“THE LONDON POST” муҳарририга “Олтин қалам” топширилди
Буюк Британия Парламентининг Лордлар Палатасида “The London Post” ахборот портали муҳаррири Раза Саидга “Олтин қалам” мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ўтказилган “Олтин қалам” XIX Миллий мукофоти учун халқаро танловда Раза Саид “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси бўйича 2-ўринни қўлга киритган эди.
Р.Саид Ўзбекистондаги ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаб, буни Бирлашган Қироллик жамоатчилигига етказишда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Унинг муаллифлигида Янги Ўзбекистон тараққиётига бағишланган “ЕМ Insight” журналининг биринчи сони нашр этилди. Нашрнинг 10 минг нусхадан иборат адади дипломатик корпус ва эксперт-сиёсатшунослик ҳамжамияти орасида, шунингдек, Буюк Британиянинг етакчи университетлари, жумладан, Оксфорд университети, Империал ва Кингс коллежлари кутубхоналарида тарқатилди.
Маросимда “The London Post” ахборот портали муҳаррири Раза Саидга “Олтин қалам” статуэткаси, диплом-плакетка ва пул мукофоти тантанали равишда топширилди.
