Юрак тубидаги энг нодир гавҳар

О, ота маконим, онажон ўлкам…

Ушбу сатрлар жарангидан юраклар бир қалқиб тушади. Беихтиёр кўз ўнгингизда жонажон Ватанимизнинг ёрқин суратию сийрати намоён бўлади. Руҳиятингизда Ватан ҳеч қачон оҳори тўкилмайдиган мангу битик эканини ҳис қиласиз. Алқисса, юрагимизнинг энг тубида нодир гавҳардек асраб юрганимиз, эътиқод ила сажда қиладиганимиз Ватан бизга тил-забон берди, ақл-идрокли қилди, тафаккуримизни чархлади, миллий эътиқодимизни тарбиялади. Шунинг учун ҳам Ватан энг улуғ туйғу ва у онадек қадрли ва муҳтарам.

Шоир айтганидек, ота маконимиз, онажон ўлкамиз Ўзбекистонимиз бугун яна бир йилни якунлаб, янги орзу ва ниятлар билан Янги йилга қадам қўймоқда. Келинг, ёшларимизнинг биз барпо қилаётган Янги Ўзбекистонни қуришга қўшаётган ҳиссаси ва Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида фикр юритайлик. Юртимизнинг эларо маълуму машҳур бўлиб бораётганида, албатта, илмга интилувчи, маънавиятли ва шижоатли ўғил-қизларимизнинг ҳиссаси беқиёс.

Меҳр улашаётган бола

Ишга шошиб кетаётгандим. Бир бола қўлини кўксига қўйиб, салом берди. Сўрашдик. Кейин у менга бир дона конфет узатди. “Ҳаммага ширинлик улашиб юрибман” деди. Биласизми, дарҳол юзимга табассум югурди.  Елкамдаги ташвишлар аригандай бўлди. Нимадандир қувониб кетдим. Руҳим осмонида гўё қуёш чарақлаётгандек эди. Бола эса ҳалиям қўлидаги конфетни тутиб турарди.

— Олинг, амаки, ҳаётингиз ширин бўлсин!

Нотаниш бола қўлидан ширинликни олар эканман, у билан танишишга ҳам улгурдим. Элёр Нуриллаев Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани Тинчлик маҳалласидан экан. Шу йил мактабни битириб, Тошкент шаҳридаги “Миллат умиди” халқаро университетига ўқишга қабул қилинибди. У университетда инглиз тилини янаям мукаммал ўрганиш учун ўқишга кирибди.

Айтмоқчи, ундан келгусида ким бўлмоқчисан, деб сўраганимда  “миллатнинг умиди бўлмоқчиман” деган жавоби кўнглимни тоғ янглиғ юксалтирди. Кейин у бироз ўйланиб турди-да, “ким бўлишимдан қатъи назар элга нафим тегадиган одам бўлмоқчиман” деди. Ва нега одамларга ширинликлар ҳадя қилиб юрганининг сабабларини изоҳлашга тушди.

— Мен ширинлик улашиб, халқимиз юзида озгина бўлса-да, табассум уйғотишни истайман, — деди у. — Элнинг қувончи биз каби ёшларнинг қувончи-да. Одамлар қалбидаги байрамона шукуҳга менинг ҳам камтарона ҳиссам қўшилса дейман. Ширинликлар бу меҳр рамзи. Ахир бир-биримизга меҳр улашишдан ҳам улуғ нарса борми? Ширинликлар меҳр бўлиб,  шу жонажон ўлканинг сувини ичган ҳар бир киши юрагини илитса, шу эмасми оқибат!

Элёрнинг ортидан қараб турдим. У йўлида учраган ҳар бир кишига ширинликлар улашар, ҳадяни қабул қилиб олган одамлар юзидаги табассум эса ниҳоятда гўзал эди…

Биз доим ёшлар ҳақида гап кетса, салбий фикрларни қалаштириб ташлаймиз. Қулоғида “наушник”, қўлида телефон, китоб ўқимайди, кексаларнинг гапига қулоқ осмайди деймиз. Биз кўпинча ёшлар билан боғлиқ салбий иллатларга кўпроқ урғу берамиз. Аслида эса ўғил-қизлар орасида Элёр каби бир нечта хорижий тилларни мукаммал биладиган, шу билан бирга маънавиятни, маданиятни, миллий қадриятларни унутмаган, юрт эртасига дахлдорлигини юракдан ҳис қиладиган фарзандларимиз жуда кўп.

Дарвоқе, бугун ўғил-қизларимиз орасида чет тилларни ўрганишга қизиқиш ошиб бор­япти. Бу дунё билан интеграциялашиб бораётганимиз ва ўзбек ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатадиган омиллардан биридир. Биргина мисол, сўнгги 3 йилда тил ўрганаётган йигит-қизлар сони 2 миллион нафардан ошгани уларнинг зеҳни ўткир ва қобилиятли эканидан далолат бериб турибди. “IELTS” имтиҳони тил ўрганишнинг муҳим мезони. Бу имтиҳондан юқори балл олган ёшларимиз сони 5 карра ошгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлаб турибди. Биласизми, юртимиздаги ёшлар сиёсати халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилаётгани кишини бир қувонтирса, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан жой олгани янада кўнгилларни ўстиради.

Эл-юрт орзу қилаётган жамғарма

Илмга чанқоқлик бугунги ёшларимизга хос энг улуғ фазилатлардан бирига айланиб бормоқда. Фарзандларимиз қалбида ўқишга, илмли бўлишга иштиёқни уйғотаётган омиллардан бири — юртимизда таълим-тарбияга эътибор ниҳоятда кучаяётгани, давлат томонидан рағбат ва қулайлик яратилаётгани десак, муболаға эмас. Айтайлик, Аввалги 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 2 минг 300 нафар ватандошимиз шундай имкониятга эга бўлди.

Ахир дунёнинг манаман деган университетида ўзимизнинг қоракўзларнинг ажнабий тилда бурро-бурро гапириб, зўр талаба бўлиб ўқиётгани ҳар биримизда ғурур уйғотгани баробарида ота-оналарда ўз фарзандини улар қаторида кўришни истаётгани ҳам бор гап. Демак, бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда таҳсил олаётган фарзандларимиз келгусида улар сафи янада кўпайишига туртки бўлиши табиий бир ҳол. Қувонарли томони шундаки, 110 минг нафар ўғил-қизимиз хориждаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётгани Истиқлол берган ширин мевалар, десак сира хато бўлмайди.

Мавриди келганда бир эслайлик, ҳув, ўша боболаримизнинг боболари хорижга ўқишга борганида бошига не-не кулфатлар тушгани ҳалиям юракларни зириллатади. Миллатнинг ойдинлари юртни тараққий эттириш учун илмли кадрларга эҳтиёж сезилаётганини англаб, ўша пайтда “Кўмак” уюшмасини тузиб, маблағ тўплаб, қоракўзларни Германияга ўқишга юборишган. Аммо… 1922 йилда Туркистондан илк ўғил-қизлар гуруҳи Германияга ўқишга юборилгани, улар орасида бор-йўғи 2 нафар қиз — Марям Султонмуродова ва Хайринисо Мажидхоновалар борлигини тарихимиз қатларида ўқишимиз мумкин. Афсуски, улар таҳсил олиб юртга қайтгач, мислсиз қийноқ, қамоқ жазоси, баъзилари эса отиб ташлангани кишини даҳшатга туширади.

Мустақиллик, Ўзбекистон суверенитети халқимиз учун қанчалик қадрли эканини ўша даврлардаги хунрезликлардан ҳам англаб олиш қийин эмас. Гоҳида гугуртнинг бир тийинлигини рўкач қилиб, ўша кунларни қўмсаётганлар, миллат ор-номуси, қадр-қиммати бир тийин бўлганини наҳотки ўйлаб кўришмайди? Бугун давлатимиз томонидан фарзандларимизни илмли, маърифатли ва етук профессионал кадрлар бўлиб вояга етиши учун қилинаётган ғамхўрликларни кўриб, ўша машъум кунларни бир эсга олиб қўйсак, хато бўлмас, ахир.

Устоз, сиз ҳақ экансиз…

Гулчеҳра опа тандирдан қип-қизариб пишган нонларни узиб олаётган пайтда мобиль телефони жиринглаб қолди. У нонларни саватга жойлар экан, қўнғироқ узоқ Японияда таҳсил олаётган шогирдидан эканини кўриб шошиб қолди.

— Ва алайкум, ассалом, Жаҳонгир, — дея олди, холос. Кўзларидан оқаётган шошқатор севинч ёшлари унга гапиришга изн бермасди. Ўзи таълим берган ўқувчиси Япониядаги нуфузли университетда ўқиётганидан  қувонмай бўладими?  Шогирднинг муваффақияти устоз учун катта мукофот-ку! Шунинг учун ҳам Гулчеҳра муаллимнинг қувончи кўз ёшларга кўмилиб кетди. Буни сезиб турган Жаҳонгир ҳам бирпас тин олди.

— Устоз, айтган гапларингиз тўғри чиқди, “одамзоднинг имконияти чексиз, ҳамма нарсага эришса бўлади” деган фикрингиз ўзини оқлади. Мен Японияда энг иқтидорли талабалар рўйхатига кирдим. Буларнинг ҳаммаси сизнинг меҳнатингиз, сизга таъзим, азиз устоз!

Нишон туманида бошланғич синфларга сабоқ бериб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган муаллима Гулчеҳра Бозорова мукофот олгандек қувонди. Унинг ҳар бир хорижда ўқийдиган шогирдини унга берилган мукофот деб ҳисобласак, уни санашга бармоқлар етмайди. Ўқитувчи аслида шундай фидойи бўлса, шундай шогирдлар тайёрласа, касбига садоқати, муҳаббати шу билан баҳоланади. Бугун юртимиздаги мактабларда ана шундай фидойи ўқитувчилар сафи тобора кенгайиб бораётганини битирувчиларнинг нуфузли олийгоҳлар талабаси бўлаётгани мисолида кузатиш мумкин. Ёки ўтган йили мактабларни 14 мингдан зиёд ўқувчи олтин ва кумуш медаллар билан битиргани замирида ўқитувчиларнинг заҳматли меҳнати мужассам эмасми? “Катта бешлик” фан олимпиадаларида қўлга киритилган медаллар охирги тўрт йилда 2 карра кўпайгани-чи? Ана шу рақамлар ортида ётган заҳмат ва уйқусиз тунлар миллат учун қайғуриш ва мамлакат тараққиёти учун масъуллик шарафи десак, сира янглишмаймиз.

Гоҳида эшитиб қоламиз: “институтни муваффақиятли битириб, қўлимга дипломни олдим, лекин иш топа олмаяпман…” “Ҳа, иш ўрни йўқ, шунинг учун ёшларимиз хорижга чиқиб кетган” дея уларнинг фикрини маъқуллайдиган кишилар ҳам топилади. Агар муаммога чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, аслида айб ўша ёш мутахассиснинг ишга лаёқати билан боғлиқ. Чунки яхши мутахассисга доим компания ва корхоналар эшиги ланг очиқ. Улар етук ва зарур билимга эга мутахассисни жон-жон деб ишга қабул қилишади. Кўриниб турибдики, ишли бўлиш учун ўз касбини чуқур билиш ва катта салоҳиятга эга бўлиш талаб этилади. Масалан, ҳозирги кунда бизнесдаги айланма маблағини миллион АҚШ долларидан оширган ёш тадбиркорлар сони 1,5 минг нафардан ошиб кетди. Эътиборлиси, қандай мутахассис ўз айланма маблағини миллион долларга етказа олади? Албатта, ўз соҳасини мукаммал билган, илму салоҳияти ўткир мутахассис бундай улкан натижани қайд этади. Диплом учун эмас, илм учун ўқиш даври келди. Сандиқда чанг босиб ётган дипломларнинг эса ҳеч кимга кераги йўқ.

Дуо билан эл кўкарар…

Оталар чойхонасида гурунг қизигандан-қизийди-да. “Instagram” ёки “YouTube” дан ҳам бундай ажабтовур гапни топа олмайсиз.  Маҳалланинг у бошидан кириб, бу бошидан чиқишади бу гурунгчи кексалар. Ғийбату кин-адоват йўқ бу суҳбатларда. Юракдан айтилади ҳамма гаплар. О, Неъмат ота, унинг гапи жуда кескир, ҳаммани оғзига қаратади. Юзинг-кўзинг демай, тарбияси ёмон болаларнинг ота-онасини гап билан савалайди, кибрдан керилиб кетган замонавий бойваччаларни бир гап билан ўтирғизиб қўяди. Полвон бўлмаганми, саломлашсангиз, қўлингиз уч кун оғриб юради. Бугун Неъмат ота янги гап топиб келди.

— Шу дейман, маҳалламизда бир тадбиркор йигит савоб ишга қўл урибди, — деди отахон соқолини тутамлаб.

— Ким экан, аниқроқ гапиринг, — дейишди даврадагилар.

— Аҳроржонни айтяпман, ўз маблағидан қишлоққа асфальт йўл тортиб келяпти.

— Эй, шу йигитнинг отасига, — деди-ю, Неъмат отанинг гапи узилиб қолди…

Даврада Аҳроржоннинг отаси Нусратулла ҳам мулзам бўлиб ўтирган эди. У ҳар куни ичиб юриши, гоҳида кўчаларда маст ҳолда қолиб кетишини ҳамма билади. Шунинг учун “тадбиркорнинг отасига раҳмат” деган гапни айтишга отахонлар иккиланиб қолишди. Нусратулла ўрнидан турди-ю, жўраларининг ҳой-ҳойлашига қарамай чиқиб кетди. Кексалар унинг ҳамиятига тегишган эди. Унинг ори келди. Ўзи дунёга келтирган, ўқитган, одам қилган ўғилга муносиб ота бўла олмаётгани учун ўксинди.

Гоҳида ўғил ҳам отага ибрат бўлади, десак, хато эмас. Шу воқеадан сўнг Нусратулла ичишни буткул ташлади. Бошқа одамга айланди. Ҳовлисида боғ яратди, унинг ишкомида етилган сархил узумларни кўриб, одамлар ҳавас қиладиган бўлди. Бир куни ўғли унга: “Дада, сизга раҳмат!” деди. Ота эса: “Йўқ болам, сенга раҳмат, сен ибрат кўрсатдинг”, деди. Энди давраларнинг энг тўри Нусратулланики бўлди.

Демак, гурунгчи оталар даврасиям ёшлару катталар учун ҳам ибрат мактаби вазифасини ўтаяпти. Ёшлар руҳиятини кўтаришда, уларга меҳнатга рағбат беришда кексалардан ўтадигани йўқ. Қайси маҳаллада кексалари донишманд, оқил ва доно бўлса, ўша ҳудудда барака бор, оқибат бор.

Мана, биргина мисол, шаҳрисабзлик ёш тадбиркор Маҳлиё Маннонова бундан тўрт йил олдин маҳалла кексаларидан дуо олиб, турмуш ўртоғи Нодир Маннонов билан ироқи каштачилик, заргарлик буюмлари, миллий либослар каби бир неча турдаги ҳунармандчилик буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Буни қарангки, тўрт йил ичида маҳсулотлар 50 турдан ошиб, Туркия ва Европа давлатларига экспортга чиқариш ҳам йўлга қўйилибди. 200 нафар маҳаллий ёшларнинг доимий иш билан банд этилганини айтмайсизми? Ҳозир улар Қамаши туманида 250 нафар хотин-қизни касбга ўргатишаётган экан.

— Албатта, мен нуроний кекса отахонлардан дуо олиб шундай муваффақиятларга эришдим, — деди “Шаҳрисабз ҳунармандлар кластери” МЧЖ раҳбари Маҳлиё Маннонова. — Ўтган йили қилган озгина меҳнатимиз давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилиб, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу йил Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида у киши билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Ўзимнинг янги лойиҳаларим ҳақида маълумот бердим. Яқинда Президентимизнинг тадбиркорлар билан учрашувида иштирок этиш асносида, янада янги руҳ, шижоат олдим.

Жонажон юртимизда байрам шукуҳи кезиб юрган шу мунаввар кезларда чуқур мамнуният билан баралла айта оламизки, ёшларимиз бизнинг фахримиз, ғуруримиз ва кўзимизнинг оқу қораси. Уларнинг бутун дунёда фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида қўлга киритаётган оламшумул ютуқ ва ғалабалари юртимиз шаъни, ғурури ва обрў-эътиборини янада юксакларга кўтариб, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини оширмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида айтилганидек, “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”. Жонажон ва қадрдон юртимизни, муқаддас тупроғимизни севиш,  ардоқлаш, унга содиқ фарзанд бўлиш ҳар бир ёш авлоднинг муқаддас бурчидир. Шоир айтганидек:

О, ота маконим,

Онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.

Сендай меҳрибон йўқ,

Сенингдек кўркам,

Римни алишмасман бедапоянгга…

Фахриддин БОЗОРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 4 =