестиция фирибгарлиги турлари қуйидагилар:
- Понзи схемаси (“Ponzi Scheme”)
Бундай фирибгарлик тизимида янги сармоядорлардан тушган маблағлар аввалги сармоядорларга тўланади. Ҳақиқий инвестиция йўқ, фақат пул айлантирилади.
Белгилари: “Кафолатланган фойда”, “Ҳеч қандай таваккалчилик йўқ”, “Чекланмаган даромад” сингари ёлғон ваъдалар берилади.
- Пирамида схемаси (“Pyramid Scheme”)
Бунда янги қўшилган сармоядорлардан тушган маблағлар юқори даражадаги аъзоларга тўланади.
Бу схема қоидасига кўра, ҳар бир янги иштирокчи янги одамларни жалб қилиши керак. Ҳақиқий маҳсулот йўқ, фақат одам жалб қилиш орқали даромад ваъда қилинади.
- Фирибгар брокерлар ва трейдинг платформалари
Бу тизимда ёлғон трейдинг платформалари ва брокерлар инвесторлардан маблағ йиғиб, уларни ўғирлайди.
Лицензия йўқлиги, тўловларни олишдаги узлуксиз муаммолар, фирибгарлик ҳақидаги шарҳлар унинг асосий белгисидир.
- Фейк криптовалюта ва “ICO” (“Initial Coin Offering”) лойиҳалари
Ёлғон криптовалюта ва “DeFi” лойиҳалари сармоядорларни алдайди.
Бунда ҳам лицензия йўқлиги, ҳеч қандай ҳақиқий технология ёки ишлаб чиқариш мавжуд эмаслиги фирибгарликнинг асосий белгилари ҳисобланади.
- Фишинг (“Phishing”) ва шахсий маълумотларни ўғирлаш
Фирибгарлар сармоядорларнинг шахсий маълумотлари (банк карталари, ҳисоб пароллари)ни турли йўллар билан қўлга киритиб, маблағларини тортиб олади.
Белгилари: ёлғон веб-сайтлар, электрон почта орқали алдаб ўтказиладиган хабардорлик.
Фирибгарликдан ҳимояланиш учун асосий ТАВСИЯЛАР
Аввало, ҳар қандай сармоя имкониятини таҳлил қилинг:
— инвестиция лойиҳасини текширинг: компания, платформа ёки фонд ҳақида маълумот олинг;
— лицензия ва регуляторни текширинг: брокер ёки инвестиция платформасининг рухсатномаси бор-йўқлигини билинг;
— ҳақиқий бизнес моделини ўрганинг: агар компания даромаднинг қаердан келиши ҳақида аниқ жавоб беролмаса, эҳтиёт бўлинг, фирибгарлар тузоғига тушиб қолманг.
Инвестиция лойиҳасини қуйидаги веб-сайтлар орқали олдиндан текшириб олиш ҳам сизни фирибгарлар тузоғидан ҳимоялайди:
* “SEC” (АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси)
* “FCA” (Буюк Британия Молиявий назорат органи)
* Капитал бозори агентлиги (Ўзбекистон)
Айни пайтда интернетда “Ҳеч қандай таваккалчилик йўқ!”, “Кафолатланган 50 фоиз даромад ҳар ой!”, “Бир ойда бой бўлиш имконияти!” сингари жуда юқори фойда ваъда қилувчи платформалар жуда кўпайган.
Шуни билингки, ҳақиқий инвестицияда ҳеч қандай юз фоиз кафолатланган фойда йўқ. Фирибгарларга алданмаслик учун доимо акция, облигация, ЭТФ ва криптовалюта бозорини ўрганиб боринг.
Юртдошларимиз кўп дуч келаётган пластик картадан маблағ ўғирланиши яъни пластик карта фирибгарлиги — бу банк карталари ёрдамида амалга ошириладиган молиявий фирибгарликдир. Бу шахсий маълумотларни ноқонуний йўллар билан қўлга киритиш ва улар орқали пулларни ўзлаштиришни ўз ичига олади. Фирибгарлар, одатда, фуқаронинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини банк ёки тўлов тизими ходими деб таништиради. Бундай шахслар мижознинг мобиль иловаси бузилгани, банк картаси блок ҳолатига тушгани, картадан ноқонуний пул ечиб олишга уринишлар бўлаётгани ва шу каби турли уйдирмаларни тўқийди ҳамда агар дарҳол чора кўрилмаса, барча маблағлардан айрилиши ҳақида айтиб уни алдашга уринади. Шундан сўнг, карта эгасининг телефонига юборилган бир марталик SMS-кодни сўраб, унга ёрдам беришни таклиф этади.
Фирибгарларга алданмаслик учун уларнинг қуйидаги белгиларига аҳамият беринг:
— фирибгарлар сизга яширин ёки бегона рақамлардан қўнғироқ қилади ёки SMS-хабар юборади;
— зудлик билан қарор қилишга ундайди, “тезроқ”, “ҳозироқ”, “кейин тушунтираман” каби сўзлар билан саросимага солишга уринади;
— муайян саволлар берганингизда аниқ жавоб беролмайди ёки чалкашлик ҳолати кузатилади;
— паспорт маълумотлари, карта рақами билан унинг амал қилиш муддатини, сизга жўнатилган тасдиқловчи кодни ёки бошқа шахсий маълумотларни сўрайди.
Унутманг! Банк ходими ҳеч қачон тасдиқлаш учун кодни сўрамайди. Банк сизга фақат карта ҳисобидан пул маблағлари ечиб олинганда ва ҳисоб тўлдирилгандагина SMS-хабарнома юборади.
Фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик ҳамда картангиз ҳисобидаги пулларингиз хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги қоидаларга риоя қилинг:
— ҳеч кимга ва ҳеч қачон картангиз маълумотларини берманг;
— карта пин-кодини эслаб қолинг ва ҳеч кимга айтманг. Энг муҳими, бундай маълумотларни картанинг орқа томонида ёки кўринадиган жойларда сақламанг. Савдо ёки хизмат кўрсатиш пайтида карта пин-кодини ўзингиз теринг ва уни овоз чиқариб айтманг;
— картангиз ҳисобидаги пул маблағларини доимий назорат қилиб туринг. Ҳар доим карта ҳисобидаги пул маблағлари баланси ҳамда уларнинг мавжудлигини текшириб туринг. Картани жамоат жойлари (автомобиль, ишхона)да қолдирманг;
— баланснинг ўзгариши ҳамда карта ҳисобидан амалга оширилган ҳар бир операция ҳақида хабар берувчи (ҳатто пуллик бўлса ҳам) SMS-хабарнома хизматини уланг. Шундагина Сиз ҳар доим ҳисобингиз ҳолатини кузатиб боришингиз ва шубҳали операциялар содир бўлганда ўз вақтида чоралар кўришингиз мумкин;
— рухсатсиз пул маблағи ечилса, картани музлатиб қўйинг. Агар ҳисобингиздан пул маблағи ечиб олиш хавфи вужудга келса, банкка қўнғироқ қилиб, зудлик билан карта фаолиятини тўхтатиб қўйиш керак.
Бундан ташқари, қуйидаги маслаҳатларга ҳам риоя қилсангиз, фойдадан холи бўлмайди:
— “Telegram” ва пул ўтказмалари амалга оширилувчи мобиль иловаларда икки босқичли аутентификация (2FA)ни ёқинг;
— фақат расмий веб-сайтлардан фойдаланинг;
— ёлғон электрон почталар ва “Telegram” гуруҳларига алданманг;
— “Telegram” орқали юборилган шубҳали файл ва ҳаволаларни умуман очманг — ҳатто танишингиздан келган бўлса ҳам. Сизга танишингизнинг аккаунтини бузиб кирган фирибгар ёзаётган бўлиши мумкин. Айниқса, иловалардан эҳтиёт бўлинг, юклаб олманг;
— бонус ёки “тўлов қилиш учун картангизнинг рақамини юборинг” деган хабарларга ишонманг.
Агар фирибгарликка учрасангиз, нима қилиш керак?
Дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор қилинг.
Банк билан боғланиб, маблағларни қайтариш чораларини кўринг.
Фирибгарликни ижтимоий тармоқларда ошкор қилиб, чув тушмаслиги учун бошқаларни ҳам огоҳлантиринг.
Хуллас, инвестиция қилишдан олдин ҳар доим таҳлил ва текширув ўтказинг, юқори фойда ваъда қилган шубҳали таклифлардан эҳтиёт бўлинг, фақат лицензияли брокерлар ва инвестиция воситаларидан фойдаланинг, шахсий маълумотларингизни дуч келганга маълум қилаверманг, алданишдан сақланинг. Унутманг, текин пишлоқ қопқонда бўлади. Бегона шахс сизга тўсатдан мўмайгина даромад келтиришни таклиф қилдими, билингки, у — фирибгар!
Соҳибжон ТУРДИЕВ,
Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлинмаси бошлиғи,
катта лейтенант.
Шахзод ИСЛАМОВ,
Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлинмаси катта инспектори,
катта лейтенант.