Медиасаводхонлик нима ва у нима учун керак?
Охирги пайтда саводхонлик сўзи медиа билан баробар қўлланилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Медиасаводхонлик ўзи нима ва у бизга нима учун керак?
Ҳозирги кунда энг кўп вақтимизни телефон, интернет ва ижтимоий тармоқларда ўтказамиз. Ҳар куни юзлаб видеолар, суратлар ва рекламаларни кўрамиз. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин. Баъзилари ҳақиқат, баъзилари эса ёлғон ёки чалғитувчи бўлиши мумкин. Медиасаводхонлик деб хабар, видео, реклама, блог, пост ва расмларни тўғри тушуниш, хавфсиз фойдаланиш ва танқидий таҳлил қила олиш кўникмасига айтилади. Оддий қилиб айтганда, “Кўрдим — ишонмадим — текширдим — кейин хулоса қилдим” деган ёндашувдир.
Медиасаводхонлик бизга нимани ўргатади? Аввало, ҳар қандай ахборотни текширишни. Ўқиётган ёки маълумот олаётган манбаларни таққослашни. Медиа тилини тушунишни, яъни реклама, манипуляция каби тушунчаларга эга бўлишни. Томоша қилаётган видео-контентларнинг мақсади ва кимларга фойда келтиришини англашни. Шахсий маълумотларни ҳимоя қила олишни, фирибгарликдан сақланишни ҳамда контент яратиш маданиятини ўрганишни.
Нега медиасаводхонлик муҳим? Чунки бугунги кунда интернетда “fake” (ёлғон) маълумотлар кўп, рост билан ёлғонни ажрата олиш зарур. Ижтимоий тармоқлар манипуляциясини англаш ва бошқара билиш муҳим. Рекламаларнинг онгга таъсиридан ҳимояланиш керак. У жамиятнинг катта-кичик аъзоларига ўз фикрини бошқаришни ўргатади. Айнан шунинг учун бугун медиасаводхонлик ҳар биримиз учун зарур билим манбаи ҳисобланади. Зеро, медиасаводхонлик — бугунги ахборот дунёсида ўз фикрига эга бўлиш ва алдовлардан ҳимояланиш йўлидир.
Дармонжон РУСТАМОВА,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси.
