Арра тушган ўша шохда…

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизнинг барча соҳалари бўйича эришилган ютуқлар билан бир қаторда, келажакдаги устувор вазифалар ҳақида атрофлича маъруза қилди. Ушбу маърузада Давлатимиз раҳбари экология ва атроф-муҳитни авайлаб-асраш, муҳофаза қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Юртбошимизнинг экологияни ҳимоя қилиш, сув танқислигининг олдини олиш, тежаш, бу борада дунёвий тажрибаларни қўллаш, пойтахт Тошкентда эко-мувозанатни кескин яхшилаш борасидаги фикрлари ҳар бир юртдошимизни, катта-ю-кичикни уйғоқликка чорлаши керак.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда экологик муаммолар, экологик мувозанат масаласи кун тартибидаги энг оғриқли мавзуга айланди. Аҳвол шу даражага бориб етмоқдаки, ҳатто тоза ҳаво ҳам танқис бўлиб бормоқда. Ҳар гал шу мавзу ҳақида гап кетганида менинг хаёлимга ўзим гувоҳ бўлган айрим манзаралар келаверади.

Биринчи манзара. Бизнинг қишлоғимизда одамлар ғалладан бўшаган майдонларни фермердан бир мавсум учун маълум маблағ эвазига сотиб олиб, асосан, қизил ловия экишади. Ловияни пўчоғидан ажратиб олиш анча машаққат. Қишлоқ одамлари бунинг ҳам йўлини топишган. Эски темир-терсаклардан қўлбола комбайн ясашди. У трактор ёрдамида ҳаракатга келади ва бирпасда бир тонна маҳсулотни тозалаб беради. Аммо у ишлаётганда ёнига оғиз-бурунни ўраб яқинлашасиз. Негаки, комбайндан кўтарилаётган чанг-ғубор шу даражада қуюқки, нафасингиз тиқилиб, ўлиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Ҳар куни ишдан қайтар эканман, қишлоқнинг ҳали у ер, ҳали бу ерида шу чанг-тўзон осмонга кўтарилади. Комбайн ишлаётган ҳовли атрофида жойлашган уйлар оппоқ чангга беланади. Натижада бу ердаги одамлар оғзига ниқоб тақиб юришга мажбур бўляпти.

Иккинчи манзара. Ҳар йили қишлоқ жойларда ғалладан бўшаган майдонларда сомонларни, кеч кузда эса хазон баргларни ёқиш одат тусига киряпти.

Ишонмасангиз, шу пайтда хоҳлаган қишлоқ ёки далага боринг, айнан шу манзаранинг устидан чиқасиз. Экология ходимлари қанча огоҳлантиришига қарамасдан, бу ҳол ҳар йили яна такрорланяпти. Далада ёнаётган сомондан кўтарилган қора тутун эса атроф-муҳитни бемалол заҳарламоқда.

Учинчи манзара. Қишнинг қорли-қировли кунлари қишлоқ чеккасидаги тутзордан тут дарахтларини ўтин учун қирқиб олаётганларни кўрасиз. Сабабини сўрасангиз, уйда ўтин йўқлигидан нолишади. Маҳалладан бериладиган кўмирнинг эса 70 фоизи тупроқ. Хўш, одамлар нима қилсин? Натижада катта-катта тут майдонларидаги дарахтлар кесилиб кетяпти. Улар пилла қуртига озуқа бўлиш билан бирга, ҳавони тозалайдиган яшил дўстларимиз эди.

Тўртинчи манзара. Бундан қарийб 20-25 йиллар илгари уйимиз орқасидан ўтадиган ариққа нон оқизиб ердик. Суви жудаям тиниқ эди. Ёз кунлари чанқаганимизда эса ундан ҳовучлаб сув ичардик. Ҳозир бу ариқдан сув ичиш у ёқда турсин, ҳатто унинг сувига қўл ювиб бўлмайди. Унинг суви жуда ифлос ва қўланса. Негаки, ариқ ёқасида яшайдиганларнинг аксарияти унга чиқинди ташлайдилар, ҳар хил ифлос буюмларни ювадилар. Бунисиям майли. Қайсидир ноинсоф яқинда ҳаром ўлган бузоғини шу ариққа ташлабди…

Унга одамлар ютаётган заҳар эмас, олаётган фойдаси қизиқ

Қишлоқда ловияни пўчоғидан тозалайдиган қўлбола комбайн ясаганлардан бири — Низом тракторчи. У ҳар 100 килограмм тозалаган ловияси учун қарийб 20 килограмм тоза ловия олади. Ниқоб ўрнига оғзи-бурнини оддий мато билан ёпиб олган бу тракторчига у қилаётган ишнинг зарари, ҳавони булғаётгани ҳақида камина бир эмас, бир неча марталаб эътироз билдирганман. Аммо барибир у ўз билганидан қолмайди. Чунки унга одамлар ютаётган заҳар эмас, олаётган фойдаси кўпроқ қизиқ.

Низом тракторчи билан сал жиддийроқ гаплашганимдан сўнг, у энди бу иш билан шуғулланмасликка ваъда берди. Аммо кейинроқ ҳамма ухлагандан кейин, ярим тунда ишлайдиган одат чиқарди.

Бир куни кечаси уйғониб, ташқарига чиқсам, ҳовлини оппоқ чанг қоплаб олган. Секин қарасам, Низомбой қўшнимиз Алишернинг ловиясини янчаётган экан. Мана сизга савия! “Бу ишни мен қилмасам, барибир кимдир қилади-да ахир” дейди у куюниб. Ўйлаб қолдим. Балки Низом айбдор эмасдир. Чунки у ҳам ўзича ҳақ. Бола-чақасини боқиши, тирикчилик қилиши керак.

Қишлоқ фаолларидан бири сомон пояларига олов қўйилиб, атрофни булғаётгани, хазон барглар ёқилаётгани, ариққа кимдир ҳаром ўлган бузоқни ташлагани хусусида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига хабар берган экан. У ердаги иссиққина курсида ўтирган масъуллар шу ҳолатни суратга олиб, керакли маълумотлар билан бирга уларнинг телеграмига ташлашини айтишибди. Шундан сўнггина айбдорларга чора кўрилар эмиш… Шу ўринда ҳақли савол пайдо бўлади. Қизиқ, кимдир воқеани суратга олса, маълумот ёзса, хўш, унда масъуллар нима билан шуғулланади?

Битта машина йилига ўртача 10 килограмм заҳарли газ чиқаради…

Ҳаво булғанишига сабаб бўлаётган яна бир омил — транспорт воситалари чиқараётган заҳарли газлардир. Маълумотларга қараганда, биргина Самарқанд вилоятида ҳозирги кунда 500 мингдан ортиқроқ транспорт воситалари мавжуд. Бир кеча-кундузда транзит тарзда вилоят ҳудудидан қарийб 300 мингга яқин автотранспорт ўтади. Бензин ёқадиган автомобиллар 78 фоиз шундай газларни ҳавога чиқарса, пропан ва метан газ ёқадиган машиналарда бу кўрсаткич икки баравар кам.

Аммо шу кеча-кундузда метан газ шохобчаларидаги бир неча чақиримгача чўзиладиган узун навбатлар натижасида яна автомашина эгалари бензин ёқилғисини афзал кўришяпти. Бу эса ўз-ўзидан экологик вазият ёмонлашувига олиб келяпти.

— Бу ерда яна бир муаммо мавжуд, — дейди “Зарафшон” газетасига берган интервьюсида халқаро экологик эксперт Тўрахон Ҳошимов. — Асфальт ва резина баллонларнинг ишқаланиши оқибатида ҳар бир машина бир йилда атмосферага ўртача 10 килограмм миқдорда резина чанги ва турли ноорганик моддаларни чиқаради.

Бу рақамнинг ошиб боришига сабаб бўлаётган нарса ички йўлларда ўзбошимчалик билан ўрнатилаётган тўсиқлардир. Тўсиқни кўргач, ҳайдовчи тормозни босади, натижада ҳавога резина чанги кўтарилади…

Яна бир гап. Мутахассисларнинг айтишича, атмосферага тарқалаётган заҳарли газларнинг кўпчилиги эски автомашиналардан чиқаётган экан. Бу борада йўл-патруль хизмати билан ҳамкорликда автомобиллар учун махсус яшил, сариқ ва қизил стикерлар жорий қилинадиган бўлди.

“Бу қанақа ташкилот ўзи?”

Ҳозир қайси туман ёки шаҳарга борманг, жойларда улкан қурилиш жараёнлари бораётганига гувоҳ бўласиз. Турар-жой бинолари, ижтимоий соҳа объектлари қурилаётганлиги яхши, албатта. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Хўш, қурилиш ташкилотлари объект бунёд этишдан олдин экологиянинг хулосасини оляптими? Афсуски, ҳамиша ҳам шундай бўлаётгани йўқ.

Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка кўра, бу ишга киришишдан илгари ер танлашдан тортиб атрофни кўкаламзорлаштиришгача бўлган жараённи қамраб олувчи шундай хулосалар олиниши керак.

— Бундан ташқари, қурилиш майдонининг 30 фоизи кўкаламзорлашган бўлиши, қурилиш бораётган жойларда ҳавони 91 фоизгача турли чанглардан тозалаб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиши ҳам белгилаб қўйилган, — дея давом этади Т.Ҳошимов. — Агарда бундай ускуналар ўрнатилмаса ва экологик хулоса бўлмаса, қурилишга рухсат берилмаслиги лозим.

Амалдаги қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларга кўра, назарий жиҳатдан шундай. Аммо амалда нима бўляпти?

Вилоят ҳудудида қурилиш ишлари олиб бораётган аксарият фирмаларда аҳвол бошқача. Бу ердагилар экологиянинг қанақа ташкилот эканини ҳаттоки билишмайди ҳам.

Мисол учун, вилоятнинг олис туманларидан бирида қурилиш объектида бўлганимизда иккинчи қаватда ишлаётган қурувчилар резина баллон ёқаётганини кўрдик. Атрофга қўланса ҳид ва қоп-қора тутун тараларди. Бунинг сабабини сўраганимизда, улар шу йўл билан мум (қорамой)ни эритаётгани, бу ишни уларга иш бошқарувчи буюрганини айтишди. Қарийб 3 соат уриниб, иш бошқарувчини ҳам, қурилиш ташкилоти раҳбарини ҳам топа олмадик. Уяли телефонлари ўчирилган эди. Ишчиларга қараб: “Экология деган ташкилотни биласизларми?” деб сўрадик. Улар эса елка қисиб: “Бу қанақа ташкилот ўзи?” дейишди…

“Яшил белбоғ”лар қани?

Айрим маълумотларга қараганда, ҳар йили Самарқандда 17,5 миллион туп дарахт экилар экан. Шу пайтгача шу дарахтларнинг ҳеч бўлмаса ярми кўкариб кетганида борми, вилоят ҳудуди яшил ўрмонзорга айланиб кетмасмиди?

Аммо, афсуски, бу рақамлар кўпинча ҳисобот учун қилинади, экилганларининг ҳам 50 фоизи сувсизликдан қуриб қолади. Бу эса ўз навбатида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келяпти.

Вилоятнинг саноат салоҳияти ҳам беқиёс. Бу ерда мамлакатга донғи кетган юзлаб йирик саноат корхоналари мавжуд. Қоидага кўра, бундай корхоналар атрофида албатта “яшил белбоғ” бўлиши лозим. Яъни улар атрофи дарахтлар билан ўралган бўлиши талаб қилинади. Шундагина бу “белбоғ”лар корхонадан чиқаётган зарарли чиқиндиларни тутиб қолиб, ҳавони тозалаб туради.

Лекин мавжуд ишлаб чиқариш объектларининг кўпчилигида бундай “белбоғ”лар мавжуд эмас. Борлари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. “Самарқанд — Тошкент” йўналишидаги катта трассанинг Самарқанд ва Нуробод туманлари ҳудудидан ўтувчи қисмида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари ёки автомобилларга газ ва бензин қуйиш шохобчаларини олинг. Биронтасининг ёнида дарахтзор ёки яшил майдончани кўрмайсиз. Бу ерда озиқ-овқат дўкони, ошхона ва ҳожатхона бор, холос. Машиналарга ёнилғи қуядиган хизматкор йигитларнинг биронтасида эса ҳаттоки оддий ниқоб ҳам йўқ.

Бузилган тандирлар…

Айтиш жоизки, экологик вазиятни яхшилаш борасида ҳукумат миқёсида жиддий чоралар кўриляпти. Соҳанинг бош мутасаддиси Азиз Абдуҳакимов томонидан “Тоза ҳаво” миллий лойиҳасининг тақдим этилиши, экополиция ташкил қилиниши, шина, мазут ёққанларга жарималар оширилиши, экологик назоратнинг кучайтирилиши шулар жумласидандир.

Дарвоқе, ижтимоий тармоқларда айтилишича, қайсидир вилоятда эса экологик вазиятни яхшилаш мақсадида кўчалардаги сомса ёпадиган тандирлар бузиб ташланибди. Ҳавога тонналаб зарарли моддалар чиқараётган катта-катта объектлар қолиб, тандирларга “ҳужум” қилиниши Алининг аламини Валидан олгандек бироз ғалати эмасми? Катта корхоналар орқасида “баланд деворлар” тургандек, тандир билан бола-чақасини боқаётган оддий сомсапазнинг эса қўлидаги косовидан бошқа тиргаги йўқдек туюлди менга…

Аммо яна бир ҳақиқатни унутмаслик керак. Улкан дарёлар кичик ирмоқлардан ташкил топгани сингари, катта муаммолар ҳам, одатда, майда муаммолардан ташкил топади. Натижа эса ўзингизга маълум.

Инсон табиати ғалати. Шу даражада ўз қобиғимизга ўралиб қолдикки, атрофдагиларни заҳарлаб тирикчилик қилишни, ўлган бузоқни ими-жимида ариққа ташлашни, сомонга олов қўйиб, мушкулимизни осон қилишни ўйлаймиз, бурнимизнинг тагидан нарини кўрмаймиз.

Ҳавонинг ифлосланишида, экология бузилишида яна табиатни, ундаги ўзгаришларни айблаймиз. Аммо айбнинг, хатонинг каттасини ўзимиз қилаётганимизни, афсуски, англаб етмаймиз.

Шу ўринда миллатнинг атоқли ва ардоқли шоири Эркин Воҳидовнинг қуйидаги мисралари беихтиёр хаёлдан ўтди.

 

Бизлар арра тортаяпмиз,

Аррамизнинг тиши йўқ.

“Нега арранг тиши йўқ?” деб,

Сўрайдиган киши йўқ.

 

Аммо бизлар анойимас,

Пишиб кетган кўзимиз.

Арра тушган ўша шохда

Ўтирибмиз ўзимиз…

Ёрмамат РУСТАМОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − seventeen =