Қишлоқ хўжалиги тараққиёти: Илм, экология ва рақамли инновациялар уйғунлиги

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан ўтказган мулоқоти қишлоқ хўжалигини янги — илмга асосланган, рақамлаштирилган ва экологик барқарор ривожланиш босқичига олиб чиқишга қаратилган стратегик йўналишларни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида эришилган натижалар билан бир қаторда, келгуси йиллар учун аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Президент нутқида белгиланган вазифалар қишлоқ хўжалигида илм-фан ва таълим муассасалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети жамоаси ҳам ўз олдига қатор устувор мақсадларни белгилаб олган.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида қишлоқ хўжалигидаги асосий эътибор қуйидаги масалаларга қаратилиши зарурлигини таъкидлади: илм-фан ва инновацияни соҳанинг бош ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш; сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш; рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш; юқори малакали кадрлар тайёрлаш; экологик барқарорлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш. Бу вазифалар қишлоқ хўжалигини фақат ҳосил ҳажмини ошириш эмас, балки сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришни тақозо этмоқда.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки иқтисодиётнинг энг даромадли соҳаларидан бирига айланган. Бироқ Президент таъкидлаганидек, глобал иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида бу ютуқларни сақлаб қолиш учун янги ёндашувлар зарур.

Бугун глобал иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиши, тупроқ деградацияси, ерларнинг шўрланиши, чўлланиш, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ва биохилма-хилликнинг қисқариши қишлоқ хўжалиги учун жиддий хавф бўлиб турибди. Айниқса, Амударё ҳавзасида сув оқимининг қисқариши жанубий ҳудудлар учун ўта долзарб масала ҳисобланади. Шу сабабли қишлоқ хўжалигини анъанавий усуллар билан ривожлантириш мумкин эмас. Президент таъкидлаганидек, “илм ва инновация қишлоқ хўжалигининг энг асосий таянчига айланиши шарт”. Бу эса олий таълим муассасалари, хусусан, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети зиммасига катта масъулият юклайди.

Бугун университет қишлоқ хўжалиги соҳасида экологик барқарор, ресурс тежовчи ва илмга асосланган моделларни ишлаб чиқувчи марказга айланиши лозим. Бунинг учун қуйидаги устувор йўналишлар белгилаб олинган:

  1. Сув тежовчи агротехнологиялар, иқлим ўзгаришига мослашган агротехник ечимлар, шўр ва кам сувли ерлар учун янги моделлар ишлаб чиқиш.
  2. Биологик ўғитлар, органик деҳқончилик элементлари, кам углеродли ва чиқиндисиз технологиялар илмий тадқиқотлар марказида бўлади.
  3. “Илм-таълим-ишлаб чиқариш-экология” интеграциясини таъминлаш устувор вазифадир. Илмий лабораториялар фаолияти экологик муаммоларни ҳал этишга йўналтирилиб, фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда “яшил тажриба майдонлари” ташкил этилади. Ҳар бир илмий тадқиқотда экологик таъсир баҳоси жорий этилади.
  4. Рақамли технологиялар, дронлар ва сунъий интеллект асосида сув сарфи ва ҳосилдорликни оптималлаштириш, ер ва экин ҳолатини прогноз қилиш, ресурсларни тежашга қаратилган интеллектуал бошқарув тизимларини амалиётга жорий қилиш. Бу ечимлар фермерларга кам харажат билан юқори ҳосил олиш имконини беради.

Президент нутқида агрономлар, муҳандислар ва ёш мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратди. Дуал таълим, амалий кўникмалар ва юқори маошли иш ўринлари орқали ёшларни соҳага жалб этиш зарурлиги қайд этилди. Университетда докторант, магистр ва талабалар учун илмий тадқиқотларни реал экологик ва аграр муаммолар билан боғлаш, “яшил қишлоқ хўжалиги” стартапларини қўллаб-қувватлаш, дрон ва рақамли технологияларни чуқур ўрганиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Глобал иқлим ўзгариши, ерларнинг шўрланиши, чўлланиш ва биохилма-хилликнинг қисқариши қишлоқ хўжалигида экологик ёндашувни талаб қилмоқда. Президент нутқида ресурс тежаш ва экологик барқарорлик масалаларига катта аҳамият берилди. Университет илмий ишларида ҳар бир тадқиқотнинг экологик таъсирини баҳолаш, органик деҳқончилик, кам углеродли технологиялар ва чиқиндисиз ишлаб чиқариш моделларини ишлаб чиқиш асосий йўналиш сифатида белгиланган.

Президент фермерлар ва мутахассисларни хорижий давлатларда ўқитиш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш вазифасини қўйди. Университетда Нидерландия, Исроил, Германия, Япония, АҚШ ва Хитой тажрибасини ўрганиш, уларни миллий шароитга мослаштириш асосида илмий мактаб яратиш мақсад қилинган.

Ривожланган давлатлар тажрибаси қишлоқ хўжалигида муваффақиятга эришишнинг ягона йўли илм-фан, экология ва рақамли технологиялар уйғунлиги эканини кўрсатмоқда. Нидерландиянинг сув танқис шароитда юқори ҳосилдорликка эришиш тажрибаси, Исроилнинг ҳар бир томчи сувдан самарали фойдаланиш модели, Германиянинг экологик барқарорлик ва дуал таълим тизими, Япониянинг ақлли қишлоқ хўжалиги, АҚШнинг агростартаплар экотизими ва Хитойнинг рақамли мониторинг тизимлари биз учун муҳим тажриба мактабидир. Бу тажрибаларни кўр-кўрона кўчириш эмас, балки миллий шароитга мослаштириб, ўз илмий мактабимиз асосида жорий этиш асосий мақсаддир.

Докторант ва магистрлар учун диссертация мавзуларини сув, ер ва иқлим муаммолари билан боғлаш, экологик моделлаштириш, прогноз ва оптимал бошқарув усулларини ишлаб чиқиш устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда. Илмий натижаларни фермерларга етказиш механизмлари такомиллаштирилади. Талабалар, айниқса, 4-курс битирувчилари “яшил қишлоқ хўжалиги” йўналишида стартаплар ва илмий-амалий лойиҳаларни ишлаб чиқишлари, битирув ишларини реал экологик муаммоларга бағишлашлари ҳамда дронлар, “GIS” ва рақамли агротехнологияларни чуқур ўрганиб, амалий кўникмаларини мукаммаллаштиришлари муҳим вазифадир.

Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев белгилаб берган стратегик вазифалар қишлоқ хўжалигини экологик барқарор, илмга асосланган ва рақамлаштирилган янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Бу вазифаларни амалга оширишда олий таълим муассасалари, хусусан, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бизнинг вазифамиз — илм, таълим, инновация ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштирган ҳолда, миллий қишлоқ хўжалигини барқарор ривожланиш йўлига олиб чиқишдир.

Расул ТЎРАЕВ,

Термиз давлат муҳандислик ва

агротехнологиялар университети

ректори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − 5 =