Одил судловнинг янги қиёфаси

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: тадрижийлик,

мантиқийлик ва янги тенденциялар

Янги Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини амалда таъминлаш йўли билан одил судлов фаолиятини тўлақонли амалга ошириш янги жамиятнинг энг муҳим вазифаси сифатида белгиланди. Бу борада суд органларини ташкилий-институционал жиҳатдан тубдан такомиллаштиришга қаратилган 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Тадрижийликдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, мамлакатимиз тараққиётининг мутлақо янги бир босқичига ўтилганидан кейин, дастлабки қабул қилинган энг муҳим ва фундаментал характерга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири сифатида — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини алоҳида келтириш мақсадга мувофиқ.

Мазкур фармонга мувофиқ: одил судловга оид халқаро талаб ва стандартларда белгиланган тамойиллардан келиб чиқиб, илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди ва судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи қоидалар ўрнатилди.

Ушбу қоида БМТ Суд органлари мустақиллиги асосий принципларининг 12-моддасида белгиланган судьялик лавозимида бўлиш кафолатига тўла мувофиқ келиб, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий асосларини прогрессив нормалар билан янада такомиллаштиришга хизмат қилди ҳамда судьяларнинг алмаштирилмаслиги принципи таъминланишига олиб келди. Шунингдек, судьялар судьялик фаолиятини амалга оширишида барча тузилмалар ва мансабдор шахсларнинг маъмурий буйруқбозликларидан холи бўлишига ижобий таъсир кўрсатди.

Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилиши назарда тутилди.

Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилиши белгиланди.

Қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилиши билан боғлиқ янги инсонпарвар нормалар амалга киритилди.

Суд амалиётида “Хабеас корпус” институтини қўллаш кенгайтирилиб, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди, судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди.

Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилиниши билан тергов ва суриштирув органлари мутасаддиларининг ўз касбий фаолиятига алоҳида масъулият билан ёндашиши, асоссиз айбловлар қўйилишининг олди олиниши, шахснинг айбдор эканлигини исботловчи мақбул далиллар етарли бўлмаса, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиши ва натижада суднинг ҳимоя функциясини амалга оширишига тўлиқ имконият яратди.

Суд ҳокимиятининг ижро ҳокимиятидан молиявий мустақиллиги асослари яратилиб, адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.

Суд органлари фаолиятининг самарадорлиги учун энг муҳим бўлган омил — молиявий, моддий-техник мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ ушбу ўзгариш суд тизимини ижрo этувчи ҳoкимият oргaнлaрининг билвосита тaъсиридaн чиқaриш имкoнини бeришини ҳам aлoҳидa тaъкидлaш лoзим;

Фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни ташкил этиш вазифаси белгиланиб, 2017 йилнинг 1 июнидан мамлакатимиз тарихида биринчи марта фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилишга оид конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга қаратилган маъмурий судлар ташкил этилди.

Янги Ўзбекистон суд тизимининг амалда чинакам мустақиллигини таъминлаш, улар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида 2017 йил 21 февралда навбатдаги ҳуқуқий ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ушбу фармонга мувофиқ:

— халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўла мос келадиган судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг очиқ, ошкора ва муқобил тизимини яратиш мақсадида мамлакатимиз суд тизими тарихида илк бор судьялар ҳамжамиятининг энг муҳим органларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилиб, унга судьялар ҳамжамиятининг конституциявий органи деган мақом берилди.

— 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Ушбу ташкилий-тузилмавий ўзгариш натижасида суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функциялар бартараф этилди, суд тизимининг марказлашган ягона бошқаруви ташкил этилди ҳамда ягона суд амалиётини шакллантириш имконияти кенгайди.

— Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг қўриқлаш взводини тугатиш орқали Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимига ўтказилди.

— олдинги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари тарзида ўзгартирилиб, бу судларга тааллуқли ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди;

— судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, яъни туман ва вилоят судлари судья лавозимларини 65 ёшгача, Конституциявий ва Олий суд судьялари лавозимларини 70 ёшгача белгилаш судьяларнинг мустақиллигини кафолатлаш билан бир қаторда мамлакатимизда профессионал судьялар корпусини шакллантиришга, суд тизимини етук, юқори малакали, катта тажрибага эга бўлган ва муносиб судьялар билан тўлдиришга, уларнинг бой тажрибаларидан кенг фойдаланишга ҳамда барқарор судьялар мактабининг яратилишига замин яратди.

2017 йил 31 майда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унда Конституциявий суднинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи суд ҳокимияти органи эканлиги белгиланди.

Тарихан биринчи марта судьяни алмаштириб бўлмаслиги принципи жорий этилиб, Конституциявий суднинг судьяси ўз ваколатлари даврида алмаштирилмаслиги, судьянинг ваколатлари қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

2017 йил 30 августда Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида барча судларда ишларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилишнинг самарадор тизимини яратиш, одил судлов ишларини юргизишдаги муаммолар ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида судлар ишларини автоматлаштириш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотларни тизимлаштириш вазифалари қўйилди. Аҳамиятлиси, мазкур қарор билан “2017 — 2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш Дастури” тасдиқланиб, унда назарда тутилган муҳим чора-тадбирлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилди.

Суд заллари замонавий ускуналар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари, давлат органлари мутахассислари эркин келишлари ва республика бўйича очиқ суд мажлисларини реал вақт режимида кузатиб бориш имконияти яратилди.

2020 йил 3 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш тўғрисида”ги қарорида суд органларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш сингари вазифалар белгиланди. Бундан ташқари, суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имконияти кенгайди.

Суд ислоҳотларининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири — судьяларни моддий таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарадорлигини оширишда намоён бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, судьяларнинг моддий таъминоти ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2018 йил 1 августдан бошлаб судья ва суд ходимларининг лавозим маошининг тариф коэффициентлари бир ярим бараварга оширилди, малака ва мансаб даражасига эга бўлган судья ва суд ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун 50 фоиз миқдорида устама тўланиши жорий қилинди.

Судьялик лавозимига номзодларнинг ёш цензи оширилди. Янги ислоҳотлар давригача ўттиз ёшдан кичик бўлмаган шахслар судья лавозимига тайинланиши мумкин бўлган бўлса, эндиликда ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси туманлараро, туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкинлиги тўғрисида муҳим ўзгартиш киритилди.

Судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш тартибини тубдан такомиллаштириш, судьялар ва судлар аппаратлари ходимларининг малакасини ошириш тизимини янги жамият талабларига мослаштириш борасида том маънодаги демократик ислоҳотлар амалга оширилди.

Суд соҳасида кадрлар тайёрлашнинг амалдаги тизими таҳлилидан келиб чиқиб, профессионал ва етук судьялик корпусини шакллантириш учун  Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

Тизимли равишда амалга оширилган суд ислоҳотларида янги тенденциялар, айниқса, тизимдаги ортиқча бюрократик тўсиқларга ва суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларига чек қўйиш, чет эл инвесторлари ҳуқуқларини суд органлари орқали ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Суд тизимида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишни самарали йўлга қўйиш, фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш мақсадида суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида бир қатор янги механизм жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 январдаги “Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2025 йил 21 август куни имзоланган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2025 йил 21 август куни имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2025 йил 24 ноябрь куни имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида судья ва суд ходимларини меҳнатига ҳақ тўлаш, тизимни замонавий ва салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий принципларни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади.

Судья маънавиятининг энг муҳим мезонларини белгилаш ва уларни Ўзбекистон қонунчилигига акс эттириш одил судловнинг маънавий-ахлоқий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга олиб келади.

Ўзига хос тадрижийлик ва чуқур мантиқийликка асосланган ҳолда амалга оширилаётган кенг кўламли суд ислоҳотлари Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор ғоясига айланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш ҳамда “адолатни қарор топтириш”га қодир бўлган суд органлари фаолиятини йўлга қўйишдек стратегик мақсадга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади. Мана шундай изчиллик билан бир-бирини тўлдириб бораётган демократик ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон суд тизими ҳам шаклан, ҳам моҳиятан ривожланишнинг мутлақо янги бир даврини бошдан кечирмоқда ва одил судлов тизими янги қиёфа касб этмоқда.

Шерзод АБДУҚОДИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Одил судлов академияси

ректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =