Ёнғин хавфсизлигини таъминлашда лоқайдлик кетмайди

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш ва юзага келган ҳолатларда уларни тезкор ҳамда самарали бартараф этиш долзарб вазифа. Айниқса, “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида ушбу масалага жамоатчилик эътиборини янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Содир бўлган ёнғинлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларда мавжуд ёнғин ўчириш учун сув олгичларининг муайян қисми техник талабларга жавоб бермайди ёки умуман иш ҳолатида эмас. Ачинарлиси, бундай носоз сув олгичлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса ёнғинни ўз вақтида ўчиришга жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Айниқса, сув манбалари етарли бўлмаган ҳудудларда ёнғинга қарши ер ости сув олгичларини барпо этиш борасидаги ишлар талаб даражасида олиб борилмаётгани оқибатида, бахтсиз ҳодисаларни бартараф этишда қатор қийинчиликлар юзага келмоқда. Натижада ёнғин ўчириш автомобиллари узоқ масофалардан сув ташиб келишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳолат ёнғинни ўчириш жараёнини секинлаштириб, аланганинг қисқа вақт ичида кенг майдонларга тарқалиб кетиш хавфини оширади.

Шу боис ёнғин хавфсизлигини таъминлашда фақатгина ёнғин-қутқарув хизматлари эмас, балки маҳаллий ҳокимият органлари, ташкилот ва корхоналар, шунингдек, ҳар бир юртдошимиз бу жиддий хавфга масъулият билан қараши шарт. Зеро, сув олгичларнинг доимий техник ҳолатини назорат қилиш, янги сув манбаларини барпо этиш ва ёнғинга қарши инфратузилмани ривожлантириш ёнғинларни самарали ўчиришнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Қолаверса, ёнғин хавфсизлиги — бу фақатгина қоида эмас, балки инсон ҳаёти, мол-мулки ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган умумий маданиятдир. Ушбу ойлик доирасида амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари эса жамиятда ёнғин хавфсизлигига бўлган онгли муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.

Мухтар ХАСИМОВ,

“Маърифат маркази” ФВБ

кичик инспектори,

кичик сержант.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =