Соғлом микрофлора — бу соғлом ҳаёт

Инсон саломатлиги кўп омилларга боғлиқ бўлса-да, уларнинг ичида эътибордан четда қолиб кетадиган жуда муҳими — ичак микрофлорасидир. Кўзга кўринмас бўлса-да, миллионлаб фойдали бактериялар бизнинг ҳар бир кунимиз, ҳар бир овқат ҳазм қилиш жараёни ва ҳатто иммунитетимиз ортида турибди.

Микрофлора “К” ва “В” гуруҳи витаминларини ишлаб чиқаради, зарарли бактериялардан ҳимоя қилади. Шунингдек, мувозанати сақланганида организм барқарор ишлайди, энергия етарли бўлади ва саломатлик мустаҳкам туради. Аммо микрофлоранинг бузилиши, яъни дисбактериоз кўпинча оддий ноқулайлик сифатида қабул қилинса-да, аслида, ҳазм тизими ва бутун организм фаолиятида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Тадқиқотларга кўра, дисбактериоз катталарнинг тахминан 90 фоизида, болаларнинг эса 95 фоизида учраб туради.

Бу касалликка, асосан, тўғри овқатланмаслик, стресс, дори воситалари ва турли инфекциялар каби омиллар таъсир қилади. Мавзунинг долзарблиги шундаки, кўпчилик бу ҳолатни етарлича баҳоламайди, унинг алкоголь, аллергия, чарчоқ ва ҳатто терининг ҳолатигача таъсир кўрсатиши мумкинлигини билавермайди.

Қуйида дисбактериоз нима экани, унинг сабаблари, белгилари ва олдини олиш йўллари ҳақида батафсил тўхталамиз.

Соғлом микрофлора — бу соғлом ҳаётнинг асоси.

Дисбактериознинг аломатлари турлича: қоринда оғриқ ва ноқулайлик, ортиқча газ тўпланиши, ич қотиши ёки кетиши, уйқусизлик, чарчоқ, аллергик тошмалар, терининг қуруқлашиши ва иммунитет пасайиши шулар жумласидандир. Бу белгилар бошқа ҳазм тизими касалликларига ўхшаш бўлиши мумкин, шунинг учун ўзбошимчалик билан ташхис қўйиш тўғри эмас.

Дисбактериоз турли омиллар таъсирида ривожланиши мумкин. Энг кўп учрайдиган сабаблар:

Антибиотиклар инфекцияларга қарши курашади, лекин фойдали бактерияларни ҳам йўқ қилиб юбориши мумкин.

Нотўғри овқатланиш, яъни шакарга бой, қайта ишланган маҳсулотлар ва толага кам бўлган егуликлар микрофлорага салбий таъсир кўрсатади.

Узоқ стрессли ҳолатлар ҳам ичак моторикаси ва микрофлора мувозанатига зарар етказади.

Айрим ичак инфекциялари фойдали бактерияларни йўқ қилиб, уларнинг ўрнига зарарли штаммларнинг кўпайишига олиб келади.

Дори воситалари, яъни лаксативлар, гормонал препаратлар ва баъзи химик моддалар микрофлорага таъсир қилиши мумкин.

Сурункали касалликлар: қандли диабет, иммун тизими касалликлари ва бошқа узоқ давом етувчи патологиялар дисбактериоз ривожланишига йўл очади.

Шунингдек, ҳар биримиз дисбактериоз аломатларини билишимиз керак. Чунки улар, одатда, айрим одамларда чарчоқ, бош оғриғи, уйқусизлик, аллергик тошмалар, тери қичишиши, қуруқлиги, қориндаги оғриқлар каби белгилар билан намоён бўлиши мумкин.

Кези келганда шуни айтиш мумкинки, бу касаллик учун беморнинг шикоятлари ва клиник белгилар, лаборатория таҳлиллари (ичак микрофлорасини текшириш), қўшимча текширувлар, биокимёвий таҳлилларга асосланиб ташхис қўйилади.

Терапевт ёки гастроэнтеролог аниқ ташхис қўйиб, тегишли даволаш режасини белгилайди. Бу касалликда тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун консерваланган, қовурилган ва ўта ёғли овқатлардан воз кечиш, спиртли ичимликларни ичмаслик тавсия қилинади. Стрессни камайтириш, етарли уйқу ва жисмоний фаолликни ошириш асосий талаблардан ҳисобланади.

Агар юқоридаги аломатлар кузатилса, албатта, мутахассис — терапевт ёки гастроэнтерологга мурожаат қилиш зарур бўлади.

Севара АЗИМОВА,

тиббиёт фанлари доктори,

олий тоифали гастроэнтеролог.

Раъно ТАДЖИБАЕВА,

тиббиёт фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =