Корхона қандай қилиб қаддини тиклади?

“Ta’minotchi Paxta” OAJ юртимиз

қишлоқ хўжалиги ташкилотларига яқин кўмакчи, таянч бўлмоқда

Чиноз тумани ҳудудида жойлашган, бир вақтлар Марказий Осиёдаги энг йирик базалардан бири бўлган “Ta’minotchi Paxta” OAJ айни кунларда ҳам  республикамиздаги энг йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади, — деди ушбу корхона раҳбари Азамат Артиқов.

У собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи, 1979 йил Ўрта Осиё ҳудудий эҳтиёт қисмлари базаси сифатида қурила бошланган. 1985 йилдан иш бошлаган. Асосий вазифаси бутун Ўрта Осиё республикалари ва бошқа қўшни республикаларнинг агросаноат техникалари учун эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш эди. 1987 йили агросаноат техникалари ва унга тегишли бўлган қисмлар биринчи маротаба хорижий мамлакатлардан — Япония, Германия, Венгрия, Чехословакия ва бошқа мамлакатлардан келтирила бошланган. Юртимиз мустақилликка эришгач, мазкур база “Ўзқишлоқхўжаликтехника” тизимига киритилиб, материал ва техник ҳудудий базасига айлантирилди. Корхонанинг вазифаси эса республикамиздаги вилоятлар ва туманларни қишлоқ хўжалик техникалари ва эҳтиёт қисмлари билан таъминлаш бўлган.

1996-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ, “Кеys korporeyshn” (АҚШ) ва “Ўзқишлоқхўжаликтаъмир” ўртасида АҚШда ишлаб чиқарилган юқори самарали қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузилади. Шу билан бирга корхонага “Маgnum” тракторлари, “Keys” комбайнлаpи вa уларга эҳтиёт қисмлари етказиб бериш йўлга қўйилди. 1998 йилга келиб, мазкур база “Ta’minotchi Paxta” ОАJга айлантирилди.

Бугунги кунда ҳам Марказий Осиёдаги энг йирик базалардан бири бўлган “Ta’minotchi Paxta” ОАJ 10,9 гектар майдонда жойлашган бўлиб, умумий майдони 26,163 квадрат метр бўлган 3 та ёпиқ изоляцияланган омборлардан иборат. Омборлар 7 қаватли стеллажли комплекслар — “ОС-85-88А” ва “ОС-85-04А” русумли жиҳозлар билан таъминланган. Юкларни ортиш ёки тушириш юмушлари ва бошқа ишлар корхонадаги 10га яқин энг замонавий юк кўтаргичлар билан таъминланган. Маҳсулотларни етказиб бериш учун базанинг “Пахта” ва “Янгийўл” станцияларига уланадиган темир йўл йўлаклари мавжуд. Вагонлар базага келтирилганда, бир вақтнинг ўзида 22 та вагондаги юклар туширилиши ёки ортилиши мумкин. Корхонанинг йўллари асфальтланган бўлиб, бу жуда катта қулайликни яратади.

— Юқорида таъкидланганидек, корхонамиз ўз даврида минтақадаги энг йирик ва ягона база ҳисобланган, — деди “Ta’minotchi Paxta” ОАJ раҳбари А.Артиқов. — Ҳамма вақт Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Грузия, Озарбайжон ва бошқа кўплаб давлатлар билан қилинган шартномалар асосида қишлоқ хўжалиги эҳтиёт қисмлари жойларга ўз вақтида етиб борган. 140-150 нафар ишчи-хизматчи 3 сменада меҳнат қилишган. 1997-1998 йиллар корхона учун залворли синовлар даври бўлди. Қачонки кластерларнинг пайдо бўлиши, қўшни давлатлар учун йўлнинг очилиши фермерлар учун бир қанча имкониятлар эшигини очди. Биринчи навбатда  қишлоқ хўжалиги тармоғига зарур бўлган эҳтиёт қисмларни ўзи истаган ҳудуддан сотиб олиб кириш учун имконият яратилди. Соҳада анча ўтириб қолган, мижозларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондиришда мавжуд бўлган Машина трактор парклари (МТПлар) тугатилиб, илғор ва замонавий фаолият олиб борувчи МЧЖлар ташкил этилди.

2020-2021 йиллари бутун дунёга катта хавф солган коронавирус пандемияси сабаб, ушбу корхонада ҳам қатор қийинчиликлар, муаммолар пайдо бўлди. Штатлар сони қисқарди. Корхонада юзага келган қарздорликларни бартараф этиш мақсадида ҳудуддаги айрим бўш жойларни ижарага беришга тўғри келди. Корхона негизида  цемент ва шифер заводлари ташкил этилди. Бу амалий ишлар эса корхона қаддини яна тиклашда муҳим аҳамият касб этди. Шу боис ҳудуддаги 180 нафар фуқаро иш билан таъминланиб, вақтида маош олишмоқда. Натижа чиндан ёмон эмас. Корхона айни кунда узлуксиз фаолиятини давом эттирмоқда. Республика бўйича фаолият юритаётган  кластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари корхона билан ўзаро шартнома асосида ишлаяпти. Уларга зарур бўлган моддий-техника воситалари сифатли ва қулай нархларда етказиб берилмоқда. Демак, бундан корхона ҳам, бошқа харидор ташкилотлар ҳам бирдек манфаат кўрмоқда. Энг муҳими, акциядорлик жамияти республикамиз қишлоқ хўжалиги тармоғи ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Корхонада фаолият юритаётган айрим ишчи ва хизматчилар билан  суҳбатлашдик.

— Мен шу ерда 39 йилдан буён ишлайман, — деди Ҳидоятхон Жўраева. — 17 ёшимда ишга келган эдим. Кам бўлмадим. Фаолиятимни омбор ҳисобчилигидан бошлагандим. Шу ерда бўлажак турмуш ўртоғим билан танишдим, оила қурдик. Икки нафар ўғил фарзандли бўлдим. Сўнгра ушбу корхонада ишлайдиган яхши бир оила билан қуда-андали бўлдик. Ўғилларимизни ўқитдик, олий маълумотли қилдик. Вақтида ёрдам пуллари ва мукофот пулларини олдик. Бу корхона менинг оиламга айланган. Тўйда ҳам, маъракада ҳам доим биргамиз. Эътиборлиси, аввал ишлаган, айни дамда нафақа ёшида бўлган барча ишчи ва хизматчилар ҳам доимий йўқлаб турилади. Инсон омили деган қадрият бизнинг жамоада ўз ифодасини топган.

— Мен эса асли Эски Тошкент қишлоғининг қизиман, — деди яна бир суҳбатдошимиз Дилфуза Мирваҳобова. — 1990 йилда корхонанинг ҳисоблаш бўлимига оператор бўлиб ишга келганман. Корхона фаолиятида кўплаб синовли йиллар бўлди. Аммо раҳбарларимизнинг ишни тўғри ташкил қилиши, тафаккури, салоҳияти туфайли қийин вазиятлардан чиқиб кетдик. Корхонамизда барча шароитлар яратилган. Жуда бой кутубхонасига эга. Ишчи хизматчилар учун доимий равишда  ошхона фаолият юритади. Ҳар куни пешинда ишчи ва хизматчиларга тушлик учун бепул иссиқ таомлар тарқатилади. Энг қизиғи, мен ҳам шу ерда бўлажак қудаларимни топдим. Ҳар томонлама синашта бўлган Ҳидоятхон Жўраеванинг ўғлига қизимни узатдим. Аҳиллигимизга ҳамма ҳавас қилади.

— Корхонамизнинг 9 нафар ходими олий маълумотли, ўз соҳасининг билимдонлари ҳисобланади, — деди ташкилот  кадрлар бўлими бошлиғи Гулчеҳрахон Алиқулова. — Айниқса, пайвандчи, сантехник, чилангар, юк ташувчи, кранчи каби тажрибали, малакали ишчи-хизматчиларимизнинг меҳнати таҳсинга сазовор.

— Энг асосийси, соҳа ходимларига намунали хизмат қилиб, уларнинг оғирини енгил қилишда тинимсиз ҳаракатдамиз, — дея суҳбатга қўшилди бош муҳандис Ҳайдар Йўлчиев. — Корхонамиз ривожи учун беминнат ҳисса қўшган ўз касбининг билимдони, ташаббускор, шижоатли раҳбари бўлган Шокир ака Одиловнинг хизматларини алоҳида қайд этишни истардим. Узоқни кўра оладиган инсон, меҳрибон устоз сифатида доим бизларга ўрнак.

Корхонада бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Техника хавфсизлиги бўйича муҳандис Азизжон Бектуровнинг таъкидлашича, яқин орада электр, газ таъминоти бўйича бахтсиз ҳодисалар рўй бермаган. Ходимларга касбий йўл-йўриқлар мунтазам тушунтириб борилади. Махсус йўриқномалар билан таништирилиб, шу мавзуга оид суҳбатлар тез-тез ўтказилади.

Қўшали ака Ҳошимов бу корхонага 1984 йил оддий ҳайдовчи бўлиб ишга келган экан.

— Умримнинг кўп қисми шу маскан билан боғлиқ, — деди у ҳам мамнуният билан. — Шу корхонада ишлаб, бахтимни топдим. Яхши уй-жойлар қурдим. Тўйлар қилдим. Айни пайтда механик бўлиб фаолият юритмоқдаман. Шокир ака Одилов, Маҳмуд ака Эшонхўжаев каби узоқни кўра оладиган раҳбарлардан доим миннатдорман. Чунки уларда инсонни тушуниш, тинглаш қобилияти жуда кучли. Оддий ишчиларни ҳам ўз яқинидек қабул қилиб, доимо ёрдам қўлини чўзиб келишади. Билмаганларимизни ўз вақтида ўргатишади. Корхонада ўтаётган умримга асло ачинмайман. Аксинча, қадр топдим, эътибор топдим.

Дарҳақиқат, корхонада иш тўғри тақсимланганлиги ва меҳнат муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилганлиги туфайли ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, энди иш бошлаган ходимлар ҳам тезда қаддини тиклаб, ўз ўрнини топмоқда.

Базада 4 та “ДНВР-4/13” буғли қозонли автоном қозонхона мавжуд бўлиб, катта ҳажмдаги иссиқ сув ва ичимлик суви таъминоти ўзининг қудуқларидан олиб борилади. Канализация тизими тозалаш иншоотлари билан таъминланган. Бир категорияли автоном электр тармоғи мавжуд. Акциядорлик жамиятининг офиси ва омбори бир ҳудудда жойлашган. Келаётган муваффақиятларнинг асоси эса аҳил жамоанинг бир бўлиб меҳнат қилиши, ишчи-хизматчиларнинг юқори тажрибага эгалигидандир.

Ҳа, ҳамиша “Ta’minotchi Paxta” OAJ ўз мижозлари учун ҳамкорликда ишлашда уларнинг  қулайликларни ҳис этишлари учун интилмоқда. Бунинг учун эса барча имкониятларни яратишга бел боғлашган. Бу йўлда янгидан-янги инновацион ғояларни ишга солишга ҳаракат қилмоқдалар. Зеро, бугунги давр ишбилармонликни, қайси соҳа бўлмасин, замонавий хизматларни тақозо этади. Юқорида биз ҳикоя қилган корхона жамоаси ана шундай йўлда. Шу боис ҳам ўз йўналишида бугун донгдор, пешқадам.

Раъно ХОЛИҚОВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =