Чортоқ чинори

ёхуд фидойи инсон, наманганлик таниқли қурувчи Бойдада ЖЎРАБОЕВ ҳақида сўз

Ўшанда кузнинг ўрталари эди. Наманганда бўлиб, Бойдада ака билан дилдан суҳбат қурган эдик. Гап орасида ёшини сўраб билсам, декабрь ойининг охирида қутлуғ ёшга тўлар экан.

Ўтган ҳафта “Chortoq Mineral Water” қўшма корхонаси асосчиси Баҳодир Абдураимов билан учрашиб, ундан қаҳрамоним ҳақида сўрадим.

— Бойдада ака тўғрисида ҳар қанча яхши гапларни ёзсангиз арзийди, — деб у мамнун бўлди. — Бойдада акамизга ҳурмат, меҳр дадамиз раҳматлидан бизларга мерос қолган. Кўп инсонийлик фазилатлари ҳам дадамникига ўхшаб кетади. Жуда ҳалол, ўз ишига пухта. Берилган ваъдасига содиқ туради.

Баҳодир Абдураимовнинг айтишича, қурувчи касбини танлашига ҳам Бойдада ака сабабчи бўлган экан.

— Қурувчилик ўлмас касб, хайрли иш, қурувчи доимо нимадир бунёд этиш умидида яшайди, — деди ҳамсуҳбатим. — Қурилиш сир-асрорларини ҳам Бойдада акамдан ўрганганман. Дадам раҳматли ҳаёт пайтларида бир ишни бошлашдан аввал ундан маслаҳат, дуо олардим. Энди ҳар бир ишда Бойдада акамиз бизга маслаҳатгўй. Табаррук ёшда бўлсалар-да, ғайрат-шижоатли инсон. Тенгқурлари орасида энг юмушлари кўп, банд одам десам ҳам бўлаверади. Ҳаракат сиҳат-саломатликни мустаҳкамлайди. Ҳар йили бир марта чет элларга саёҳат қилиб, дам олиб келади. Шунга хурсанд бўламан.

Оиламиз билан Тошкентда яшасак-да, бир неча муддат Чортоқдаги мактабда ўқиганман. Аям раҳматли: “Баҳодиржон болам, қишлоқдан уйлангин, — дея такрор-такрор дуо қилардилар. — Қишлоқдан уйлансанг, мен оламдан ўтгач, келин билан келганингда қабримни ҳам зиёрат қиласан”, дердилар. Аямнинг дуолари ижобат бўлиб, қишлоғимиздан уйландим. Ҳар гал Чортоққа борганимизда, онажонимизнинг қабрини зиёрат қиламиз. Ўтганларни эслаймиз…

Дастлабки тадбиркорлигимни кичик тикувчилик цехи ташкил қилиб бошлаганман. Ишлаб чиқаришда ҳикмат кўп, қизиқарли ҳамда доим изланиб, ҳаракатда бўласан. Одамларга иш берасан, уларнинг қозони қайнайди, савоб олинади. Бугунги кунда “Chortoq Mineral Water” қўшма корхонамизда уч юздан ортиқ киши ишламоқда. Улар яхшигина меҳнат шароитлари, каттагина ойлик маошлари билан таъминланган.

Дадамнинг: “Ўз туғилган жойинг учун фойдали бир иш қилсанг, яхши бўларди”, деган таклифи сабабли Чортоқда “Chortoq Grand Resort” соғломлаштириш ва дам олиш мажмуасини қуряпмиз, — деди Баҳодир Абдураимов ҳикоясини давом эттириб. — Насиб этса, мажмуа келгуси йили фойдаланишга топширилади. Бойдада ака шу мажмуа раҳбарининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари сифатида жонбозлик кўрсатмоқда. Агар Чортоққа борсангиз, туман ҳокимлиги ташкилий кадрлар бўлими раҳбари Акрам Маҳмудов билан учрашинг. У киши Бойдада акани жуда яхши билади.

Ўтган чоршанба куни яна Чортоқда бўлдим. Акрам ака Маҳмудов самимий кутиб олди.

— Бойдада Жўрабоев ўта масъулиятли, камтарин инсон, — деди Акрам Маҳмудов. — Эллик йилдан ортиқроқ туманимизда турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келади. Лавозимини, бошқалар ишончини ҳеч қачон суиистеъмол қилмаган. Ҳокимият томонидан кўпчилик манфаатлари йўлида қилинадиган таклифларни бажонидил бажаради. Оғир-босиқлик билан, масаланинг тагига етиб, шошилмай иш юргизади. Замонавий, маданиятли раҳбар бўлгани боис чет эллардан келган меҳмонларни ҳам чиройли кутиб олади.

Туман “Нуроний” жамғармаси раиси Умрзоқали ака Сатторов Бойдада аканинг садоқатли шогирди, — деди Акрам ака. — Ундан ҳам кўпгина маълумотларни олишингиз мумкин.

— Бойдада акани 1970 йилда таниганман, — дея Умрзоқали ака ҳикоясини бошлади. — У дадам раҳматлининг шогирди бўлган, кунлар келиб, мен унга шогирд бўлдим. Бойдада ака қурилиш ташкилотида раҳбар бўлган йиллари мен шу ташкилотда ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи бўлганман. Унинг юриш-туришига, ўзини тутишига ҳавас қилганман. Айниқса, берилган топшириқларни тез ва сифатли бажариш бўйича ечим топишда жудаям изланувчан раҳбар бўлган. Биз қурган ижтимоий объектлар сифатлилиги билан ҳозир ҳам эсланади. Бойдада ака қўл остидагиларга ғамхўр, меҳрибон устоз. Биз шогирдлари ҳам у кишига маъқул бўладиган ишларни қилишга одатланганмиз. Катта-катта қурилишлар бошида турса ҳам, бирор марта шахсий манфаати учун эгри йўллардан юрмаган ҳалол қурувчи. Одамийлиги кучли, ёш бўлсин, қари бўлсин, ҳамманинг ҳурматини жойига қўядиган ажойиб инсон. Каттароқ иш бошлашдан аввал ҳозир ҳам устоз билан бамаслаҳат иш қиламан.

Янги қурилаётган “Chortoq Grand Resort” соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси Чортоқнинг Гулшан қишлоғига ўзгача файз киритиб турибди. Бойдада ака билан мажмуага кираверишда учрашдик. Куз бўйи узоқ кутилган ёмғир декабрнинг ўртасида ёғди. Бу ёмғирларни барака ёмғири бўлсин дея ният қилайлик. Нафақат Тошкент аҳолисини, балки наманганликларни ҳам анчагина ташвишга солган ифлос ҳаводаги ғуборларни юваётган ёмғирли кунда қаҳрамоним билан суҳбатлашиб ўтирдим.

Ижодий фаолиятим давомида қайсидир фидойи инсон ҳақида ёзмоқчи бўлсам, аввало, унинг ота-онаси, устозлари тўғрисида сўрайман. Шундай савол билан Бойдада акага ҳам юзландим.

— Жўрабой отам раҳматли мактабда боғбон бўлса-да, фарзанд тарбиясига жуда масъулиятли, қаттиққўл киши эди, — деди ҳамсуҳбатим. — Ёшликда англаб етмаган бўлсак-да, бугун бу тарбия қўл келмоқда. Кунлардан бир куни, беш-олти ёшларда бўлсам керак, отам: “Ўғлим, мактабга чиқиб, 10-синфда ўқийдиган Турсунбой акангизни топиб айтинг, катта танаффусда уйга кирсин”, деди. У кирди. Отам насиҳат қилди. “Турсунбой, мен касал бўлиб қолдим, катта ўғлим Бойдада билан бир-бирингларга суянчиқ бўлинглар”, деб дуо қилди. Шундан кейин отамнинг укаси Турсунбой акамни қидирадиган бўлдим.

Отам боғбон бўлса-да, мактабдаги қора ишларни бир ўзи бажарарди. Гулчиликни яхши биларди. Мактаб иссиқхонасида гул кўчатларини парваришлаб, баҳорда мактаб атрофини гулзор қиларди. Қуён боқиш ҳам отамнинг зиммасида эди. Қиш кунлари, ҳечам эсимдан чиқмайди, мактабимизда 14 та печка бўларди. Синглим билан кечки пайт печкаларнинг кулини олиб, ўтин қалаб, устига бир пақирдан кўмир солиб чиқардик. Отам эса тонгги соат тўртларда печкаларга ўт ёқиб келарди. У пайтлари қишда қаттиқ совуқ бўларди. Ҳар куни шу аҳвол такрорланарди. Ёшликдан меҳнатга ўрганиб борганмиз. Қора меҳнат қилиб катта бўлганмиз. Катта оиламиз аъзолари фақат отамнинг ойлик-маошига кун кўрардик. Ейиш-ичишимиз ҳам ночорроқ бўлган.

Ўша даврларда тиббиёт бугунгидек ривожланмаган, ҳатто астма касалига ҳам даво топилмаган эди. Отам шу касал билан узоқ азоб чекди. “Ҳалол бўлгин, рост гапиргин, бир сўзли бўлгин”, деб кўп насиҳат қилардилар. “Ўқиб одам бўлишинг керак, албатта, одам бўлишинг керак”, деб такрор-такрор айтаверардилар. Ўша сўзлари ҳалиям қулоғимда. Тошкентга институтга ўзи бирга олиб бориб, имтиҳонлар тугагунча Турсунбой амакимникида ётиб кутиб турган. 1967 йили институтнинг кечки бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилишда ишлаганман. Зилзиладан кейин Тошкентни қайта қуришда иштирок этганимдан фахрланиб юраман. Машаққат чекмасанг, роҳат бўлмас дейдилар. Бу – ҳақиқат.

— Сизнинг сўзларингизни эшитиб, ёшлигим ёдимга тушиб кетди, — дедим Бойдада акага юзланиб. — Бизнинг оилада ҳам фақат отам раҳматли ишларди. Муаллим отам ойлигини тўққиз нафар фарзандини едириб-кийдиришга, вояга етказиб ўқитишга қандай етказганлигига ақлим бовар қилмайди. У даврларда барака бошқача бўлган, шекилли-да. Энди онангиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

— Турдихон раҳматли онам жуда меҳнаткаш аёл эди, — деди Бойдада ака. — Асосан, уй-рўзғор ишлари, фарзанд тарбияси билан банд бўларди. Ҳар баҳорда пилла боқарди. Онажонимнинг умрлари меҳнат билан ўтди. “Тарбияли, кўпга хизмат қиладиган инсон бўлишинг керак, йўлингни топишинг керак”, дердилар. “Биздан кейин қолгач, укаларингни етаклаб бошқаришинг керак”, деб дуо қиларди. Аллоҳга шукур, ота-онамнинг дуолари ижобат бўлди. Ўқидим, ундим, элга нафим тегадиган одам бўлдим.

Шу пайт суҳбатдошимнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Дарвозахонада кекса бир нуроний уни сўраб келган экан. “Биз ҳали анча суҳбатлашамиз, кутиб қолмасин, кираверсин”, дедим.

Биз ўтирган хонага кекса отахон кириб келди.

— Бу киши эллик йиллик қадрдон домламиз Абдулла ака Ўринбоев бўлади, — деб таништирди Бойдада ака. Домла узоқ йиллар мактабларни, туман халқ таълими бўлимини бошқарган ҳурмат-эътиборли муаллим экан.

Оқсоқол набирасига иш қидириб келган экан. Бойдада ака соғломлаштириш ва дам олиш масканида баҳорда ишлар бошланганда бирорта вазифага ишга олишини айтди.

Абдулла ота Тошкентдан келган журналист эканимни билгач, мен ҳам бир мақтаниб қўяй, дея телефонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан кўришиб, сўзлаган пайтида ёзиб олинган тасвирларни кўрсатди. Саксон уч ёшли нуронийга ҳавасим келди, унинг ёшига етиб юрай деб ният қилдим.

— Бойдада Жўрабоев Чортоқни иқтисодий, ижтимоий ривожлантиришда билими, тажрибаси билан муносиб ҳисса қўшган ўрни бор раҳбар, — деди Абдулла ота. — Кўплаб мактаблар қурилишига, уларни таъмирлашга бош-қош бўлган таниқли қурувчи. Ҳеч қачон тама қилмайдиган ҳалол, маънавий дунёси кенг, юраги пок, иймони кучли инсон.

— Ҳаёт йўлларида фозил инсонларга рўпара келиш ҳам катта неъмат экан, — деди Бойдада ака. — Ҳаёт устозим, амаким Турсунбой аканинг менга қилган меҳрибончиликларини айтиб тугатиб бўлмайди. Мени ўқитиб, олий маълумотли қилди. Ҳаётга йўллади. Турсунбой акам ўзининг одамийлик фазилатлари билан хотирамда қолган. Ҳақиқий инсонда қандай яхши хислатлар бўлса, бари Турсунбой акамда бор эди. Кундузи ишлаб, кечаси ўқирдим. Ҳар якшанба куни Турсунбой акамникига боришим шарт эди. Ош қилардик. Раҳматли Комилахон келинойимиз хурсанд бўлиб: “Бойдада, келдингизми, ака-ука бир ош қилинглар”, деб очиқ чеҳра билан кутиб оларди. Кейин англаб етдимки, бечора студент ҳафтада бир марта ош еб олсин дея мени таклиф қилишар экан.

1974 йили қишлоққа қайтдим. Туманимизда олий маълумотли қурувчи йўқ экан. Туман раҳбари қурилиш ташкилотига бош инженер қилиб тайинлади. Касб устозим Мадумар ака Сатторов қўлида иш бошладим. Устоз билан ўн тўрт йил бирга ишлаб, муомала, юриш-туриш, бировнинг молига кўз олайтирмаслик, режа асосида ишлаш ва қурилиш соҳаси сир-синоати, икир-чикирларини ўргандим.

Туман капитал қурилиш бўлими бошлиғи, механизациялашган кўчма колонна бошлиғи, туман аҳолига хизмат қилиш ташкилоти раҳбари, туман кадастр бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган пайтларим устозимдан ўрганганларим кўл келди.

Қарс икки қўлдан чиқади дейишади. Турмуш ўртоғим раҳматли Турғуной аянгиз жуда содда, меҳнатсевар аёл бўлган. Фикри-хаёли одамларга ёрдам бериш бўларди. У билан беш фарзандни тарбия қилиб, элга қўшдик. Йигирма тўртта набира кўрдик. Бугунги кунда етти нафар чеварам бор.

Деразадан соғломлаштириш ва дам олиш мажмуасига нигоҳ ташлайман. Ҳудудлардаги ноёб дарахтлар катталашиб, бўй кўрсатиб, ажойиб дилтортар манзара пайдо бўлибди. Қараб кўз тўймайди.

— Қурилиш бошлаганимиздан Баҳодиржон Тошкентдан сара дарахт кўчатларини жўнатаверди, — деб у сўзини давом эттирди. — Мажмуа битгунича атроф хушманзара масканга айланди.

Баҳодиржоннинг одамларга ёрдамлари, хайрли ишлари ҳақида ҳам ёзиб кетсангиз, — деди Бойдада ака. — Бир куни қўнғироқ қилиб, Короскон қишлоғидаги “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини билан “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинини боғловчи кўприк жуда ёмон аҳволда эканини айтиб, янги кўприк қуриш режасини тайёрлашимни айтди. Кўприк бузуқлиги учун одамлар икки чақиримча масофани айланиб ўтишарди. Айниқса, мактаб болалари жуда қийналишар эди. Баҳодиржон ўз сармоясидан ярим миллиард сўм маблағ сарфлаб, янги кўприк қуриб берди. Инфоқ-эҳсон қилишда Баҳодиржон ҳам отаси Турсунбой амакимга жуда ўхшайди. Тақдиримизга шундай саховатпеша тадбиркор билан ҳамкор бўлиш битилган экан, Аллоҳга шукур дейман.

Дарҳақиқат, инсонни Парвардигор гўзал шаклу шамойилда мукаммал хилқат қилиб яратган. Бу дунёда иймон, ҳалол касб ва эзгу амаллар билан, мол-дунё муҳаббати-ю вақтичоғликка мафтун бўлмасдан, ота-онасига, устозларига меҳр кўрсатиб, умр йўлида чекиладиган машаққатларга сабр-тоқат қилиб яшаганлар ҳақиқий гўзал инсонлардир. Шаксиз, Чортоқ чинорига қиёслаганим Бойдада ҳожи ота Жўрабоев ҳам ана шундай инсонлардан бири экан.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =