Сўзга, сўзларга ишонаман

Бир кунда қанча шеър ўқийсиз, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ёдингизда қолмайди.

Бугун бир шеър ёдимда қолди:

 

Тўзону хазонлар ўйнаган йўлак,

Оппоқ бошларини мағрур тутган тоғ,

Қишнинг элчилари келмоқда бўлак,

Маъюс кўринади бийдек дала, боғ.

 

Тоғ бағри. Томлардан ўрлайди тутун,

Ҳавода қарғалар чарх урар бетин.

Оғочлар шип-шийдам, чийиллар шамол,

Куз энди фаслмас, куз энди хаёл…

 

Кеч куз манзараси мусаввирона чизилган. Шеър сарлавҳаси ҳам “Кеч куз”. Шеърда хазонлар тўзғиган йўлак, биринчи қор тушган тоғ, бийдек дала, юпун боғ кўринишлари деталь, штрих – унсурларигача аниқ чизилган. Айниқса, тоғ бағридаги қуёшга қараган ўзбекона уйларнинг оғир томларини кўз олдингизга келтиринг. Бу фаслда мўрикон ва мўриларга иш топилган, энди улар баҳор келиб, кунлар илигунга қадар шу уйда илдиз отиб кўкарган бир оилага беминнат хизмат қилади. Совуқ ва меҳнатдан қўллари ёрилган она тонгда туриб чўян печга тараша-ўтин қалайди. Оила – ота-она, бола-бақраси билан саховат рамзи бўлган ўзбекона дастурхон атрофида жамулжам бўлади. Катта оиладаги турли синфларда ўқиётган ҳар хил ёшдаги бир неча ўғил-қиз тонгда уйғониб, қорайган новда, бутоқлардан шудринг томиб турган ҳовлига чиқади. Тоғнинг тоза ҳавосидан кўкрагини тўлдириб симираркан, қўрадаги қўй-қўзига, оғилдаги сигир-бузоққа ўт-хашак ташлашга ошиқади. Яхшиям, емиш вақтида берилди, агар сал кечикилса, сигир-бузоқ, қўй-қўзи маъраб дунёни бузарди. Болалар мактаб кийимларини кийишга тараддудланади, она куймаланиб, фарзандларни мактабга кузатади. Ота аллақачон кетмоннинг лойини тозалаган. Кетмон ишга шай. Ўзбек ҳовлисида кеч кузда кетмонга иш топилади.

Ана шундай тасаввурларни  уйғотган мазкур шеър Зайниддин Нўъмонхоннинг “Ишонч истаги” китобидан. Бу шоир ким экан, деб қизиқаётгандирсиз? Зайниддин Нўъмонхон кўп йиллардан буён бетаъма қоғоз қоралаб келаётган, бугун етмиш беш ёшнинг довонидан ошган, бир талай шогирдларга устозлик қилаётган тажрибали, заҳматкаш, ўз сўзи, ўз овозига эга бўлган ижодкор. Унинг ўз мухлис-ўқувчилари, содиқ китобхонлари бор. Шу пайтга қадар шоирнинг “Изҳор”, “Соғинчнинг ранги” каби шеърий тўпламлари ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилган. Китоблари, шеърлари талабчан ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган.

Шоирнинг китобга ном сифатида берилган “Ишонч истаги” номли шеъри чуқур рамзий маъно сингдирилгани билан ажралиб туради. Шоир баланд тоғлар ортида мовий денгиз борлигига ишонишни истайди. Баланд тоғлар – бу ҳаёт қийинчиликлари, мураккабликлари, гоҳида инсонга ўтиб бўлмас каби кўринган мушкулликлар… Бундай оғир тугунлар кимнинг ҳаётида йўқ дейсиз? Баланд тоғлар ортидаги мовий денгизни эса ҳаёт қарама-қаршиликларини енгиб ўтгач, руҳият ва вужудга таскин ва ҳаловат бағишлайдиган турмуш ғалабалари, деб айтиш мумкин. Ёки баланд тоғлар – юксак орзулар бўлса, денгизни – орзуларнинг рўёби рамзи ўлароқ хаёл қилиш мумкин. Шеърнинг лирик қаҳрамони ана шундай некбин, эзгу ва ёруғ ниятларни кўнглига туккан ва ана шундай нурли мақсадларга ишонишни истайди. Шу боисдан ҳам шеър “Ишонч истаги” деб номланган бўлса, ажабмас.

Биз  таҳлил қилаётган “Ишонч истаги” шеърида сатрлар силсиласига, мисраларнинг занжир сингари уланиб келишига, фикр ва ифоданинг жўшқин оқимига эътибор қаратинг:

 

Дарё сувин қумлик шимгани каби,

Етимнинг кўзлари ёш тўккан мисол,

Юлдузлар тонг олди пирпираб аста,

Осмоннинг қаърига кетгандек сингиб,

 

Куз дарахт баргларин узгандек бир-бир,

Уюрлар, отарлар солган каби из,

Сойга келган селлар тошларни очиб,

Тўзғиган қумларни йиққани каби,

 

Ёвузлик яхшилик устидан ҳукм

Чиқаргани каби гоҳи-гоҳида…

 

Шеър тўртта “каби”, битта “мисол”, иккита “…дек” иштирокидаги ўхшатишлар, қиёслашлар билан давом этади ҳамда шоирнинг бадиий тажрибаси ва маҳоратидан дарак беради. Зеро, бу каби силсилаларни тизиш учун ижодкор ўз дили ва онгида мавжланган туйғу ва фикр тўлқинларини жиловлаши ва бир тизимга йўналтира олиши талаб этилади. Кўриниб турибдики, шоир бу вазифа – шартни уддалай олган. Шу боисдан ҳам шеърнинг яхлит мароми, равонлиги бузилмаган.

 

Булар бор гаплар-ку ишонмай бўлмас…

Аммо, мен ишонмоқ истардим яна,

 

Ҳув-анув, кўринган тоғнинг ортида

Мовий бир денгизни бор, деб ишонган

Бола тасаввури каби беғубор,

Сўзларга, азизим, такрор ва такрор.

 

Лирик қаҳрамон ҳеч нарсага ишонмаса ҳам сўзга, бола тасаввури каби беғубор сўзларга ишонади. У яна шеърда иштирок этаётган лирик персонажнинг юрагида буюк севги борлигига ишонишни истайди. Бу “буюк севги” лирик қаҳрамоннинг бутун ҳаётини ташкил этади:

Ишонгум мен яна биргина сўзга,

Сенинг юрагингда буюк севги бор…

Ушбу китобга киритилган шеърлардаги метафораларга, образлар ва рамзларга бир мисол келтириш билан чекланмоқчиман. Ўйлайманки, шу бир мисолда ҳам, томчида денгиз акс этгани каби, шоирнинг бадиий санъатлар қўллашдаги ўзига хослиги, шеърларининг муҳим жиҳатлари, қирралари ўқувчи-китобхонда шоир ва унинг шеърлари хусусида муайян тасаввур уйғотади.

 

Қушлар учиб кетди йироққа,

Ушалмаган орзулар мисол…

 

Шоир бир шеърида:

 

Бозорга айланди дунёи қадим,

Изласанг топасан анқо уруғин:

Самодан тушган тош – ойнинг парчаси,

Денгиз тубидаги балиқнинг гўштин…

 

деб ёзар экан, афсуски, бугун бутун дунё олди-сотдидан иборат бўлиб бораётгани, меҳр-оқибат, маънавият, маданият гўёки бозорда ўтмас матога айланиб қолаётганидан куюнади. Кўпчилик, пулинг бўлса, анқонинг уруғини, самодан тушган тош – метеорит парчасини-ю, денгиз тубидаги балиқнинг гўштини ҳам топиш мумкин, деб ўйлайди ва шундай яшашни умрининг мазмунига айлантирган. Аслида, шоирнинг бундай зангин кайфиятга берилиши асоссиз эмас, мутлақо… Зеро, муаллиф атрофимизда юксак орзу-идеаллар билан эмас, кундалик ва ўткинчи ҳою ҳавасга берилган, моддият ташвишини умрининг маъно-мазмунига айлантирган тоифа кўпайиб бораётганидан ташвишланади. Ўз шеърида, бу бозорда шоир юрагини сўровчи кимса – харидор йўқлигидан ўкинади, ҳатто қайғуради. Унинг назарида эса, шоир юрагини эзгу ҳис-туйғулар, эзгуликлар қўрғони, деб айтиш мумкин.

“Болалик хотиралари” – шоирнинг энг ёрқин шеърларидан бири. Шеърда инсон умри-ҳаётининг энг беғубор, пок даври – болалик умумий гаплар билан эмас, болаликни ҳақиқатан ҳам болаликка айлантирган аниқ манзаралар, деталлар орқали чизилади-тасвирланадики, шеърни болалик ҳақидаги достон деб таърифлаш мумкин. “Лолазор; қирлар тўши; пичанзор қўйнида жим ётиш; тўрғайлар қўшиғи; жавдарзор; қовун пайкали; жайранинг ҳурпайиб болани қўрқитиши; “ажинаковуш”; пахса деворга чиқиб олган қизғалдоқ; рангин камалак; ерсовун; бир қошиқ ёвғону бурда зоғора…” Болаликнинг бундайин чизги ва ранглари ушбу шеърнинг бадииятини кўтариб, ошириб турибди. Мазкур шеърда шу жадвал – шу тадриж-диалектика давом этади-ўсади ва якуний мисралар қуйидагича жаранглайди:

 

Узоқ булоқ боши, кўҳна тегирмон,

Новдан оқаётган сувнинг шиддати,

Тегирмон тоши-ю чархпалак, тўзон,

Худди кечагидек ёдимда бари…

 

Дарҳақиқат, ҳаёт – кўҳна тегирмон. Тегирмон – чархпалак узлуксиз айланади, унинг шиддати ва тўзонида инсон орзулари, ниятлари, ҳайратлари, ҳасрат ва армонлари тегирмонга ташланган бир ҳовуч дон каби емирилиб, майдаланиб, озайиб боради; шундай бораверади… Ахир, тегирмон тўхтамайди-да…

Муаллифнинг бир туркум шеърлари борки, уларда дунё бино бўлгандан буён барча шоиру адибларни қўлга қалам олиб, кунларни тунга, тунларни тонгга улашга мажбур этган қийлу қолнинг азалий ҳақиқатлари, айни чоғда тазодли зиддиятлари, бир қарасанг – тартиб-интизомли, бир қарасанг – бетартиб, интизомсиз, ҳаётнинг маромини маромсизлик доирасига, маромсизликни маром айланасига соладиган зарбу турткиларни, ундовларни ўқийсиз:

 

Қайтди, кетган турналар қайтди,

Баҳор қайтди, қайтди турфа ранг.

Қорлар эриб, тоғлар яшнади,

Сойлар суви бугун сержаранг.

 

Далаларга омочлар қайтди,

Орзу қайтар қалбларга, инон.

Ўтган умр қайтмайди фақат,

Қайтмагандек йўқотилган шон.

Ҳа, афсуски, фақат ўтган умр қайтмайди. Умр фақат бир марталик, ў-ўтади-ке-етади… Бу – шеър лирик қаҳрамонининг шамол каби елиб-югуриб, айланиб-айланиб келган хулосаси…

Шоир бўлиш осон, аммо ватанпарвар фуқаро бўлиш мушкул, дейдилар. Зайниддин Неъматхон эса, ҳам шоир, ҳам эл-юртпарвар фуқаро сифатида,  миллат ёшлари, уларнинг тақдир-қисмати хусусида астойдил қайғуради:

 

Омон бўлсин ҳозирги ёшлар…

Эҳтироси бўлса бордир-у,

Изтироби йўққа ўхшайди…

 

Муаллиф бу ўринда ёруғ изтиробни, инсоннинг қалб жавҳарини чархлаб-қайрайдиган, ёшлик саодатини биллурлаштирадиган изтиробни назарда тутган. Шундай изтиробгина ёшликнинг куч-қудратини Ватан ва миллатга фидойи, Инсонга, бани башарга муҳаббатли ва садоқатли бўлишга, кўнгил ёшлигини йўқотмасликка, Ёшликнинг кўнглини бой бермасликка, яъни ёшликнинг халқ, эл-юрт, қолаверса, ҳаёт ва инсоният олдидаги қарзини узишга, ёшлик бурчи олдидаги масъулиятни теранроқ, янада чуқурроқ англашга ундаган бўлур эди.

Ўтган ХХ асрда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов: “Бошқачароқ чиқди ҳозирги ёшлар… Эҳ, ҳозирги ёшлар, ҳозирги ёшлар…” деб бир қадар ўкинган, бир қадар қайғурган, бир қадар афсусланган, алалхусус, яхши – оқ ниятлар қилган, миллат шоири Шавкат Раҳмон эса, “Қодирий ва ҳозирги ёшлар” шеърида: “Ҳозирги ёшларда покизалик бор, тирик қалбларига диёнат эга, гўё пок табиат ёмон кўзлардан асраб қўйганини шуларга берган” деб бир қараганда ёшларни алқаган, аслида, давр ва замоннинг тектоник силжиши-силкинишлари олдидан ёш авлод зиммасига ғоят чўнг масъулият, жуда улкан ишонч юклаган бўлса, биз таҳлилга тортган шеър муаллифи бугунги – ХХI аср ёшларига изтиробни, оғриқни, безовталикни, жонсаракликни соғинади. Бугунги ёшларга изтироб, яна изтироб  керак, дейди. Юқорида таъкидлаганимиздек, изтироб – бу ёруғлик, эзгулик демоқчи бўлади шоир.

Хуллас, Зайниддин Нўъмонхоннинг ижоди бугунги шеъриятимиз хусусиятларини муайян даражада ўзида намоён этган. У бугунги кун учун, юртдошларимиз ва замондошларимиз учун анъанавий йўлда асарлар яратаётган ижодкорлардан биридир. Шоирлар бор, шеърият тараққиётига яхши шеър ёзиб ҳисса қўшади, шоирлар бор, шеър ёзмаслиги билан шеърият тараққиётига ҳисса қўшади. Уларнинг орасида Зайниддин Нўъмонхон дунёни ўз нигоҳи билан кўради ва шу фазилати билан бошқа ижодкорлардан ажралиб туради.

 

Токим борлиқ тураркан яшнаб,

Ҳаёт рамзи бўлгай тоабад –

Ҳақиқатни куйлаган шеърлар…

 

У “ҳақиқатни куйлаган” шеърларида замоннинг, замондошларимизнинг ташвишларига очиқ юз ва тўғри кўз билан қарайди, ён-атрофимиздаги воқеа-ҳодисалар тўғрисида ўз фикр ва қарашларини бадиий тарзда ифодалайди. Бу унинг мумтоз адабиётимиз, шунингдек, дунё адабиётидан хабардор эканидан дарак беради.

Шу маънода мен “Ишонч истаги” китобини мутолаа қилар эканман, ундаги гоҳ мулойим, гоҳ кескир сўзлар мени ўзига ишонтирди. Тўпламдаги шеърлар тиниқ туйғуларга, ёрқин ифодаларга бойлиги, жозибаси, даъваткорлиги, майин оҳанги билан китобхон қалбидан чуқур жой олади, деб ўйлайман.

Салим АШУР,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

шоир.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − eight =