Фарида Афрўзнинг “қалб телефони…”

Технология ва тезкорлик даврида яшаяпмиз. Бугунги кун инсонини илм-фан, санъат ва маданият янгиликларидан кўра, кўпроқ янги русумдаги автомобиллар, айниқса, “Iphone 17” каби трендга чиққан смартфонлар жалб қилмоқда. Жамоат жойлари ва транспортда ёшларнинг суҳбатига беихтиёр қулоқ осаман, уларнинг аксарияти фақат техник янгиликлар ҳақида сўзлайди:

“Iphone 17” олдингми?”

“Мен “Iphone 15”ни сотиб, янги “Iphone 17” олмоқчиман…”

Очиғини айтсам, интернетда ҳам, реал ҳаётда ҳам “Iphone 17” муҳокамасидан шунчалар чарчадимки…

Ижтимоий тармоқлардаги маза-бемаза контентлар, бир-биридан савиясиз рекламалар…

Кўплаб инсонлар интернетнинг исканжасига илинган замонда адабиёт ва шеъриятда янгилик яратиш, янгилик бўлса ҳам портлаш даражасида янгилик қилиш ниҳоятда мураккаб ва мушкул.

Ана шундай пайтда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоира, ёзувчи, драматург ва таржимон Фарида Афрўз ўзбек адабиётида янги тасбеҳ жанрини яратиб, юксак истеъдодини намойиш этди.

Севимли шоирамизнинг янгича формат ва ўзгача дизайнда “Ижод нашр” нашриётида тайёрланган, Истанбулдаги “Мега Басим” босмахонасида нашр этилган “Шуур” китоби 10 000 нусхада чоп этилди. Китоб уч мисралик кичик шеърлардан иборат бўлиб, лирик композиция ва тугал мазмунга эгадир. Ҳар бир учликда ҳаяжон, ҳайрат ва ҳароратли ҳислар теранлик билан жамланган, улар 143 тасбеҳга жо бўлиб, бетакрор руҳда ўқувчига тақдим этилган. Аксарият инсонлар “Iphone 17” билан овора бўлган бир паллада Фарида Афрўз қалб телефони яратди. Бу учликлар қисқа, аммо ичига бир олам маъно ва мазмунни жам этган бўлиб, ўзининг бадиий қудрати, фикр сеҳри ва руҳий манифести билан ўқувчилар қалбига чуқур таъсир ўтказади. Ҳар бир учликнинг сўзлари — нафақат сўз, балки руҳий манзил, фалсафа ва ҳаётий драматиканинг сармоясидир. Бу учликлар Шарқ ва Ғарб фалсафаси, модерн ва классика, тасаввуф ва психологиянинг уйғунлашган бетакрор маҳсулидир. Шоира бу учликларда инсон қалбининг ички сукунатини, ҳаётий синовлар, руҳий изланишлар ва ҳис-туйғуларни ажойиб тарзда уйғунлаштиради.

 

Сен менга ҳеч дўст бўлолмайсан,

Айт-чи, қачон, қандай чумоли,

Кўтаролган филнинг юкини.

 

Дўст ким? Дўст шундай инсонки, яхши-ёмон кунингда йўлдош, керак бўлса, дўсти учун молидан кечади, жонидан кечади. Афсуски, шоир ўз шеърида тилга олган дўст ундайлар сирасига кирмайди. Шунча пайт ўзини дўстман, деб юрган дўсти ҳақида сўнгги қарорга келади ва “Сен менга ҳеч дўст бўлолмайсан”, дейди. Қаранг, биргина сатрга жойланган маъно юкининг залворлилигини! Ўзини дўстдек тутиб, аслида, бир корига ярамаган, оғир кунида суямаган, шодлигида қувонмаган, тош келса, кемириб, сув келса, симириб, дўстини асрамаган одамни, дўстни дўст деб бўладими? Энди эътибор беринг, кейинги мисрада чумоли ҳақида гап боради. Митти жонзот чумолилар ҳар қандай меҳнаткаш бўлмасин, унинг жисми фил кўтарадиган катта юкни кўтаролмайди. Шу ўринда ажойиб қиёслаш қўлланилганини кўриш мумкин. “Дўст” ўз зиммасидаги масъулиятни, дўстлик вазифасини, инсонийлик бурчининг юкини кўтаролмайди, шу сабаб чин маънодаги ҳақиқий дўст бўлолмайди. Гўё фил кўтарадиган юкни чумоли кўтаролмаганидай.

Ёхуд саҳрода қум барханларини кечиб, ҳориб, толиб, танидан мадори кетиб бораётган йўловчини тасаввур қилинг. Ҳаётдан, яшашдан умиди узилай деб турган паллада кўкка бўй чўзган яшил дарахтни ва унинг соясида, қуёш нурида жилваланиб оқиб турган булоқ сувини кўргач, қандай ҳолга тушади? Албатта, йўловчи нафақат чанқоғини қондиради, балки қалбида ҳаётга, яшашга бўлган умид қайта уйғонади. Ҳа, ҳаёт гўзал, яшаш янада завқли. Шоира шеърларини ўқиган мухлис нафақат қалб чанқоғини қондиради, балки ҳаёт, умр мазмуни, моҳиятини янада теранроқ англай бошлайди.

 

Ухлаётган эркак бошида

Сайраётган булбул —

Бахти қаро аёл.

 

Яна бир учликдаги фикрлар шодаси катта бир асар руҳини беради.

Оила, эркак ва аёл. Жамиятнинг кичик бўғини. Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам, бор ҳам, йўқ ҳам айнан оиладаги муҳитга боғлиқ.

Муҳит соғлом бўлса, эр-хотин бир-бирини ҳурмат қилса, тушунса, ўзаро муҳаббат, аҳиллик, меҳр-оқибат ришталари мустаҳкам бўлса, ундай оилалар энг бахтли оилалар сирасига киради.

Шоира учлигидаги эр-хотинлар аксинча. Эр парвойи фалак, аёлининг дарди, қалбида кечаётган изтироблар, оғриқларни ҳис қилмайди. Ухлаб ётибди.

Шоира аёлни булбулга қиёслайди.

“Сайраётган булбул”…

Булбул чиройли қуш…

Ниҳоятда чиройли сайрайди. Унинг хонишидан кўнгиллар яйрайди. Лекин бу “булбул” аёл “Бахти қаро”.

Бахтсизлиги сабаби ўзи ишониб, катта-катта орзулар билан турмушга чиққан эрида.

Аёлининг бахтли оила бекаси бўлиши учун эркак ҳаракат ҳам қилмаган. Аёлининг ҳеч бир дарди, фикрини тингламаган. Шоира аёлга нисбатан “бахти қаро” иборасини қўллаяпти. Демакки, аёл шу эркакка турмушга чиқиб, рўшнолик кўрмади. Қадр топмади. Эътибор кўрмади. Орзулари сароб бўлиб чиқди. Шоира бахтсизлик тушунчасини янада чуқурроқ ифодалаш учун “бахти қаро” иборасини қўллайди. “Ухлаётган эркак бошида Сайраётган булбул — Бахти қаро аёл”. Учликнинг ҳар сатрида бир олам маъно мужассам. Бу эса катта маҳорат меваси. Бир оиладаги муҳитни рассом янглиғ уч мисрагина шеърда чизиб бера олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

 

Бир ҳовуч сувман кафтингда,

Тўкиб юборсанг,

Тўлқинман…

 

Бу учликдаги сув — шоиранинг тасбеҳларидаги руҳ тимсоли.

Кафтдаги сув — инсон қалбидаги эҳтиёткорлик, муносабат, қадрлаш эҳтиёжидир.

Агар қадр топмаса, сув тўкилади, лекин у йўқолиб кетмайди, аксинча, улкан бир тўлқинга айланади.

Бу тўлқин — руҳий ўсиш, ички уйғониш, оғриқдан туғилган маънавий куч.

 

Бир вақтлар нонга навбат турардик,

Сувга, донга, ҳар нега…

Бугун эса қадрга?

 

Бу учлик бугунги жамиятнинг энг катта фожиасига ишора қилади: одамлар кундалик эҳтиёжлар учун эмас, балки қадр учун навбат кутадиган замон келди.

Бу — Фарида Афрўзнинг “Шуур” китобидаги асосий руҳий магистрал: инсоннинг ички қадрини англаш, қалбнинг ҳақиқий қийматини билдириш.

Учликнинг яна бир оғриқли саволи — китобнинг умумий руҳий хитоби билан уйғун: бу саволнинг жавоби ўқувчининг ўзида уйғонади.

 

Порахўрликка кураш —

Шамолга қарши

Курашга ўхшайди…

 

Бу учлик жамиятнинг ахлоқий қатламини очади. Шамолга қарши курашиш — кўринмас кучга қарши кураш, бир инсоннинг бутун тизимга қарши ёлғизлигидир.

Бу фикр ҳам Фарида Афрўз тасбеҳларидаги фироқ, ички қайғу ва руҳий оғриқ билан уйғун.

Қисқа, лекин жуда кучли ташбеҳ орқали жамият иллати очиқ-ойдин тасвирланган.

 

Эски бир қишлоқнинг

Эски кулбасида

Туғилади янги бир даҳо.

 

Даҳолар шоҳона шароитда эмас, кўҳна кулбаларда, аммо улкан қалбларда туғилади.

Эски кулба — соддалик, ҳалоллик ва табиийлик макони.

Айнан шу соддаликдан янги бир истеъдод пайдо бўлади.

Бу учлик “Шуур”нинг ички ғояларидан бирига жуда яқин: буюклик соддаликдан туғилади.

Шу учликлар ҳам, “Шуур” таълимоти ҳам битта ҳақиқатни англатади: инсонни буюк қилган нарса — гаджетлар, трендлар ёки “Iphone 17” эмас, балки қалб қадри, руҳий уйғоқлик ва сўз сеҳридир.

Фарида Афрўз ўз китобида шунинг исботини берган: бир учлик — бир дунё.

Бир учлик — бир ҳаёт.

Бир учлик — бир ҳакимлик.

Шу сабабли, “Шуур” китоби нафақат китоб, балки қалбга етказилган руҳий сеҳрдир.

Китобни қўлингизга олганингизда, худди смартфонга ўхшаш туйғуни ҳис қиласиз: ҳар бир учликнинг мазмуни сўзлар билан бирга, танлаб жойлаштирилган визуал элементлар орқали ҳам тасаввурингизда янада жонли тасвирланади.

Бу шоиранинг шеърият ихлосмандларига берилган қалб телефони — ҳақиқий руҳий туҳфадир.

Фарида Афрўзнинг учликларида Шарқ ва Ғарб фалсафаси, модерн ва классика, тасаввуф ва фалсафа бирлашиб, мукаммал янгилик яратади.

Ҳар бир учлик ўқувчида ички драматик куч, руҳий тафаккур ва фалсафий тафсилот уйғотади. Китобдаги учликлар ўқувчида сўзнинг сеҳрини, адабиёт қудратини ва шоиранинг улкан истеъдодини руҳан ҳис қиладиган имконият яратади.

“Шуур”да адабиётнинг кучи, беқиёс қудрати учликларнинг ҳар бир сатрида янада ёрқинроқ намоён бўлади.

СЎЗдан қалбингизга оқиб кирадиган ҳузурбахш оний лаҳзалар, туйғулар, бетакрор фикр, хулосалар Сизни ўзга, гўзал бир оламга олиб киради. Бу олам зилол сув каби тиниқ, осмон каби беғубор, она алласидай ҳазин ва ёқимли. Бу адабиёт олами, шеърият олами.

Фарида Афрўз шеърияти, учликлари ҳам ана шу оламдаги чақноқ, ёрқин нур каби кўнгилларга ёруғлик олиб киради. Ўйлашга, мушоҳада қилишга, хулосалар чиқаришга ундайди.

Бугун мен учун жуда қувончли кун: севимли шоирам менга ва барча ўқувчиларга “Iphone 17”дан ҳам бебаҳо ва қимматли “Шуур” қалб телефонини туҳфа этди.

Ушбу китоб орқали ўқувчи сўзнинг сеҳри, адабиётнинг қудрати ва шоиранинг улкан истеъдодидан руҳан баҳраманд бўлади.

“Iphone 17” ололмай, армонда юрганлар энди Фарида Афрўзнинг “Шуур” қалб телефонини олиб, танишинг, ўқинг!

Ушбу мўъжаз ва гўзал китоб билан муаллифни ва барча китобхонларни табрикласак жуда ярашиқли иш бўлади.

Жаҳонгир НАМОЗОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + six =