Кутилмаган меҳмон

Гулжаҳон МАРДОНОВА

Муаллиф ҳақида:

Гулжаҳон МАРДОНОВА — Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги Бадахшон қишлоғида таваллуд топган.

1985 йилда ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Адибанинг ўндан ортиқ китоблари нашр этилган. Жумладан, “Ори қўшиқ бўлган юрт”, “Қуёшим энам” номли қиссалари китобхонлар меҳрига сазовор бўлган.

Ёзувчининг мард, жасур, шижоатли, ватанпарвар кўпкаричилар ҳаётига бағишланган “Кўкка учган тулпорлар” этнографик-маърифий романи шу кунларда “Шарқ” нашриёт матбаа корхонасида нашрга тайёрланмоқда. Қуйида ушбу романдан бир парчани адабиётни ардоқловчилар учун илиндик. Қиш қаттиқ келди. Ярим ой олдин уч кун бўралаб ёққан қор эримай ер бағирлаб ётади. Йилт этган нур йўқ. Уйларнинг томи қай йўсинда куралган бўлса, шундайлигича яхлаган. Ногаҳон, Жарбува ариғи суви ҳам қалин музлаган. Дарахт шохлари қорга бурканган кўйи қайтиб уйғонмайдигандек тасаввур уйғотади. Том бўғотларида қунишган мусичалар дон-дун топишга кўзлари етмай, бир-бирининг пинжига тиқилганча одамлардан нажот кутади. Аслида, изтироблардан толиқиб кетган одамларнинг ўзи ҳам нажотга муҳтож, тиришиб ўлмаслик учунгина ҳаракат қиладилар. Ҳавода тутун ва атала иси кезади.

 

(“Кўкка учган тулпорлар” романидан парча)

Гарчанд от тақаси зарбидан ерни қучоқлаб ётган муз қирс-қирс товуш чиқарса-да, Ногаҳон томондан келаётган суворийга ҳеч кимнинг кўзи тушмади. Эгнига қалин жун пўстин кийиб, бошига салла ўраган отлиқнинг қамчи дастасини қисган қўллари мушт бўлиб тугилган. Чеҳрасига тикилиб қараган киши унинг юз-кўзларида изтироб алангаси пўртана ясаётганини англайди.

Суворий жиловни Шойим чавандоз ташлаб қўйган хари чегарасига келиб тортди. Атрофга зийраклик билан аланглаб олди-да, отдан тушди. Бир қумғон чой қайнагулик фурсатда сандал атрофида олти эркак гурунглашиб ўтирардилар.

— Чавандоз бува, мен Яккабоғдинг Чимқўрғон қишлоғилик Очил чавандоздинг олдидан келдим, — деди меҳмон киши эшитмас даражада.

Ўтирганларнинг чеҳраси ёришди.

— Э, шундай денг-а, иним. Очилбой бебаҳо чавандоз-да. Э, не элларга бирга бориб, бирга қайтмадик, — Шойим чавандознинг овози товланиб кетди.

— Чавандоз акам яхшима? — сўрашди Бобомурод чавандоз.

— Яхши бўгани қурсин, бува. Амиримиз сарбозларининг Тохта Қорачада бўган қизилларминан тўқнашувида чавандоз акамдинг ули Жаббор кўп мардлик кўрсатган. Энди ҳибсхонадан қочганича шўродан беркиниб журипти. Шунинг аламига шўролар полвон акамдинг Дўстқобил деган ули, келини Ҳанипа янгани қўзғолонда қатнашгани учун отиб ўлдирди.

Уй эгалари қон ҳиди келган бу гапдан донг қотиб қолдилар.

— Қандай қўзғолон?

Жавоб андак кечикди. Ниҳоят, меҳмон кўзларида қалқиётган ёшни кескинлик билан сидирди.

— Эшитган бўлсаларингиз, эрта кузда Яккабоғ қўрғонида шўро ҳукумати эълон қилинди. Ўзини камбағалпарвар кўрсатиб, уйдинг тўрига ўтиб оганнан кейин шўронинг ҳунари чиғаяпти. Бир Яккабоғдамас, ҳамма жойда шуларга қарши қўзғолон бўлаяпти. Қорши қўзғолони мундай якун топганидан хаварларингиз бор. Лекин Яккабоғда юраги иккита йигитлар  кўп экан. Улар Қоршидаги ташкилотдан  топшириқ келган заҳоти қўзғолонга тайёргарликни бошлаган эдилар. Бу вақт ичида маблағ, қурол-яроғ тўпланди. Элимизнинг бойлари қараб турмади, Худога шукур. Озроқ милтиқ, қилич, калтак, чўқмор, паншаха, ўроқ билан қуролланган одамлар шўро эгаллаб олган Яккабоғ бегининг қалъасига бостириб борди. Лекин орамизда сотқинлар, чақимчилар борлигини унутибмиз. А, бу сотқинлар, хоинлар ўлмаслигини эсдан чиқариппиз. Зомон зомондан ўтсаям ватанпурушлардинг устидаги чопонининг пақат туси ўзгариши ҳеч кимнинг хаёлига кемапти. Бундайлар ҳамма замонларда яшаб кеганини, буннан кейинам яшашини ўйламаппиз. Улар аллақачон қўзғолон хабарини шўрога етказган экан. Падар лаънати шўролар Арк дарвозасининг устига пулиматларни ўрнатиб кутиб турган экан-да. Ўқ ёмғири олдида баҳарги жала, дўл ҳеч нарса бўмай қолди, чавандоз ака. Лекин жонидан тўйган халқ уч кун қўзғолон қилди. Эркак тугул аяллар ҳам болаларининг қўлидан ушлаб тикка боривурди. Ўлимини билсаям ортига қайтмади. Энағарлар уларнинг ҳаммасини қириб ташлади, қириб ташлади-и, — йигит бўғзига тиқилган ўкирик тўлқинига дош беролмади.

Меҳмон эркак боши билан йиғлар, кўксига муштлар, изтироб аламларини тўкар, қайғунинг зўридан елкалари силкинар, кенг, япалоқ юзи чўғ устига тушган нондек қорайиб кетган эди.

— Ё, алҳазар!

— Ҳаҳ, қон қусгурлар-а!

Бир қултум чой ҳўплаган меҳмон ўзига келгандай бўлди. Ҳали ёш бўлса-да, изтироб муҳри босилган чеҳрасида ажинлар қаторлашгани, кўзларининг таги қорайиб, осилиб тушгани, қўлларининг қалтираши — ажриқнинг томиридай томирларидан айрилгани, жигари жонларини бой бергани, умид билан йўлга чиққан элининг қийратилганидан қолган аччиқ мевалар эди.

— Элим-а, элим нобуд бўлди, битта қомай қирилди, чавандоз ака. Амирга сорбоз, бекка навкар бўлган баҳодирлар, давраларга пайз киритган не-не жигитлар, елкаси ерга тегмаган полвонлар, кўпкаридан солимсиз чиқмаган улоқчилар шўро отган ўқдан дорохтда ўз гўйида турган қушдай нобуд бўлди. Худодан топгурлар, қуролсиз оломонга қараб ўқ отишди. Бевақт ажалга рўпара бўган аяллардинг этаклари кўтарилиб жотгани — элдинг ори ўлдирилгани. Мажақланган орди қайтиб тиклаймиз? Орсиз, ғурурсиз эл — элма? У нимага жарайди, ака?

Эшитувчиларнинг уйилган қошлари, учқун сачратаётган кўзлари, қай бирларининг пирпираб учаётган, қай бирларининг тиришиб, тортилаётган ёноқлари бўлаётган воқеаларга нафратидан, ғазаби ошганидан далолат берарди.

— Майдонда минг-минг жасадлар тохлониб, хирмондай уюлиб кетди. Некин одамлар ортга қайтмади, яна олдинга бораверди. Пулимат яна тариллатиб отавирди, ака. Эгасини бой берган отларнинг мотамсора кишнаши, ўқ текканларнинг дод-фарёди, олдигинасида отаси, онаси ўлиб ётган болаларнинг чинқириғи, э худойим, тушларимга кириб чиқади. Оққан қонлардан музлаб ётган Қўштегирмон ариғи эриб кетди, — меҳмон кўзларидан ёш шашқатор бўлиб оққанча шивирлаб хиргойи қила бошлади. — Ҳа, ака-я, йигитлар ўлиб ётар ёш бошида, калтаклар чириб ётар ёнбошида, минг аскар бераман деб қўл қўйди Раҳмон амин, қўлига калтак бериб тирик ўлдирди Фармон амин. Бу қўшиқ бекарга тўқилмади. Бешўғил қишлоғилик Фармон амин билан Раҳмон амин ваъдасининг устидан чиқмади. Эл чибиндай қирилди.

Макон эгалари худди жони оёғидан чиқиб кетгандай, нафас олмай қотиб қолган эдилар. Чуқур уҳ тортдилар.

— Қизил жулдизингга ўт тушгурлар, ярадорлар минан жасатларди олишга қўймади. Ким шу тарапга ўтса ўқ отивурди. Охири қари-қартанг бувалар қўлларига оқ лото тутиб каттасининг олдиға борди. Кейин майли деди. Жасатларди, ярадорларди алоҳида араваларга жайладик. Оқсоқоллар “шўро буларди тири қўймайди, яшириш керак”, деди. Яхшиям меҳрибон Худо ғорларни яратган экан. Ярадорларни ғорлар, кўмир, туз конларига яширдик. Уларди умрганазаси узоқ бўгир зармаслик Муқим табиб зирк, кўкдори ичириб ўзига келтирди.

— Иним, қўзғолон шу минан тўхтадима?

— Ҳозирча тўхтади. Некин элга бир нима деп бўмайди. Бунинг алами минан қандай тири яшаш мумкин, ака? Энг алам қиладигани копир томонда туриб мусурмон мусурмонга ўқ узди.

— Яратган ўз қаҳрига олган бандаларини хато қилувчилар сапига қўшади. Ҳар бир амалнинг у дунёда жавоби бор.

Шойим чавандознинг гапидан сўнг хонага тошдай оғир жимлик чўкди.

— Иним?

— Энди Мелкимип минан Карпип  дегани қишлоқларда биттама-битта тинтув ўтказиб, қўзғолончиларди қидириб топиб отиб ташлаяпти. Ярадорларнинг ўзига келгани тоғ қишлоқларида яшайдиган уруғлариникига беркинаяпти, қанчаси Бойсун, Тангиҳарамга  ўтиб кетди. Бизди хавотирлантираётгани Очил чавандозди уллари Жаббор минан Эшмўмин. Чавандоз ака, олдингизга улоқчининг илтижоси минан келдим, — йигит бир лаҳза тин олди. — Сизлар томонда тинтув йўқ. Нима дейсиз, баҳоргача ака-ука сиздикида пинҳан яшаб туришса.

Ноқулай сукунат узоқ давом этмади. Шойим оқсоқол бошини адл кўтарди.

— Шу жигитларга жонимиз садақа бўсин, иним. Элга оралаган жовга тикка чиққан жигитлар бизарга беганамас, бошлаб келинг, боримизди баҳам кўрамиз. Поқот эл-оён ҳақиқатди билмагани маъқул. Яхшики, бизарда милиса дегани жўқ. Амин ўзимизди одам. Сеси чиқмайди.

— Ё, жаратганим, охири нима бўлайкан-а?

— Қўлимизга таёқмас, қурол олишимиз керак.

Эртаси шом маҳали сомон босилган арава Шойим оқсоқол ташлаб қўйган хари олдида тўхтади. Атрофни қоронғилик босиб, киши-кишини танимас ҳолга келганда сомонни эҳтиётлик билан ташиб ола бошладилар. Сомон уюми орасидан чиқиб, аравадан сакраб тушган икки кўлага Ҳайдар чавандоз имо-ишора билан кўрсатган уй томон илдамлаганини ҳеч ким илғамади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − two =