Таълим тараққиёти “орбита”сининг етук олими

Илм ҳам физика қонунларига ўхшайди. Унда ҳаракат бор, куч бор ва аниқ йўналиш мавжуд. Ана шу йўналишни белгилай оладиган шахслар жамият тараққиётининг марказида туради. Чирчиқ давлат педагогика университети ректори — Ғафуржон Исроилович Муҳамедов шундай инсонлар сирасига киради. У илмни ҳаёт мазмунига, маърифатни эса тақдир траекториясига айлантирган, тафаккури билан таълим келажагининг векторини белгилаб бераётган забардаст олим ва замонавий раҳбардир. Кимё фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби унвони соҳиби бўлган бу фидойи инсон илм оламида катта энергия манбаи, олий таълим тизимида эса барқарор ривожланишни таъминловчи таянч нуқта сифатида танилган.

1946 йил 20 декабрда Тошкент шаҳрида ­дунё­га келган Ғафуржон Муҳамедов болалигиданоқ илмга чанқоқ, билимга интилувчан, изланишдан чарчамайдиган шахс сифатида шаклланди. Физика қонуниятлари билан айтганда, бўлажак олимнинг билимга нисбатан “тортилиш кучи” юқори бўлиб, у доим илмий майдон марказига интилар эди. Ана шу интеллектуал гравитация унинг ҳаёт йўлини аниқ белгилаб берди. Изланишлар траекториясини барқарор орбитага солди ва уни илм оламининг марказига олиб борди.

Тошкент давлат университетининг физика факультетини тамомлаган ёш мутахассис ўз билимининг потенциал энергиясини ошириш мақсадида Москвадаги Физика-кимё илмий-текшириш институтида тадқиқотлар олиб борди. Бу даврда орттирган тажрибаси унга доимо асқотди. 1991 йилда Ломоносов номидаги Москва давлат университетида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, кимё фанлари доктори даражасига эришди. Шу билан унинг илм соҳасидаги йўли янги босқичга, яъни юқори тезликдаги тараққиёт “орбита”сига чиқди. Илмий фикрлари эса импульс олиб, кенг фазовий майдонда эркин ҳаракатлана бошлади. Назария ва амалиёт ўртасидаги резонансни таъминлаб, ишлаб чиқариш жараёнларида самарадорлик коэффициентини юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда.

Олимнинг илмий мероси салмоқли ва серқирра. Полимер кимёси, экологик муаммолар, агросаноат соҳасидаги долзарб масалаларга бағишланган фундаментал ва амалий тадқиқотлар, қатор монографиялар, 250 дан ортиқ илмий мақола ҳамда ўнга яқин ихтиро ва муаллифлик гувоҳномалари унинг фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини яққол намоён этади.

Фан арбобининг раҳбарлиги остида 10 дан ортиқ фан докторлари, 15 га яқин фан номзодлари етишиб чиқди. Устоз учун ҳар бир шогирд — янги қувват зарраси бўлиб, уларнинг илмий натижалари миллий фан тизимининг умумий қувватини ошириб келмоқда. Олим сифатида унинг илмий ишлари халқаро илмий жамоатчилик томонидан ҳам юксак баҳоланиб, кенг эътироф этилмоқда.

Бугунги кунда профессор Ғафуржон Муҳамедов номи Чирчиқ шаҳри билан чамбарчас боғлиқ. Бир пайтлар ҳарбийлар ва саноат маркази сифатида танилган шаҳар сўнгги йилларда илм-маърифат, таълим ва зиёлилар маконига айланиб улгурди. Бу ижтимоий трансформация жараёнида олимнинг стратегик фикрлаши ҳал қилувчи импульс бўлди. Бу импульс эса бутун тизим ҳаракатини янги тезланиш билан таъминлади.

Ҳикоямиз қаҳрамони ректорлик лавозимига тайинланган илк кунлариданоқ Чирчиқни зиёлилар шаҳрига айлантиришга ҳисса қўшиб келмоқда. Натижада қисқа вақт ичида университет ҳаётида фазавий силжиш юз берди. Таълим сифатини ошириш, замонавий бошқарув моделларини жорий этиш, рақамли ва электрон таълим тизимини ривожлантириш орқали таълим жараёни янги босқичга ўтди. Рақамлаштирилган баҳолаш тизими, электрон дарсликлар, инновацион ўқув платформалари ва янгиланган таълим стандартлари университетнинг барқарор ишлашини таъминлайдиган асосий механизмларга айланди. Таълим тизими мувозанат ҳолатига келиб, самарадорлик коэффициенти ортиб борди.

Раҳбарнинг куюнчаклиги ва ташаббускорлиги туфайли олий таълим ўчоғида юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчилар жамоаси шаклланди. Бу жамоа бир бутун тизим сифатида ишлаб, ҳар бир аъзо ўз ўрнида аниқ функцияни бажараётган мукаммал механизмни эслатади. Халқаро ўқитувчиларни тайёрлаш, қўш мутахассислик дастурларини йўлга қўйиш ҳам ушбу тизимнинг самарадорлигига ҳисса қўшди.

Профессор ташаббуси билан жорий этилган Педагогик таълим инновация кластери эса университетнинг илмий таълим майдонида янги куч марказини яратди. Бу кластер фан, таълим ва амалиёт ўртасидаги ўзаро таъсирни кучайтириб, илмий жараёнларнинг узлуксиз ҳаракатини таъминлади. Докторлик ва фалсафа доктори диссертацияларини тайёрлаш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш айнан шу муҳитда янги босқичга кўтарилди.

Ғафур Муҳамедов очиқлик ва адолатни асосий қонун деб билади. У талабаларни университет ҳаётининг фаол иштирокчиси сифатида кўради. Ёшлар билан очиқ мулоқот, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш раҳбарлик услубининг асосий драйверига айланган. 2025 йилда талабалар билан ўтказилган учрашувлар бу жараённинг ёрқин исботи бўлди.

— Университетимиз фақат билим берадиган жой эмас, балки шахс камолоти шаклланадиган лабораториядир, — деди ректор. — Биз талабаларимизни замонавий билимлар, илмий изланишлар ва миллий қадриятлар уйғунлигида етук мутахассис этиб тарбиялашни мақсад қилганмиз. Азиз талабалар! Сизлардан фаоллик, ташаббускорлик ва доимий изланишни кутиб қоламиз. Ҳар бирингиз ўз олдингизга катта мақсад қўйиб, университет имкониятларидан тўлиқ фойдаланинг. Биз эса сизларнинг ҳар бир ютуғингизга ҳамкор ва таянч бўламиз. Биргаликда юртимиз келажаги учун муносиб кадрлар етиштириш йўлида меҳнат қиламиз.

Ғафуржон ака таълим ва тарбияни бир бутун, узвий тизим сифатида кўра оладиган раҳбардир. У миллий қадриятлар ва замонавий инновацияларни уйғунлаштирган ҳолда, ёш авлодни маънан етук, чуқур билимли, мустақил фикрлай оладиган ва рақобатбардош мутахассислар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Университетнинг халқаро нуфузи йил сайин ошиб бормоқда. Хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар, халқаро лойиҳалар ва академик алмашувлар университетни жаҳон таълим макони билан синхрон ҳаракатланаётган тизимга айлантирмоқда.

Суҳбат асносида “Газета ўқувчиларига айтар сўзингиз?” деган саволимизга шундай жавоб берди:

— Матбуот — жамиятда фикр ва маърифатни шакллантирадиган энг фаол қатлам. Бу нафақат ахборот манбаи, балки жамиятнинг ойнаси, халқнинг овозидир. Шу боис, “Чирчиқ тонги” ва Чирчиқ давлат педагогика университетининг газета ичида газетаси — “Таълим зиёси” саҳифаларида ёритилаётган ҳар бир мақола, ҳар бир таҳлил орқали ҳақиқат, холислик ва тараққиёт ғоялари қарор топмоқда. Азиз муштарийлар, сизларни бефарқ бўлмасликка, ҳаётда бўлаётган янгиликларга фаол муносабат билдиришга, илмий-маърифий ва ижтимоий масалаларга онгли ёндашишга чорлайман.

Қарийб ярим асрдан буён унинг педагогика соҳасида эришган ютуқлари ва меҳнати муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик ва “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Илм-фан фидойиси, катта олим, устоз ва жонкуяр раҳбарни шу кунларда қарши олаётган табаррук ёшлари билан самимий қутлаймиз. У кишига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, эл-юрт равнақи йўлидаги шарафли ишларида улкан муваффақиятлар, илмий ва ижодий фаолиятида янги “орбита”ларни забт этишига  тилакдошмиз.

Саодат МУСАЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − two =