2025 йил таҳлили ва 2026 йил фарази…
Назаримда, 2025 йил замонавий тарихнинг энг шиддатли ва сиёсий зиддиятларга бой йилларидан бири бўлди.
Халқ тилида айтганда, дунё “опоқдадаси” ролини ўйнаган Дональд Трамп 20 январда расман Оқ уйга қайтди ва дунё сиёсатини остин-устун қилиб юборди. Хитойга 60 фоиз, бошқа ҳамкорларга эса 10-20 фоизлик божлар жорий этиш орқали “Америка биринчи” сиёсатини кучайтирди. Бу глобал савдо занжирларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Ўз чиқишларида урушларни тўхтатгани ёки олдини олганини таъкидлади, аммо Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлолмади.
Авваламбор, Украина урушини “24 соат ичида” тўхтатишга ваъда берганини эслатиш керак. Амалда савашни тўхтатиш фақат АҚШнинг хоҳишига эмас, балки Москва ва Киевнинг муросасиз позицияларига боғлиқ бўлиб чиқди. Таъкидлаш лозимки, у қўлини қовуштириб ўтирмади, бу мақсадда ҳаракатлар қилди, 28 бандлик тинчлик режаси шулар жумласидан.
Сурияда Асад режимининг қулаши ва Эрон билан муносабатларнинг кескинлашуви минтақада беқарорликни оширди. Нобель мукофоти қўмитаси бундай ҳолатларни “тинчликка қўшилган ҳисса” деб эмас, балки геосиёсий хаоснинг кучайиши, деб баҳолаган бўлиши мумкин.
АҚШ яна бир бор Париж иқлим келишувидан чиқди. Трамп “суюқ олтин” — нефть ва газ қазиб олишни кескин ошириб, энергетик мустақилликка урғу берди.
2025 йил Исроил учун “катта уруш йили” бўлиб тарихга кирса, ажаб эмас. ХАМАСни тўлиқ йўқ қилиш мақсадига эришолмади, музокаралар асирлар рўйхати ва ўт очишни тўхтатиш шартлари сабабли тўхтаб қолмоқда.
Ўтаётган йилнинг ўртасидаги Исроил ва Эрон ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув вазиятни глобал инқироз даражасига олиб чиқди. Оқ уй Теҳронга нисбатан “максимал босим” сиёсатини қайтарди.
Энг катта геосиёсий шов-шув Сурияда юз берди. Узоқ йиллик урушдан сўнг Россия Федерацияси ва Эроннинг эътибори Украина ҳамда Исроилга чалғиганидан фойдаланган мухолиф “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” Дамашқни эгаллаб олди. Бу воқеа руснинг Яқин Шарқдаги таъсирини кескин камайтирди ва минтақада янги кучлар мувозанатини юзага келтирди.
Бу санани яна “кўп қутбли дунёнинг янги тартибсизлиги” йили деб аташ мумкин. Эски иттифоқлар кучини йўқотмоқда, ўрта бўғин давлатлари — Туркия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон эса мустақил ўйинчи сифатида майдонга чиқмоқда. Бу йигирма биринчи асрнинг учинчи ўн йиллигидаги энг муҳим геосиёсий ўзгаришни ифодалайди. Илгари дунё ё икки қутбли (АҚШ ва Совет Иттифоқи) ёки бир қутбли (фақат Америка) эди. Энди эса вазият бутунлай ўзгарди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган БМТ, НАТО, ЕИ тизимлари ўзгаришга учради. Трамп Европадан мудофаа учун кўпроқ пул талаб қилмоқда, Европа эса АҚШга тўлиқ ишониб бўлмаслигини тушуниб, ўз армиясини янада кучайтиришни ўйлаяпти.
Украина, Ғазо ёки Суриядаги низоларни тўхтатишда БМТ Хавфсизлик Кенгаши фалаж ҳолатга келиб қолди. Вето ҳуқуқи тизимни ишлатмаяпти.
“Ўрта бўғин давлатлари” АҚШ, ХХР сингари на “суперкуч”, на кичик давлатлардир. Улар ўз минтақасида сўзини ўтказа оладиган ва глобал ўйинда ўз манфаатини ҳар нарсадан устун қўядиган куч бўлиб майдонга чиқмоқда.
Масалан, Туркия ҳам НАТО аъзоси, ҳам РФ иттифоқдоши, у ҳеч қайси блокка “қул” эмас, фақат ўз манфаати учун ўйнайди.
Саудия Арабистони энди фақат АҚШнинг нефть омбори эмас, БРИКСга интилади, ХХР билан йирик шартномалар имзолайди ва Яқин Шарқнинг иқтисодий марказига айланишга ҳаракат қилмоқда.
Ҳиндистон Ғарб билан демократия борасида ҳамкор, лекин Россиядан арзон нефть сотиб олишни тўхтатмайди. Ҳиндистон — “Глобал Жануб”нинг етакчиси бўлишга даъвогар.
Илгари дунёда “ўйин қоидалари” бўлғучи эди. Ҳозир эса ҳеч ким қоидаларга амал қилмаяпти. Илгари савдо тинчлик гарови эди, энди эса “санкциялар” ва “божлар” асосий қуролга айланди.
Дунё энди “оқ” ва “қора”га — Ғарб ва Шарққа бўлинмайди. Энди дунё — ҳар ким ўз фойдасини кўзлаб ҳаракат қиладиган “кўп рангли” ва бошқариб бўлмас майдонга айланиб бормоқда.
Ортда қолаётган йилда БРИКС миқдордан сифатга ўтди, яъни ҳаммани аъзоликка қабул қилавермасдан, давлатларни аввал “ҳамкор” сифатида синаб кўриш ва ички иқтисодий механизмларни, масалан, умумий тўлов тизимини ўрганишга эътибор қаратди.
2024 йилдаги катта тўлқиндан кейин — Миср, Эрон, БАА, Эфиопия ташкилот аъзолигига қабул қилингач, бу санада БРИКС учун кенгайишнинг янги босқичи бўлди. Индонезия — янги тўлақонли аъзо бўлди, бу Жануби-Шарқий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти БРИКСга кирганини англатади.
13 давлат “ҳамкор давлатлар” мақомига эришди, улар орасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлар бор.
БРИКСга қўшилган янги давлатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши ортиши билан бирга доллардан воз кечиш ҳаракатлари янги босқичга чиқди. Трампнинг санкциялар сиёсатига жавобан давлатларнинг ўз миллий валюталарида савдо қилишга ўтиши бошланди.
Инсоният тарихида оғриқли, баҳсли нуқталардан бири сунъий интеллект (СИ)нинг шунчаки қизиқиш эмас, балки стратегик қуролга, яъни глобал куч ва кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган йил бўлиб қолди. Давлатларнинг қудрати энди нафақат танклар ёки ядро қуроли, балки ҳисоблаш қувватлари билан ўлчана бошлади. АҚШ ва ХХР ўртасидаги энг илғор яримўтказгичлар ва бошқалар учун кураш авжига чиқди. Кимда кучлироқ СИ модели бўлса, ўша давлат иқтисодий ва ҳарбий устунликка эга бўлди, СИ-мудофаа тизимлари ўртасида “кўринмас уруш” давом этди.
Агар аввалги роботлар қўл меҳнатини алмаштирган бўлса, 2025 йилда СИ ақлий меҳнатни “эгаллаш”ни бошлади. СИ яратган видео ва аудиоконтент шу қадар мукаммаллашдики, инсон кўзи билан ҳақиқатни сохтадан ажратиш деярли имконсиз бўлиб қолди.
2026 йил режасида нималар бор? Янги санада инсоният учун нафақат сиёсий зиддиятларнинг давоми, балки йирик спорт байрамлари ва технологик янгиланишлар йили бўлиши кутилмоқда.
Ноябрда АҚШ Конгрессига сайловлар бўлиб ўтади. Агар Трампнинг республикачилар партияси назоратни йўқотса, унинг сиёсати — импичмент хавфи ёки қонунчиликдаги тўсиқлар билан кескин қийинлашиши мумкин.
АҚШ ва РФ ўртасидаги ядровий қуролларни чеклаш шартномаси муддати тугайди. Агар янги келишув имзоланмаса, дунё ядровий қуролланиш пойгасининг янги босқичига кириши мумкин.
NASAнинг “Artemis III” миссияси доирасида инсонларни Ойга қайта қўндириш бўйича тайёргарлик энг юқори нуқтасига чиқади.
СИнинг иккинчи тўлқини, яъни энди шунчаки матн ёзиш эмас, балки иқтисодиётнинг реал секторларини — тиббиёт, қурилиш, транспортни бошқариш бошланади.
Спорт ихлосмандлари учун рекорд даражадаги йил бўлади. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида илк бор 48 та жамоа иштирок этади.
Агар 2025 йил “катта ўзгаришлар ва кутилмаган зарбалар” йили бўлган бўлса, 2026 йил янги тизимнинг қанчалик чидамли эканини кўрсатадиган “барқарорлашув ёки янги инқироз” йили бўлишини фараз қилиш мумкин…
Аброр ХОН
