Ижод имконияти

Маънавият ва маърифат тарғиботининг ёрқин воситаларидан бири бўлган театр санъати катта таъсир кучига эга.

Театр санъати мустақиллик йилларида ҳар тарафлама тараққий топди. Айниқса, кейинги йилларда моддий-техник базаси тобора яхшиланиб, ижодий жараёнларда мавзулар ранг-баранглиги, имкониятлари кенгайиб бораётгани кузатилмоқда. Кўп асрлик давлатчилигимиз тарихи, буюк давлат арбоблари, саркардалар, маърифатпарвар жадидлар, улуғ алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўллари, илмий-ижодий фаолияти тараннум этилган ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар,  бунёдкорлик ишлари барча ижодий соҳалар каби театрларда ҳам ўзининг ифодасини топмоқда.

Чунончи, Марғилонда “Мақом” театрининг ташкил топиши, “Томоша” болалар театрининг бино билан таъминланиши, Жиззах, Қашқадарё, Наманган вилоят қўғирчоқ театрларига янги бинолар қурилиши, Навоий вилояти қўғирчоқ театрининг ташкил этилиши, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат театри, Муқимий номидаги мусиқий театрларига академик мақоми берилиши, тарихий “Колизей” биноси тубдан таъмирланиб, унда Маданият саройининг ташкил этилиши, айниқса, кўп йиллардан бери кутилган Халқаро театр санъати фестивалининг ўтказилиши, Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Янги Ўзбекистон театр санъати: драматургия ва режиссуранинг долзарб масалалари” республика илмий-амалий конференциясида миллий театр фаолияти билан боғлиқ муҳим жиҳатларга эътибор қаратилиши ижод аҳлига янги имкониятлар тақдим этмоқда. Жумладан, республика театрлари ўзининг сара спектакллари орқали нафақат вилоятлар бўйлаб, балки чет эл театр саҳналарида ижодий гастроль ва фестивалларида ҳам миллий театр санъатининг ютуқларини намойиш этмоқда.

Президентимиз томонидан маданият ва санъат ижодкорлари билан ўтказилган учрашувлар, қабул қилинган қатор фармон ва қарорларда маданият, театр санъати ва маънавиятга дахлдор ҳар бир соҳани таҳлил қилиб, уларни янада ривожлантиришга эътибор қаратилди. Жумладан, театр санъати соҳасида ҳам қатор ижодий, ташкилий ишлар кўзда тутилгани қувонарли. Айниқса, драматургияга эътибор қаратилиб, уларга тарихий-замонавий мавзулар бўйича ёзилган йигирмата энг яхши пьеса учун эллик миллион сўмдан қалам ҳақи тўлаш жорий этилиши, эллик нафар ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг ривожланган давлатлар театрларида маҳоратларини ошириш йўлга қўйилиши, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Баҳодир Йўлдошев, драматургия соҳасида Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофотлар таъсис этилиши ҳамда Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси қошида “Драматурглар ва театр танқидчилари клуби” ташкил этилиши театр санъати соҳасида муҳим воқеа бўлиб ижод аҳлини қувонтирди ва янада самарали фаолият кўрсатишга ундади. Шунингдек, Маданият вазирлиги ташаббуси билан яқинда санъатнинг турли йўналишларида ўтказилган “Олтин куз” иқтидорли ёш ижодкорлар форумида драма, мусиқали драма ва қўғирчоқ театрларининг кўриги ҳам бўлиб ўтди. Кўрикда республика театрларининг тарихий, замонавий, афсонавий мавзулардаги спектакллари намойиш этилиб, унда театрларнинг ижодий ва моддий базаси яхшиланганлиги, давлат буюртмаларига маблағ ажратилаётганлиги яққол сезилиб турди. Спектакллар намойиши томошабин ва мутахассисларда ижобий таассурот қолдирди.

Янги Ўзбекистонимизда учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор яратилаётган ҳозирги даврда театр санъати олдинги сафларда бўлишини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Чунки томошабинларга кўрсатилаётган спектакллар хоҳ тарихий, хоҳ замонавий мавзуларда бўлсин, ғоявий-бадиий, тарбиявий жиҳатдан савияси юқори бўлиши талаб этилади. Инсон қалбига, маънавиятига ижобий таъсир қилиш орқали руҳий камолотга ундаши зарур. Спектакллар мавзуси, ғояси, режиссураси, айниқса, актёрлар ижроси билан томошабин қалбини забт этиши, уни ларзага солиши лозим.

Театрларнинг репертуарларида тарихий, замонавий мавзулардаги, жаҳон драматургиясининг намуналари, болалар учун асарлар бўлиши табиий ҳол. Лекин репертуарда замонавий мавзу етакчилик қилиши керак. Чунки янгиланаётган мамлакатимизнинг ҳамма жабҳаларида ислоҳотлар, янгиланишлар авж олиб боряпти. Замондошларимизнинг дунёқараши, турмуш тарзи, ўй-хаёллари, ички дунёсини очиб берадиган, замон қаҳрамонини акс эттирадиган образлар одамларга, айниқса, ёш авлодга саҳнада кўрсатилган ҳаётий воқеалар орқали ибрат бўлиши жоиз.

Маълумки, театр санъати тарбия жараёнида билвосита қатнашади. Яъни спектакль қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатлари, ватанпарварлиги, ахлоқ-одоби, кийиниши, гап-сўзи, ижобий ёки салбий хислатлари томошабин кўз ўнгида намоён бўлади, улардан завқланади, ўрнак, ибрат олади ёки нафратланади. Шу боис замонавий мавзулардаги асарларни кўпайтириш учун драматургларга буюртмалар бериб, шароит яратиш керак. Яъни драматурглар ишлаб чиқаришларда, халқ орасида бўлиб, турли тоифадаги одамларнинг иш шароитини, руҳиятини, ­дунёқарашини, характерларини ўрганиб, пьеса ёзсалар, асарлари ҳаётийлик касб этади. Драматургларга бериладиган давлат буюртмаларининг камида ярмини  замонавий мавзудаги асарлар ташкил қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу борада “Сени куйлаймиз, замондош!” театр санъати фестивалини мунтазам ўтказиб туриш ҳам ижодкорларни руҳлантиради ва рағбатлантиради.

Ёш драматургларни театрларга жалб қилиш, ёзилган пьесаларни эътибор билан кўриш, уларга устоз драматурглар “устоз-шогирд” сифатида кўмаклашишлари лозим. Ёш драматург, режиссёрларнинг  “Дебют” ҳамда туркий халқларнинг “Наврўз” халқаро театр санъати фестивалларини давом эттириш ҳам фойдали бўлар эди.

Театр санъатини оммага янада яқинлаштириш мақсадида жадид драматурглари ва бошқа тарбиявий аҳамиятга молик пьесаларни профессионал театрлар билан бир қаторда, ҳаваскорлик халқ театрлари, мустақил театр студиялари, мактаб, олий ўқув юртлари тўгаракларида саҳналаштириб, оммалаштиришни давр тақозо этмоқда. Мамлакатимизда беш тамойилнинг биринчиси бўлган қирқта профессионал театр, кўплаб “Халқ театрлари”, яна қатор мустақил театр студиялари, олий ўқув юртлари қошидаги театр гуруҳлари бор, қанчадан-қанча мактаблар, лицейлардаги театр тўгараклари фаолият кўрсатиши лозим. Буларни қайси ташкилот бирлаштириб, репертуарига ёрдам беради? Барининг бошини қовуштирадиган Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси бўлиши керак. Бунинг учун, аввало, уюшманинг фаолиятини кучайтириш лозим. Бу театрларга кўплаб пьесалар керак бўлади. Шу сабаб, драматургларга эътиборни янада ошириш, ҳаваскор театрларда ғоявий баркамол оригинал пьесалар саҳналаштирилиши лозим ва муаллифларига қалам ҳақи тўланишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлур эди. Ишлаётган жамоаларга кўмаклашиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш керак. Бу жамоаларнинг ижодий фаолиятини кучайтириш учун кўрик-танловлар ва фестивалларни мунтазам ўтказиб туриш, рағбатлантириб бориш, уларнинг ижодий салоҳиятларидан унумли фойдаланиш орқали ёшлар маънавий оламини бойитиб, миллий ўзликни англашга хизмат қилиш зарур.

Яна бир мулоҳаза, пойтахтимизнинг эски шаҳар қисмидаги Абдулла Қодирий номидаги боғда ижодий уюшмалар, санъаткорлар хиёбони ташкил этилса. У ерда Театр арбоблари уюшмаси, актёрлар уйи, театр музейи, вилоятлардан келадиган санъаткорлар учун 40-50 ўринли меҳмонхона, 100-200 ўринли экспериментал театр қурилса ҳамда хиёбонда атоқли театршунослар, режиссёрлар, актёрлар, композиторлар, драматурглар, рассомларнинг бюстлари ўрнатилиб, боғ обод қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳозир эса бир четида буюк ёзувчи, драматург Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби, ёзувчининг ҳайкали ва “Турон” кутубхонаси мавжуд. Шуларга уйғун ҳолда ушбу мажмуа давом эттирилса, ижодкорлар ва халқ учун обод маскан юзага келиб, турли тадбирлар, халқ сайиллари ўтказилиши мумкин бўлар эди. Аслида ҳам бу боғ энг гавжум жойлардан ҳисобланган, боғда Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)нинг ёзги биноси бўлган, унда спектакллар намойиш этилиб, ҳар хил кўнгилочар тадбирлар ўтказиб келинган.

Чет эллардан келган меҳмонлар, туристлар учун миллий руҳдаги томошалар кўрсатилса, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма савдолари ташкил этилса, нур устига нур бўлар эди.

Умумтаълим мактаблари, мусиқа ва санъат мактабларига адабиёт ва санъат соҳасининг улуғ намояндалари номлари берилиб, уларнинг ибратли ҳаёти, ижодий фаолиятини акс эттирувчи кичик музейлар ташкил қилинса, ҳам уларнинг номи абадийлаштирилган, ҳам улғайиб келаётган ёшлар кўз ўнгида миллат буюклари жонланган бўлар эди. Шундай тадбирлардан бирини Ўзбек давлат драма театрига театр арбоби Аброр Ҳидоятов номини қайтариш билан бошлаш мумкин. Театр биносидаги тарихий лавҳани қайта тиклаш ҳамда актёрларнинг ижро маҳоратини ўстириш ва уларни рағбатлантириш мақсадида Аброр Ҳидоятов номидаги мукофотни таъсис этиш ҳам ижодий жараёнга ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Бундан ташқари, республикадаги бошқа театрларга ҳам жадид боболаримиз, атоқли актёр ва режиссёрлар, драматургларнинг улуғ номлари берилса, санъат аҳли ва санъатсевар халқимизга ажойиб туҳфа бўлар эди.

Эсонбой ЎРИНОВ,

Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси бош мутахассиси,

театршунос, “Дўстлик” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 11 =