Тавба
Очил ХУДОЙБЕРДИЕВ
Муаллиф ҳақида:
Очил ХУДОЙБЕРДИЕВ — 1942 йили Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида туғилган. 1972 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультети журналистика бўлимини тугатган.
Муаллифнинг “Баҳор соғинчи”, “Сенсиз бу дунё”, “Меҳрингни дариғ тутма”, “Кечиккан бахт”, “Армонли дунё”, “Сўқмоқдаги одамлар”, “Садоқат”, “Алвидо, ёшлик” сингари қатор шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.
Қарийб 50 йилдан зиёд Сурхондарё вилоятидаги турли матбуот нашрларида хизмат қилган. Ҳозирда нафақада.
(Ҳикоя)
Тонг ёриша бошлади. Зулмат чекинди. Ним қоронғилик пайтида ҳам шарпалар куймалана бошлади. Бу — қишлоқ одамлари. Тирикчилик деганлари шу бўлса керакда, тонг қоронғисида, ҳали йўлчи юлдуз чекинмай турибоқ, тирикчилик илинжида ғимирлашарди.
Куз кунлари эмасми, саҳармардондан далада иш қизғин. Суяги меҳнатда қотган нуроний отахонлар-у ёш-яланглар далага шошган. Одамлар шовқинидан сас олган тонг даракчилари ҳам жонланиб қолди. Ҳаво тоза, чет жой эмасми, сал шовқин ҳам қишлоқ четидагиларга-да баралла эшитилади. Қўй-қўзилар маъраб, уйқуси очилиб улгурмаган болакай ва қизалоқлар ҳайдовида далада ўрлайди. Шу пайт:
— Ҳов, уйинг куйсин сен ўғрининг! — Эшмамат бобонинг нолиган овози бутун кўчага эшитилди. Бобо оқ яктак, сарпойчан кўчага отилиб чиқди. Бошидаги дўпписи қийшайиб, қип-қизил боши узра сийрак оқиш сочлари шамолда ўйнарди. Қўлидаги ҳассасини ҳавога ирғаб-ирғаб, йиғламсираган кўйи қарғанди. Юрак-юракдан, ич-ичдан қарғанди.
— Илоё, уйинг куйсин, ким бўлсанг ҳам! — отахон йиғламсираб қарғанарди. — Ўлимлигимга деб олиб қўювдим-а! Пенсиямни жийиб олувдим-а! Болаларима овур бўмайин, девдим-а. Жигаринг эзилсин сен ўғрилардинг!..
Отахоннинг ичида гап қолмади. Айтиб-айтиб йиғлаб юборди. Кун-кун эмас деб, соатларни санаб, йиғиниб қўювди. Семирсин деб, ҳассасига суянса-да, қўлида ем тутаётган эди-я! Одамнинг меҳри тушмасин экан, тушса ёмон бўларкан.
Ўғиллари ўзлари билан ўзлари.
Бу хабар бир зумда қишлоққа ёйилди. Тилига эрк берган, шубҳаланган кўп бўлди. Кимдир из олди, яна кимдир сас. Кимдир эшитганидан, кимдир эса тахминларидан сўз олди. Ҳамма гап билан бўлди. Отахон беҳол молхонанинг кесак деворига суянди. Лоҳас бўлди.
— Участковойга одам жўнатиш керак, — деди кимдир. Яна кимдир: “Маҳаллага бориш керак”, деди.
Кўпга бормай, участковой ёнида посбон билан етиб келди. Ишни ўрганган бўлди.
— Кўрамиз, топамиз, — деди. — Сиз чопиб юрманг, бобо. Бу ёғини бизга қўйиб беринг. Неча бош қўй эди?
— Учта қўчқор. Олти ойдан бери бойлаб жотувдим, — деди кўзда ғилт-ғилт ёш билан Эшмамат бобо. Ўғирланган қўйларини бир соатга қолдирмасдан топиб келишларига ишонгандек умид билан.
— Ҳамма тарқасин. Ўғрини биз ўзимиз топамиз. Қишлоқнинг тит-питини чиқарамиз, — деди Усмон участковой.
Орадан уч кун ўтди.
Ўғри топилди бўлиб, миш-миш бир болалади… Топилмадими… тинчиди. Ё “тинчи(тиш)дими?”
— Ўғри бегона эмас. Сизнинг уйингизни яхши билган одам ўғирлаган, — деди қўшнилардан бири.
— Ҳа, тўғри, шундай, — маъқуллаган бўлди бошқа қўшнилардан яна бири.
— Ҳамсоя. Гап шу ерда қолсин-у, — деди қўшни Алибой бобо атрофга аланглаб олиб. — Шу участковой билан посбоннинг тили бир. Мол шулардан бегона бўлмаган.
— Эй, қўшни, кўнгил душман, дейишади. Ҳар нарса деяверманг!
Эшмамат бобо ҳафсаласиз қўл силтади.
— Эй, шуйтаберасиз-да. Ўғри бегона эмас, шулардинг одами. Бўлмаса, давно ушлаб келарди ўғрини. Топилди, топилди бўп, мана, жимжит-ку. Одам боласига гап тутмайди. Гап бир одамга иковладими, тамом, ушлашмайди, эл оралайди. Ана, кеча сизни тағин девор суятди-ку! Прокурорга борманг, ўзимиз топамиз деб.
— Бўлмаса, борайма?
— Пойдаси жўқ, аввалроқ бўғанда майли эди. Ҳаммамиз унга ишониб онг қолдик. Ўғрининг изи чанг минан жобилип кетди. Бу ҳовлининг ҳар жерида сизнинг изингиз, исингиз анқиб жотибди. Ҳа, деса, жеталаб кеган ити ис олиб, сизга қараб ҳураберса, унда сиз ўғри бўб қоласизма? Бир камингиз шу иснатти кўтаришингиз қабидима?
— Иби…
— Ҳа-а, ана, отағинангизга раҳмат. Шу-да!
— Уч молимдан айрилиб қолабераманми?
— Энди билмадим. Осмон жироқ, жер қотти бўп турибди… Қарайсиз-да! Туянинг устида ит қопгани шу бўлар экан…
— Худога солдим. Худо бор-ку! Кетар навбат меники эди. Тараддудимни жебидим. Майли, у шошибди. Илоё, ниятига жетказсин, — дуо қилди Эшмамат бобо дийдаси юмшаб. Кўзидаги ёши соқолига томди.
Лекин ўша куни қуёш ботмай, Эшмамат бобонинг эшигини тақиллатиб келишди. Қараса, маҳалладоши тадбиркор Соатмуродбой.
— Ота, манов таначани сизга олиб келувдим. Шу ишни Худо кўнглимга солди. Бу ёғи “меҳр-мурувват йили” деб эълон қилинган. Бир дуо беринг…
Буёғини отахон эшитмади. Кўнгли аллақандай завқ-шавққа тўлди. Худо етказса, шуйтиб етказаверар экан-да! Дуо қилди.
Орадан бир неча кун ўтиб, участковойнинг машинада ҳалокатга учрагани ҳақида хабар келди. Худо сақлаган эканми, ҳайтовур посбон шифохонага қадар етиб келибди. Афт-ангорига қараб бўлмас эди. Эшмамат бобони кўп сўратди, хўп сўратди. Отахон етиб борган вақти тилдан қолган посбон имо-ишора қилди. Ҳеч нарса дея олмади. Фақат кечирим сўрамоқчи бўлиб кўп қийналди.
— Нимага?
Тил йўқ, гап йўқ. Худо билар! Эшмамат бобонинг кўнглига бир гап келиб, тилини тишлади.
— Кўнгил душман, — деди.
“Эшмамат бобонинг қарғишини олибди. Қўймабди…”
Тағин яна бир тонг ёришди. Одатдагидек, тонг қоронғисида қишлоқ ичра яна ҳаёт қайнай бошлади.
Эшмамат бобонинг ҳовлисидан кўтарилган кучли қаҳқаҳадан қўшнилар яна йиғила бошлашди.
— Нима гап?
— Ҳадя қилинган таначани ҳам ўғирлаб кетишибдими?
— Отахон ақлдан оздими?
Отахон эса бирин-кетин эшикдан кириб келаётган қўни-қўшниларга бепарво, тиззасини шапатилаганча қўрага қараб куларди.
Қўрада эса ўғирланган уч қўчқор турар эди.
Қойил, афтидан, тавба қилишганми, ишқилиб, кечаси қўчқорларни қўрага қайтариб ташлаб кетишибди…

