Коррупция — тараққиётга таҳдид

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш чоралари кучайтирилаётгани жамиятда ҳалоллик, адолат тамойиллари шаклланаётганлигини кўрсатади. Бу иллатни бутунлай йўқ қилиш борасида жиддий ишлар олиб борилаётганлиги кундай равшан.

Бироқ коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинаётган қонуний-меъёрий ҳужжатларни сезмаётган ёхуд тартиб-қоидаларни менсимаётган шахслар борлиги ачинарлидир. Масалан, одамлар мурожаат қилувчи айрим ташкилотларда коррупциянинг яширин йўлларидан фойдаланишмоқда ёки қандайдир ишни ҳал қилиш учун мурожаатчидан пул ундиришмоқда. Улар наздида пора олиш айб эмасдай гўё. Коррупцияга йўл қўйган ана шундай шахслар қўлга тушиб, пушаймон бўлаётганини кўриб, билиб туриб айрим шахслар хулоса чиқармаётганлиги янада ачинарлидир.

“Мингбулоқ” газетаси таҳририяти Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди эълон қилган грантлар танлови ғолиби сифатида “Коррупция — тараққиётга таҳдид, умрга завол” лойиҳасини амалга ошириш жараёнида ана шундай масалаларга алоҳида эътибор қаратдик. Туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Аҳрорбек Мансуровнинг туман Кенгаши депутатлари, ташкилот, муассасалар ҳамда жамоат ташкилотларининг раҳбарлари ва бутун туман аҳолисига “Мингбулоқни коррупциясиз туманга айлантирайлик!” шиори остидаги мурожаатномаси газета ва кўргазмали тарғибот воситалари орқали кенг оммалаштирилгани эътиборга молик. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий агентлигининг Наманган вилоят ҳудудий бўлими жамоатчилик кенгаши аъзоси Носиржон Деҳқонов, ЎзЛиДеП томонидан можаритар сайлов тизими орқали 25-Наманган вилояти сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Худайбердиев, 16-сайлов округидан Наманган вилоят Кенгаши депутати Улуғбек Мусаев, туман Кенгаши депутатларидан Солижон Ходжамов, Раъно Умарова, Фарида Абдураҳмонова, Баҳром Мамажонов, шунингдек, тумандаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида тарғиботнинг барча воситаларидан самарали фойдаланилди. Ташкилот ва муассасаларда “Мингбулоқни коррупциясиз туманга айлантирайлик!”, “Коррупция — келажакка таҳдид”, “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз муассаса”, “Биз коррупцияга қаршимиз” деб номланган қатор оммавий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Лойиҳани кўзда тутилган мақсадларга эришган ҳолда муваффақиятли якунладик. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида барча соҳалар қатори коррупция масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Таъкидландики, “Такрор ва такрор айтаман. Коррупция — давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид.

Коррупцияга йўл қўйиш эса — ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз…”.

Тўғри, лойиҳани амалга ошириб бўлдик. Лекин “фавқулодда ҳолат”ни чуқур англаган ҳолда ижодий ходимларимиз ва кенг жамоатчилик билан биргаликда “жамият танасидаги саратон” сифатида қаралувчи порахўрликка қарши курашишни изчил давом эттиришга қатъий азму қарор қилдик. Зеро, коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши. Ижодкорлар бундан буён ҳам коррупцияга қарши кураш тарғиботида фаол қатнашишга аҳд қилдилар. Таҳририят бундай ижодкорлар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда глобал аҳамиятга молик бу мавзуни изчил ёритишда давом этади.

Янги йилдан газетамизда “Жамият ва коррупция” деб номланган махсус саҳифа ташкил этиб, доимий равишда ёритиб боришга қарор қилдик. Шунга кўра, газетамизнинг янги йилдаги 1-сонида туман ҳокими А.Мансуровнинг “Мингбулоқни коррупциясиз туманга айлантирамиз” сарлавҳали мақоласи ёритилади. Унда 2025 йили бу борада туманда қилинган ишлар ҳамда мамлакатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси асосида амалга ошириладиган галдаги муҳим вазифалар ҳақида муфассал баён этилади.

Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида тасдиқланган туман ҳокимининг “Мингбулоқни коррупциясиз туманга айлантирайлик!” шиори остидаги мурожаатида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш орқали мамлакатимиз раҳбарининг даъватига амалий жавоб қайтаришни фуқаролик бурчимиздир.

Қосимжон АКБАРОВ,

Мингбулоқ тумани

“Мингбулоқ” газетаси муҳаррири,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 4 =