Ҳурлик деб чўғланиш бахт деган жонлар

Замира РЎЗИЕВА

Муаллиф ҳақида:

Замира РЎЗИЕВА — Андижон шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика  факультетини тамомлаган.

Шоиранинг   “Офтобжамол”, “Атиргулга айланаман”, “Ҳайратнинг суврати”, “Умид боғи”, “Сарчашма”, “Ташнадил”, “Дилчироқ”,  “Рўшнолик” каби ўндан ортиқ китоблари нашр этилган.

“Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИГА

Гуноҳингиз — ВАТАН деса ёниб тани,

Зулмат ичра кўнглингиз нур истагани.

Нажот сўраб “нажот” деган аламига,

Юрагини тўккан зотсиз қаламига.

Гуноҳингиз — озодликнинг тотин тилаб,

Тонгу шомда орзиққанча тамшанган лаб.

Жон қутқарар талвасада ўз дўстингиз

Сизни сотиб кун кўрганин билмасдингиз.

Жон бердингиз, нетонг Ватан ғамини еб,

Мен халқимга душман эмас, дилбандман деб.

Сиз истаган нур ичрадир сизнинг хотир,

Нур илиниб бугун қуёш йиғлаётир.

 

* * *

Илм дунёнинг иззатидур.

        Абдулла Авлоний

1.

 

Тафаккурга тавсиф ушбу ҳикматда,

Ғуборлардан холи дунё ҳусни бор.

Ғолибликнинг мағзи бор маърифатда,

Тик туғларда Озодликнинг исми бор.

 

Алломалар умрин ёниқ чироғи,

Олам уйин шуълаларга буркади.

Эътирофдир минг йилликлар сабоғи,

Жаҳолатлар бу шуъладан қўрқади.

 

Гумроҳликнинг осмонида учмас қуш,

Тупроғида урчигайдир хоинлик.

Тарих кўрди недан пайдо падаркуш,

Қандай ортар мўмин элга золимлик.

 

Олимлари кўп эл оқил, бардавом,

Босқинчи ёв бу гап мағзин чақибдир.

Туркий тарих бағрин эзган “қатли ом”,

Ғофилларга қул ёрлиғин тақибдир.

 

Илм истаган бизнинг жадид боболар,

Ёғий учун қўрқув бўлди энг улкан.

Яшаб турса илмлилар, даҳолар,

Буюк элнинг букилганин ким кўрган?

 

Ҳойи ҳавас қули бўлма эй кўнгил,

Нафс кўчасин чангини қоқ имондан,

Авлонийлар ҳикматига бўйсунгил,

Гул ҳидлагин илм деган бўстондан.

 

2.

Гул — дунёнинг ҳусни, ҳар дарахт — кўрки,

Бу янглиғ ташбеҳлар, таърифлар минг-минг.

Жадид бобом айтган эътироф шулки,

Илмдир — иззати дунёнинг.

 

Топилдиқ ғазнадур дур тўла уммон,

Кашф этолсанг тоғлар синоат хати.

Сўз кетса эзгулик меҳроби томон,

Илмдир дунёнинг иззати.

 

Феълу фазилатдан борлик, йўқлик ҳам,

Оқиллик — омонлик, жоҳиллик — зулм,

Тоза тафаккурдан безангай олам,

Иззатидур дунёнинг илм.

 

Нодонга ноаён юрт ҳимояси,

Орин уйғотмагай қуллик қисмати.

Одамийлик бўлса ҳаёт ғояси,

Илмдир дунёнинг иззати.

 

Бедор дилни кутгай жаннатий хилқат,

Гумроҳлик — замонни хунуклатган кир.

Авлоний кўнглидан тўкилган ҳикмат:

“Дунёнинг иззати — илмдир”.

ЭВРИЛИШ

Орзу ичра яшилланиб борган дунё,

Орзу ичра фасл ҳусни шунча зебо.

Орзу ичра мўъжизавий хазиналар

Чорловмиди, оловмиди, жадид бобо?

 

Ҳасратидан чанглар чиққан давр кўрдим,

Босқин қўлдан бошга тушган жабр кўрдим,

Мўмин элда қўрқувли… жим сабр кўрдим.

Тошмиди бу, кўзёшмиди… жадид бобо?

 

Илммиди, зеҳнмиди яшил маъво,

Кунларингиз сочмишмиди юртга зиё,

Бугун мендан нима раво, нима раво,

Уйғонишми, уйғотишми… жадид бобо?

 

* * *

Тоза тафаккурга, ҳур тасаввурга,

Имонлар илҳақдир, виждон илҳақдир.

Ошно бўлолганким зиёга, нурга,

Жамланса миллатдир, жамланса халқдир.

 

Урчиган ёлғонга қарши кўнгиллар,

Ҳақиқат йўлида бахши кўнгиллар,

Мардлар майдонининг нақши кўнгиллар

Жамланса миллатдир, жамланса халқдир.

Тобеликка қарши дод, қалдироқлар,

Зулмат тўфонларин енгган чироқлар,

Ёғийнинг адабин берган Широқлар

Жамланса миллатдир,

жамланса халқдир.

 

Худбину лоқайдлик заҳри “мустабид”,

Кемиргай ҳар сичқон, тишлагай ҳар ит,

Маърифатсиз ЭРК йўқ деган ҳар

жадид —

Жамланса миллатдир,

жамланса халқдир.

 

Мен, мен… деган нафсин ўтларга отиб,

Ночорнинг кунига яраб, асқотиб,

Куйсаким мудраган қавмин уйғотиб —

Жамланса миллатдир,

жамланса халқдир.

 

Ҳурлик деб чўғланиш бахт деган жонлар,

Соғиниш, йўқланиш бахт деган жонлар,

Ватанда уйғониш бахт деган жонлар,

Жамланса миллатдир,

жамланса халқдир.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × one =