Кўнгил мулки
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Жаҳонгир Пирмуҳаммедовнинг “Адабиёт” нашриётида чоп этилган “Кўнглим мулки” китоби ўзига хос тўплам бўлди. Бу кўнгил мулки битилган сарчашмаларни ажиб ўй-хаёллар билан қўлга олдим. Китобдаги қисқа кириш сўзи муаллифнинг кимлигини англатди-қўйди. Техника соҳаси мутахассиси Жаҳонгир Пирмуҳаммедов “Ўқитувчи” нашриётида “Техника адабиёти” таҳририяти мудири лавозимида ишлаётганини ҳам билардим. Айни вақтда журналистика соҳасида ҳам ижод қилади. Кейинчалик билсам, у киши ҳеч ким шуғулланмаган, ҳатто эшитмаган бир қизиқарли иш (хобби) билан ҳам банд экан.
Ижодкор дўстимиз қарийб 30-40 йил мобайнида газета ва журналларда юракни жизиллатадиган мақолами, шеърми учраса, уларни қайчи билан қирқиб олиб, ўз альбом варақларига елимлаб чиқаркан.
Кунларнинг бирида Жаҳонгир ака альбомларини варақлаб ўтирганида, уйига ижодкор дўсти Зоир Зиё (раҳматли) меҳмон бўлиб келибди. У альбомларга кўзи тушгач:
— Мен ҳам кўрсам бўладими? — деб рухсат сўради. Меҳмон ярим соатлар чамаси “бисот” билан танишиб чиққач:
— Бу дурдоналарни ёлғиз ўзингиз ўқиб ўтирибсизми? Буларни китоб қилиб чиқарса, барча маза қилиб ўқийди-ку, — дебди.
Ҳеч кутилмаган, ҳатто хаёлга ҳам келмаган бу ажойиб таклиф Жаҳонгир акани руҳлантирди ва: “Бу ҳақда ўйлаб кўриш керак экан”, деди.
Мазкур суҳбатдан кейин у альбомдаги материалларни бир чеккадан тартиб билан бўлимларга ажратиб чиқиб, компьютерда тердирди.
Ниҳоят, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига топширилган қўлёзма “Кўнглим мулки” номи билан китоб бўлиб чиқди!
Китобда халқимиз қаҳрамони Жалолиддин Мангубердининг Чингизхон бошлиқ мўғул истилочиларига қарши олиб борган жасоратли курашлари, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг буюк Соҳибқирон тилидан ёзган “Исмим Темурбекдир, Темурбек сўзим…” монологи, Ҳазрат Навоийнинг ижодий фазилатлари, Бобурнинг ҳаёти, фарзандлари тарбияси, Шоҳ Машрабнинг ўлими олдидан зиндонда ёзган шеъри, Муқимий портретининг яратилиши, “Девону луғатит-турк” қачон, қаерда, қандай топилгани, Саид Аҳмаднинг қамоқ лагерларида чеккан азоб-уқубатлари, “Бойқўнғир, 10-майдон” мақоласидаги фожиалар, Саҳрои Кабирнинг гўшт емайдиган қабиласи-ю, археологлар қазиб топган 5 метрлик одам скелети, “Бошсизлар водийси”, “Дунёдаги ғайриоддий эгизаклар”, “Ёвуз Гитлернинг ўлими олдидан айтган сўнгги сўзлари” ва шу каби бошқа қизиқ-қизиқ воқеалар ёритилган манбалар диққатга сазовордир.
Шунингдек, тўпламда рус ёзувчиси Лев Толстойнинг эътиқоди ҳақидаги ва озарбайжон шоири Воқиф Самад ўғлининг “Биласизми, айтадиган қанча сўзим бор?” мақолалари ҳар қайси ўқувчини беэътибор қолдирмайди.
Муҳими, мазкур тўплам ёшу қари — барчанинг диққатини тортишига ва китобхонларга ажойиб туҳфа бўлишига шубҳа йўқ.
Қудрат ҳожи АҲМЕРОВ,
кимё фанлари доктори,
профессор.
