Бекободлик фан арбоби
Бекободнинг олис Қушчи қишлоғида туғилиб вояга етган Мирзабек Дўстмуродов ўзининг бутун ҳаётини тиббиётга, одамларга яхшилик ва эзгулик улашишга бахшида айлаган элпарвар инсон эди, десак, айни ҳақиқатдир. Болалигидан ҳар бир ишга синчковлик ва диққат билан қарайдиган бўлажак шифокор ўқиб-ўрганишга иштиёқи баланд, зеҳнли инсон бўлиб камолга етди. Унинг юрагида бир умр умид гуллари барқ уриб турди.
Мирзабек ака 1955 йилда Душанбе шаҳридаги тиббиёт институтини тамомлагач, унинг бутун ҳаёти тиббиёт соҳаси билан чамбарчас боғланди. Изланишга мойил ёш мутахассис ўша йилнинг ўзида Москвадаги академик Бурденко номидаги нейрохирургия илмий-тадқиқот институтининг аспирантурасига ўқишга кирди. Москвада Борис Егоров, Андрей Аренд, Григорий Корнянский сингари академик ва профессорлар қўлида жарроҳлик сирларини мукаммал ўрганди. 1959 йилда нейрохирургия соҳасида тиббиёт фанлари номзоди унвонини олди. Ўша йили Душанбе шаҳрига қайтиб, тиббиёт институтида ассистeнт бўлиб ишлай бошлади.
Тақдир тақозоси билан Мирзабек Дўстмуродов Андижон давлат тиббиёт институтида ўқитувчи, кафедра мудири вазифаларида хизмат қилди. Энг муҳими, институтда нейрохирургия бўлимининг ташкил этилишида жонбозлик кўрсатди.
Унинг илмий-ижодий фаолияти ана ўша йилларда гуркураб ривожланди. Москвада академик Юмашев раҳбарлигида “Кўкрак умуртқасининг остеохондрози” мавзуида докторлик ишини ҳимоя қилди ва тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига эришди.
Қаҳрамонимиз Москвада ҳам ибн Сино авлодлари нималарга қодир эканлигини амалда исботлаб берди.
Профессор Мирзабек Дўстмуродов Андижонда тиббий соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшди. Малакали хизмат кўрсатувчи нейрохирургия, травматология, ортопедия бўлимларидан иборат шифохона очилди ва бу даргоҳда кафедра мудири бўлиб фаолият юритди. Олийгоҳда травматология, ортопедия соҳасининг тараққий этишига бош-қош бўлди. Фаолияти давомида 60 дан ортиқ илмий ишларни ва “Мия эхинококкози” номли монографиясини чоп эттирди.
Етук олим ва шифокор бўлиб танилган бу инсоннинг ҳаётида 1980 йили катта бурилиш даври бўлди. У кишини Шароф Рашидовнинг тавсиясига биноан Республика травматология ва ортопедия институтига директор этиб тайинлашди. Бу ҳақда унинг ўзи “Юракдаги умид гуллари” номли китобида шундай ёзган эди: “Шoшилинч xабар бор. Сиз 23 ноябрь куни Марказқўм котиби Оқил Умрзоқович Салимовга учрашасиз”, дейишди. Мен Тошкентга келиб, Салимов ҳузурида бўлдим. “Маслаҳатли гап бор”, деди у киши. Оқил Умрзоқовичнинг ёнида профессор Ҳ.Воҳидов ҳам ўтирган экан. Сўнгра биз Салимов бошчилигида Шароф Рашидов олдига кирдик. Мен Шароф акани яқиндан биринчи бор кўришим эди. Кишига мулойим боқадиган, қиёфасидан меҳрибонлиги сезилиб турадиган бундай раҳбар камдан-кам бўлади. Биз унинг олдига кирганимизда, у киши телефонда вилоят, туман фирқа котиблари билан бирма-бир гаплашиб, белгиланган режаларнинг бажарилишини талаб қилар, гап орасида қандай ёрдам кераклигини ҳам сўраб қўярди.
Ўша куни Марказқўм котибияти мажлиси бўлди. Шароф ака мени котибият аъзолари билан таништирди. Улар менга турли хил саволлар беришди. Жавобларим маъқул бўлди, шекилли, соғлиқни сақлаш вазири мамнун ўтирар эди. У киши менга трaвматология ва ортопедия илмий-текшириш институтида рўй берган камчиликлар ҳақида батафсил гапира туриб: “Ана шу ерга раҳбарлик қиласиз”, деди. Шундай қилиб, институт жамоаси билан танишдим ва директорлик вазифасини бажаришга киришдим”.
Домланинг кейинги бутун фаолияти трaвматолoгия ва ортопедия соҳасини тубдан яхшилашга қаратилди. 1982 йилда Ўзбекистонда биринчи маротаба Ўрта Осиё минтақасида травматология ва ортопедия соҳаси бўйича фан номзодлиги диссертaциясини ёқлаш учун илмий кенгашни ташкил этди. Унинг раҳбарлигида 12 киши фан номзодлигига сазовор бўлди. Бевосита домланинг ташаббуси билан Ўрта Осиё ва Қозоғистон травматологлари ва ортопедлари қурултойи ўтказилди.
Тажрибали шифокор, заҳматкаш устоз сифатида жуда кўплаб ёш мутахассисларга, травматолог ва ортопед шифокорларга зарур маслаҳатларини берди, уларнинг илмий изланишларига кўмаклашди. 1986 йилда уни Республика ногиронларининг меҳнат қобилиятини аниқлаш ва тиклаш институтига директор этиб тайинлашди. У ТМЭК ва ТНК шифокорларининг биринчи қурултойини ўтказишга муваффақ бўлди. Тиббий меҳнат эксперт комиссиялари учун қўлланма яратилди.
Энг қувончлиси шуки, Мирзабек Дўстмуродовнинг давлат ва халқ олдидаги хизматлари муносиб тақдирланди. Тиббиёт соҳасидаги илмий ва амалий фаолияти ҳамда ёш кадрларни тайёрлашдаги хизматлари учун унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони берилди.
Профессор Мирзабек Дўстмуродов ўз фаолияти давомида шикастланган, касалланган бош ва орқа мияларга энг мураккаб жарроҳлик усулларини қўллаб, минглаб беморларни муваффақиятли даволади. Унинг илмий изланишлари, янги жарроҳлик усуллари тиббиётда кенг қўлланилмоқда. Узилган нерв толаларини микрохирургия усули билан тиклаш, миядаги эхинококкоз пуфакларини аниқлаш, уларни янги жарроҳлик усули билан олиб ташлаш, кўкрак умуртқасида остеохондроз касалликларини янги усуллар билан аниқлаш ва даволаш каби илмий изланишлари оммалашиб кетган. Сўнгги йилларда моҳир шифокор Мирзабек Дўстмуродов оёқ протезининг мижоз оёғига мос тушиши, уни безовта қилмаслиги учун янги жарроҳлик усулларини қўллади. Бу ижобий натижалар берди. Тўғри, ҳозирда тиббиёт соҳаси кескин ривожланиб кетди. Даволашнинг янги, замонавий усуллари яратилмоқда. Аммо бир нарса аёнки, ҳозирги травматология ва ортопедия соҳасида ҳам устозлар яратиб қолдирган бой тажрибадан унумли ва самарали фойдаланилмоқда.
Профессор Мирзабек Дўстмуродовнинг Москва, Тошкент, Душанбе ва бошқа шаҳарлардаги матбуот саҳифаларида 200 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган. Заҳматкаш олим, тажрибали шифокор яратган монографиялар, илмий мақолалар жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди ва эътироф этилди. Устознинг ўнлаб илмий китоблари тиббиёт соҳасида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, унинг қаламига мансуб “Юракдаги умид гуллари” номли хотиралар китоби севиб ўқилмоқда.
Бекободнинг асл фарзандларидан бири, ҳамюртимиз Мирзабек Дўстмуродов маҳоратли шифокор, бағрикенг инсон, камтарин дўст сифатида эл-юрт орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Инсон умри фаслларга монанд эканлигини босиб ўтган ҳаёт йўли мисолида исботлади. “Ҳар бир фасл бизни ўзича ва ўзгача сийлайди” деган жумлалар унинг ҳаётий шиорига айланди. Турмуш ўртоғи Инобат ая билан ўғил-қизларини эл-юрт корига ярайдиган етук фарзандлар қилиб тарбиялашди. Фарзандлар ҳам оталари изидан боришиб, уларга муносиб ворис бўлишга ҳаракат қилишди.
Ўзининг камтарлиги, тўғри сўз ва одамларга меҳрибонлиги туфайли кўпчиликнинг меҳрини қозонди. Мирзабек ака ҳаётда ҳамиша ҳалол ва покиза яшашга интилди. Одамларнинг оғирини енгиллаштиришга ҳаракат қилди. Турли хил касалликларнинг давосини топди. Ногиронликни кескин камайтиришга бор куч-ғайратини сарфлади. Ана шундай ажойиб инсон, тажрибали олим Мирзабек Дўстмуродов 2010 йили 85 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди.
Аммо унинг тиббиёт соҳасидаги ғоялари, юрагида гуркураб турган умид гуллари ҳамон барҳаёт. У киши доимо “Бахтим — кишилар саломатлигида” дея ғурурланиб яшаган. Агар у зот тирик бўлганларида айни шу кунларда 100 ёшни қаршилаган, бир аср билан юзлашган бўлар эди. Халқимиз яхшидан боғ қолади, дея бежизга айтмаган. Мирзабек Дўстмуродов яратган боғ, тиббиёт гулшани ҳали узоқ йиллар одамлар саломатлиги йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.
Йўллар ҳар хил, фасллар турфа,
Ойни узар инсон қўллари.
Сенга бўлсин энг гўзал туҳфа —
Юракдаги умид гуллари.
Туғилади янги фикр, ўй,
Бир текисмас ҳаёт йўллари.
Ҳеч сўнмагай, дўстим, билиб қўй,
Юракдаги умид гуллари.
Ашурали БОЙМУРОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
