Термиз – минтақавий ҳамкорлик ва тараққиётга хизмат қилаётган муҳим марказ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамжамият эътиборини доимо Афғонистондаги вазиятга қаратиб келмоқда. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида давлатимиз раҳбари: “…ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас”, деган муҳим чақириқни илгари сурган эди.

2023 йилдаги 78-сессияда эса Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдаги қатъий сиёсати қайд этилди. Шу билан бирга, Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш ва унга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Президент таъбири билан айтганда, “бизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этувчи, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан очиқ шерикликка ­тайёр Афғонистон керак”.

Мазкур инсонпарвар ва прагматик ёндашув доирасида Ўзбекистонда афғон фуқаролари учун иқтисодий фаоллик, тадбиркорлик ва таълим соҳаларида имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятида 480 дан зиёд қўшма ва хорижий корхона фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 335 тасида Афғонистоннинг тўлиқ ёки қисман улуши мавжуд. Бу умумий хорижий корхоналарнинг 69,4 фоизини ташкил этади. 2024 йил якунига кўра, Афғонистон билан ташқи савдо айланмаси 57,4 миллион АҚШ долларига етган.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ва Марказий Осиёда ягона саналувчи “Термиз халқаро савдо мажмуаси” бу жараённинг марказида турибди. 2024 йилда фойдаланишга топширилган мазкур марказ-мажмуада Афғонистон ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда ишончли платформа вазифасини ўтамоқда. Геостратегик нуқтаи назардан қаралганда, у Карачи — Термиз — Тошкент — Қозоғистон — Россия халқаро транспорт йўлагининг асосий бўғини бўлиб, Ўзбекистон ва бутун минтақа учун Ҳинд океани портлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш имконини яратади.

“Термиз халқаро савдо маркази” 36 гектар майдонни қамраб олган бўлиб, бу ҳудудда 500 га яқин савдо дўкони ва омборхоналар барпо этилган. Ҳозирда уларнинг 250 таси фаолият юрита бошлаган, шулардан 99 таси афғон, 151 таси эса ўзбекистонлик тадбиркорларга тегишли. Қизиқарлиси, афғон ва ўзбек тадбиркорлари ёнма-ён, қўшни дўконларда савдо қилишмоқда. Афғон дўконларидаги сотувчилар ўзбек тилини яхши билгани сабабли, юртимиз харидорлари учун мулоқотда ҳеч қандай тўсиқ йўқ — маҳсулот нархини тортишиш, бозорчиликнинг анъанавий кайфиятини ҳис қилиш мумкин.

— Бу бозорда дўкон очганимизга етти ойча бўлди, — деди Мозори Шарифдан келган тадбиркор Шермуҳаммад Назарий. — Иккита дўконни ижарага олганмиз. Уларда, асосан, афғон миллий кийимлари ва гиламлари сотилади. Барча маҳсулотлар ўзимиз ишлаб чиқарадиган цехда тайёрланади. Савдо кундан-кун ўсиб бормоқда, харидорлар ҳам кўпайган.

Шунингдек, марказда замонавий “InBazar” савдо мажмуаси, 198 ўринли “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси, хостел, 71 ўринли “Akfa Medline” клиникаси ва 200 ўринга мўлжалланган “Central Asia University” бизнес мактаби фаолият юритмоқда. Клиника йилига 46 минг беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиб, 190 нафар малакали мутахассис тиббий хизмат кўрсатади. Бизнес мактабда афғон ёшларига дари, пушту ва инглиз тилларида бепул таълим берилади. У замонавий аудиториялар, компьютер синфлари, кутубхона ва ётоқхона билан жиҳозланган.

Бу ерда логистика инфратузилмаси ҳам ривожланган. “Ayritom Logistic Center” томонидан қурилган логистика маркази йилига 22 минг юк машинасига хизмат кўрсата олади, 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга. Юкларни қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва ташиш ишлари комплекс равишда амалга оширилади. Махсус божхона постида декларациялаш, экспертиза, сертификатлаш ва фитосанитар назорат хизматлари бир жойда тақдим этилади.

Савдо марказида меҳмонлар ва маҳаллий аҳоли учун дам олиш ва кўнгилочар инфратузилмалар ҳам ташкил этилган: болалар ўйин майдончалари, ресторанлар, дам олиш ҳудудлари ва ҳайвонот боғи мавжуд. Бугунга қадар марказга 250 мингдан зиёд афғонистонлик ва 230 мингга яқин ўзбекистонлик ташриф буюрди. Бу эса марказнинг талаб ва эҳтиёжларга мос равишда фаолият юритаётганини кўрсатади.

Марказда 1100 нафар киши доимий иш билан таъминланган, уларнинг 1000 нафари маҳаллий аҳоли, 100 нафари эса афғон фуқароларидир. Афғонистон фуқаролари учун визасиз, соддалаштирилган тартиб жорий этилган. Улар 15 кунгача марказда эркин ҳаракат қилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишлари мумкин. Агардa бу муддатдан ортиқ қолиш, ўқиш ёки ишлаш нияти бўлса, белгиланган тартибда виза расмийлаштирилади. Марказда 3 та кириш-чиқиш пункти мавжуд: иккита пункт орқали Ўзбекистон фуқаролари ва юк автомашиналари ҳаракатланса, учинчиси Афғонистон фуқаролари учун мўлжалланган. Валюта эркинлиги ҳам кафолатланган — сўм, доллар, евро, рубль ва юанда тўлов амалга ошириш мумкин.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, “Термиз халқаро савдо маркази” — бу фақат савдо майдони эмас, балки Афғонистонни минтақавий тараққиёт жараёнларига босқичма-босқич интеграция қилиш, иш ўринлари яратиш, таълим ва тиббиёт орқали ижтимоий барқарорликка ҳисса қўшишга қаратилган стратегик лойиҳадир. У Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда инсонпарвар ва прагматик ёндашувини амалда намоён этади. Марказ орқали савдо ҳажми ортиб, инфратузилма янгиланмоқда, маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда ва энг муҳими — тинчлик сари ишончли қадам қўйилмоқда. Термиз эндиликда харитадаги оддий нуқтадан ташқари, минтақавий ҳамкорлик ва тараққиётга хизмат қилаётган муҳим марказ сифатида намоён бўлмоқда.

Ҳумоюн НИЗОМИДДИНОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 3 =